31 декабрь – Нураддин Джуманиязов Сангородда вафот этган кун!
НУРАДДИН (НУРИДДИН) ДЖУМАНИЯЗОВНИНГ ВАФОТИГА АЛОҚАДОР ҲАҚИҚАТ!
ДЖУМАНИЯЗОВ ҲАМДА ТИЛЛАЕВЛАРНИНГ ҚАМАЛИШЛАРИ САБАБИ
Нураддин (Нуриддин) Реимбергенович ДЖУМАНИЯЗОВ, 1948 йилнинг 8 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шахрида туғилган. Оиласи билан 2007 йилда ажрашган, бир нафар қизи ва битта ўғли бор.
Нураддин Джуманиязовнинг мутахассислиги инженер-технолог. У 1969 йилда Ленинград (Санкт-Петербург)даги Политехника Институтини битириб, Ленинград шаҳридаги «Киров заводи» ишлаб чиқариш бирлашмасида конструктор бўлиб ишлаган. 1983 йилда Тўрткўлга қайтиб, шахардаги тўқимачилик фабрикасига ишга кирган. Кейинчалик Тошкент шахар Трактор заводида конструктор, Чкалов номидаги Тошкент Авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмасида инженер-технолог вазифаларида ишлаган.
1990 йилда биринчилардан бўлиб, «Эрк» партиясига аъзо бўлган. «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати» фаоли бўлган. 2003 йилда ташкил этилган “Мазлум” ҳуқуқ ҳимояси марказининг таъсисчиларидан бири бўлган. 2012 йилнинг август ойида эса “Мустақил мардикорлар ташкилоти”га асос солган.
Ушбу ташкилотнинг мақсади – Ўзбекистоннинг мамлакат ичқариси ва ташқарисидаги ишсиз аҳолисини, яъни мардикорларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат бўлган.
2014 йилнинг 2 январь куни Нураддин Джуманиязов ва унинг сафдоши Фахриддин Тиллаевлар “Одам савдоси” жинояти содир этганликда айбланиб хибсга олинганлар.
Нураддин Джуманиязов ва Фахриддин Тиллаевларнинг хибсга олинишларидан 6 кун аввал, яъни 2013 йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Халқ Харакати интернет сайтида “Абдулла Тожибой ўғли мактуби” эълон қилинганди.
Ушбу хатда келтирилган важлар Нураддин Джуманиязовни ва Фахриддин Тиллаевларнинг хибсга олинишларига ва узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинишларига сабаб бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Абдулла Тожибой ўғли Джуманиязов ва Тиллаевларга қарши қўзғатилган жиноят иши бўйича ушбу собиқ сафдошларига қарши асосий гувоҳ тариқасида ўтган.
Абдулла Тожибой ўғлининг Ўзбекистон Халқ Харакати сайтида чоп қилинган мактубида баён қилинишича Абдулла Тожибой ўғли “ЭРК” партиясига аъзо бўлиб, партия фаолиятини кучайтиришга хисса қўшган, партияни Ўзбекистон ичида маблағини ташкил этиш ғоясини Отаназар Орипов билан келишиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ишлаб топилган маблағнинг соф фойдасидан 50% фоизини партия бюджетига ажратишни келишиб, тилхат расмийлаштириб 2500 доллар олган.
Кейинчалик Муҳаммад Солиҳ Фахриддин Тиллаевни ёшлар билан ишлашини, Нураддин Джуманиязовни Эрк партиясига аъзоликка қабул қилиш ишлари билан шуғулланишни, Абдулла Тожибой ўғлини эса мардикорлар иши билан шуғулланишни топширган.
Кейинчалик эса орага совуқчилик тушгани сабабли Муҳаммад Солиҳ Абдулла Тожибой ўғлига фаолият юритиши учун партия томонидан берилган техника ва қарзга берилган 2500 доллар маблағни қайтариб олишни Джуманиязов ва Тиллаевларга топширган.
Абдулла Тожибой ўғли эса пулни Отаназар Ориповга тилхат ёзиб берган ҳолда олганлигини, Джуманиязов ва Тиллаевларнинг у олган маблағга алоқалари йўқлигини, қолаверса мамлакат ичкарисида партияни фаолиятини ривожлантириш учун олиб борган фаолияти сабабли 3 маротаба махкамага тортилиб, ушбу судларнинг қарорлари асосида 10.000.000 сўм миқдорида жаримага тортилганлигини, ушбу жарималарни қарилик нафақасининг 50% ушлаб қолинаётгани учун Отаназар Ориповдан олган пулни қайтаришга шошилмаган.
Ҳақиқатан ҳам ушбу “Мустақил мардикорлар ташкилоти”да фаолият юритган Нураддин Джуманиязов, Фахриддин Тиллаев ҳамда Абдулла Тожибой ўғли давлат рўйхатидан ўтмаган ташкилотда фаолият юритганликда айбланиб, 2012 йилнинг 23 сентябрь куни махкамага тортилиб, суд қарори билан 7.235.500 сўмдан жаримага тортилганлар.
2013 йилнинг 9 март кунги махкама қарори билан 238.770 сўмдан жаримага тортилганлар. Учинчи марта махкамага тортилганларида эса 274.590 сўмдан жаримага тортилганлар.
Уларнинг партиядаги фаолиятлари сабаб махкамага тортилганлари ва жарима суммасини тўлашларига партия рахбарияти томонидан кўмак берилмаган.
Айни шу пайтда техникани ҳамда 2500 долларни берилишида умуман иштирок этмаган, бу жараёнларга алоқадор бўлмаган Джуманиязов ва Тиллаевлар эса Абдулла Тожибой ўғлидан партияга тегишли техника ва 2500 доллар маблағни қайтариб олишга берилган топшириқни бажариш мақсадида Абдулла Тожибой ўғлининг хонадонига танда қўйганлар.
Абдулла Тожибой ўғли бу “ҳақдор”лардан қутилиш мақсадида Джуманиязов ва Тиллаевларнинг одам савдоси жиноятига қўл урганликлари ҳақида “жабрланувчилар” Ф.Пардаев ва Э.Эрдановлар номидан шикоят аризалар уюштирганлиги, ўзи эса асосий гувоҳ тариқасида Джуманиязов ва Тиллаевларнинг қамалишларига сабабчи бўлганлиги ҳақида ўша пайтда ЎХХ сайтида бир қанча мақолалар чоп қилинганди.
“ОДАМ САВДОСИ” ЖИНОЯТИ “СОДИР ЭТГАН” ФАОЛЛАР
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди судьяси С.Махаметовнинг 2014 йил 6 март кунги чиқарган айблов хукмига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135 моддаси 3 қисми ”г” банди “Одам савдоси” жинояти содир этганликда қораланган Джуманиязов Нураддин Реимбергенович 9 (тўққиз) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрь кунидаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 7-банди «а» кичик банди тадбиқ этилиб, тайинланган жазо муддати учдан бир қисмига қисқартирилган.
Джуманиязовнинг “жиноий шериги” Тиллаев Фахриддин Хабибуллоевич ҳам ушбу суд хукмига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 (ўн) йилу 8 (саккиз) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Фахриддин Тиллаевга ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрь кунидаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 7-банди «б» кичик банди тадбиқ этилиб, тайинланган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилган.
2014 йилнинг 17 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди аппеляция инстанциясида раислик қилувчи А.Асқаров, Аппеляция инстанциясининг судьялари С.Карисов ҳамда Ф.Исмаиловалар томонидан Нураддин Джуманиязов ва Фахриддин Тиллаевларга оид жиноят ишини Фахриддин Тиллаевнинг адвокати – “Олмалиқ ҳуқуқ” адвокатлик фирмаси адвокати Полина Браунерг ва маҳкум Нураддин Джуманиязовлар томонидан берилган апелляция шикоятлари кўриб чиқилиб, аппеляция шикоятлар қаноатлантирилмасдан, хукм ўз кучида қолдирилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди раиси М.Абдулжаборов имзо чеккан 2014 йил 3 июнь кунги адвокат Полина Браунергнинг Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Джуманиязовларга нисбатан чиқарилган хукм ҳамда аппеляция ажримини ўз кучида қолдириш ва хукмни бекор қилиб, Тиллаев ва Джуманиязовларни озодликка чиқариш бўйича берган аризасини қаноатлантирмаслик ҳақида берган жавоб хати йўллаган.
СУДЛАНУВЧИЛАР САФДОШИ ДИЛОРАМ ИСҲОҚОВА ХИКОЯСИ
Нураддин Джуманиязов ва унинг оила аъзоларини яқиндан таниган сафдошларининг жиноят ишини судда кўрилишида кузатувчи сифатида қатнашган таниқли мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоли Дилорам Исҳоқова сафдоши Нураддин Джуманиязовнинг ўлимидан қаттиқ изтироб чекканлигини айтаркан, 2 та фарзанднинг отаси бўлган Нураддин аканинг турмуш ўртоғи оиласини ёки “Эрк” партиясини танлашини талабини қўйганлиги, Нураддин ака турмуш ўртоғи ва фарзандларини эмас танлаган ғояси йўлини танлагани сабабли улар қонуний йўл билан ажрашиб кетганликлари ҳақида эшитганлигини баён қилди.
Нураддин Джуманиязов ва Фахриддин Тиллаевларнинг суди пайтида Джуманиязовнинг Тўрткўлдаги қариндошлари судда иштирок этиш учун кела олмаганликларини, бунга сабаб уларнинг ниҳоятда камбағал ва ночор кун кечиришлари сабаб бўлганлигини, судга Тошкентга келишга моддий имкониятлари умуман бўлмаганлиги, Джуманиязовнинг отаси ҳам қариб мункиллаб қолган қария эканлигини, унинг отаси бугунги кунда тирикми йўқлигидан бехабарлигини айтди. Дилором Исхоқова бу оила бошига тушган кулфатда нафақат Ўзбекистон хукумати балким, мухолифат ва фуқаролик жамияти вакилларининг лоқайдликлари ҳам сабаб бўлганини таъкидлади.
Нураддин Джуманиязов суд хукми билан қамоқхонага жўнатилганидан кейин умуман ёлғизланиб қолгани сабабли собиқ турмуш ўртоғига хат ёзиб керакли дори дармонлар, озиқ овқатлар ва бошқа керакли нарсаларни етказиб беришини сўраб хат ёзганлигини, хатни олган собиқ турмуш ўртоғи ўша пайтдан бошлаб токи Джуманиязов вафот этгунича барча керакли нарсаларни узлуксиз равишда етказиб турганлигидан хабари борлигини айтаркан, Нураддин ака қамоқдалик пайтидан токи вафот этгунича Тўрткўлдаги қариндошлари билан алоқаси бўлмаганлиги сабабли собиқ турмуш ўртоғига ёзган хатларида отасининг тирикми йўқлигини хануз билмасдан азоб чекканлиги ҳақида ёзган хатлари сақланаётганидан хабардорлигини баён қилди.
Охирги йилларда интернет нашрларида Джуманиязов ҳамда Тиллаевларга алоқадор материаллар умуман чоп қилинмаган, уларнинг бугунги кундаги вазиятлари ҳақида бирор ташкилот шуғулланиб, бу сиёсий маҳкумларнинг тақдирларига жамоатчилик эътибори қаратилмаган.
Джуманиязов ҳақидаги охирги хабар 2015 йилнинг 12 май куни эълон қилинган бўлиб, унда Джуманиязовга дори дармонлар ва озиқ овқатлар етказиб бериш мақсадида халқаро жамғармалар бири томонидан инсонпарварлик ёрдами ажратилгани, лекин Джуманиязовнинг қаерда эканлиги ҳеч кимга маълум эмаслиги ёзилганди.
ДЖУМАНИЯЗОВГА АЛОҚАДОР АНИҚ ФАКТЛАР
Нураддин Джуманиязовнинг вафоти муносабати билан эълон қилинган баёнот ва интервьюда Атаева ва унинг ҳамкорлари Нураддин Джуманиязовнинг қандли диабетнинг инсулинга қарам оғир формаси билан оғриганлигини, лекин адвокат Полина Браунергнинг Джуманиязовга инсулин етказиб бериш учун қилган барча харакатлари зоя кетганлиги, Джуманиязовнинг яқинлари эса ҳеч ким билан мулоқот қилишни истамаганлари баён қилинган.
Лекин Джуманиязовнинг собиқ турмуш ўртоғи Нураддин Джуманиязов расмий рўйхатда турган ва унинг 2 нафар фарзанди билан яшаб келаётган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, 19 “а”-уй, Қорасу-6 даҳаси, 53-хонадонга бирор бир инсон ташриф буюрмаганлигини, телефон орқали ҳам моддий ёрдам уюштириш мақсадида ёки бошқа бир масалада шу бугунги кунгача бирор инсон қидирмаганлигини, собиқ турмуш ўртоғининг илтимосига кўра ўзининг қарилик нафақаси хисобидан дори дармонлар, озиқ овқатлар ва бошқа керакли нарсаларни етказиб турганлигини, Джуманиязовнинг вафотини сир сақлашни бирор бир ким талаб қилмаганлигини, аслида ҳам турмуш ўртоғининг тақдири билан унинг бирорта сафдоши қизиқмаганлигини, унинг ўлимидан кейин ўзларини оқлаш учун турли хил ёлғон хабарларни тарқатаётганларидан ғазабга келаётганини яширмаган.
Нураддин Джуманиязов қандли диабетнинг енгил формаси, яъни инсулинга қарам бўлмаган шакли билан оғриганлиги, аслида оғир хаста бўлганлиги, яъни почкасида тоши преступ бергани сабабли 2014 йилнинг октябрь ойида Сангородга – УЯ 64/18га кўчирилгани ҳамда жаррохлик амалиёти ўтказилиб, буйрагидаги (почкаси) тошлари олиб ташланган, шундан бошлаб токи вафот этгунича, яъни 2 йилдан ортиқ Сангородда сақлангани, биринчи жарроҳлик амалиётидан бир неча ойлар ўтганидан кейин аденомасида простата бези (аденома простаты)ни олдириб ташлашга жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Турмуш ўртоғи ва ўғли сўралган барча дори дармонларни, керакли озиқ овқатларни, ҳаттоки иккинчи жарроҳлик амалиётидан кейин керак бўлган памперсларни ҳам доимий равишда етказиб турганлар.
ҲАҚИҚАТГА ЗИД БЎЛГАН БАЁНОТЛАР
“… Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Надежда Атаеванинг Элтуз нашрига билдиришича, бу хабарни шу йилнинг 15 июнга қадар ҳукумат амалдорлари ҳам, марҳумнинг яқинлари ҳам яшириб келишган.
«Улар индамай келишди шунча вақт. Биз бу вақт ичида БМТ идоралари, мамлакат элчихоналари орқали қанча сўровлар бердик. Унга ёрдам беришга ҳаракат қилиб келдик. Унинг хотини ҳеч ким билан гаплашишни истамади», дея билдирди Надежда Атаева Элтуз Нашрига.
У шунингдек, диабет касали билан оғриган маҳкум Джуманиязовга адвокат Полина Брауберг орқали дори дармон жўнатганини, бироқ жазони ижро қилиш муассаси қаршилиши билан бу дори дармонлар эгасига етказилмай, адвокатнинг қўлида қолиб кетгани ҳақида гапирди…”
Ашаддий рақибга нисбатан ҳам адолатли бўлиш бу инсониятнинг бурчидир. Рақибни қоралаш мақсадида ҳақиқатга зид бўлган маълумотларни тарқатиш – бу бир сўз билан айтганда ёлғон анатомияси деб аталади.
ДЖУМАНИЯЗОВ МАСАЛАСИДА ҲУҚУҚШУНОС МУНОСАБАТИ
Джуманиязовнинг яқинлари ғазабини келтирган баёнотларда айтилишича адвокат Полина Браунер 2015 йилда халқаро жамғарма томонидан уюштирилган моддий ёрдам пули хисобидан сотиб олган инсулин уколини Джуманиязовга етказиб бериш учун тинимсиз сарсон бўлган, лекин хукумат амалдорлари Джуманиязовнинг қаерда эканлигини адвокатдан сир сақлашган.
Баёнотда айтилишича 2017 йилнинг февраль ойида адвокат Полина Браунергга ГУИНнинг расмий вакили Джуманиязовни Сангородга жўнатилганини айтганмиш. Адвокат Джуманиязов билан шахсан учрашиб, керакли дориларини беришини айтганида уни Навоийдаги УЯ 64/48 зонасига жўнатилганини айтишибди. Навоий колоннаси ходими эса бу қамоқхонада Джуманиязов фамилияли махкум йўқлигини айтганмиш.
Нураддин Джуманиязовга адвокатнинг инсулинни етказиб бериш учун қилган харакатлари зое кетганлиги важига ишониш қийинлигини айтаркан, таниқли адвокат Х.Махбубов ҳох қамоқхонага, ҳох Сангородга дори дармон етказиб бериш қонун қоидасини етарли малакага эга бўлмаган адвокат ҳам билиши кераклигини баён қилди.
Адвокатни шунчалик сарсон қилишган бўлса, Джуманиязовнинг ҳаёти хавф остида эканлигини билган кимсалар нима учун бирор марта бу ҳақда баёнот ёзиб тарқатмадилар. Нима учун БМТнинг бош котиби Антониу Гутерреш, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд ал-Ҳусайн Тошкентга ташриф буюрган пайтларида Джуманиязовнинг хаёти хавф остида эканлиги, уч йилдан буён инсулин олишдан махрум бўлганлиги ҳақида бонг урмадилар.
Элчихоналарга мурожаат қилинган бўлса нима учун элчихоналар бу ҳақда сукут сақладилар? Нима учун Ўзбекистондаги сиёсий махкумлар тақдири билан ҳеч ким қизиқмайди? Нима учун уларнинг аянчли тақдири халқаро ташкилотлар учун ҳам ташвишли бўлмай қолди?
Қандли диабетнинг инсулинга қарам бўлган шакли билан оғриган беморлар шифохоналарда “Д” назоратига олинадилар. Сангородда ҳам бемор махкумлар шундай тарзда рўйхатга олинадилар. Керакли дори дармонларни давлат томонидан етказиб берилиши мушкуллиги сабабли бемор маҳкумларнинг қариндошлари ёки адвокатлари томонидан керакли дори дармонларни Сангородни бош врачи билан келишган ҳолда бош врач номига ариза ёзиб топширадилар. Бош врач эса керакли дори дармонларни рецептини ёзиб беради. Рецептни бемор маҳкумнинг қариндошларига беришдан аввал махсус журналга регистрация қилинади. Сангородга олиб келинган дори дармонларни ўша журналга регистрация қилинган рецептда санаб ўтилган дори дармонларнигина ўша бош врач имзо чеккан рецепт билан бирга, солиштириб қабул қилинади ва бемор махкумга ишлатиш учун даволовчи шифокорга тақдим қилинади.
Адвокат Браунер бемор махкум Джуманиязовнинг қаерда эканлигини билмасдан туриб инсулин сотиб олиб, ГУИНга қатнаб юрганлиги холати умуман тушунарсиз. Чунки агар адвокат Джуманиязовни қайси қамоқхонада сақланаётганини билган тақдирида ҳам Сангороднинг бош врачи томонидан имзо чекилган рецепт билан бормайдиган бўлса дори қанчалик керакли бўлмасин дори дармонларни Сангородга топшира олмасди.
ДЖУМАНИЯЗОВ УЧУН «ИНСУЛИН СОТИБ ОЛИШ» АФСОНАСИ
Ўзбекистондаги қамоқхоналар ва Сангородга алоқадор бўлган малакали шифокор, олим Н.Рахимовнинг айтиши бўйича Ўзбекистонда ва бошқа давлатларда ҳам инсулин рецептсиз сотиладиган дорилар сирасига кирмайди. Қандли диабет билан оғриган ва инсулинга қарам бўлган беморлар соғлиқни сақлаш тизимида алоҳида “Д” назоратида турадилар ва улар инсулин билан бепул таъминланишлари шарт.
Лекин кўпинча Ўзбекистонда инсулин етишмаслиги сабабли беморларнинг хаёти хавф остида қолади. Дорихоналарда ҳам инсулин етарли эмаслиги сабаб рецепт билан сотиб олиш имконияти ҳам нихоятда чекланган.
Шундай экан, адвокат ўзининг мижози қаерда эканлигини билмасдан туриб ва қўлида Сангород бош врачи имзо чеккан рецепт бўлмасдан туриб инсулинни истаган жойидан сотиб олиши умуман имконсиз бўлган. Сангород бош врачи эса Джуманиязов учун инсулинга рецепт ёзиб бермасди, чунки Джуманиязов инсулинга қарам эмасди.
https://www.youtube.com/watch?v=xwF_wyT3z9I
https://www.ozodlik.org/a/diabet-insulin-vazirlik-endokrinologiya-fargona/27982120.html
Джуманиязовни дори дармонлар ва озиқ овқатлар билан таъминлаш учун берилган инсонпарварлик ёрдами ўзлаштириб юборилгани аниқроқ. Чунки инсулиннинг бир ампуласининг нархи Хитойда ёки Европа давлатларида ишлаб чиқарилганига қараб 20 минг сўмдан 80 минг сўмгача боради. Оддий беморлар дорихоналардан ёки поликлиникадан бир ойга етгулик инсулинни олсалар, қамоқда ётган бемор маҳкумлар учун уч ойликкача етарли дори дармонларни олишларига рецепт ёзиб берилиши керак. Қанча муддат учун бўлмасин инсулинни сотиб олиш учун таъкидлаганимиздек рецепт бўлиши шарт.
Қамоқда ётган Джуманиязовни қаердалигини аниқлай олмасдан туриб, у ётган қамоқхона бош врачидан рецепт ёздириб олмасдан туриб инсулинни бошқа бир шу касаллик билан оғриган бемор номига берилган рецепт орқали сотиб олинган бўлиши ҳам мумкин, лекин инсулин тақчиллиги бўлиб турган бир пайтда қайси бир бемор ўзининг ҳаётини хавф остига қўйиб ўзига керакли бўлган инсулинни қамоқдаги махкум учун бериши мумкин бу ишонарли бўлмаган холатдир.
Қамоқхонада ётган бемор махкумларнинг касаллигини даволаш учун профессорлар ёзиб берган рецептлар бўлган тақдирда ҳам ўша рецептни қамоқхона бош врачига кўрсатилади, бош врачнинг розилиги билангина ўша дори дармонлар қабул қилинади.
НУРАДДИН ДЖУМАНИЯЗОВ: ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ВА МУХОЛИФАТЧИЛАР ЦИРК МАСХАРАБОЗЛАРИ!
Джуманиязовнинг 2016 йил 31 декабрь куни вафот этганидан орадан ярим йил ўтганидан кейингина хабар топилгани ҳақида матбуотларда хабар тарқалганидан кейин ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг шу масалада берган интервьюсини эшитгани учун ижтимоий тармоқлар орқали алоқага чиққан шахс Тожибоевага Джуманиязовнинг ўлимидан аввал 4 ой муддат Сангородда бирга бўлганлигини айтиб, виждонини қийнаб юрган холатни айтишга қарор қилганини айтган.
Унинг айтишича Джуманиязов билан Сангородда 4 ой муддат бирга бўлган ва кейинчалик амнистия қарорига кўра озодликка чиқарилган. У ўзи билан узоқ муддат бирга бўлган Джуманиязовнинг тортган изтироблари, аламларини гувоҳи бўлганлигини баён қиларкан Джуманиязовни ўзи тўғри деб билган ғояси ва ишонган сафдошлари томонидан алданганини, оиласи, фарзандлари ёки ўзи сиғинган ғояси ва сафдошларидан бирини танлашини турмуш ўртоғи талаб қилганида у ғояси ва сафдошларини ўз оиласидан устун кўрганини ва бунинг натижасида 2007 йилда расман ажрашиб кетганларини, лекин мана шу сафдошларининг айби билан қамалиб, ёлғизланиб қолганида адашганлигини тушуниб етганлигини, қариб мункиллаб қолган отасининг аҳволи нима кечаётганидан бир хавотирланса, воз кечган турмуш ўртоғи ва фарзандлари қарамоғида қолганлигини айтган.
Ўзини Салохиддин деб атаган бу собиқ махкум икки йил давомида Сангородда ётиб, сафдошлари томонидан унутилганидан афсус надомат чеккан Джуманиязов бу муддат орасида амнистия билан ёки қамоқ муддати тугаб озодликка чиқиб кетаётган махкумлардан бир нечтасига адвокати ва Отаназар Орипов билан учрашиб унинг илтижоларини етказишларини илтимос қилганлиги, лекин ҳеч қандай натижа бўлмагани сабабли Салоҳиддиндан ҳам ўтиниб сўраганини айтаркан қамоқхонада оғир аҳволда ётган маҳкумнинг аламлари ва изтиробларини қамоқхона нелигини билганларгина хис қилиши мумкинлигини қайта қайта уқтирарди.
Салохиддин Джуманиязовнинг илтимосига кўра Отаназар Ориповнинг хонадонига борган ва унга Джуманиязов ва Тиллаевларнинг қамалишларига сабаб бўлган Абдулла Тожибой ўғлига берилган 2500 доллар пулдан воз кечганларини айтишларини, қамоқдан тирик чиқса ўша 2500 долларни Отаназар Ориповга ўзи беришини, керак бўлса икки хисса қилиб қайтаришини ўтиниб сўраганини, унинг аҳволи ниҳоятда ёмонлигини, шунинг учун “жабрланувчи”лар томонидан уларга нисбатан даъволари йўқлиги ҳақида ариза ёздириб, жиноят ишини қайтадан кўриш учун харакат қилишларини ўтиниб сўраганини айтмоқчи бўлганида Отаназар Орипов уни гапларини эшитмаганини, чунки унинг хотини Салохиддинни уйидан ҳайдаб чиқарганини, Полина Браунергни топиб борганида эса у ўзининг соғлиги ёмонлиги ҳамда Джуманиязовни ҳимоя қилиши учун ҳеч ким шартнома тузмаганлигини айтиш билан чекланганини айтиб берган.
Джуманиязов “Мен ишонган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчилар цирк масхарабозлари экан, мен шу масхарабозларга ишониб ҳаётимни издан чиқардим, оиламга, фарзандларимга беришим керак бўлган мехрни, оқибатни мана шу сафдошларимга бергандим мана худо мени жазоимни беряпти. Ажрашиб кетган хотинимни қўлига қараб қолганман. Бечора собиқ турмуш ўртоғим нафақа пулидан менга керакли ҳамма нарсаларимни етказиб беряпти” деб юм юм йиғлаганларини айтиб бераркан Салохиддин бир инсоннинг умри алдов сабаб хазон бўлганини айтишдан ўзини тия олмади.
ТАНАЗЗУЛГА ЮЗ ТУТГАН ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ
Бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий ва диний махкумларнинг тақдири кўпчиликни қизиқтирмай қўйгани ҳақиқат. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва Ўзбекистон Фуқаролик жамияти етарли қўллаб қувватлов ололмаётгани боисидан таназзулга юз тутганини яна бир исботидир Джуманиязовнинг аянчли тақдири ва фожиали ўлим топганлиги.
Джуманиязов ўз тақдирини Эрк партияси ғояси йўлига бағишлаган экан, нима учун бу партия рахбарлари, вакиллари Джуманиязовнинг Тўрткўлдаги яқинлари, қариб мункиллаб қолган отаси холидан хабар олмадилар? Нима учун оғир хаста бўлган фаолнинг тақдирига дунё жамоатчилигини эътиборини қаратиш учун бонг урмадилар? Джуманиязовнинг вафот этганлиги ҳақида тарқалган хабардан кейин Ўзбекистон Халқ Харакати интернет сайтида чоп қилинган 4 қатордангина иборат таъзиянома ўша кунни ўзида олиб ташланди? Нахотки инсоннинг қадри шунчалар оёқ ости бўлса?
2016 йилнинг 31 декабрь куни мурдаси Тўрткўлдаги қариндошларига топширилган Джуманиязовнинг маросимларини ўтказиш учун ўша 2015 йилнинг бошида Джуманиязовга инсулин “сотиб олиш” берилган инсонпарварлик ёрдамини ўша қашшоқ ва ночор аҳволдаги қариндошларига топширилиши керак деб хисоблаймиз.
Шунингдек 2014 йил апрель ойидан бошлаб токи вафот этгунигача қадар дори дармонлар, озиқ овқатлар ҳамда бошқа керакли нарсалар билан таъминлаб келган, бугунги кунда Джуманиязовнинг Эрк партияси билан ҳамкорлиги ортидан тортилган жарималари суммаси 7.748.860 сўмни, шунингдек бу жарималарни вақтида тўланмагани учун қўшимча жарималар суммасини ҳам тўлашга Джуманиязовнинг оиласига кўмак берилиши шарт деб хисоблаймиз.
Джуманиязов билан бирга қамалган Фахриддин Тиллаевнинг ўзи ва оила аъзолари тақдирига жамоатчилик эътиборини қаратиш жуда ҳам мухимдир. Шунингдек бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаётган 60 ёшдан ошган ва соғлиги кескин ёмон холатда бўлган Юсуф Рўзимуродов, Ғайбулло Жалилов, Дилмурод Саидов сингари сиёсий махкумлар тақдирига эътибор қаратилиши шарт деб хисоблаймиз.
Баёнотларда айтилганидек Джуманиязовнинг тақдиридан хавотирланиб Ўзбекистондаги элчихоналарга, БМТга тинимсиз мурожаатлар қилинган бўлса бу элчихоналарнинг, БМТнинг Джуманиязов масаласида қандай харакатлар қилганликларини, агар харакат қилмаган бўлсалар харакатсизликлари сабабини сўраб суриштириш керак деб хисоблаймиз.
«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳамда
“Мўътабар Тожибоева” Халқаро
инсон ҳуқуқлари жамғармаси
Fikr bildirish