Улуғбек Бакир: Ислом Каримов туғилган оила ҳақида Ўзбекистондаги нашрлар ҳам ёза бошлади
Бугун, 30 декабрь куни Тошкентдаги kun.uz ҳамда Sputnik нашрлари Ислом Каримов фондининг Facebook’даги саҳифасига асосланиб, Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, унинг ота-онаси, опаси ва ака-укалари тўғрисида расмий маълумот чоп этибди.
Эслатиб ўтамиз, кенг жамоатчиликка маълумки, бундан икки ой аввал Ўзбекистон тарихида биринчи марта бизлар бу оила ҳақида батафсил ёзганмиз ва бир қатор хориждаги сайтларда нашр қилганмиз.
Бундан бир неча йиллар олдин АҚШда истиқомат қиладиган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаҳонгир Муҳаммад ўзининг “ИАК” мемуар асарида Ислом Каримов ҳақида атрофлича ёзган эди.
Ислом Каримовнинг жияни таниқли журналист Жамшид Каримов билан туркум суҳбатларимизнинг шу кунгача тўртта қисми нашр этилди. Айни дамда бешинчи қисм устида ишлаяпмиз.
Ушбу интервьюнинг барча қисмларини яқин даврда, ҳозирча ўзбек тилида, келгусида эса, рус ва инглиз тилларида китоб қилиб чиқаришни режалаганмиз. Шу кунларда бу борадаги ишлар ҳам қизғин кетмоқда.
Бугун расмий тарзда эълон қилинган маълумотда, Каримовлар оиласининг 1928 йилда тасвирга олингани айтилган бир фотосурат ҳам илк бора Ислом Каримов фонди томонидан нашр этилган.
Матнда, жумладан, шундай дейилади:
«Каримовларнинг ушбу оилавий фотосурати 1928 йилда, яъни Ислом Каримов таваллудидан 10 йил аввал олинган. Суратда у кишининг ота-оналари Абдуғани ота (1894 йилда туғилган) ва Санобар ая (1902 йилда туғилган) ҳамда опа-акалари Меҳринисо (1920 йилда туғилган), Амонулло (1922 йилда туғилган), Ибодулло (1926 йилда туғилган) акс этган.
Оилада саккиз фарзанд ўсиб улғаяди: бир қиз – Меҳринисо ва етти ака-ука: Амонулло, Ибодулло, Арслон, Қуддус, Икром, Ислом, Хуршид.
Хизматчи бўлиб ишлаган Абдуғани бобо вазминфеъл, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам қаттиққўл, талабчан эдилар. Аввало ўзи қатъий интизом ва тартиб-қоидага риоя этган ота фарзандларидан ҳам шуни талаб қилар эди. Маҳалла-кўйнинг эҳтиромини қозонган эдилар.
Санобар ая эса уй бекаси эдилар. У киши насл-насабли оилада таваллуд топган бўлиб, падари бузрукворлари мулла-шариф, яъни ўз даврининг мўътабар уламоларидан эди. Билимга чанқоқлик, кучли хотира, зукколик ва сабр-тоқат каби фазилатлар бутун умр Санобар аяга йўлдош бўлди. Мунис онаизор ўз ҳаётини оила ва хонадон саодатига бағишлади.
Каримовлар оиласида барча ўғил фарзандлар олий маълумот олди, улардан уч нафари мактабни олтин медалга битирди, уч нафари фан номзоди бўлди – Ибод Ғаниевич, Қуддус Ғаниевич ва Ислом Абдуғаниевич. Бу ўша давр учун ҳам, бугунги кун учун ҳам камёб ҳодисадир. Кейинроқ Ислом Каримов академик даражасини олди.
Барча ака-укалар жуда кучли хотирага эга эдилар. Бу қондан қонга ўтиб келган фазилат бўлса не ажаб. Ака-укалар ўзаро мусобақалар ўтказишар эди, масалан, бирор матн ўқилиб, уни ёддан айтиб бериш борасида беллашилар эди. Кейинроқ ака-укалардан бири олий ўқув юрти ўқитувчиси, бири судья, бошқалари хизматчи, олим ва… Президент бўлди.
Зиёли бу оилада ўғилларнинг муносиб таълим олишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратилган эди. Вақтнинг ўзи бу ҳаётий тутум қанчалар тўғри бўлганини кўрсатди». (Иқтибос тугади).
Ислом Каримов фонди раҳбариятидан собиқ президентнинг биринчи оиласи, яъни рафиқаси Наталья Петровна Кучми (1938-2008) ҳамда уларнинг ўғли Пётр Исломович Каримов (1966 й.т.) ҳақида тўлиқроқ маълумот беришларини илтимос қиламиз.
Бу оилага ва умуман, Каримовлар хонадонига алоқадор суратларни ҳам жамоатчиликка эълон қилишларини сўраймиз.
Улуғбек Бакир
журналист
30 декабрь, 2017 йил,
Норвегия
*****
Манбалар: https://www.facebook.com/IslamKarimovFoundation/photos/a.1330339186986371.1073741829.1310017675685189/1691272530893033/?type=3&theater
http://kun.uz/news/2017/12/30/islom-karimovning-oilasi-akida-angi-malumotlar-elon-kilindi
http://sputniknews-uz.com/society/20171230/7190345.html
Fikr bildirish