22 июнь куни маҳаллий тадбиркор Илҳом Ибодовнинг ўлимига алоқадорликда айбланган Давлат хавфсизлик хизмати (собиқ МХХ) Бухоро вилоят бошқармаси собиқ 9 ходими узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
44 яшар Илҳом Ибодов ва унинг 48 яшар акаси Раҳим Ибодовлар 2015 йилнинг 16 августида Бухоро шаҳридаги “Ситора” автомобиль бозорида МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.
Ака-укалар тадбиркорлик билан шуғулланиб келган савдо қоидаларини бузганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланди.
Орадан бир ой ўтиб, Бухоро вилоят Миллий хавфсизлик бошқармаси тергов изоляторидан Илҳом Ибодовнинг ўлиги чиқди.
Яқинлари ўшанда Илҳом Ибодовнинг МХХ ходимлари томонидан уриб ўлдирилганини даъво қилган, аммо бу даъволар эътиборсиз қолиб келаётган эди.
Аммо, 2018 йилнинг февралига келиб – президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига сафаридан кейин, вилоят ва республика ҳуқуқ-тартибот идоралари Ибодовлар оиласи мурожаатларига бирдан эътибор қаратди.
Натижада, 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий суди Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати Бухоро вилояти бошқармасининг Илҳом Ибодов ўлимига алоқадорликда айбланган собиқ 9 ходими, шу жумладан раҳбарларини, 18 йилгача озодликдан маҳрум этди.
Озодлик қўлга киритган айрим тергов ва суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 08/26616-18-сонли мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг тергов гуруҳи томонидан шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида олиб борилган.
Шу тариқа, маҳаллий ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларикузатувида шаклланган Бухоролик тадбиркор ака-ука “Ибодовлар иши” – ҳақсизликка учраган бошқалар прецедент бўладими, деган савол ўртага чиқди.
Озодлик бу савол билан бу иш суриштируви билан шуғулланган ва кузатган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари – «Ўтюраклар» клубининг собиқ раҳбари, ҳозирда эса асосчиси ва президенти бўлиб қолаётган Мўътабар Тожибоева, Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ва «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Адбураҳмон Ташановларни суҳбатга тортди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешкў туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда Миллий хавфсизлик хизмати (янги номи Давлат хавфсизлик хизмати) ни танқид қилди.
МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган президент, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонга солиштирган эди.
Президент ака-ука Ибодовларнинг қийноққа солинганини тилга олмаган эса-да, унинг қўлида МХХнинг Бухородаги жиноятлари ҳақида етарли далиллар борлини айтганди:
“Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йил қамалади”, деган эди президент.
22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий суди Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати Бухоро вилояти бошқармасининг собиқ 9 ходими, шу жумладан раҳбарларини, 18 йилгача озодликдан маҳрум этди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 301-моддаси (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги ) ва 235-моддаси (қийноқ) билан жавобгарликка тортилган мулозимлар 14 йилдан 18 йилга қадар бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.
Ҳарбий суд ҳукмига кўра:
1. Бошқарма собиқ бошлиғи Рустам Азимов 14 йилга;
2. Бошқарма бошлиғининг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари Азим Юнусов 18 йилга;
9. Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонаси “лохмач”и Александр Иванов 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Шунингдек, Бухоро вилояти ИИБ Пост-патруль хизмати бошлиғи ўринбосари Аъзам Камаловга энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдордаги жарима жазоси тайинланиб, суд залидан озод қилинди.
Fikr bildirish