Улуғбек Бакир фуқаролик жамияти намоёндаларидан бири, устоз Толиб Ёқубов билан айнан фуқаролик жамияти муаммолари ҳақида суҳбатлашмоқда
ДОЛЗАРБ ФАРМОН, ЛЕКИН…
05.05.2018
I. Давлат, ННТ ва Бизнес
Ўзбекистон Президентининг 4 май куни имзолаган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги Фармони жуда долзарбдир. Бундай ҳуқуқий ҳужжатни йиллар давомида кутганмиз ва кўп бора ҳукуматга таклифларимизни юборганмиз.
Айни муддаога ўтсак: Фармоннинг асоси – Нодавлат ва Нотижорат Ташкилотлар (ННТ)лар – демократик мамлакатларнинг асосий қон томири ҳисобланади. ННТсиз демократия қуриб бўлмайди! ННТ йўқ дегани, оддий қилиб айтганда, бир қўли ва бир оёғи йўқ ногирон инсон, демакдир.
Давлат ва жамият бошқарувида уч сектор: ДАВЛАТ, ННТ ва БИЗНЕС мутлақо бир-биридан мустақил бўлсагина, демократик давлат барпо этилиши мумкин. Акс ҳолда, демократик тамойиллар бир жойда оқсаб тураверади. Танада қон айланмай қолади. Буни ўтган йиллар давомида кўрдик…
Айнан фожиамиз ҳам шундаки, Ўзбекистонда бу уч сектор бир-бири билан аралашиб-чалкашиб, боши берк кўчага кириб қолган. Қайси сектор қаерда бошланиб, қаерда тугайди, биров билмайди. Бу дегани, бир пайтнинг ўзида бир қозонда ҳам палов, ҳам балиқ, ҳам сутли овқат пиширилди, дегани. Табиийки, бундай таомни биров емайди. Лекин, овқат борми – бор, пиширилдими – ҳа, пиширилди, деган гап бўлади, холос. Биров емайдиган овқатни эса, кимга ҳам кераги бор?!
Содда қилиб айтсак, ушбу Фармонда Президент: энди, янги қозонда бир овқатни тотли, сифатли қилиб пишириб ейлик, масаллиқларни исроф қилиб, одам емайдиган таом пиширишни бас қилайлик, деяпти!
Фармонда санаб ўтилган барча масалалар ўринли ва ўтган чорак аср мобайнида фуқаролик жамияти фаоллари томонидан бир неча маротаба бу муаммолар баралла айтилган. Лекин, юқоридагилар эшитишни исташмаган. Шукрки, ва ниҳоят бугун шу босқичга ҳам етиб келдик.
II. ННТлар инқирози
25 йил ичида бошқа соҳалар каби ННТ ҳам инқирозга учраганлиги айни ҳақиқат.
Шу билан бирга кўзбўямачилик асносида тузилган, аслида эса, мутлақо давлатдан мустақил бўлмаган қалбаки (қўғирчоқ) ННТлар сони ўтган йиллар ичида урчиб кетди.
Бундан мақсад, Халқаро ташкилотларга ва бошқа демократик дунёга, Ўзбекистонда ҳам гўёки, демократик институтлар борлигини кўрсатиш бўлди.
Йиллар давомида турли лойиҳаларга ҳамда йиғилиш, учрашув ва конференцияларга қанчадан-қанча маблағлар сарфланди. Лекин, фуқаролик жамияти шаклланмади. Сабаби, яна ўша битта қозон…
“Фуқаролик жамияти қуряпмиз, демократик давлат барпо этяпмиз” каби “оламшумул” баландпарвоз шиорлар билан, аслида фуқаролар, яъни, оддий халқ тамомила эсдан чиқариб қўйилди. Бунинг оқибатини, мана бир ярим йилдан бери давлат раҳбари тўхтовсиз таъкидлаб келяпти. Кечаги Фармонда ҳам шу муаммолар қонун тили билан ёзилибди.
III. Аслида ким(лар) алданди?!
Халқаро ташкилотларда ҳам анойилар ишламайди. Ҳақиқий ННТ билан сохта ННТни бу соҳада ишлаган, тажрибаси бор ҳар қандай мутахассис бир зумда ажрата олиши мушкул иш эмас.
Тўғри, асосан, инсон ҳуқуқлари йўналишида тузилган ва шу бугунги кунгача фаолият олиб бораётган, бармоқ билан санарли ҳақиқий ННТлар мамлакат ичида, оғир молиявий инқироз билан бўлса-да, ишлаб турибди. Аксарияти эса, асосан, 2000-йиллар бошида турли баҳоналар билан мамлакатдан қувғин қилинди. Бир қанча фуқаролик жамияти фаоллари ноҳақдан турли туҳматлар билан узоқ йиллик қамоқларга ташланди. Айримлари эса, ҳукумат кучлари томонидан, ҳаттоки, жисмоний тарзда йўқ қилинди. Қамоқдагиларнинг кўпи 2017-2018 йиллар давомида озодликка чиқарилди.
IV. ННТлар ривожланиши учун нималар қилиниши керак?
Мамлакатни демократлаштириш жараёнида ННТлар табиий ривожланиш жабҳасида юзага чиқади. Уни мажбурлаб ёки турткилаб ёхуд бўйнидан боғлаб ўртага чиқариб бўлмайди. Кучли фуқаролик жамияти, турли соҳалар бўйича, фуқароларнинг фаоллари орасидан, ўз ташаббуслари билан қалқиб чиқиши натижасида куртак отиб, ривожланади.
Давлат эса, ННТлар фаолияти мустақил бўлишига шароит яратиб бериши керак, холос. Энг муҳими, давлат – ННТларга босим ўтказиш, ишларига аралашиш, қўрқитиш каби турли хил провокацияларни қилмаслик керак.
ННТ бу – ўз номида айтилганидек – нодавлат ва нотижорат ташкилотлардир. Яъни, улар давлатдан мустақил (амалдаги маҳаллий ва халқаро қонунлар доирасида ишлайди) равишда фаолият олиб боради, тижорат (бизнес) билан шуғулланмайди.
Хулоса қилиб айтганда, ННТлар ривожланиши ҳамда фуқаролик жамияти кучли бўлиши учун энг аввал, мамлакат миқёсида, қуйидаги тамойилларни ОАВ орқали доимий тарғиб қилиниши ва фуқароларга содда тилда, замонавий-қулай методик қўлланмалар асосида, соҳа мутахассислари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиши ҳамда маърифий-ўқув курслари ташкил этилиши керак (фақат пойтахтда эмас, чекка қишлоқларгача).
V. Бирламчи, асосий тамойиллар (тадрижий йўналиш):
- Халқ ҳокимияти: Демократик принциплар;
- ННТлар, фуқаролик жамияти ва унинг вазифалари;
- Эркин, шаффоф ва адолатли сайловлар;
- Матбуот ва сўз эркинлиги; ҳуқуқий асослари;
- Инсон ҳуқуқлари;
- Одил судлов;
- Парламентаризм;
- Сиёсий партиялар мақсади, роли ва вазифаси;
- Қонун устуворлиги;
- Ҳуқуқий онг ва маданият шаклланиши;
- Қонунийлик: қонунлар қабул қилиш зарурияти, қонун лойиҳаларини тайёрлаш, қонун қабул қилиш механизми ва уларда фуқароларнинг иштироки;
- Плюрализм;
- Диний эътиқод эркинлиги;
- Таълим олиш ҳуқуқи;
- Ижод эркинлиги;
- Йиғилиш ўтказиш эркинлиги;
- Коррупцияга қарши кураш;
- Тоқатлилик ва бағрикенглик (толерантлик);
- Мажбурий меҳнатга барҳам бериш;
- Экология; соғлиқни сақлаш;
- Фуқаролик: ҳуқуқ ва бурчлар;
- Болалар ҳуқуқи;
- Миграция;
- Имкониятлари чекланган шахслар ҳуқуқлари;
- Низоларни куч ишлатмасдан бартараф этиш механизми;
- Барча кўринишдаги зўравонликларга барҳам бериш ва қарши курашиш механизми;
- Куч ишлатар органлари билан фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги;
- Мулк дахлсизлиги ва хавфсизлиги;
- Ижро ҳокимияти билан фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги;
- Гиёҳвандлик ва ОИТСга қарши кураш.
Ўзбекистонда ННТлар шу ва шу каби устувор йўналишларда профессионал тарзда фаолият олиб борсагина, давлат ва жамият бир маромда нормал ишлайди, оғирлик (юк) фақат бир сектор зиммасига тушмайди.
Демократик давлат шундай қурилади!
Бугун – XXI асрда ривожланган давлатлар шу тамойиллар асосида яшамоқда.
Мавзуга яна қайтамиз…
Тавсия этинг / Поделиться / Share:
Fikr bildirish