Улуғбек Бакир: «Оқ пошшо»дан дарак йўқ, сувга чўмиб юрибди!

Қозоғистонда содир бўлган миллий фожиамиз муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарлари номидан халқимиз ва президент номига ҳамдардлик мактублари келмоқда.

Шу пайтгача ЎзА расмий хабарига кўра, 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти чоғида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини билдирди.

“Мана шундай мусибатли кунда бутун турк халқи номидан қардош ўзбек халқига сабр-бардош тилаб, марҳумларни Аллоҳ таоло ўз мағфиратига олишини сўрайман”, деб таъкидлади Туркия раҳбари.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари номига Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон томонидан йўлланган самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзлари битилган мактублар келди. (ЎзА), (Иқтибос тугади).

Лекин, бошқа вақт «ҳайт» деса, » ғийт» деб чиқадиган, дунёга тинмай ақл ўргатадиган «буюк оғамиз»дан, на унинг Бош вазиридан шу пайтгача дом-дарак йўқ!

Бугунгача Россияда бир фалокат бўлса, бизнинг раҳбарларимиз биринчилардан бўлиб, сим қоқарди ёки расмий таъзиянома йўлларди.

Аслида бизнинг улуғ халқимиз «оқ пошшо»нинг бундай марҳаматига зор ҳам эмас! Фақат алам қиларкан, холос…

Айнан шу бечора ака-укаларимиз, жигарбандларимиз ўша «оқ пошшо»нинг кўчаларини супиришга, қорини курашга кетмаётганмиди?!

Йиллардан бери айнан ўзбекларимиз уларга қулдек хизмат қилиб, бунинг эвазига ирқчи тақирбошлардан калтак еб, фожиавий ўлим топиб келмаётганмиди?!

«Оқ пошшо» Путин «тоғамиз»нинг озгинагина инсофи бўлса, энг биринчи бўлиб, юртимиз раҳбарига нафақат расмий хат юбориши, балки зудлик билан қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик билдириши керак эмасмиди?!

Бунинг ўрнига, «миллатлар отаси» бўлмиш «Оқ пошшо» жаноблари ўзининг диний маросимлари билан машғул!

«Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам», деганларидек, «оқ пошшо» «ҳазратлари» сувга чўмиб юрибди.

Таъзиянг ҳам, ҳамдардлигинг ҳам бошингдан қолсин, ўзбекнинг қадрини билмаган қора ниятли «оқ пошшо»!

Энг аввало, бот-бот айтиб келаётганимиздек, бизлар ўз қадримизни ўзимиз билишимиз керак!..

Минг қилмаса ҳам қон-қонга, жон-жонга тортаркан.

Доно халқимиз: «Ёғ ялаганда ёт яхши, қон ютганда қариндош», деб бежиз айтмаган экан.

Ўзимизнинг тилимиз, динимиз, бозору мозоримиз, қонимиз бир бўлган азиз қардошларимиздан қўймасин!

Мусибатли, оғир кунларимизда ҳамдардлик изҳор этган ва этаётган қариндошларимизга минг раҳмат!

Ўтганларимизни Аллоҳ раҳмат айласин!

Азиз Халқим, 
Онам-Ватаним,

Сенга чуқур қайғу-мотам ила,
бир дарбадар фарзандинг,

Улуғбек Бакир

19 январь, 2018 йил,
Норвегия

 

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.