Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти баёноти: Васила Иноятованинг кураш йўли давом этади!
2018 йилнинг 19 май куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилигининг намоёндаларидан бири, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова орамиздан кетди.
Бугун ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали ўз ҳамдардлигини билдираётган, унинг хонадонига келиб-кетаётган дўстлар, халқаро ташкилотлар вакиллари чуқур қайғуда. Жумладан, биз “Эзгулик”чилар ажойиб дўст, раҳбаримиз Васила Иноятованинг бевақт ўлимидан изтиробдамиз.
Васила Иноятова мамлакатимиз тарихида, шубҳасиз, из қолдира олган, ўз ўрнига эга бўлган, мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида толмас курашчи эди. У мамлакатимизнинг мустақиллигига эришишида ўзига хос ўрин эгаллаган илк миллий озодлик ҳаракати “Бирлик” сафларида бўлди.
Сўнгра эзгу ниятлар билан инсон ҳуқуқлари ташкилоти тузиш, унинг тизимли фаолиятини йўлга қўйишда етакчилик қилди. У ва унинг дўстлари томонидан тузилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бугун дунёга таниқли мамлакатнинг энг фаол ташкилотларидан биридир.
Мамлакатимизда фуқаролик жамияти шакллантирилишига урғу берилаётган айни кунда Васила Иноятова ҳамда у асос солган “Эзгулик” жамияти фаолияти яна-да муҳим аҳамият касб этади.
Ташкилот ҳимоя қилган минглаб инсонлар тақдирида Васила Иноятованинг акси бор. Уларнинг қувонч-у изтиробларини сўнгги нафасига қадар ҳис этган дўстимиз курашдан тўхтамади.
Ҳамкасбларининг таъкидича, Васила Иноятованинг сўнгги васияти ҳам айнан ташкилот фаолиятини сусайтирмаслик, ҳар бир инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик эди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти айни дамда қайғуимизга шерик бўлган ҳар бир инсон, дўстларимизга миннатдорчилик билдиради.
Ажойиб инсон, дўстимизнинг ҳаёт йўли, унинг эзгу ишлари доим ёдимизда бўлади. Унинг “Эзгулик”даги кураш йўли ҳамкасблари, дўстлари томонидан давом эттирилади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Марказий бошқаруви
Fikr bildirish