Мўътабар Тожибоева: Бухоролик қийноқ қурбони Ибодовлар ишида кескин бурилишлар содир бўлмоқда!
Бухоролик тадбиркорлар ака ука Илхом ва Раҳим Ибодовларга нисбатан Бухоро вилоятидаги кучишлатар тизимлари мансабдорлари томонидан қўлланилган ваҳшиёна қийноқлар натижасида Илҳом Ибодовнинг вафот этгани, уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқлари тикланмагани боисидан турли давлат идораларига мурожаатлар қилиб, бу оила бошига кулфат ёғдирган кимсаларни жиноий қилмишларига яраша қонун олдида жавоб беришларини талаб қилишни бир зум бўлсада, тўхтатганимиз йўқ.
6 февраль куни ғайриқонуний ҳибсга олинган, қийноқлар қурбони бўлган, кўзи ўнгида укаси Илҳомни ўлдирилганини унута олмаётган, қамоқдан бир бармоғидан айрилиб қайтган Раҳим Ибодов номидан Мирзиёв номига шикоят хатини тайёрлаб берарканман, хали бу шикоят Шавкат Мирзиёевнинг эътиборига тушишини Ибодовлар иши буткул тескари тус олишини билмасдик.
Раҳим Ибодовнинг шикоятида бизлар Илҳом Ибодовни ғайриконуний тарзда ҳибсга олиб қийнаганлардан тортиб, шанба ва якшанба кунлари ака укаларни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган дея расмийлаштирилган қалбаки хужжатларга асосан уларга маъмурий қамоқ жазоси белгилаб, Ибодовларни ташқи дунёдан ажратиб кўйган судьяларгача, Ибодовларга қийноқ қўллаш мақсадида Бухородаги «Коровулбозор» қамоқхонасидан маҳсус келтирилган 4 нафар «лохмачлар»нинг жиноятларигача эринмасдан баён қилдик.
Орадан 10 кун ўтиб, мўъжиза юз берди. Ибодовлар иши бўйича Президент Шавкат Миромонович 16 февраль куни Бухорога ташрифи чоғида маъруза қиларкан: «Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йил қамалади», — дейди Президент.
Бугунги кунгача Бухоро вилоят МХХ мансабдори Ином Маърупов, Бухоро вилоят ИИБ Жиноят Қидирув ва Терроризмга Қарши Курашиш Бошқармаси инспектори Барбос лақабли Умид Бобомуродов, Бухоро шахар прокуратураси терговчиси Расул Юлдашевлар Ибодовлар иши бўйича жиноий жавобгарликка тортилиб, ҳибсга олинганлар.
Яқинда Республика Ҳарбий прокуратурасидан ўнга яқин вакиллар Бухорога ташриф буюриб, Ибодов оиласи вакилларини уларнинг оила аъзоларига, яқинларига қилинган ваҳшийликлар, разолат хақида батафсил сўраб, ўрганганлар. Уларнинг айтишича Шавкат Мирзиёевнинг қўлида Ибодовлар иши бўйича чоп қилинган барча мақолалар, видео ва аудио материаллар мавжуд. Илҳом Ибодовнинг ўлимига сабаб бўлган барча айбдорлар жиноий жавобгарликка тортиладилар ва ҳақиқат қарор топади.
Республика ҳарбий прокуратурасидан Бухорога ташриф буюрган комиссия вакиллари нафақат Ибодовлар оиласи вакиллари билан, балким Ибодовлар иши бўйича босимларга учраган, ёки босимларга учраганлар ҳақида гувоҳлик берувчи шахслар, балким Ибодовлар масаласида адолатсизликка йўл қўйган мансабдорлар билан суҳбатлар уюштирмоқдалар.
Жумладан Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг раиси И.Муслимовни комиссия сўроғидан тутқаноғи тутган ҳолатда чиққанини кўрган гувоҳлар адолат қарор топа бошлаганига ишона бошлаганлар.
Дарҳақиқат, хозирда Бухоро вилояти прокуратураси терговчиси, Раҳим ва Илҳом Ибодовлар тергов ишларида қонунбузарликларга йўл қўйган қуйидаги кимсалар ҳибсга олинганлар ва уларнинг жиноий қилмишлари бўйича Ибодовлар оила аъзолари жабрланувчи бўлиб ўтадилар:
1. Ином Маърупов – Бухоро вилоят МХХ мансабдори.
МХХ амалдорларидан бири Ином Бухоро вилоят МХХ бошқармасига ишга келганидан кейин Илҳомнинг бериши керак бўлган пораси миқдорини 5000 долларга оширган. Шунинг ортидан Ином билан Илҳом ўрталарида келишмовчилик келиб чиққан, яъни Илҳом савдо яхши бўлмаётганлиги сабабли тадбиркорликдан топаётган даромадининг асосий қисмини унга бериб боришини бас қилиши қарорини айтган. Илҳомнинг қарорини эшитган Ином шантаж қила бошлаган. Унинг шантажларига Илҳом Республика миқёсидаги давлат органларига мурожаат қилишини айтиш билан жавоб берган. Илҳом шантажчига қарата ўзининг қўлида Ином, Азим, Баходир ва уларнинг шерикларини амал курсисидан учириб юборишга ва қамалиб кетишларига қодир компрамат материаллари борлигини айтган.
2015 йилнинг 15–август, шанба куни кеч соат 17ларда Бухоро вилоят МХХ вакили Ином Илҳом ва унинг оила аъзолари ишлаётган чўл зонасига борган ва Илҳомга белгиланган 5000 доллардан ҳам кўпроқ қилиб беришини, яқин бир қариндоши тўй қилаётганлиги, тўёнага бериши кераклигини айтган. Илҳом унга яна энди уларга пора беришни тўхтатганлиги қарорини эслатганида Азим уни ўлдириш билан қўрқитган. Шунда Илҳом “Ўлдирсанг ўлдира қол, ахир бир кун келиб ўлади ҳар қандай инсон ҳам” деб жахли чиқиб кетган. Кейин онасини олдига келиб Илҳом “Ўлдириш билан қўрқитишлари жонга тегди” деган.
Шундан кейин Ибодовлар оиласига қарши ов бошланган.
Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ертўласида ушлаб турган пайтларида бизларга қийноқ қўллаган манфурлар:
2. Умид Бобомуродов (“БАРБОС”) – Бухоро вилоят ИИБ Жиноят Қидирув ва Терроризмга Қарши Курашиш Бошқармаси инспектори.
Ибодовларни ВСХга қамаганларидан кейиноқ Илҳом сақланаётган якка кишилик камерага “Барбос” кириб борган ва унинг қўлига кишан солиб, қийнай бошлаган. Унинг кетидан камерага кириб борган Бухоро вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келган МХХ полковниги Рустам Азимов Илҳомдан ўзига таниш бўлган юқори лавозимда ишлайдиган амалдорларга пора олишларида воситачилик қилганликни тан олиш ва улар айтган амалдорларга жиноят иши қўзғатиш учун уларнинг жиноятлари ҳақида кўргазмалар беришга мажбур қила бошлаган.
Илҳом уларнинг ғайриқонуний талабларига буйсунмаганидан кейин “Барбос” билан Рустам Азимовлар бирин кетин Илҳомни қийнай бошлаганлар ва энди уларнинг қўлидан тирик чиқмаслигини айтиб калтаклашни давом эттирганлар. Илҳомга босим ўтказиш мақсадида Рахимни, Рахимни бўм бўш қоғозларга имзо чекишга мажбур қилиш мақсадида Илҳомни тинимсиз қийнаганлар.
Шу кунлар ичида Илҳом Ибодовни қийнаб ўзига, акасига ва ўзига таниш бўлган амалдорларга қарши кўргазмалар беришга мажбур қилиш мақсадида ВСҲга МХХ вакиллари Юнусов Азим ва Иномлар келиб Илҳомни тинимсиз азоблаб, қийнайверганлар.
Укасини ўлдириб қўйишларидан ва улар айтганидек оила аъзоларини, қари онасини ва вояга етмаган қизларини диний эстремизмда айблаб, қамашларидан, уларга ҳам шунингдек азоблар беришларидан қўрққан Рахим Ибодов бўш қоғозларга ва унга имзо чекиш учун берилган қандайдир хужжатларга қарамасдан, ўқимасдан имзо чекиб беришга мажбур бўлган. Ўзини қийнашларига дош берган Илҳом ҳам акаси Рахимни ўзининг кўзи ўнгида қийнашларига дош бера олмай, акасини қийнашларини тўхтатишлари учун бўш қоғозларга ва олдиндан расмийлаштириб қўйилган жиноятларига иқрорлик кўргазмаларига ўқимасдан туриб имзо чекиб беришга мажбур бўлган.
3. Ғайриқонуний тергов ҳаракатлари олиб бориб, сохта айбловлар билан Ибодовларга нисбатан адолатсизлик қилган, уларга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга шароитлар яратиб берган Бухоро шаҳар прокуратураси терговчиси Расул Юлдашев ҳам ҳибсга олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қолаверса Қоровулбозор қамоқхонасидан Ибодовларга қийноқ қўллаш учун махсус олиб келинган «лохмачлар»нинг суди ҳукми ҳам бекор қилиниб, жиноят ишини қайтадан кўришга қарор қилинган. «Лохмачлар»га алоқадор жиноят иши материаллари орасидан марҳум Илҳом Ибодовни мурдасини суд тиббий экспертизасидан ўтказиш қарори ҳамда Суд тиббий экспертизаси хулосасини ханузгача олиш имконига эга бўлмагандик. Энди тўлиқ имкоятлар яратилди.
Ушбу лохмачлар қилмишлари бўйича қуйидаги материал орқали маълумот олиш мумкин:
ҚОРОВУЛБОЗОР ҚАМОҚХОНАСИДАН КЕЛТИРИЛГАН ЎТА ХАВФЛИ РЕЦИДИВИСТЛАР СУДИ ТОМОШАСИ
А.А.Ўралов – Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди судьяси;
А.Т.Қиличев – Бухоро туман прокурори.
Судланувчи Рустам Джумаевни ва Иноғомов Умидни содир этган жиноий харакатларига юридик бахо бериб, дастлабки тергов органи томонидан уларнинг харакатлари “Муттасил равишда дўппослаш ёки ожиз аҳволдалиги аёбдорга аён бўлган шахсни бошқача харакатлар билан қийнашида ифодаланган Ўз.Р. ЖКнинг 110–моддаси 2–қисмининг “а” банди билан айбдор деб топибди ва жазони ўташ колониясидан яхши характериска (!!!) берилганини инобатга олиб, уларга 3 йилдан озодликдан махрум қилишга хукм қилган.
Аслида қўғирчоқ судья қуйида баён қилинган мухим важлар юзасидан суд тергов ўтказиши ва ҳар бир холатга нисбатан ҳуқуқий бахо беориши шарт эди:
Джумаев Рустам Бабаевич – 1972 йил 10–ноябрда Андижон вилоятининг Мархамат туманида туғилган, фуқаролиги мавжуд бўлмаган. Қамоққа олингунча Тошкент вилояти Олмалиқ шахри Ибн Сино кўчаси 79–уй, 14–хонадонда яшаган.
Рустам Джумаев уч марта судланган. Олдинлари наркотик моддалар истеъмол қилиш, сотиш ва бошқа моддалардаги жиноятларни содир қилган бўлса охирги марта ЖИБ Тошкент вилоят судининг 2011 йил 9–март кунги хукми билан қотиллик ва бошқа оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб 22 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган. Унинг озодликка чиқиш муддати суд хукмига кўра 2033 йилга тўғри келарди.
Инагамов Умиджон Абилджанович – 1970 йил 26–апрелда Тошкент шахрида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, олий маълумотли, қамалгунча Тошкент шахар Чилонзор тумани Гулистон кўчаси 31–уй 61–хонадонда яшаган.
Иноғомов Умид 6 марта судланган ва охирги суд хукмига кўра 2014 йил 16–декабрь кунги айблов хукми билан 7 йилга қамоқ жазосига тортилган. Унинг қамоқдан озод бўлиш муддати 2021 йилга тўғри келган.
Хўш нима учун бу ўта хавфли рецидивистлар жазони ўтаётган жойлари Қоровулбозор қамоқхонасидан Бухоро вилояти ИИБ ВСХга олиб келинганлар?
Нима учун улар айнан ака–ука Ибодовларга ғайриқонуний равишда хибсга олиниб, маъмурий қамоқ жазоси берилганидан кейин, яъни 20–август куни олиб келинганлар?
Нима учун бу ўта хавфли рецидивистларни Тергов изоляторида эмас, вақтинчалик сақлаш хибсхонасига, яна маъмурий жавобгарликка тортилган фуқаролар билан битта камерага қамаганлар?
Кейинчалик Илҳомнинг вафотидан кейин эса нима учундир Қоровулбозор қамоқхонасидан олиб келинган махкумларнинг ҳаммасига эмас, фақатгина Умид Иноғомов ва Джумаев Рустамларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган холос. Қоровулбозордан олиб келинган Ибодовларни ваҳшийларча қийноқлар қўллаган ўта хавфли рецедивистлар Сафаров Жамшид ва Иванов Александрларни бирор хужжатда эслашмади ҳам.Иванов Александр йўғон гавдали ва бутун баданлари тотилировка билан бежаб ташланган важохатли кимса эди.
Унинг ва шериги Сафаров Жамшидлар ҳам ўз жиноий қилмишлари учун жавоб беришлари керак эди аслида. Бу ўта хавфли рецедивистларни атайлаб Ибодовларни қийнаш ва Илхомни ўлдиришига иштирок этишлари учун Коровулбозор қамоқхонасидан олиб келиб маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланган, бу айблар суднинг қарори билан эмас, шунчаки Илҳомни йўқ қилишга қарор қилган амалдорлар манфаати учунгина Вилоят ИИБ ВСХга қамалган Рахим ва Илҳом Ибодовлар билан бир камерада қўйилиши Ўзбекистон Республикаси қонунларига зиддир.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27–июлда қабул қилинган ва 2011 йилнинг 26–августида Сенат томонидан тасдиқланган Республика Президенти Ислом Каримов томонидан 2011 йил 29–сентябрь куни № ЎРҚ–298 рақам билан имзоланган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни”нинг 41 – “Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни камераларда алоҳида-алоҳида жойлаштириш” моддасида “Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни камераларда алоҳида–алоҳида жойлаштириш уларнинг шахсини ва психологик жиҳатдан мослигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда бир–биридан алоҳида сақланади ва камераларга жойлаштирилади:
Жиноий жавобгарликка биринчи марта тортилаётган шахслар илгари озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланган шахслардан алоҳида сақланади.
Қуйидагилар бошқа ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлардан алоҳида сақланади:
ўта хавфли рецидивистлар; маҳкумлар…” дейилган.
Айни шу кунларда эса Илҳом ҳам Рахим ҳам ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар эмас, ғайриқонуний бўлсада маъмурий ҳуқуқбузарлар эдилар холос. Уларни ўта хавфли рецедистлар билан битта камерага қўйилишларини сабаблари биттагина холос – Ибодовларни қийнаб, улардан ўзлари истаган тарздаги иқрорлик кўргазмаларини олиш ва Илҳомни ўлдириш бўлган.
Яна бир муҳим хабар: Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари томонидан келтирилган протестга асосан Республика Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов хайъати раисининг ўринбосари М.Астанов томонидан 2018 йилнинг 27 февраль кунги қарори билан 2017 йилнинг 15 август кунги ака ука Ибодовларни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда, яъни МЖТКнинг 183 моддаси «Майда безорилик» ҳамда 194 моддаси 1 қисми «Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик»да айблаб, 10 суткалик маъмурий қамоқ жазосига тортиш қарори бекор қилинди.
Маъмурий қамоққа тортиш ҳақидаги ғайриқонуний қарорларини чиқарган мана бу судялар ўзларининг жавоб бериш кунлари етиб келганни хис қилаётган бўлсалар ажабмас.
ШАНБА ЯКШАНБА – ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИДАГИ МАЪМУРИЙ ВА ЁПИҚ СУДЛАР
Б.Ж.Тошев – Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар суди сульяси
2015 йил 16–август куни (ЯКШАНБА – ДАМ ОЛИШ КУНГИ !!!) ЖИБ бўйича Бухоро шаҳар судининг қарори билан МЖтКнинг 183–моддаси ва 194–моддаси 1–қисми билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, вилоят ИИБ ВСХга жойлаштирилган.
З.У.Музафаров – Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар суди судьяси
2015 йил 26–август куни Илҳом ва Раҳим Ибодовларни Вилоят ИИБ ВСХ камерасида ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун унга суднинг шу кундаги қарори билан МЖтКнинг 194–моддаси 2–қисми билан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси қўшимча тайинлаган.
Fikr bildirish