Ҳуқуқ фаоли: Тайёр туринг, Жамшид Каримовнинг ўлими яқин…

Жамшид Каримов таниқли журналист Самарқанд вилоятида жойлашган руҳий касалликлар шифохонасининг ёпиқ тартибдаги қамоқхонасида бир кишилик камерада ўз умрини қарийб 11 йилини руҳий босимлар ва кучли назорат остида ўтказган.

Ўзбекистон Республикасининг 1-президенти Ислом Каримовнинг учинчи акаси Арслон Каримовнинг ўғли, мустақил журналист Жамшид Каримов бугунги кунда ўта оғир кунларни бошидан кечираётганлиги сабаб ўзининг ўлими хақида кўп гапирмоқда…

Мажбурий муолажа ва унинг зарарли оқибатлари.

Узоқ йилларни руҳий касалликлар шифохонасида руҳий босимлар ва қийноқлар остида ўтказган Жамшид Каримов Ўзбекистоннинг биринчи президенти амакиси бўлмиш Ислом Каримовни ўлимидан сўнг озодликка чиқарилди. Унга нисбатан руҳий касалхонада  узоқ йиллар давомида тинимсиз мажбурий муолажалар қилинганлиги руҳий ва жисмоний ҳолатларига салбий таъсир қилган. Унинг соғлиги ташвишланарли ҳолатда.

Қонуний асосларсиз қамоқ ҳолатидаги руҳий касалхонада ушлаб туриш.

Жамшид Каримов ўзини узоқ йиллар давомида руҳий касалликлар шифохонасидаги қаттиқ тартибли қамоқхонада бир кишилик камерада мажбурий ва яширин тарзда сақланганлигини даъво қилади. У қонуний асослар бўлмасада уни узоқ йиллар давомида суднинг ҳукми ёки қарорисиз қамоқ тартибидаги руҳий касалликлар шифохонасиннг бир кишига мослаштирилган тор хонасида жуда кучли кузатув ва руҳий кийноқлар остида ушлаб турганлигини айтмоқда. Унинг айтишига кўра тор бир кишилик хонада хонани торлиги сабаб хатто эркин юриш имконияти ҳам чекланган.

Фуқаролик паспорти йўқлиги сабаб пайдо бўлаётган муаммолар.

Озодликка чиққач, унинг жамиятга мослашиши жуда ҳам оғир кечяпти. Ҳукумат томонидан унга қонунда кўрсатилган моддий ва ҳуқуқий ёрдам ташкил қилинмаган. Моддий аҳволининг танглиги, давлат идоралари томонидан ҳуқуқларини бузилиши Жамшид Каримовнинг аҳволини янада оғирлаштирган. Фукаролик  паспортини берилмаётганлиги унинг Ўзбекистон бўйлаб эркин ҳаракатлана олиши ёки дўстлари томонидан юборилган моддий ёрдамларни ҳам ололмаслигига сабаб бўлмоқда.

Жамшид Каримов нима учун узоқ вақт қамалда бўлди.

Жамшид Каримов ўзининг узоқ йиллар қамалда қолиб кетганлигига унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг туғилиб ўсган оиланинг Ўзбекистон халқи ва кенг жамоатчиликка номаълум бўлган сирлардан хабардорлигини фош қилишидан қўрққанлигида деб хисоблайди. Шунинг учун амакиси бўлмиш  И.Каримовнинг шахсан топшириғи билан узоқ йиллар давомида руҳий шифохонада  умрини ўтказган.

Соғлик ва моддий аҳволнинг танг ҳолатдалиги.

Узоқ йиллар давомида ўзининг руҳий ва жисмоний жиҳатдан соғлигини йўқотиб, ҳозирги кунда меҳнатга лаёқатсиз ҳолатга келган Ж.Каримовнинг кунлик яшаш шароити ҳам ўта оғир шароитда. Унга нисбатан тайинланган нафақани олишга фуқаролик паспорти кераклиги, унда эса паспортнинг йўқлиги сабаб нафақа олиш имкониятидан ҳам маҳрум.

Самарасиз ҳаракат.

2017 йилнинг ноябрь ойида Ж.Каримов ўзига фуқаролик паспорти олиш учун Тошкент шаҳрига бориб, тегишли давлат идораларига бош уради. Жуда кўп сарсонгарчиликлардан сўнг Мирзо Улуғбек тумани ИИБнинг паспорт бўлими томонидан талаб қилинган ҳужжатларни топширади.

Паспорт бўлими охирги маротаба қайси манзилда яшаган бўлса шу манзилни уй дафтарига расмий рўйхатда турган қисмини нусхаси ва уй эгасини бирга олиб келишини талаб қилади.

Бироқ Тошкент шаҳар, М.Улуғбек тумани,М.Исмоилий маҳалласи, 23-уй, 7-хонадон эгаси бўлмиш Раҳима Ортиқова Жамшид Каримовга рўйхат нусхасини бермайди ва уни уйдан рўйхатдан чиқиб кетишига қаршилик қилади. Агар рўйхатдан чиқишни ҳоҳласанг фуқаролик суди орқали амалга оширишинг мумкин дейди. Жамшид Каримовнинг фикрига кўра Раҳима Ортиқовага ҳукумат идоралари томонидан қандайдир буйруқ бўлган.

Аслида эса уй эгаси расмий рўйхатда рўйхатда бўлган Жамшид Каримов учун ҳам бир қанча йиллар давомида коммунал хизматлар учун тўловлар қилишликка мажбур бўлган. Шу туфайли уй эгаси Р.Ортиқова Ж,Каримовга фуқаролик суди орқали рўхатдан чиқиши мумкинлигини билдирган.

Тўпланган ҳужжатларни йўқолиши.

Барча ҳужжатлар учун Тошкент шахрида қанча сарф харажатлар қилган бўлишига қарамай, уй дафтарини нусхасини ололмагани  сабабли барча ишлар тўхтаб қолади. Натижасиз уйга қайтгач, тўпланган ҳужжатлар вақт ўтиб эҳтиётсизлик сабаб йўқолиб кетади. Фуқаролик паспортининг йўқлиги сабаб яна муаммолар сони ортиб боради.

Паспорт учун қайта ҳаракат.

2018-йилнинг 25-январ куни беғараз ёрдам ташаббуси билан чиққан инсонлар томонидан яна фуқаролик паспортини тиклаш учун Жамшид Каримов маслакдошлари ёрдамида Тошкент шаҳрига борди.

Тегишли давлат идораларидан паспорт олиш тартиби суриштирилиб, ҳужжатлар тўплана бошланди. Туман ИИБ нинг маълумотлар олиш хонасидан ҳақиқатдан ҳам Жамшид Каримов расмий рўйхатда бўлганлиги ҳақидаги маълумотнома олинди.

Туман ИИБнинг паспорт бўлими томонидан 9 та турдаги ҳужжатлар талаб қилинди.

  1. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (Копия свидетельства о рождении (копия утерянного паспорта если имеется);
  2. Расмий никоҳдан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (Копия свидетельства о браке);
  3. Ҳарбий билет нусхаси (Копия военного билета);
  4. Уй дафтаридан нусха ёки ЖЭК томонидан расмийлаштирилган ва мухр билан тақдиқланган форма № 16, 17, шунингдек яшаш манзилидан маълумотнома (Копия домовой книги или копия формы-16,17 из ЖЭКа заверенная с печатью, справка из махалли);
  5. Янги паспорт учун суратлар (Фотографии (размер -3,5 х 4,5см);
  6. Ички Ишлар бўлими бошлиғи номига ариза (Заявление на имя начальника РУВД);
  7. Биометрик паспорт олиш учун ариза (Заявление на получение биометрического паспорта-бланк Ф N 1 справка);
  8. Энг кам иш ҳақининг уч ойлиги миқдоридаги жарима тўлови (Штраф в размере трёх минимальных заработных плат);
  9. Паспорт олиш учун давлат божи (Государственная пошлина за паспорт).

Юқоридаги талаб қилинган ҳужжатлар йиғиш учун Тошкент шаҳар, М.Улуғбек тумани, М.Исмоилий маҳалласига бориб, мурожаат қилинганда маҳалла раиси М.Пирохунов ва унинг  унинг ёрдамчиси бундай маълумотномани бермаймиз деб оёқ тираб олишди. Бир қанча тушунтириш ва илтимосномалардан сўнг улар маълумотномани ёзиб беришди. Маълумотнома маҳалладан фуқаро Жамшид Каримов ҳақиқатдан ҳам шу манзилда рўйхатда турган ва ҳозирда бу ерда яшамайди деган мазмунда олинган.

Аҳвол тобора оғирлашган.

Озодликка чиққанига сал кам бир йилга яқин муддат ўтган бўлишига қарамай ҳамон фуқаролик паспортини ололмаган Жамшид Каримовнинг бугунги кундаги моддий аҳволи ўта оғир ҳолатда. Қишнинг совуқ кунларида ҳам ёзги туфлида. Уст кийимлари ҳам юпқа. Оиласида еб ичишга ҳеч нарса қолмаган.

Паспорт олиш учун Тошкентда экан хожатхонага кириш учун тўлашга ҳам пули қолмаган Жамшид барча чўнтакларини ковлаб атиги 200 сўм пул топа олди холос.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни бўлган Жамшид Каримов ўзаро суҳбатларда ва матбуотларга берган интервьюларида паспорт олишга ёрдам сўраб мамлакатни ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев порталига ёзганлигини, бироқ унга амалий ёрдам берилмаганлигини ҳам айтиб ўтган.

Узоқ йилларни ёпиқ тартибдаги руҳий шифохонада ўтказганлиги сабаб унинг соғлиги ташвишланарли ҳолатда. Унинг ошқозон ичак қисмидаги касаллиги сабаб доимий тарзда таблетка истеъмол қилишга мажбур. Иштаҳаси йўқолган. Тана суяклари қийшайиб бормоқда.

Давлат идораларининг совуққонлиги.

Ҳар бир шаҳар ёки туман хокимиятларда ижтимоий таъминот бўлимлари мавжуд. Жазо муддатини ўтаб озодликка чиқиб келган ҳар бир собиқ маҳкумга ижтимоий таъминот бўлими томонидан моддий ёрдам пули берилиши шарт.

Бу ишни эса худудий ИИБнинг жазо муддатини ўтаётган ва ўтаб келганлар билан ишловчи ходимлари томонидан хокимликка йўлланма беришликлари керак. Жамшид Каримовга эса бундай йўлланмани ҳанузгача ҳеч ким бермаган. Тўғри қиладида Ўзбекистон ҳукумати чунки бор йўғи 600.000 сўмдан озгина ошадиган моддий ёрдам шу пулни олишлик учун кетган йўлкира ва қоғозбозликка кетган харажатга ҳам етмайди.

Ҳар бир маълумотноманинг ўз нархи бор. Моддий ёрдам пулини олишнинг ҳам шундай талаблари борки бир канча давлат идораларига бориб тегишли ҳужжатларни олиб топширгандагина моддий ёрдам пули бир қанча вақт ўтгач берилади.

Бундан ташқари Жамшид Каримовга қонунчиликка асосан бепул Тиббий кўрик учун йўлланма ва бепул даволаниш учун йўлланма берилиши керак эди. Бироқ бундай ҳуқуқлар ҳам озодликка чикиб келган  Жамшид Каримовга берилмаган.

Ҳуқуқбонлар ва журналистларнинг лоқайдлиги

Жамшид Каримов Озодликка чиқиб келган онларида Интернет сайтларида ва радиоканалларда жуда кўп шов-шувли хабарлар тарқатган журналистлар ва ҳуқуқбонлар нима учун унинг хозирги оғир шароитида томошабин бўлиб турибди?

Балки унинг ўз ёғига ўзи қовурилишига бизнинг ҳам айбимиз бордир.

Қарийб ўзининг 11 йиллик умрини оғир шароитли қаттиқ тартибли руҳий касалликлар шифохонасида ёлғиз бир кишилик қамоқ типидаги хонада кучли руҳий босим остида бор соғлигидан ажралган дўстимизга етарлича этибор бердикми?

Йўқ албатта. Демак ўзини ҳуқуқбонман деб юрган ва шоу даражасидаги хабарлар хоҳишида юриб, даромад илинжида бўлган журналистлар ва радиоканалларни бемалол айбдор десак тўғри бўлади.

Жамшид Каримовни бундай қийин ҳолатга тушиб қолишига ким айбдор?. 

 Жамшиднинг бугунги кунда бундай оғир шароитга тушиб қолишига балки амакиси бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовнинг диктаторона сиёсатига рози бўлиб унинг сиёсатига мос равишда яшамаганлиги сабабдир балким.  Агар Жамшид Каримов  И,Каримовча сиёсат учун жон куйдириб амакисини қўллаб қувватлаб яшаб ижод қилганда балки шоҳона яшаган бўлармиди?.

Яқин кунлар ичида…

Бақир-чақир ва шов-шув даражасидаги хабарни кутинг аҳвол шу даражада давом этар экан дўстимиз Жамшид Каримовнинг ўлими хам муқаррарга ўхшайди.

Уни биргаликда шоу даражасида қарши оламиз ва Жамшид Каримовни хукумат ўлдирганликда айблаб, бонг ура бошлаймиз!

Ҳуқуқ фаоли
Ўлмас Толмасов

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan