Қутлов: Гулчеҳра Нуруллаева 80 ёшда!

Фото Ulug'bek Bakir.

Бугун, халқимизнинг жасоратли, оташқалб шоираси, адолат ва эзгулик куйчиси, азиз устозимиз Гулчеҳра Нуруллаева 80 ёшли юбилей айёмини Тошкентда оиласи, яқинлари, дўстлари ва сафдошлари даврасида қарши олмоқда.

Шу қутлуғ айём муносабати билан меҳридарё, қалби қуёш Опажонимизни чин дилдан қизғин муборакбод этамиз!

Ziyo NUR студияси томонидан ҳозирланаётган кўп қисмли махсус сон фильм – “ҲАҚ СЎЗИМИЗ ОНАСИ” номли биографик-ҳужжатли-адабий-бадиий-мусиқий дастуримизнинг 1-қисмини тез кунда намойиш этамиз.

Мазкур фильм бутун умрини эл-юртимиз фаровонлиги ва унинг равнақи йўлига бағишлаган, жонажон она Ватанимиз гўзал Ўзбекистонимизнинг миллатпарвар шоираси, таниқли жамоат арбоби Гулчеҳра Нуруллаеванинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланади.

Дастуримизда Гулчеҳра опани қутлаб, бир қатор сафдош дўстлари, миллатимиз ойдинлари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, сиёсатчилар, ҳуқуқбонлар ва журналистлар иштирок этадилар…

Кимга гул, ким учун балки тиканман,
Юртим, хизматингга ярармикинман?!

Гулчеҳра Нуруллаева

*****
Шоира ҳақида қисқача маълумот:

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йил 29 июнда Тошкент вилоятининг Тошкентқишлоқ туманида таваллуд топган.

Ўрта мактабни 1956 йили Олтин медаль билан битирган.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг илк шеърлари даврий нашрларда 1957 йилда эълон қилинган.

1961 йили Тошкент Давлат университетининг филология факультети, журналистика бўлимини имтиёзли диплом билан якунлаган.

Шоиранинг илк шеърий тўплами – «Қуёш табассуми» 1965 йилда нашр этилган.

1966 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган.

1967-1969 йилларда Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқиган.

1988 йилда Гулчеҳра Нуруллаева Ўзбекистондаги илк сиёсий ташкилот, «Бирлик» Халқ ҳаракатига аъзо бўлиб кирган ва тез орада Ҳаракатнинг фаол етакчиларидан бирига айланган.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг “Бирлик” ХҲдаги сафдошлари билан биргаликдаги тинимсиз курашлари натижасида Ўзбек тили-давлат тили мақомини олди, Совет армияси сафларида хизмат қилган ўзбекистонлик аскарларнинг фақат Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий хизматни ўташига эришилди ҳамда ва ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 1 сентябрда Мустақилликни қўлга киритди.

Буларнинг барчасида Гулчеҳра Нуруллаеванинг хизматлари бебаҳо ва беқиёсдир.

Шоира СССР даврида олган мукофотларидан воз кечган.

“Ўзбекистоннинг мустамлака, ўзимнинг қул бўлиб яшаганимни узоқ йиллар билмаган эканман. Биз ташқи дунёдан, ўтмишимиздан бутунлай узилгандик, империя мафкураси онгимизга ҳар томонлама сингдирилганди. Шу туфайли ҳамма қатори пионер, комсомол, комфирқа аъзоси бўлганман. Халқимиз Паркентда Комфирқа бошчилигида отилганининг эртасигаёқ партия билетини ташладим. Ёзувчиларнинг 1991 йил октябрь ойида бўлган Қурултойида менга берилган Ленин комсомоли мукофоти лауреати ва “Ҳурмат белгиси” орденидан воз кечиб, уни қайтариб бердим», дейди Г.Нуруллаева биз билан суҳбатда.

2005 йилда Андижон воқеалари муносабати билан Гулчеҳра Нуруллаева Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан воз кечди.

“Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан халқни шўрванинг устидаги кўпикка ўхшатадиган ёзувчилар бўлган сафда бўлишни истамайман, деб ихтиёрий равишда уюшмадан чиқдим”, дейди шоира.

Г.Нуруллаева “Америка овози” радиосининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида фаолият юритган.

Шоиранинг ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларидаги ўн бешга яқин шеърий тўпламлари нашр этилган.

Гулчеҳра Нуруллаеванинг “Орзуларим қоқади қанот” (1969), “Ташнаман” (1972), “Иккинчи баҳор” (1973), “Лирика” (1975), “Лети, моя мечта” (1972, рус тилида), “Бағишлов” (1977), “Пахта ҳиди” (1981), “Нурли нуқталар” (1986), “Муҳаббатнинг суврати” (1988) каби тўпламларига кирган ўнлаб, юзлаб шеърлари ўзининг оташ нафаси, даъваткорлиги, самимий ва исёнкор руҳи билан ўз халқи юрагидан чуқур жой олган.

Гулчеҳра Нуруллаева икки фарзанднинг онаси ва бир қатор набира ҳамда эвараларнинг суюкли бувижониси.

Турмуш ўртоғи, йўл қурилиши муҳандиси Усмонжон Ражапов билан ярим асрдан зиёд бирга яшайди. Усмон ака ҳам бу йил муборак 80 ёшга тўлдилар.

Ҳар икки қўшалоқ айём билан Гулчеҳра опамизни ва Усмон акани ҳамда барча Ражаповлар хонадони аҳлини табриклаймиз!

Устоз адибамизни 80 йиллик юбилей айёмлари билан чин дилдан қутлаб, Опага узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, ижодий ишларида улкан омадлар тилаймиз!

Ҳамиша саломат бўлинг, азиз Устоз!

Кейинги 85, 90, 100 ёшли айёмларингизни жонажон она Ватанимизда халқимиз билан бирга қарши олишлик барчамизга насиб айласин!

ТАВАЛЛУД КУНИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Сафдош дўстларингиз,
шогирдларингиз номидан,

Улуғбек Бакир

29 июнь, 2018 йил,
Норвегия

*****
ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Гулчеҳра Нуруллаева

Сен — олтинсан, қадри мўлсан,
Борки олам талабгор.
Қай юртларга армон бўлсанг,
Қай юртларда сен бисёр.

Қўрққанидан кимлар эса
Сени йўққа йўяр ҳам.
Бағри сенга торлик қилса,
Ерга кўмиб қўяр ҳам.

Зангламассан ерда лекин,
Чиримассан кўзада.
Сен, бари бир, бирор бир кун
Чиқажаксан юзага.

Сув бор — ювиб ер юзини,
Сенга эшлик қилгувчи,
Топқирлар бор — ер кўксини
Илма-тешик қилгувчи.

Вулқонлар бор — ер қаърин ҳам
Ағдар-тўнтар этар куч.
Не бўлмасин, сенга одам
Албат бир кун бўлар дуч.

Фақат топсин, сени кўриш —
Истаклари сўнмасдан.
Йўқса, завол кетар олқиш,
Қадринг мисча бўлмасдан.

1981

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.