Улуғбек Бакир: Озодлик овози! НЕЛЬСОН МАНДЕЛА ТАВАЛЛУДИГА 100 ЙИЛ ТЎЛДИ!

Бугун, Буюк Озодлик Тимсоли, дунё ҳуқуқбонларининг улуғ Устози, Жанубий Африка Республикасининг Биринчи Президенти, Нобель мукофоти совриндори, йирик давлат ва сиёсат арбоби НЕЛЬСОН МАНДЕЛА таваллудига 100 йил тўлди!

*****
Ўтган асрнинг иккинчи ярми бошида бутун Африка қитъасини (халқ ибораси билан айтганда, “Қора Африка”) ирқчиликка қарши кураш алангаси чулғаб олгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ирқчилик тузумининг маркази Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) бўлиб, оқ танли президент Ян Смит бошчилигидаги ирқчи жаллодлар узоқ вақтгача бу улкан қитъани аросатда сақлаб турди.

Ҳиндистоннинг буюк раҳнамоси Маҳатма Ганди ҳам ватанидаги миллий озодлик курашини айнан шу қитъанинг Иоҳаннесбург, Претория, Дурбан сингари шаҳарларида бошлаган эди. 1907 йилнинг 1 январида бу икки буюк шахс Янги Деҳлида бўлиб ўтган халқаро анжуманда танишган, Гандининг Жанубий Африкада зўравонлик сиёсати ишлатилмаслиги ҳақидаги ғоясини қўллаб-қўлтиқловчи халқаро анжуман уюштирилган эди.

Қисқа қилиб айтганда, Шимолий ва Жанубий Африканинг бепоён ва гўзал сарзамини Африка халқларини эмас, ўзидан ўзга халқларни қул деб тушунувчи бир гала халқаро мустамлакачиларни бойитиб ва тўйдириб келар эди. 1918 йил 18 июлда Мфезо деган жойда Нельсон Мандела оламга келганида бутун қитъа бамисоли аланга ичида яшарди.

Отаси Нельсон Мфезо қишлоғининг оқсоқоли эди, аммо ирқчи ҳукумат билан чиқиша олмай, амалдан туширилади ва оиласи билан Цгунага кўчиб кетади, бироқ маҳаллий ҳокимиятнинг Махфий кенгашида ўз ўрнини сақлаб қолади. Айнан ана шу кичиккина сиёсий имтиёз миллий озодлик ҳаракатининг келажакдаги оламга машҳур раҳнамоси бўлиб етишувига сабаб бўлди.

Асли исми Ролилала бўлган бу йигитча ўз мамлакатидаги қора танлиларга рухсат этилган Фортхелл дорилфунунида таҳсил олади, Англияда ўқийди ва малакали ҳуқуқшунос бўлиб етишади. Унинг ижтимоий ҳаётдаги бутун фаолияти сиёсий курашларга бой бўлди. У умрининг 27 йилини ирқчи тузумининг қамоқхоналарида ўтказди.

1990-йилларнинг боши. Мандела ниҳоят озод. Унинг учун курашчи йўлидан заррача енгил бўлмаган тинчлик ўрнатувчи йўли бошланади. Ирқчилик тузуми бекор қилингандан кейин, ЖАРдаги аҳвол кескинлашди. Ўттиз миллиондан ортиқ қора танли беш миллионлик оқ танли устига ташланишга тайёр турарди.

Мамлакатда истиқомат қилувчи турли қабилалар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам яхши эмасди. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, агар Мандела бўлмаганида, ЖАР қонга ботган бўларди.

Таажжубланарлиси, бир умр оқ танлиларга қарши курашиб келган ва оқ танлилар хоҳиши билан узоқ йиллар қамоқда ўтириб чиққан одам озод бўлгач, ўша заҳоти миллий ва ирқий адоват ўйинини ўйнашга бўлган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини ола бошлади. У ҳар қандай одам билан гаплаша ва келиша олар эди, Мандела энг муросасиз рақибни ҳам дўстга айлантирадиган сўзларни топар эди.

1994 йил 2 майда Нельсон Мандела ирод қилган нутқ ЖАРда биринчи эркин сайлов бўлиб ўтганданоқ унинг учун ўзгача аҳамиятга молик бўлиб қолди, бу ғолибнинг нутқи эди, бироқ мағлубларнинг қонига ташна ғолибнинг эмас, балки мамлакатда тинчлик ва хотиржамликка, тери рангидан қатъи назар ҳаммани бирлаштиришга, демократия ва фаровонликка интилувчининг нутқи эди – бу Африка овози эди.

Нельсон Манделанинг истеъдоди серқирра бўлиб – у шоир ҳам, табиб ҳам, сиёсатчи ҳам, олим ҳам эди. Энг асосийси, у юксак инсонпарварлик хусусиятига эга чинакам инсон эди. Даставвал ҳокимият тепасига келганда (1994 йил 10 май) у ирқчиликнинг илдизига болта урадиган бир ишни қилади – оқ ва қора танлиларни тенг ҳуқуқли деб тан олиш сиёсатини амалга оширади.

Сиёсий курашчи сифатида ўзига қарши томондан кўплаб ғанимлар “орттирган”ига қарамай, кейинчалик қора танли бўлмаганлар ҳам Нельсон Манделани ўз одамидек кўра бошладилар, бу эса унинг халқаро майдондаги обрўйини ҳаддан ташқари ошириб юборди.

ЖАРнинг саккизинчи (ва биринчи қора танли) Президенти ўзининг беш йил давом этган давлат раҳбарлиги мобайнида юз йилда қилинмай келган ишларни бажарди, тиббий муолажалар, таълим олиш каби муҳим соҳалар бепул деб эълон­ қилинди, шунингдек, савдо-сотиқ, транспорт, коммунал хизматларда ҳам йилдан-йилга арзонлаштириб бориш режалари тузиб чиқилди ва амалга оширилди.

Бундан ташқари 1994 йилда Ер тўғрисидаги, 1998 йилда Болаларга моддий ёрдам тўғрисидаги, ҳамда Ишчилар малакасини ошириш тўғрисидаги, 1995 йилда Меҳнатга муносабатлар тўғрисидаги, 1997 йилда Меҳнат тақсимоти тўғрисидаги, 1998 йилда Меҳнатда ирқчилик аломатига барҳам бериш тўғрисидаги қабул қилинган қатор Қонунлар мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланишига сабаб бўлади.

Нельсон Мандела халқаро майдондаги сиёсий воқеаларга ҳам бефарқ бўлмаган – зўравонликдан азият чекканлар фарёди қулоққа чалинган эл ё элат борки, бу жафокаш инсон беғараз ёрдам қўлини чўзар эди.

Нельсон Манделанинг ўз мамлакати ва халқаро майдонда кўрсатган жасоратлари тақдирланмай қолмади, у жами йигирма тўққизта олий даражадаги маҳаллий ва халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Бу мукофотлар чўққисини 1993 йилда берилган Нобель мукофоти безаб турибди.

Нельсон Мандела 2013 йил 5 декабрда 96 ёшида Иоҳаннесбург яқинидаги Хоутон Эстейт шаҳарчасида оила қучоғида оламдан кўз юмади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жанубий Африка республикаси Президенти Жейноб Зумага таниқли сиёсат арбоби, мамлакатнинг собиқ Президенти, тинчлик соҳасидаги Нобель мукофоти лауреати Нельсон Манделанинг вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.http://ziyouz.uz/ilm-va-…/tarix/afrika-ovozi-nelson-mandela/

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.