Усмонжон Баратов Россиядаги Элчимиз бўлиши керак! Ёки Ватандан кетаётган ёшлар…
МАНА ҲАҚИҚИЙ ЛИДЕР, МИЛЛАТ ВАКИЛИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК!
УСМОНЖОН БАРАТОВ КЕЧА АЙТДИ, БУГУН ҚИЛДИ!
СИЗГА МИНГ РАҲМАТ, ҲУРМАТЛИ УСМОН АКРОМОВИЧ!
Россиядаги «Ватандош» Жамияти президенти Усмонжон Баратов бошчилигида 20 январь куни ўнлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва фаоллар Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг ёпиқ дарвозаси олдида Қозоғистонда ҳалок бўлган ватандошларимиз хотирасига мотам тадбири ўтказишди.
Усмонжон Баратов фожиа содир бўлган куниёқ, ижтимоий тармоқларда видеомурожаат йўллаб, Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси қаршисида ватандошларни мотам маросими ўтказишга чақирган эди.
У.Баратов айтган сўзи устидан чиқиб, бугун мотам маросимини ўтказди. Ҳақиқий ўзбекнинг ишини қилди!
Ўзбекларда азалдан мотам кунлари эркаклар соқолини қирмаслик анъанаси бор. Жаноб Баратов ўша одатимизга кўра, мотамда эканлиги юзидан ҳам шундай кўриниб турибди.
Ўз миллатига жони куйган ҳақиқий лидер Усмонжон Баратовдек бўлиши керак эмасми?!
Москвада 26 йил аввал ташкил этилган «Ватандош» Жамияти раҳбари доим бошида ўзбек дўпписи билан Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади. Турли тадбирларда фаол иштирок этади.
2015 йил Европада ташкил этилган Ўзбекистон Президенти виртуал сайловида ҳам У.А.Баратов бир қатор ўзбек арбоблари, сиёсатчилари қаторида президентликка ўз номзодини қўйиб, сайлов жараёнларида фаол иштирок этган эди.
Жаноб Баратов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фаолиятини, йиллардан бери, тинмай танқид қилиб келишига қарамай, элчихонада ҳануз ҳеч бир ижобий ўзгариш содир бўлмаётгани ачинарли ҳолдир.
Боз устига куни кеча, 11 январь куни Президент Мирзиёев ҳам мамлакатимизнинг хориждаги элчилари билан бўлган йиғилишда дипломатларимизни кескин танқид қилган эди.
Ўзбек меҳнат муҳожирлари ва умуман, Россиядаги ўзбекистонликлар билан 26 йилдан бери тиним билмай ишлаб келаётган фаол сиёсатчи ва тажрибали юрист Усмонжон Баратовни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси этиб тайинлашни Президент Мирзиёевдан илтимос қилишимиз керак.
Айни шу кунларда хориждаги элчихоналаримиз фаолияти Тошкентда қайтадан кўрилмоқда.
1 февралдан элчихоналаримиз янгитдан иш бошлаши кутилмоқда.
Россиядаги расмий статистик маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони 2 млн. атрофида. Ҳар йили бу кўрсаткич ўртача 10 фоизга ошмоқда. Бу рақамларда фақат расмий рўйхатга олинганлар ҳисобланган, холос. Нолегал тарзда яшаб-ишлайдиганлар бу рўйхатга киритилмаган.
Одатда, аксарият ўзбек меҳнат муҳожирлари қонунларда кўрсатилган талабларни ва турли тўловларни айланиб ўтиши натижасида, бундай расмий рўйхатларга, табиийки, киритилмайди.
Россиядаги фуқаролик жамияти фаолларининг норасмий маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг умумий сони расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан бир неча баробар юқори.
Ўзбекистондан бу ўлкага иш излаб кетувчилар сони йилдан-йилга ошса ошмоқдаки, асло камайгани йўқ.
Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев 2017 йилнинг 24 ноябрь куни Facebook саҳифасида нашр этган расмий маълумотида, “2017 йилнинг 8 ойи ҳолатига кўра, жами 577 минг 933 нафар ёшлар чет элга иш қидириб чиқиб кетган бўлиб, шундан 2,5 % вояга етмаганлар, 97,5 % ёшларни ташкил этмоқда.
Бу борада Андижонда 70 мингдан зиёд, Фарғонада 65 мингдан зиёд ва Бухорода 64 мингдан зиёд ёшлар чет элларда ишламоқда”, дея хабар беради.
Даҳшат!!!
8 ойда салкам 600 минг ёшлар иш қидириб, Ўзбекистондан чиқиб кетган. Шундан 2 ярим фоизи 18 ёшга тўлмаган болалардир.
Буларнинг қанчаси йигитлар, қанчаси қизлар эканлиги тўғрисида маълумотда айтилмаган. Бу фақат Қуронбоевга маълум бўлган расмий статистика, холос. Аслида қоғозга тушмаганлар сони қанча, буни Худо билади.
Энди ўтган 25 йил ичида мамлакатдан чиқиб кетган ёшлар сонини тасаввур қилиб кўринг.
Ёшлардан ташқари, ёши катта эркаклар ва аёллар, ҳатто кексалар ҳам бор.
Жаноб Қуронбоевнинг мазкур маълумотида Ўзбекистондан чет элга иш қидириб чиқиб кетган ёшлар келтирилган, холос. Россияга кетганлар ёки кетаётганлар сони бу маълумотдан ўрин олмаган…
Элчихонага қайтсак.
Россиядаги элчимиз Баҳром Ашрафхонов ўзбек тилини ҳам билмаслигини 11 январь куни президент билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин «Ўзбекистон 24» ТВ каналига берган интервьюсида яна бир марта намойиш қилиб, рус тилида гапирди.
Ваҳоланки, айнан шу мажлисда президент «ўзбек тилини, Навоийни билмайдиган элчи, бизга керак эмас», деганди.
Қолаверса, йиллардан бери элчихонани қулфлаб ўтирадиган, инсон тугул қуш ҳам учиб ўтолмайдиган, ҳаттоки, бугунгидек мотам кунлари ҳам ташқарига чиқиб, бир оғиз ўз ватандошларига ҳамдардлик сўзи айтолмайдиган Баҳром Ашрафхоновдек элчи ўзбекларга керакми?!
Элчи жаноблари иш жойида йўқ бўлган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаса, бир котиби дарвоза қаршисига чиқишга ярамайдими?!
Ташқарига чиқса, одамлар еб қўядими? Ёки бир жойи камайиб қоладими?!
Ўзлари мотам тутмаганига яраша, эшиги тагига аза тутиб келганлар қаршисига чиқса, мансабига путур етадими?!
Қачонгача тўрт девор атрофида, темир панжаралар исканжасида яшайсизлар, жаноб дипломатлар?!
Элчихонанинг ёпиқ дарвозаси тагида юртдошларимиздан ташқари, бошқа қардош дўстларимиз ҳам келиб, ўз ҳамдардлигини билдириб турган бир вақтда, Ўзбекистон элчихонасидан бир тирик жон чиқмагани, энг юмшоқ қилиб айтганда, ШАРМАНДАЛИКдан бошқа ҳеч нарса эмас!
Амалдаги элчи Баҳром Ашрафхонов зудлик билан истеъфога кетиши керак!
Халқимизнинг энг мусибатли, ўта оғир кунларида эл билан бирга бўлмайдиган элчи кимга керак?!
Зудлик билан президентга хат ёзиб, Б.Ашрафхоновни ишдан олиб, унинг ўрнига У.Баратовни Россияга элчи қилиб тайинлашини сўрашимиз керак.
Президент бу таклифимизни инобатга оладими, йўқми, ўзининг иши…
Агарда У.Баратов элчиликка тайинланадиган бўлса, нафақат Москвадаги, балки бутун Россиядаги меҳнат муҳожирларининг елкасига ҳам сал офтоб тегарди.
Зотан, Усмонжон акадек муҳожирлар ҳаётини ич-ичидан яхши биладиган, яхши тушунадиган фаол сиёсатчи, ҳар доимгидан кўра ҳам, ҳозир жуда-жуда зарур!
Баратов доим ўзбекларимиз ичида, улар билан бирга ҳаёт кечиради. Улар йиғласа, йиғлайди, кулса ҳам бирга кулади.
Муҳожирларимизнинг яхши-ёмон кунларида ҳамиша бирга.
Бир жонкуяр лидер бўлса, шунчалик бўлади-да!
Айнан президентга ҳозир шундай ватанпарвар кадрлар керак.
Президент ҳар икки гапининг бирида тинмай, «кадр йўқ, кадр йўқ», деб таъкидламоқда.
У.Баратов кадр бўлганда ҳам, тажрибали, билимли, зукко кадр!
Боз устига, Россиядаги таниқли сиёсатчилар, ҳукумат расмийлари билан яқин алоқада эканлиги ҳам икки давлат манфаатларига ижобий таъсир кўрсатади…
Сизга яна бир бора катта раҳмат, қадрли Усмонжон ака!
Ҳеч қачон чарчаманг!
Сизнинг жонкуярлигингизни халқимиз кўриб-билиб турибди.
Ҳамиша саломат бўлинг!
Яратган Сизни қўлласин!
Биз Сиз билан биргамиз!
Ўтганларимизни Аллоҳ раҳмат айласин!
Азиз Халқимизга сабр-бардош тилаймиз!
Улуғбек Бакир
журналист
20 январь, 2018 йил,
Норвегия
Fikr bildirish