Солижон Мирзажонов том маънодаги ҳақиқий инсон, юзлаб иш ўрни яратган, тадбиркорлик қонида бўлган, тадбиркорлик отамерос бўлган фидойи тадбиркор.
У Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида боғдорчилик, сабзавотчилик билан шуғулланди. Шуғулланганда ҳам ишнинг кўзини билиб шуғулланди. Боғларни шунчаки ташкил қилмади, токларнинг ҳам, мевали дарахтларнинг ҳам энг сара, энг серҳосил навларини топиб келиб ўтқазди, энг сўнгги агротехник ютуқлар асосида парвариш қилди.
Солижон Мирзажонов ниҳолларни пайвандлашга алоҳида эътибор қаратди. Пайвандлаш амалини, таъбир жоиз бўлса, санъат даражасига кўтарди. Кўчат етиштиришнинг энг илғор, инновацион усулларини ихтиро қилди, керак бўлганда ҳатто Америкагача бориб, ўз ишининг усталаридан ўрганди ва оммалаштирди.
Олти ўғилнинг оиласи битта қозондан овқатланишини, етти оила битта ҳовлида истиқомат қилишини, топган-тутганлари ўртада бўлишини тасаввур қила оласизми? Ана шунинг учун ҳам Мирзажоновлар хонадонида барака бор, файз бор. Ака-укалар муштни бир қилганлари учун ҳам мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришдилар.
Мустақилликнинг илк йилларидаёқ Солижон Мирзажонов амалга ошираётган ибратли ишларни мақтаган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов «Тадбиркорликни Солижон Мирзажоновдан ўрганинглар» дейиши бежизга эмас эди.
«Йиққанинг бировники, сочганинг ўзингники»
Қўли очиқликни, сахийликни отасидан ўрганган Солижон Мирзажонов топганини эл билан баҳам кўрди. Доимо эл ғамида бўлди. Эл ободлигини ўйлади. Ўзи яшаб турган маҳаллагина эмас, қўшни маҳаллаларнинг ҳам йўлларини асфальтлаш, йўл четига бетон ариқлар ўрнатиш, электр симларини жаҳон андозаларида ер остидан тортиш, электр тақсимлагичлар ўрнатиш каби хайрия ишларини бировга айтмасдан ўз укалари ва ишчилари билан холисона бажарди.
— Солижон ака ғаройиб инсон, — деб ҳикоя қилади «Оқ олтин» МФЙ раиси Муҳиддин Ҳожиев. — Маҳалла-кўйга кўп яхшилик қилди. Каналимизга янги кўприк қуриб, кўчаларни асфальт қилиб берди. Трансформатор олиб берди. Ким тўй қилса, битта гилам олиб боради, камхарж оилаларнинг тўйларига катта ёрдам беради.
Бошқаларда учрамайдиган бир одати бор: бирор жанозани кўрса, албатта тобутни кўтаришиб, қабристонгача боради ва кийимим чанг ё тупроқ бўлади демасдан, ўзи майитни қабрга қўяди. Кулфатда қолган одамларни асло ёлғизлатиб қўймайди, ёнида туради, қўлидан келган ёрдамини аямайди.
Солижон Мирзажонов халққа кўпроқ фойдаси тегишини ўйлаб, 2001 йилда ташландиқ ҳолга келиб қолган, ишламай ётган «Файзиобод қишлоқ қурилиш комбинати»ни олиб, таъмирлаб, ишга туширди. «Файзиобод қишлоқ қурилиш МЧЖ»да юздан ортиқ одамни иш билан таъминлади.
Айнан ана шу комбинат бошига бало бўлишини эса билмади…
Ҳаммага ёққан одам прокурорга ёқмади
Биринчи президент Ислом Каримов Фарғонада ўтган сессияда «Ишнинг кўзини биладиган тадбиркор Солижон Мирзажоновни вилоятга ҳоким қилиб қўяман деб келган эдим, афсуски, у олий маълумотли эмас экан» дегани, Президент Шавкат Мирзиёевнинг доимо Солижон Мирзажонов билан кўришиб туриши, Фарғонага келганда йўқлаши, «Солижон, сен билан гаплашсам, маза қиламан» деганларини ҳамма эшитган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Солижонни пойтахтга олиб кетаман, унга қандай лавозим беришимни кўрасизлар» деганини ҳам ҳамма эшитган.
Юрт эгалари Фарғонага келганда Солижон Мирзажоновни мақташи, барчага уни намуна қилиши, ўзини энг улуғ «каттакон» санаб юрганлар қолиб, Солижон Мирзажоновдан маслаҳат сўраши кимларнингдир ғашини келтирди, ҳасадини қўзғатди, ғазабини уйғотди.
Устига депутатман деб Солижон Мирзажонов вилоят миқёсидаги йиғилишларда энг катта «каттакон» ҳам нотўғри гап айтганида аямай қарши фикр билдиришлари раҳбарнинг жонини ҳиқилдоғига олиб келди. Балки унинг қиёфасида ўз амалига даъвогарни кўргандир, ким билади, хуллас, Фарғона вилояти прокурори раҳбардан қатъий вазифа олди: нима бўлмасин, Солижон Мирзажоновни қамоққа тиқиш, уни бор мол-мулки, боғ-роғларидан мосуво қилиш, обрўсини лойга қориш керак!
Вилоят прокурори Олтиариқ тумани прокурорига керакли топшириқларни берди. Туман прокурори Солижон Мирзажоновнинг кўп йиллик фидокорона меҳнатини ҳам, эл-юртга қилган яхшиликларини ҳам, энг муҳими, «Тадбиркор йўлига қарши чиқиш — давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқишдир» деган Ўзбекистон Президентининг гапларини ҳам писанд қилмади, бевосита бошлиғининг топшириғини бажарди: Солижон Мирзажоновга қарши жиноий иш қўзғади!
Тадбиркорлиги учун совет замонида отаси қамалгани туфайли ҳамма ҳужжатни пухта қилишни одат қилган Солижон Мирзажоновнинг бирор ишидан камчилик топа олмаган туман прокурори уни «ушлаш»нинг ягона «нозик нуқтаси»ни топди: унинг темир-бетон ашёлар ишлаб чиқарадиган «1-Файзиобод қишлоқ қурилиш» МЧЖ фойдаланиши учун ажратилган шағал кавлаб олинадиган карьерни мўлжалга олди.
Шу ишнинг мутахассиси эмас, оддий туман кадастр идорасининг бир ходими берган маълумотни асос қилиб олиб, оз эмас, кўп эмас, икки миллион куб метр шағал кавлаб олиб, «давлат ва жамиятга катта зарар етказганликда» айблаб, Солижон Мирзажоновнинг бўйнига саккиз миллард сўм жаримани «илди».
«Жиноятчини забт этиш режаси»га бош қўшган туман солиқ идораси ҳам пайтдан фойдаланиб, бу пулларнинг солиғи бўлган бир миллиард сўмни даъво қилди. Ана шунча жаримани ундириш учун одамнинг ақлига сиғмайдиган ишлар қилинди: ҳали суд ҳукми ўқилмаган, расман жиноятчи деб топилмаган Солижон Мирзажоновга тегишли бўлган завод сотувга қўйилди.
Энг қизиғи, «Ферганская долина» газетасида Солижон Мирзажоновга тегишли бўлган боғлар сотилиши ҳақида эълон берилди ва ҳали ҳеч гапнинг тайини бўлмаган, суди ниҳоясига етмаган Солижон Мирзажоновнинг ўз қўли билан тошларини териб, 90 ёшли отаси Собиржон Мирзажонов экиб, бунёд этган боғлари ҳар 35 сўтиғи 30 миллион сўмдан сотиб юборилди.
Ваҳоланки, Солижон Мирзажонов жиноят объекти саналган ўша машъум карьерни ундан фойдаланишнинг иложи бўлмагани, совет замонида 20 метрдан ортиқ чуқурликда кавлангани боис тагидан сув чиқиб кетганлиги, бунинг устига ундаги шағал қаттиқлиги боис ишлатишга яроқсизлиги туфайли 2004 йилдаёқ республика миқёсидаги идора – «Ўзсаноатконтехназорат» давлат қўмитасига ариза билан мурожаат қилиб, бутунлай ёптирган эди.
Энг қизиғи, карьердан қанча шағал кавлаб олиниши мумкинлигини ҳисоблаб бериш учун чақирилган холис мутахассис — маркшейдернинг хулосасига кўра Солижон Мирзажоновнинг бўйнига илинган икки миллион куб метр шағални ишлатиш учун завод тўхтамасдан, уч сменада 56 йил ишлаши керак бўлар экан.
Ваҳоланки, электр энергияси таъминотида ўтган йилгача бўлган ҳолатни барча ўзбек яхши билади: заводга ҳам, умуман, Олтиариқ туманига ҳам кунига уч соатдан ортиқ электр энергияси берилмаган. Ҳафталаб электр энергияси берилмаган кунлар ҳам оз бўлмаган. Солижон Мирзажонов эса корхонани 2001 йилда олган ва 2004 йилда карьерни расман ёптирган.
Яна бир маълумот: ушбу карьер Фарғона вилояти ижроия қўмитаси қарори билан ўша замонда уч сменада ишлаган «Қишлоққурилишкомбинат»га 1974 йилда ажратиб берилган. Комбинат 25 йилдан ортиқ ишлатган шағалларнинг пули ҳам Солижон Мирзажонов бўйнига «урилди».
Энг қизиғи, «Саноатгеоконназорат» давлат инспекцияси 2017 йил 28 июндаги хати билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари давлат комиссияси томонидан белгиланган тартибда қум-шағал захираси тасдиқланмагани учун карьердан қазиб олинган шағал ҳажмини аниқлашнинг имкони йўқлигини маълум қилган. Бир туман кадастри мутахассиси эса буни аниқ қилиб, прокурорга керакли ҳажмда ҳисоблаб берган.
«Геология маркшейдерлик хизмати» давлат корхонаси ходимлари эса 2017 йил 17 июнда тузган далолатномада карьердан қазиб олинган шағал ҳажмини 1.849.966.03 метр куб деб кўрсатган ва прокурорга шу рақам маъқул кўриниб, Солижон Мирзажонов бўйнига 1.849.966.03 куб метр шағални «илган».
Прокурор дўстми, душманми?
Президент ана шундай талабни қўйиб турган бир пайтда Олтиариқ тумани прокурори юздан ортиқ одамни заводда ишлатаётган, бундан ташқари меваларни йиғиштириш, сабзавотларга ишлов бериш мавсумида кунига уч юзгача ишсиз кишини иш билан таъминлаб келаётган Солижон Мирзажоновнинг тадбиркорлигига барҳам берди.
«Тадбиркорлик йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлаш давлат раҳбари сифатида менинг энг катта вазифамдир» деган давлат раҳбарининг «Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишга давлатга хиёнат сифатида қаралади» деган олтин қоидаси билан баҳолайдиган бўлсак, Олтиариқ тумани прокурори давлатга ҳам, Президентга ҳам, Олтиариқ халқига ҳам хиёнат қилди.
«Тадбиркорни сиз демаган прокурорни ўз ишига нолойиқ деб биламан. Ҳар ҳафтада вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардини тингласин. Уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрсин. Негаки, биттагина иш ўрнини яратган тадбиркор жамият учун керакли одамдир», — деган эди Шавкат Мирзиёев. Олтиариқ тумани прокурори ўз ишига муносиб ёки номуносиб эканига юрт эгалари баҳо беришар, биз эса суд қандай бўлгани, қандай ҳукм чиқарилгани ҳақида фикрлашамиз.
«Менга тадбиркордан, кўра прокурор азиз»
«Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон эълон қилинди.
Унда шундай дейилади: «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслиги тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланади. Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади».
Солижон Мирзажонов раҳбар бўлган корхонада эса айнан Президент бекор қилган вақтда, 2017 йилнинг апрель ойида Фарғона вилояти прокурорининг буйруғига кўра 2017 йилнинг 4 ҳамда 6 апрель кунлари ноқонуний текширувлар ўтказилган. Прокурор ҳазрати олийлари бундай текширувларни Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосангина ўтказиш мумкинлигини ҳам унутди, республика кенгашини ҳам писанд қилмади.
Энг қизиғи, вилоят ҳокими тузган ишчи гуруҳ 4 апрелда ўтказган текширувдан кейин тузган далолатномада «Карьер ишламаётгани аниқланди» деб кўрсатишди. Эртасига «бош мураббий»дан танбеҳ эшитган гуруҳ 6 апрелда «сидқидилдан» текшириш ўтказиб, эндиги далолатномада «Карьер ишлаётгани аниқланди» деб ёзишди.
Бунда «ишчан» ишчи гуруҳ катта кўчадан ўзлари «тутиб», карьерга олиб кирган экскаватор «тутиб келтирилган» юк машинасига шағал ортганини обдан суратга олишдан ҳам уялмади. Карьерда «ишлаётган» юк машинаси ҳайдовчиси, экскаваторчи ёки карьер қоровулидан тушунтириш хати олишни эса лозим ҳам топишмади. Холисларни чақиришни ҳам шарт эмас деб ҳисоблашди. Ўзлари кўрди, «хўжайин» истаган далолатнома тузилди, бўлди-да!
2017 йилнинг июль-сентябрь ойларида Фарғона вилояти прокурорининг қарорига асосан, ҳеч қандай режасиз, огоҳлантиришсиз Солижон Мирзажоновнинг уйида, корхоналарида Гдлянчасига, Ивановчасига тинтув ўтказилган.
Энг қизиғи, карьердан қанча шағал кавлаб олинганини аниқлаш имконини берувчи муҳим ҳужжат – Солижон Мирзажоновнинг талаби билан республикадан келган мутахассислар амалга оширган топографик тасвирлар кичкина одам эмас, Олтиариқ тумани прокурорининг ўринбосари А.Тўхтақўзиев, туман ДСИ бўлим бошлиқлари Ш.Қосимов ва М.Қорабоев ва бошқа мансабдорлар томонидан «96 бетли топографик тасвирлар альбомини ашёвий далил сифатида олдим» деб тилхат ёзиб берилганига қарамасдан, суд давомида бир неча марта талаб қилинса-да, судга тақдим қилинмади. Нега дейсизми, кап-катта прокурорнинг гапига қаранг:
— Бир ерга чап тушибди, шекилли, топа олмаяпмиз, йўқолиб қолибди…
«Чап тушган» бу ҳужжат топилса, нима бўлишини ёш бола ҳам яхши билади: Солижон Мирзажоновга илинган айб чиппакка чиқади. Чунки ўша «топосъёмка»да карьер Солижон Мирзажоновга ўтмасдан олдинги ҳолат аниқ акс этган ва то бугунгача карьер ҳолати бир қарич ҳам ўзгармаган. Буни карьер атрофида яшовчи аҳоли ҳам тасдиқлади. Хусусан, биз сўраган хонадон бекаси Рисолат Маҳмудова саккиз йилдан бери карьер яқинида яшашини, аммо бирор марта карьердан бирор машина шағал олиб чиқишганини кўрмаганини айтди.
Шунинг учун ҳозирча «чап тушган» бу ҳужжат «ўнгланмайди». Аммо прокурор ўринбосари бир куни бу ҳужжат топилмаса, нима бўлишини яхши билади ва бу ҳужжатни ўзининг қимматбаҳо ҳужжатларидан ҳам кўра қаттиқроқ асраши табиий. Чунки бир куни айнан шу нарса, тилхат бериб олган муҳим ҳужжатини «йўқотиб қўйгани» учун ва у боғча боласи бўлмагани учун ҳам судга тортилишига ақли етади.
Мен ўзим ўша машъум карьернинг ичига кириб, роса айланиб кўрдим. Тубида сунъий кўллар ҳосил бўлган, қамишлари одам бўйидан баланд бўлиб ётганини кўриб, ўзимнинг ишончим комил бўлдики, бу жойдан яқин орада бир ҳовуч ҳам шағал олинмаган.
Нима бўлади?
Афсуски, йирик бир тадбиркор ҳимоя қилинмади!
Тадбиркор Солижон Мирзажонов қасддан турмага тиқилди!
Тадбиркорга каттта жарималар «илиниб», саккиз йил озодликдан маҳрум қилинди!
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик фаолиятига тўсқинликлар қўйилиши ишсизликнинг кўпайишига, бунинг ортидан эса жиноятчиликнинг ўсишига сабаб бўлишини прокурорларга айтган эди. Афсуски, мавсумий ишчилар у ёқда турсин, Солижон Мирзажонов бошқарган заводнинг ўзида ишлаган юздан ортиқ одам ишсиз қоладиган бўлди.
Энг қизиғи, «тепа»дан Солижон Мирзажоновни бутунлай «синдириш» топшириғини олган суд унга тегишли бўлган, тадбиркор ҳалол меҳнати эвазига корхона учун сотиб олган автоуловлар, экскаваторлар, ҳатто Солижон Мирзажонов қураётган, ҳали қурилиши тугалланмаган уйни ҳам, шунингдек, корхонага тегишли бўлган иншоотлар, маъмурий бино, кранлар, трансформатор, тош майдаловчи дастгоҳлар, барча юк машиналари, ҳатто сув идишлари(цистерналар)ни ҳам сотиб, тушган пулни Солижон Мирзажонов давлатга (?) етказган зарарни қоплашга қаратиш ҳақида ҳукм чиқарган.
Албатта, Солижон Мирзажоновнинг фарзандлари, ҳимоячилари жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судининг қароридан норози бўлиб, Фарғона вилояти судига шикоят қилишди. Аммо вилоят суди ҳали туман судининг қарорини бекор қилганига гувоҳ бўлишмаган. Қолаверса, туман суди раиси айни ишни вилоят суди назоратида кўрганидан, бир неча бор бу масалада вилоят суди раисининг маслаҳатини олганидан Солижон Мирзажонов ҳимоячиларининг яхшигина хабарлари бор.
Вилоят суди ишни кўриши билан ҳимоячилар Олий судга мурожаат қилишни режалаштиришган. «Чунки Фарғона вилояти суди Олтиариқ тумани суди чиқарган ҳукмни сўзсиз тасдиқлаши ойдек равшан, — дейди Солижон Мирзажоновнинг ҳимоячиси Ҳасанхон Абдуллаев. — Биз бу «жиноий иш» кимнинг режаси, топшириғи, буюртмаси асосида бўлаётганини яхши биламиз, прокуратура ва суд идоралари у кишининг измидан ташқарига чиқа олишмайди».
Мақоламизни яна Президентнинг сўзлари билан тугатамиз:
«Шунча айтаётганимиз, тадбиркорларни ўйлаб қайғураётганимизга қарамай, тадбиркорларимизга нисбатан тамагирлик ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Бундай шахсларнинг ҳар бирини сўзсиз жиноий жавобгарликка тортиш шарт!».
Солижон Мирзажоновга нисбатан ғаразли ниятда жиноий иш қўзғатган прокурорлар ҳам, уларнинг ноғорасига ўйнаган судлар ҳам, уларнинг бош «буюртмачиси» ҳам албатта қилмишларига яраша жазо олишига, асоссиз равишда қамоққа олинган Солижон Мирзажонов эса озод қилиниб, номи оқланишига ишонамиз.
Ўзбекистон раҳбари бунақа адолатсизликка бефарқ қарамайди, ўзини ердаги худо деб билган айрим оёғи заминдан узилган «каттакон»ларга ўз баҳосини беради, уларни ўз жойига ўтқазиб қўяди деган умиддамиз.
Fikr bildirish