Саида Камалова: Ёрдам беринг! Икки оёғимни кесишса, яшашни ҳоҳламайман!

Бугун Мўътабар Тожибоеванинг илтимосига кўра Тошкентда истиқомат қилувчи асли Андижонлик бўлган ҳуқуқ фаолларининг яна бир сабр бардошли, жасоратли вакили Камолова Саида Ғуломовна хонадонига Жиззахлик таниқли ҳуқуқ фаоллари, собиқ сиёсий маҳкум Азамжон Формонов ҳамда  Ўктам Пардаевлар ташриф буюрганлар.

Соғлиги ўта ёмон холатдаги Саида Камолованинг ҳолидан хабар олиш, инсонпарварлик нуқтаи назаридан у билан сухбатлашиш учун ташриф буюрган ҳуқуқ фаоллари учун бу учрашув ўта оғири кечди. Уч нафар ҳуқуқ фаоли, уч нафар сиёсий зўравонлик ва қатағон қурбонлари бўлмиш бу инсонларнинг ўртасида бўлиб ўтган сухбат ҳақида қоғоз қоралашга жазм этдим. Балким…

Балким йиллар давомида Саида опани ва унинг сафдошларини ечим топмаётган муаммоларини барҳам топишига амалий фойдаси тегиб қолар…

Камолова Саида Ғуломовна 1951 йилда туғилган, хозирда 67 ёшда.  Тошкент давлат Халқ хўжалиги институтини иқтисодиёт факультетини битириб, иқтисодчи мутахассисига эга бўлган. Тадбиркорлик,  биржа соҳаси бўйича Москвада ўқиб, биржа мутахассиси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Саида Камолова олийгоҳни битирганидан кейин 10 йилдан зиёд Андижондаги нон заводида бош ҳисобчи, бош иқтисодчи, директор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Кейинчалик оиласи билан Тошкентга кўчиб келган ва Тошкент шаҳар Ҳокимиятиниг савдо бўлимида ўз мутаҳассислиги бўйича фаолиятини давом эттирган.

Ҳокимиятдаги адолатсизликларга қарши исён қилгани, курашгани, ўз сўзини, фикрини очиқ ошкора айта олгани учун ҳам уни нафақат ҳокимиятдан ишдан четлатганлар, балким, Тошкентдаги бирор бир идораларга ишга олинмаслигига эришилган.

1991 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб эса Тошкентдаги Кичик жамоа (корхона) “ФОНД” фирмасининг Москвадаги тармоғи ижрочи директори сифатида фаолиятини Россияда давом эттирган. Лекин айнан мана шу фаолияти унинг кейинги тақдири фожиали бўлиши, адолатсизликка қарши исёни ўзининг оиласининг хори зорликда умр кечиришларига сабабчи бўлишини хали у билмасди…

Саида опани икки оёғининг тиззадан пастки қисми қорайиб кетган. Соғлиғининг борган сари оғирлашиб бораётгани сабабидан жуда кучли руҳий ва жисмоний қийинчиликларни бошидан кечирмоқда. Аҳвол шу тарзда давом этар экан, мутахассисилар фикрига кўра Саида опанинг икки оёғини кесишдан ўзга чора йўқ.

“Шундоқ ҳам касалликларим сабаб ўзгалар парваришига муҳтожман. Агарда  икки оёғимдан ҳам ажрагудек бўлсам яшашни умуман қизиғи қолмайди. Оёқсиз яшашни ҳоҳламайман. Шу  ёшимда қандай яшайман буткул ўзгалар парваришига муҳтож бўлиб қолиб? Лекин мен яшашни жуда-жуда ҳоҳлайман. Лекин нима қилай? Оёқларимни асраб қолишлик учун 2.000.000 сўм пул керак. Менинг ҳаётим 2.000.000 сўмга боғлиқ бўлиб турибди. Лекин буни ким беради менга, ким?!!!” дея зорланиб, йиғлайди Саида опа.

КАСАЛЛИКЛАР: ЮИК.СТАБИЛ СТЕНОКАРДИЯ ЗЎРИҚИШ СТЕНОКАРДИЯ ФС 111.АГ 2. ХАВФ IV. ҚАНДЛИ ДИАБЕТ 11 ТИП ОҒИР КЕЧИШИ ИНСУЛИНГА БОҒЛАНГАН ТУРИ, ДЕКОМПЕНСАЦИЯ БОСҚИЧИ  ДИФФУЗ БУҚОҚ 11 ДАРАЖА

Ўзбекистондаги энг кам ойлик маоши миқдорида қарилик нафақаси олиб келаётган Саида опа расмий мурожаатлар қилиб ёзмаган давлат идоралари қолмади. У ўзининг бутун умри бўйича ишлаб, охир – оқибат бундай кам миқдордаги нафақага муносиб топилгани ва бунингдек хорлик, зорликда яшашга маҳкум этилганини қуйидагича изоҳлайди.

МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ     

Саида опа Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки йилларида, яъни 1991 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Тошкентда ташкил этилган ва донғи тилларда достон бўлган, бир қанча мамлакатларда, хаттоки хориж мамлакатларда ҳам ўз тармоқларига эга бўлган, дунёнинг жуда кўплаб мамлакатлари тадбиркорлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган “ФОНД” фирмасининг  Москвадаги тармоғига ижрочи деректор лавозимига таклиф қилинган ва у лавозимда 2002 йилга қадар фаолият юритиб келган.

“ФОНД” фирмаси 2002 йилда қонунга зид равишда ёпилган, лекин фирмани “Лакрица” сингари тармоқлари 2014 йилгача фаолият юритган. Саида опа мана фирманинг мана шундай тармоқларида фаолиятини 2007 йилгача давом эттириб келган. Чунки “Лакрица” фирмаси “ФОНД” фирмасини барча мажбуриятларини ўз зиммасига олганди.

ВАТАН УЧУН ҚЎШИЛГАН ҲИССА 

Саида опа Москвада фаолият юритган йиллари давомида Ўзбекистон Республикаси учун ўта зарур ҳисобланган қоғоз, қурилиш маҳсулотлари, металл, труба, ДВП ва бошқа бир қанча маҳсулотларни узлуксиз жўнатиб турганлигини айтади. Масалан, 3 вагон труба махсулотини бир йил муддатга насияга Ўзбекистонга юборган пайтида, ўзини ҳаётини гаровга қўйганди.

Саида опани “ФОНД” фирмасида олиб борган 17 йилга яқин иш стажи эса бугунги кунда ҳисобга олинмаяпти. Бунинг натижасида бутун умри давомида ишлаб, фаолият юритиб, давлат, халқ фаровонлиги учун ўз хиссасини қўшиб,  касаба уюшмаси взносларини ҳамда давлат солиқларини ўз вақтида тўлаб келган Саида опа бутун умрини бекорчилик билан ўтказган кимсалардек энг кам иш ҳақи миқдорида қарилик ва учинчи гуруҳ ногирони нафақаси олмоқда.

Унинг касалликлари ўта жиддий бўлишига қарамай, иккинчи гуруҳ ногирони сифатида нафақа олиш учун қилган ҳаракатлари самарасиз кетгани боисидан ногиронлик нафақаси олиш, бепул даволаниш сингари давлат имтиёзидан фойдаланиш ҳуқуқидан ҳам буткул маҳрум.

Бунинг сабаблари эса Саида опанинг сўзларига кўра қуйидагилардан иборат.

ЙЎҚ ҚИЛИНГАН МЕҲНАТ ДАФТАРЧАЛАРИ ВА АЯНЧЛИ ТАҚДИРЛАР!!!

Тошкент шаҳрида тадбиркорлик билан шуғулланиб, жуда кўп моддий имкониятларни қўлга киритган “ФОНД” фирмасининг собиқ раҳбари Юсупов Солих Салимжонович Саида опа ва у каби “ФОНД” фирмасининг бир неча мамлакатларда, хаттоки чет элларда фаолият юритадиган тармоқларидаги бир неча юзлаб инсонларнинг, фирма ишчиларининг меҳнат дафтарчалари, ишчилар билан фирма ўртасида тузилган шартномалар, келишувлар ва бошқа архив хужжатлари таг туги билан, қасддан йўқ қилиб юборган.

Ишчи хизматчиларнинг ишлаб топган маблағларидан ташкил топган ва фирманинг ривожланиши, равнақи учун фирма банк хисоб рақамида сақланаётган 70-80 миллион доллар миқдоридаги пуллар эса дунёнинг 15 та мамлакатларига жиноий усулда тарқатиб юборилган.

Солиҳ Юсупов ва уни шерикларининг бу каби жиноий қилмишларидан шикоят қилиб, бир неча йиллардан буён, яъни 2004 йилдан бери Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ тартибот идораларига, хаттоки халқаро ташкилотларга қилинган шикоятлар, мурожаатларга хеч ким қулоқ тутмаяпти,  шикоятбозликлар самарасиз якун топмоқда.

 

Саида опа бир неча йиллар давомида ўзи каби “ФОНД” фирмасида фаолият юритган, кейинчалик фирмада ишлаганликларини исботлайдиган барча ҳужжатлари йўқ қилиб юборилган юзлаб инсонларни мехнат дафтарчалари билан бирга йўқ қилинган иш стажларини тиклашлик учун тинимсиз харакатлар қилиб келмоқда.

Ҳам жисмоний, ҳам моддий оғир вазиятда бўлишига қарамай, Саида опа ўзгалар ҳуқуқларини тиклаш мақсадида тинимсиз курашмоқда, шикоятбозликлари натижасида босимлар, таҳдидларга дуч келсада, қийинчиликларга қарамай тинимсиз курашмоқда. Дард борган сари унинг юрагидаги ўтини ўчиришга ҳаракат қилмоқда. У ҳақиқат рўёбини кўрмай дунёдан кўз юмишни истамайди.

 

“ФОНД” фирмасининг 700 нафар ишчи хизматчиларини бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида 2004 йилда фирманинг турли мамлакатлардаги вакиллари Мирзаносир Раҳимов, Россиялик Тамара Соболова (Галкина), Қозоғистонлик Малика Наврузбаева ҳамда Чирчиқлик Эргаш Ориповлардан иборат “Поиск. Расследование. Разоблачение” (“Қидирув. Суриштирув. Фош қилиш”)  номли ташаббус гуруҳига асос солиб, “ФОНД” фирмасида йиллар давомида фаолият юритиб келган ишчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида тинимсиз курашиб келмоқдалар.

“Қидирув. Суриштирув. Фош қилиш” ташаббус гуруҳи вакиллари нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгувчи халқаро ташкилотларга, балким Ўзбекистон ичкарисидаги ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга ҳам мурожаатлар қилиб, улардан ёрдамлар сўраганлар.

Ҳамроқул Асқар, Сурат Икромов, Исмоил Одилов, Баҳодир Элибоев сингари ҳуқуқ фаоллари қўлларидан келганича уларнинг курашларида елкадош бўлиб келдилар, лекин барибир музликни эритиш имкони бўлмаяпти. Уларнинг додини эшитадиган, дардига малҳам бўладиган куч топа олмаяптилар ханузгача.

ШИФОХОНАДАН ҚОЧИБ КЕТИШ

2018 йилнинг январ ойи ўрталарида тўсатдан Саида опанинг аҳволи оғирлашиб қолди ва чақирилган тез тиббий ёрдам шифокорлари беморнинг аҳволи ўта оғирлиги ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тезлик билан шифохонага ёткизиш кераклигини айтишди. Тез тиббий ёрдам машинасида касалхонага етказилган Саида опанинг ўпкасидан икки литрга яқин сув олишди.

Лекин тўлиқ даволанмаган, соғлиги яхшиланмаган бўлишига қарамай, у шифохонада ётганини еттинчи куниси у ердан қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Саида опа касалхонадан қочиб кетиши сабабини қуйидагича тушунтирди:

Ҳар бир бемор шифохонада ётиб даволанар экан, касалхонадаги ўрин учун ҳар кунига 70.000 сўмдан пул тўлашга мажбур экан. Агар бу миқдордаги пул тўланмас экан, белгиланган маблағни тўлаш имкониятидан маҳрум бўлган беморлар полда, оёқ остига ётишга мажбурлар.

ПУЛИ ЙЎҚНИНГ ҚАДРИ ЙЎҚ!

Саида Камолова шифохонага тез тиббий ёрдам машинасида оғир аҳволда олиб келинган пайтида ётар жой учун тўланиши керак бўлган пулни тўлашга имкониятлари йўқ эди. Шундай бўлсада Саида опани аҳволи оғирлигини хисобга олиб, уни бепул жой билан таъминлашди. Бироқ шифокорлар учун қўл хақи бериб туришга имкони йўқлиги сабаб, оқ халат кийган шифокорлардан тортиб, ҳаширалару, фаррошларнинг ҳам қўрс ва қўпол муомалаларига чидашга мажбур бўлди.

ЧИДАБ БЎЛМАС ОҒИР ШАРОИТ!

Шифохона томонидан беморлар учун берилиши кўзда тутилган таомнома рўйхати мавжуд. Бироқ Саида опанинг сўзларига қараганда айрим ҳолларда беморлар учун умуман овқат берилмайди. Берилган тақдирда ҳам жуда оз миқдорда берилади. Қолаверса бу таомларни еб бўлмайди. Бемазалиги ва бадбўй ҳид келиб турганлиги сабаб, таомларни беморлар деярли истеъмол қилмайдилар.

Палаталарни етарли даражада иситилмаслиги, совуқлиги ҳам у ерда даволанаётган беморларни аҳволини янада оғирлаштиради. Кунлик таблетка ва дори-дармонлар ҳам бир қанча пулни ташкил этадики, бундай имкониятлар ҳар кимда ҳам мавжуд эмас.

НАФАҚА ПУЛИНИНГ МИҚДОРИ     

Саида опа  энг сўнгги бор оширилган нархдаги нафақасини  300.000 сўмга тенг эканлиги айтиб, бу миқдордаги пул унинг ҳаттоки бир ойлик еб-ичишига ҳам етмаслигини кўзларда ёш билан куюниб гапириб берди ҳамкасбларига.

ОЙЛИК ХАРАЖАТЛАР ФАҚАТ ДОРИ-ДАРМОН УЧУН!

Доимий тарзда шифокорлар назоратида бўлиш, улардан малакали медицина ёрдами олишга муҳтож бўлишига қарамай, Саида опа шифохонадан қочиб кетишга мажбур бўлганлигини юқоридаги сабаблар деб айтмоқда.

Унинг сўзларига кўра ҳар ойда ўртача 750.000 ёки 800.000 сўм миқдордаги пулни фақат дори-дармон учун ишлатишга мажбур. Саида опанинг қон босими ўта юқорига кўтарилиб, 250-120 даражагача чиқаётгани, қонидаги қанд миқдори ортиб кетаётганлиги учун кунига 2-3 маротабадан тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлмоқдалар. Оғриқларнинг бераётган азобини камайтириш мақсадида тинимсиз равишда оғриқ қолдирувчи дорилар дармонлар истеъмол қилишга муҳтож.

БИР ДОРИНИНГ ТАННАРХИ

Саида опани охирги бор тиббий кўрикдан ўтказган малакали мутахассис Медицина фанлари доктори профессор Турсунов унинг оёқларни сақлаб қолишлик учун муолажа қилишга турли хилдаги дориларни ёзиб бераркан, бу дорилар ичида ВАЗАПРОСТАН номли дори бўлиб, унинг ҳозирги кундаги таннархи 2.000.000 сўмни ташкил этишини эслатишни унутмади. Имкон даражасида шу дорини олиб, истеъмол қилиши кераклигини эслатаркан, “Бу дорини сотиб олишга имконият топа оласизми?” дея сўради Саида опага ачиниш билан тикиларкан профессор.

САМАРАСИЗ ЯКУНЛАНГАН МУРОЖААТЛАР

Саида опа ўзининг соғлиғи ва моддий аҳволини баён этиб, бир неча йиллардан буён давлат идораларига ариза ва  шикоятлар билан тинимсиз мурожаат қилади. Бироқ бугунги кунгача унинг бирорта мурожаати давлат идоралари томонидан қонуний асосда текшириб кўрилмади ва бирор бир ижобий натижага эришилмади.

Саида опанинг касалликлари ўта оғирлиги шифокорларнинг қўйган тахшисларидан ва Саида опанинг ўзини аҳволидан ҳам кўриниб турибди. Давлатнинг тегишли идоралари томонидан унинг соғлиги ўта ёмонлигини ва моддий аҳволини инобатга олиб, Саида опага ажратилган нафақа пули миқдорини қайта кўриб чиқса, ёки 17 йиллик иш стажи куйиб кетгани ҳақидаги важларини обдон текшириб, ўрганиб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Қолаверса, қонунда белгиланган иккинчи гуруҳ ногиронлиги берилиб, шу гуруҳ ногиронлари ва қандли диабет касалларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланишига шароитлар яратилса умрининг қолган қисмини бироз хотиржамликда, тўйиб овқат еб, истаганича муолажалар олиб ўтказса қани эди?! Ахир бутун умрини халқ, давлат хизмати учун сарфлаган инсонларни қадр қимматини жойига қўйиш, уларга эхтиром кўрсатилиши керакку! Бироқ хукумат идоралари мансабдорлари буни исташмаяпти.

ТАЪМИРТАЛАБ УЙ ВА ЯШАШ ШАРОИТИ

Нураб, таъмирталаб аҳволда қолган уйни ҳам бироз тартибга келтиришга имкон йўқлиги сабаб Саида опа бугунги кунда қизи Нигинанинг ижарага олиб,  яшаётган уйида келиб, унинг оиласи  билан бирга яшамоқда.

 НИГИНАНИНГ КЕЛАЖАГИ БУГУНГА БОҒЛИҚ

Яккаю, ёлғиз қизи Нигинани олий малумотли бўлиш ҳуқуқидан маҳрум эканлигида ҳам Саида опа ўзини айбдор деб билади. Нигина оз миқдорда оладиган ойлик маошини онасининг соғлигини яхшилаш мақсадида дори-дармонлар сотиб олишга сарфлашга мажбур бўлаётганидан қаттиқ изтиробда. Унинг айтишига қараганда, агар Нигина ишлаб пул топишга мажбур бўлмаганда балки бирон бир олий таълим даргоҳига ўқишга кириб, ўзи орзу қилган касб эгаси бўлиши мумкин эди…

Ўн йилдан ортиқ Жаслиқ қамоқхонаси маҳкуми бўлиб, бошидан ўта оғир кунларни кечирган Азам Формонов ҳам, касбий фаолияти сабаб доимий равишда таъқибу, босимлар остида яшаётган Ўктам Пардаев ҳам Саида опа хонадонини ўта ўйчан ва ташвишли холатда тарк этдилар…

Бу аҳволда Саида опа яна қанча умр кўради?!

Оддий қаламкаш Ўлмас Толмасов

10 февраль 2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.