Улуғбек Бакир: Васила Иноятова – мардлик ва жасорат тимсоли (БЛОГ)

БЛОГИСТОН

Васила Иноятова 2016 йил сентябр ойида Варшавада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида

Қўрқинчли шанба

Бу йилдан бошлаб, бизлар учун 19 май – Мотам ва Хотира куни бўлиб қолади…

Уч кун аввал ярим тунда Мўътабар Тожибоеванинг дод солиб, ҳайқирган қўнғироғидан сапчиб тушдим.

“Улуғбек, Васила опадан айрилиб қолдик, ҳозир Зиёда хабар қилди…”, дея фарёд урарди, Мўътабар опа.

Бу сўзлардан бутун вужудим музлаб, тилим айланмай қолди…

Тошкентга, Васила Иноятованинг қизи Зиёдага зудлик билан қўнғироқ қилдим…

Даҳшат!..

Қўлларимиз қалтираб-қалтираб, бир амаллаб Таъзиянома ёздик. Бундай пайтда каллага на бир сўз келади, на бармоқлар ишлайди…

Кейин, кейин эса… бутун олам дод-фарёдга тўлиб кетди…

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Бош котиби, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси, йирик жамоат ва сиёсат арбоби, таниқли ҳуқуқбон, толмас курашчи, азиз устозимиз Васила Аҳмаджоновна Иноятова оғир хасталикдан кейин Рамазон ойининг учинчи куни, 2018 йилнинг 19 май, шанба Ўзбекистон вақти билан тонгги соат 04:00да Тошкент шаҳридаги касалхонада 62 ёшида оламдан ўтди.

Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Украина, Грузия, АҚШ, Европа давлатларидан ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор этилган турли тиллардаги мактуб ва хабарларга кўмилиб кетдик.

Келди-ю, кетди…

Ёдингдами, айтчи, сен туғилган он,
Ҳамма хандон эди, сен эса гирён.
Шундай яшагинки, кетар чоғингда,
Ҳамма гирён қолсин, сен кетгил хандон.

Дўстлар дийдори ғанимат экан… ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Васила опа кетар чоғи дунёга ўт қўйиб кетди… Дилларни куйдириб, юракларни ёндириб кетди…

Васила Иноятова – ўзбекнинг овози эди!

Опа тўғрисида ёзиш осон иш эмас. Иноятова хонимни таниган-билган, бирга ишлаган инсонларнинг ҳар бирининг ўзига яраша хотираси бор. Ҳали кўп хотиралар, китоблар ёзилади…

Кимёгардан катта сиёсатга

1956 йил 26 апрелда пойтахтда кимёгар Аҳмаджон ака оиласида туғилган Васила Иноятова Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг кимё факультетини тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Кимё институтида ишлай бошлайди. В.Иноятова 80-йилларнинг охирида кичик илмий ходим вазифасида ишлаб юрган кезларида бутун Иттифоқ бўйлаб, миллий-озодлик ҳаракатлари бошланиб кетади.

Шу тўлқинда Ўзбекистонда биринчи йирик сиёсий ташкилот – “Бирлик” Халқ Ҳаракати 1988 йил 11 ноябрда дунёга келади. Ҳаракатнинг энг олдинги сафларида бир қатор атоқли ўзбек шоир ва ёзувчилари, забардаст олимлари турарди.

Қурултой

Ўша вақтларда “Бирлик”нинг олдига қўйган асосий вазифаси – ўзбек тилининг давлат тили мақомини қўлга киритиш, Совет Иттифоқи мамлакатларида ҳарбий хизматни ўтаётган ўзбек аскарларининг жасадлари темир тобутларда келишига норозилик билдириб, ўзбекистонлик йигитларнинг фақат Ўзбекистон ҳудудида хизмат қилишига эришиш ҳамда Ўзбекистон мустақил давлат сифатида Иттифоқдан ажраб чиқишини талаб қилишдан иборат эди.

Бу талаблар ўз-ўзидан қондирилган эмас, албатта. Тошкент кўчаларини минглаган одамлар тўлдириб, тўхтовсиз митинглар қилиши, матбуот ва телевидениеларнинг оёққа туриши оқибатида ҳамда энг асосийси, ўзбек миллатпарвар ойдинларининг тинимсиз курашлари натижасида бу талаблар, бу орзулар рўёбга чиққанди.

Шундай тарихий жараёнлар ичида Васила хоним Иноятова ҳам бор эди.

.Андижон, Эзгулик Қурултойи, 2003, Иноятова ва М.Исҳоқов

Кейинчалик машҳур афсонага айланган воқеа – 1989 йил 19 октябрь куни Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси олдида ўтказилган митингда “Она тилим олган куним тўй қиламан” деб, ўзи ёзган шеърини атлас кўйлакда баралла ўқиган Васила Иноятова ўшанда 30 ёшлардаги дилбар қизалоқ бўлган.

Бу пайтда бизлар ўрта мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари эдик. Ким билибди дейсиз, орадан йиллар ўтиб, андижонлик ўша мактаб боласи Васила Иноятова билан бирга, бир сафда ёнма-ён ишлашини…

Freedom House, Наманган, ресурс маркази, 2004 йил

“Бирлик”даги “Эзгулик”

Тақдир тақозоси билан 2000-йилларнинг бошида, 21-22 ёшларимда “Бирлик” Халқ Ҳаракати сафларига келиб қўшилдим. Ўша дамларда “Бирлик” 90-йиллардан кейин қайтадан оёққа тураётган даврлар эди…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, мамлакатда илк расмий рўйхатдан ўтган – Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти 2003 йилнинг 19 мартида ташкил этилди.

Наманган, Freedom House, 2004 йил

Ташкилотнинг довруғи республика бўйлаб тарқалиб кетди, вилоят ва туманларда бўлимлари очила бошланди.

Бирин-кетин “Бирлик” Қурултой ўтказиб, партияга айланди…

“Эзгулик”нинг асосчиси Васила Иноятова – “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Бош котиби бўлиш билан бирга жамиятнинг раиси этиб сайланди.

Шу ташкилотга умрининг сўнгги дамларигача 15 йил раҳбарлик қилди. Бу 15 йил ичида 15 милён нарса бўлиб ўтди…

Менинг келишим

“Бирлик”ка ҳам, “Эзгулик”ка ҳам дастлаб, оддий аъзо бўлиб кирдим. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, бу ташкилотларнинг Андижондаги фаолларидан бирига айландим.

Раҳбариятимиз мени ўзим туғилиб-ўсган Жалақудуққа “Эзгулик”нинг туман бўлими раиси ва “Бирлик” партиясининг туман Кенгаши раиси ўринбосари вазифаларига тайинлади.

Ён атрофимга ўзим ишонган фаол ёшлар, фидойи ўқитувчи ва шифокорлар, ҳуқуқшунослар, тадбиркорлар келиб қўшила бошлади. Туманимиз маркази Охунбобоев шаҳрининг “Деҳқон бозори” ёнидан бир офисни ижарага олдик.

Ҳокимият, МХХ, ИИБ, суд, прокуратура, туман Халқ таълими бўлими ҳамда “Нуроний”, “Маҳалла”, “Камолот” сингари жамоат ташкилотларига расмий хатлар билан чиқиб, бўлимимиз очилганлиги ҳақида маълумотлар бердик. Ишлар бошланиб кетди…

Курсимиз тадбири, Жалақудуқ

Марказдаги гимназия ўқувчиларидан ташкил топган “Ёш ҳуқуқбонлар” ўқув курсларини бошладик. Энг қизиғи, бу курсларимизга кимсан, суд раиси, солиқ идораси бошлиғи, прокурор каби казо-казоларнинг фарзандлари келишни бошлади.

Буни кейинроқ билганман. Лекин, бу йигит-қизлар ҳақиқатдан ҳам иқтидорли ўқувчилар эди. Тест- имтиҳон қилиб, ўзимиз саралаб олганмиз. Чунки, кўпчилик билан шуғулланишга кучимиз, имкониятимиз етмасди.

Семинар, Жалақудуқ, 2004 йил

Курс ишлари ўз йўлига эди. Бўлимимизга ҳуқуқлари бузилган инсонларнинг аризалари кети узилмасди… Маҳалла қўмиталари билан тўпалонлар, жанжаллар, мелисалар билан тўқнашувлар, суд, прокуратура ҳақида кескин танқидий мақолалар ёзиб, Тошкентдаги “Эзгулик” журналида чоп этишлар, уларни олиб, ташкилотларга тарқатишлик… юристимиз билан суд жараёнларида қатнашишлик, эҳ-ҳе, адоғи йўқ ишлар…

Кейин парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар… югур-югур, чоп-чоп… бу ҳам камдек, ўз туманим қолиб, бошқа шаҳар ва қишлоқларга оқшомлари тўйларга бориб, бошловчилик қиламан…

Туман маданият уйи билан пахта теримчиларига концерт бергани “агитбригада”да эски автобусларга миниб, колхозларга кетаман. Пахтакор-талабалар мен ўқийдиган севги ва муҳаббат ҳақидаги шеърларимга “ўлиб қолишади”. Ярим кечаси тилим осилиб уйга келаман…

Яна минг хил расмий, норасмий тадбирлар… Бу орада газеталарга мақола ва шеърлар ҳам ёзиб тураман, кайфиятга қараб рубоб ҳам чалиб ташлайман. Яна уй-жой мулкдорлари ширкати, деган ҳеч тугамайдиган муаммолар гирдобидаги ташкилот раҳбарлигини ҳам ҳокимият “бўйнимга илиб қўйган”.

Курсимиз, сертификат топшириш маросими

Катта раҳбарлар, “эплайсан, ёшсан, сен зўрсан” деса ҳовлиқиб, уйларнинг томларини ёпиб, сув ва коммунал муаммолар билан ўралашиб, чопиб юраверардим. Вилоят ҳокимлиги ва Вазирлар Маҳкамасига пул сўраб, сарғайишларим эса, бир достон… Уларни мени кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди…

Курсимиз, сертификат топшириш маросими

Ҳафтада икки кун вилоят марказига, ойда камида икки марта пойтахтга чопаман. Ватанда умрим йўлларда, чўлларда ўтди… Бир ўзим эмас, ёрдамчи ва мутахассисларимиз билан, албатта. Камина шу тариқа, бир-бирига мутлақо алоқаси бўлмаган 3-4 команда билан бирга ишлардим. Бир сўз билан айтганда, “фигаро тут, фигаро там” эдим.

Ҳозир ўша ортга назар солиб, бунча куч ва ғайратни қайдан олганимга ҳайратдаман.

Хуллас, шундай қилиб, 26-27 ёшга кириб қолганимни ҳам билмай қолганман.

Бир уйда яшасак-да, онам бечора ҳафталаб мени кўрмасди. Ярим кечаси келиб, тонг саҳарда яна кўчага чиқиб кетардим. Шу йўсинда волидам билан эшик тагида турадиган кўзгуга хатлар қистириб, “гаплашиб” юрганларимни эсласам, ҳозир юрагим орқага тортиб кетади.

Шунча ишлар ичида партия ва ташкилотимизнинг вилоят Кенгашига аъзоликка қабул қилишди. Оддий ўқитувчи ва журналистдан ҳуқуқ ҳимоячиси ва ёш сиёсатчига айландим.

Сиёсий йиғинлар, маҳаллий ва халқаро конференциялар, қурултойлар, семинар-тренинглар, хориж матбуотларига интервьюлар ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди.

Бунинг кетидан таъқиблар, тазйиқлар, турли провокациялар бошимга ёғила бошлади.

Лекин, устозларимнинг далдалари, қўлловлари менга куч ва ғайрат бағишларди.

Васила Иноятованинг эркатойи

Васила опа ҳар гал Андижонга келсалар ёки биз пойтахтга борсак, мени “улуғларнинг беги, бекларнинг улуғи, менинг ёш профессорим” деб эркалаб, бўйинбоғимни аста тўғрилаб қўярдилар. Сабаби, ташкилотимизда энг ёши кичиги ўзим эдим. Ўрта ёшлилар 40 ёшни, ёши улуғлар эса, 60 ёшларни ташкил этарди.

Устоз ва шогирд. ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Шунинг учун бўлса керак, Васила опам партиямизнинг Андижон вилоят Кенгаши раиси Акбарали Орипов ва “Эзгулик”нинг вилоят бўлими раиси Музаффармирзо Исҳоқовлар билан маслаҳатлашиб, каминани кўпинча ўқув курсларига, семинар-тренингларга, турли халқаро конференцияларга юборарди. “Эртага биздан кейин орқамизда қоладиганимиз шулар. Ёшлар кўпроқ ўқиб-ўрганиб, курашларда пишиб, чиниқсин” дерди.

Васила Иноятова ана шундек, шогирдларига меҳрибон, ходимларига ғамхўр раҳбар, меҳридарё инсон эди. Юраги кенг, қалби тоза бир олам эди…

Васила опа каби азиз устозларимизнинг заҳматлари билан озми-кўпми ўқидик-ўргандик, таълим олдик, ёш бўлсак ҳам кўпни кўрдик, курашларда тобландик, калтакларга чиниқдик.

Бугун эса, бизларни ҳам “устоз” дейдиган ёшлар пайдо бўлди. Дунёнинг юксак минбарларидан туриб сўзлайдиган инсон бўлдик.

Буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, барча устозларим каби Васила Иноятованинг ҳам шонли номи билан чамбарчас боғлиқдир.

Анда жоним қолди

2005 йил 13 майдаги қонли “Андижон воқеалари”дан кейин Ўзбекистон тўзиб кетди. Қанчадан-қанча ташкилотимиз фаоллари ноҳақдан, турли бўҳтон ва туҳматлар билан қамоқларга ташланди. Бизнинг ҳам бошимизга оғир, мусибатли кунлар келди…

“Андижон воқеалари” ортидан “Эзгулик”нинг олиб борган тадқиқотлари, ҳисоботлари, маърузалари ўзи бир катта, алоҳида мавзу…

Ўша йили сентябрь бошида Freedom House ташкилотининг таклифига биноан Тошкентдаги йиғинга, ундан сўнг Варшавага ЕХҲТнинг йиллик анжуманига учиб кетишим керак эди.

Лекин, Андижондан чиқаверишда мени таксидан тушириб, тўрт барзанги – МХХ провокаторлари аёвсиз калтаклашлари оқибатида, касалхонага тушиб қолганман. Бу воқеа ўша кунлари хориж матбуотларида, жумладан, Озодлик радиосида анча шов-шув бўлган.

Шунда Васила опа Тошкентдан етиб келиб, менга ва оиламизга кўп далда бергани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Қолаверса, пойтахтдан ташкилотимиз юристи Руҳиддин Комилов ва Андижон вилоят бўлими раиси Абдуғофур Дадабоев (М.Исҳоқов чет элга чиқиб кетганидан кейинги вилоят бўлими раиси)ларнинг уйимизга келгани онамни ҳам анча кўнглига малҳам бўлганди.

Васила опа Андижон вилоят ИИБни оёққа тургизиб, ҳаммаёқни остин-устинини чиқариб ташлаганди…

Яратганга чексиз шукрлар айтаманки, менга оқил ва доно, ҳалол ва пок устозлар берди, садоқатли, сотилмас қалб эгалари бўлган иймонли дўстлар ато этди. Бундан ҳамиша бахтиёрман!

Васила Иноятованинг порлоқ хотираси қаршисида бир умр бош эгаман. Опанинг ёди ҳамиша қалбимизнинг тўридан жой олади.

Бутун умрини эл-юрт фаровонлиги, унинг дарду ҳасратларига бағишлаган Васила Иноятовага мангу шон-шарафлар бўлсин!

Васила Иноятованинг кураш йўли

Бошингга дўппи, белингга белбоғингни боғла ўзбегим!… ОБСЕ, Варшава, 2014, сентябрь

Васила Иноятова мустақил Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдирган улуғ арбобдир.

Унинг ўрнини йиллар ўтиши билан тўлдириб бўлмайди. Васила опани вақт ўтгани сайин кўп соғинамиз. Опанинг ўктам овози, қиличдек кескир сўзлари, ўткир нигоҳи, довюраклиги ҳали тилларда достон бўлажак.

Ўзбекистондаги қатағонга қарши исён қиламиз. ОБСЕ, Варшава, 2014, сентябрь

https://fundmutabar.livejournal.com/video/album/5055/?mode=view&id=19310

В.Иноятова асос солган “Эзгулик” жамиятининг фаолияти, албатта, давом этиши керак.

Бугун Ватанда олиб борилаётган ислоҳотларда “Эзгулик”нинг ҳам муносиб ўрни бор.

Сиёсий маҳкумлар озодлиги учун белингга белбоғингни боғла ўзбегим. ОБСЕ, Варшава, 2014, сентябрь

Дарҳақиқат, кеча 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Васила Иноятованинг вафоти муносабати билан йўллаган расмий Таъзияномасида “Васила Аҳмаджоновна мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган ғояни фаол қўллаб-қувватлар эди” деганида тўла ҳақ эди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигининг Васила Иноятова вафоти муносабати билан таъзияномаси

Васила Иноятова бошчилигидаги “Эзгулик” жамияти Ўзбекистонда ҳуқуқлари бузилган минглаган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келмоқда.

Бугун “Эзгулик”нинг Ўзбекистон бўйлаб, 76 та ҳудудий бўлимлари мавжуд бўлиб, улардан 42 таси расмий давлат рўйхатидан ўтган ташкилотлар ҳисобланади.

“Эзгулик” мамлакатда биринчи бўлиб, сиёсий ҳуқуқлар ҳақида бонг урган етакчи ташкилотдир.

Ўзбекистондаги муаммолар ҳақида гапирамиз! ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Иноятова хоним қийноқлар, болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, оналар ва болалар ўлими, суд ва кучишлатар тизимларидаги адолатсизликлар, диний эркинликлар, матбуот ва сўз эркинлиги, қўйингки, тамомила демократия йўлидаги тиним билмас курашларини ҳали диктатор Ислом Каримовнинг қиличидан қон томиб турган паллада, шундоқ Тошкенти азимнинг қоқ марказида, ўз таъбири билан айтганда, “чўғли тандирнинг олдида туриб” амалга ошириб келди.

Бу тинимсиз курашлар, доимий зўриқишлар Васила Иноятованинг соғлигига жиддий таъсир ўтказмасдан қолмади. Юқори қон босими ва қандли диабет касалликлари опани кундан-кунга хасталантириб борди.

Уни устига-устак сўнгги йилларда ташкилот молиявий бўҳронлар исканжасида қолди.

ВАСИЛА ОПАНИ ХОТИРЛАБ!Васила Иноятова: “Эзгулик” жамияти ўта оғир аҳволда, ёрдамга муҳтожмиз” (2016)

Gepostet von Мўътабар Тожибоева Мутабар Таджибаева am Samstag, 19. Mai 2018

Шундай бўлишига қарамай, Васила Иноятова ёзнинг жазирамаларида Қашқадарё, Навоий, Қорақалпоғистон (“Жаслиқ”) каби ҳудудларда узоқ йиллардан бери қамоқхоналарда сақланаётган сиёсий маҳкумларнинг ҳолидан хабар олгани ташкилот фаоли, журналист Абдураҳмон Ташанов билан бирга борди.

Европада Мўътабар Тожибоева бошчилигида олиб борилган сиёсий кампаниялар натижасида тўпланган маблағлар сиёсий маҳкумлар ҳолидан хабар олишга сарфланди.

Етмаган жойига Васила Иноятова ўзининг қимматбаҳо тақинчоқларини сотиб, маҳкумларга озиқ-овқат, кийим-кечак каби энг зарурий маҳсулотларни олиб борди.

Ёзинг, сиёсий маҳкумлар билан учрашувим палласида улар нималарни хикоя қилдилар…. ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Энг асосийси, ҳукумат расмийлари билан олиб борган тўхтовсиз музокаралари туфайли ўнлаб сиёсий маҳкумлар зиндонлардан озод этилди.

Ғанихон Маматхоновни қамоқдан озод қилиш жараёни. Васила Иноятова доимгидек Озодлик фариштаси ролида

Қамоқхона ҳамда тергов изоляторларидаги муттасил қийноқлар ва булар натижасида ваҳшийларча ўлим топган маҳбуслар ҳақида “Эзгулик” бонг урмаган кун бўлмади.

«Эзгулик» жамияти Ўзбекистон расмийларини мунтазам танқид қилиш билан бирга ҳукуматга доимий профессионал таклифлар тақдим қилиб келди.

Биз тўғри йўлдамиз! ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

«Эзгулик» жамияти халқаро сиёсат ва инсон ҳуқуқлари майдонида кенг танилган ташкилот бўлиб, жамиятнинг йиллик ҳисоботлари ҳамда матбуот хабарлари етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари томонидан эътироф этилган.

Устоз, сафдошлар, ҳамкасблар, шогирдлар… ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Ташкилот раҳбари Васила Иноятованинг БМТ, ЕХҲТнинг йиллик анжуманларига тайёрлаган муқобил ҳисоботлари жаҳон миқёсида тан олинган.

Ҳаммаслаклар танаввул пайтида. ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Бу нуфузли халқаро анжуманларда Васила Иноятова, Мўътабар Тожибоевалар доимий нутқ сўзлаб, Ўзбекистондаги ҳақиқий инсон ҳуқуқлари ҳолатлари бўйича бонг урганда, бугун бир юмалаб, “реформатор”га айланиб олган, академик Саидов жаноблари столларни муштлаб, “Ўзбекистонда ҳаммаёқ зўр, бизда инсон ҳуқуқлари таъминланган, сиёсий муҳкумлар йўқ, қийноқлар ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас” деб дод солиб, асабийлашганини тарих, замон ҳеч қачон унутмайди!

Бу ҳайқириқлар ёзилган тасмалар архивларда сақланиб турибди.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқи муаммоси кимнидир қизиқтирадими ўзи?! ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Иноятова хонимнинг кечирган азоблари

Васила Иноятованинг умри Каримов зиндонларида ва унинг таъқибу тазйиқларида ўтди.

Иноятова инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ҳаётдаги фаолиятига боғлиқ айбловлар билан 90-йиллари бир неча бор ҳибсга олинган.

Россиядаги «Независимая газета» нашридаги шеърлари туфайли эса, 1993 йили Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни ҳақорат қилишга оид айбловлар билан икки йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм этилади.

Нафақат ўзига, балки фарзандларига, оиласига ҳам суиқасдлар бўлди. Аммо, ҳеч қачон ўзи танлаган шонли йўлидан бир сония бўлсин, воз кечмади!

Васила опа шундай БУЮК ИНСОН эди! Бизда бори – бундай инсон, айтинг, яна қайда бор?!

Видолашувга айланган хайрлашув. ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Бугун Ўзбекистон шундай олийжаноб, мард ва жасур фарзандидан, беназир қизидан айрилди!

Кунлар келади, Васила Иноятованинг ҳаёти ва фаолияти мактаб ҳамда олий ўқув юртлари дарсликларида ўқитилади. Кўплаб тарихий ва ҳужжатли фильмлар яратилади. Унинг номи Тошкентнинг марказий кўчаларига берилади, пойтахтда ҳайкаллар ўрнатилади. Шундай тарих адолат тикланишига чин дилдан ишонамиз!

Бизнинг ҳозирча таклифимиз: биринчи ўринда, Иноятова хоним асос солган ташкилотга Опанинг номи берилиб, “Васила Иноятова номидаги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти”га айлантирилса, нур устига аъло нур бўларди.
“Эзгулик”нинг яқинда бўлиб ўтадиган Қурултойида ташкилот раислигига ҳар томонлама муносиб бўлган, В.Иноятованинг ишларини узвий давом эттирадиган, халқаро майдонларда яхши танилган обрўли жамият фаоли сайланиши ўта муҳимдир.

Халқаро мукофотлар

Васила Иноятова улуғ хизматлари учун бир неча бор халқаро мукофотлар билан тақдирланган.

2006 йили Истанбулда АҚШ Давлат департаменти “Умумжаҳон демократия ҳаракати” ташкилотининг “Демократияни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” мукофоти билан Ўзбекистондан Васила Иноятова ҳамда Қрим татарлар лидери Мустафо Жамил тақдирланган.

Gepostet von Мўътабар Тожибоева Мутабар Таджибаева am Freitag, 18. Mai 2018

Бунгача бу юксак мукофот, демократия ва озодлик учун курашган дунёдаги фақат уч аёл: Индира Ганди, Беназир Бхутто ва Маргарет Тэтчерларгагина берилган. Ўзбек хоними Васила Иноятова ушбу мукофот билан тақдирланган жаҳоннинг тўртинчи аёли ҳисобланади.

60 йиллик юбилей

2016 йил 26 апрелда Васила хоним Иноятова ўзининг 60 йиллик юбилейи тантанасини Тошкентдаги “Офтоб” тўйхонасида ўз яқинлари, оила аъзолари, сафдош дўстлари ҳамда ҳамкасблари даврасида кенг нишонлаган эди.

Шу муносабат билан биз Tug’yon радиосида «Муқаддас аёл» деб номланган махсус сон эшиттиришимизни тайёрлаган эдик. Унда Иноятованинг бир қатор сафдош дўстлари ва ҳамкасблари: фахрий журналист Анвар Усмон (Олмония), шоира ва мухолифат арбоби Дилором Исҳоқова (Ўзбекистон), жамоат арбоби Акбарали Ориф (Дания), таниқли ҳуқуқбон Мўътабар Тожибоева (Франция), таниқли ҳуқуқбон Абдужалил Бойматов (Ирландия) ҳамда мустақил тадқиқотчи, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов (Франция)лар иштирок этишиб, ўзларининг дил изҳорлари билан Васила опани қизғин табриклаган эдилар.

Қутлов дастуримизда Васила Иноятова билан суҳбатлашиб, ҳаёт ва фаолият йўлига биргаликда қисман назар солган эдик.

Ўша интервьюмизда В.Иноятова: “Агарда мўъжиза содир бўлиб, яна ўша 30 ёшимга қайтсам, ҳаётимни ундан-да кучли тарзда бошлаган бўлардим. Мен ҳаётимдан, тақдиримдан розиман!

Биргина мисол: 1994 йилда АҚШга режаланган сафаримга тўсқинлик қилиш мақсадида, мени бошқа ном билан қамоққа олишиб: “сени ўлдириб, ўлигингни сувга ташлаб юборамиз, ҳеч ким тополмайди. Ҳозир сени бу ерда эканлигингни ҳам биров билмайди.

Чунки, сени бошқа ном билан қамоққа олдик”, дейишганди. Худога шукр, мен тирикман! Ўлимдан қўрқмайман, бироқ ўлишга ҳам вақтим йўқ!” деганди.

Суҳбатимиз якунида ўша машҳур “Она тилим” шеърини фарёд-ла, тўлқинланиб ўқиб берганди.

Васила Иноятова овози ёзилган мазкур дастуримиз, бугун ташкилотимиз олтин меросидан муносиб жой эгаллаганидан, уни камина тайёрлаб, эфирга узатганимдан бениҳоя шодман!

Бундан фахрланаман!

Сўнгги учрашув

Шогирд устозлари қуршовида. ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Васила опам билан охирги марта, 60 йиллик юбилейидан беш ой ўтиб, 2016 йил сентябрь ойининг ўрталарида Польша пойтахти Варшавада Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ)нинг тарихий 25 йиллик юбилейи анжуманида кўришдик. Ўшанда Ислом Каримов вафот этганига икки ҳафта бўлганди.

Шогирдликдан ҳаммаслакка айланган Улуғбек фикрларини тинглаш қизиқарли. ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Ўзбекистон расмий делегациясига ҳар галгидек, бу сафар ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, жаноб Акмал Саидов раҳбарлик қиларди.

Ўзбекистон расмийлари мотамда эканлиги шундоқ кўзларидан билиниб турарди. Айниқса, Акмал Холматович жуда ҳорғин, чарчагандек кўринди. Бу сафар расмий делегация столларни муштлаб бақирмади. Аксинча, оғир вазминлик билан мамлакатда бошланаётган янги давр ҳақида чиқишлар қилди.

Тошкентдан Васила Иноятова қадрдон ҳамкасб дўстимиз Абдураҳмон Ташанов билан бирга келганди. Узоқ йиллик айрилиқдан кейин илк бор қучоқ очиб, қувонч ва табассум билан кўришдик.

Бизлар Европадан “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти фаоллари: Мўътабар Тожибоева, Камолиддин Раббимов, камина ҳамда фотомухбиримиз Зиё Нурлар боргандик. Яна командамиз таркибида Польшада муҳожирликда яшаётган журналист Камолиддин Йўлдош ҳам бор эди.

4-5 кун анжуманда қатнашдик, турли тадбирларда иштирок этдик. Улардан бири: “Ислом Каримовдан кейинги Ўзбекистон” номли йиғилишда бир қатор халқаро ташкилотлар, Ўзбекистон расмийлари, журналистлар ҳамда минтақадаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари қатнашишди.

Кундуз кунлари ишлаган бўлсак, кечки пайтлари бизлар бирга бўлдик. Ҳар оқшом меҳмонхонада тўпланиб, кечки овқат баҳонасида тунларни тонгларга улаб, мароқ билан суҳбатлашиб чиқдик.

Васила опа ўтган кунларимизни эслаб, бир кулиб, бир кўзида ёшлар билан гапирарди.
“Мана Ватанда янги даврлар бошланяпти. Қора кунлар ортда қолди. Худо хоҳласа, яқинда сизлар ҳам уйга қайтасизлар, яна аввалгидек, бирга ишлаб, бирга жавлон урамиз, ҳали яхши дамлар олдинда” деганди, Васила опа.

ВАСИЛА ИНОЯТОВА ВАРШАВАДАГИ ОБСЕ АНЖУМАНИ ПАЛЛАСИДАVASILA INOYATOVA: HAMMA GAP SISTEMADA, KARIMOVDA EMAS! (2016)

Gepostet von Мўътабар Тожибоева Мутабар Таджибаева am Samstag, 19. Mai 2018

Ўшанда Жанубий Африкага қилган хизмат сафаримдан эндигина қайтган пайтларим эди. Йоханнесбургдан Амстердамга қўнганимда, И.Каримов вафот этганлиги ҳақида “Схипхол” аэропортида хабардор бўлдим…

Йоханнесбургда Инсон ҳуқуқлари халқаро Федерацияси – FIDH’нинг 39-Конгрессида “Ўтюраклар клуби” номидан иштирок этиб, нутқ сўзлаганимни эшитган Васила опа роса хурсанд бўлиб, кўзларига ёш олиб дуо қилганди.

Африкадан олиб келган кичкинагина эсдалик совғамни Васила опага берганимда, опа пешонамдан ўпиб, “Мўътабар, қаранг, шу кунларга етказганига шукр, бир пайтлар полапоним бўлган Улуғбегим, бугун каттагина Улуғбек Бакиров бўлибди”, дея жуда севинган эди…

Анжуман тугаб, кетар чоғимизда бизларни маҳкам қучоқлаган Васила опа, ҳеч хайрлашгиси келмасди. Йиғлаб-йиғлаб, машина ойнасидан қўлларини силкитганча маъюс боқиб қолганди…

Афсус, бу сўнгги учрашувимиз эканлигини билмаган эдик…

Таъзим

Аллоҳ мени Васила Иноятовадек беқиёс инсонга учратганлиги учун чексиз ҳамдлар айтаман!

Шундек бағрикенг, олийжаноб инсонга шогирд бўлганимдан, Опа билан бирга ёнма-ён ишлаганимдан ҳамиша фахрланаман!

ОБСЕ, Варшава, 2016, сентябрь

Умримнинг сўнгги дамларигача Адолат ва Ҳақиқат учун курашиб, азиз Устозларимнинг шарафли изларини кўзларимга тўтиё қилиб, яшаб ўтаман!

Васила Иноятова ҳамиша қалбимизда, юрагимизда!

У ўлган эмас, ўлмайди ҳам! Дилларда, тилларда, қалбларда, юракларда яшайверади, яшнайверади! Ҳали ўзбекнинг кўплаб Василалари туғилажак!

Инсонлар бор – тиригида ўликдир,
Инсонлар бор – ўлганда ҳам тирикдир!

Ҳаммаси учун Сизга минг раҳмат, минг таъзим, Опажон!

Алвидо!!!

Юз йилда бир туғилармиш эл дардини айтолган,
Айта олсак, энг покиза ғояларга ўхшатинг!

Улуғбек Бакир,
журналист
“Ўтюраклар клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Халқаро ташкилоти раҳбари

22 май, 2018 йил,
Норвегия

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan