«Бухорода адолатни тиклаш» жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди

18 июль – Адолат ва ҳақиқат учун толмас курашчи, умрининг чорак асрини қамоқда, зиндон изтиробларида ўтказган Нельсон Манделанинг 100 йиллик юбилейи нишонланаётган кунда Ўзбекистонда янги ташкилот “Бухорода адолатни тиклаш” жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилди.

Бухородаги куч ишлатар тизимлар мансабдорлари қурбонларидан ҳамда куч ишлатар тизимлар мансабдорларининг жиноий қилмишларини лоқайдлик билан кузатишдан ор қилгувчи инсонлардан ташкил топган ушбу жамоатчилик назорати гуруҳи вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 12 апрелида имзоланган “Жамоатчилик назорати” ҳақидаги қонун талабларини амалга оширишда ҳукуматга яқиндан кўмаклашишни, адолатсизлик қурбонлари ҳуқуқларини тиклашда қўлни-қўлга бериб курашишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Шунингдек, “Бухорода адолатни тиклаш” жамоатчилик назорати гуруҳининг асосий мақсади:

– Ўзбекистонда демократик жамият барпо этилишига, мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланишига ҳисса қўшиш;

– Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ишларига кўмаклашиш, жамиятда сўз ва матбуот эркинлиги ўрнатилиши йўлида изланиш;

– Инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига қонуний мурожаатлар қилиш, жамоатчилик мониторинги ўтказиш, давлат органлари мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳатти ҳаракатлари – қийноқлар, ғайриқонуний ҳибсга олишлар, адолатсиз маҳкамалар, коррупция қурбони бўлиб, қатағонга учраган, мол мулки тортиб олинган  тадбиркорлар, аҳолининг ночор қатлами бўлган кам таъминланган оилалар, аёллар, ногиронлар ва болалар ҳуқуқлари ва эркинларини бузиш, сўз ва фикр эркинлигига қарши тўсқинликлар, коррупция сингари қонунларни оёқ ости қиладиган мансабдорларнинг ғайриқонуний ҳатти ҳаракатлари устидан судларга мурожаатлар қилишни ташкиллаштиришдан иборат.

Бугунгача “Бухорода адолатни тиклаш” жамоатчилик назорати гуруҳига Бухоро шаҳар Саъдий Шерозий маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ибодовлар оиласидан – Ражаб Ибодов, Хурсанд Ражабова, Раҳим Ибодов, Дилфуза Ибодова, Нодира Ғофурова, шунингдек Қурбоновлар, Кушаевлар, Ғофуровлар, Шамсиддиновлар, Шариповлар, Ражабовлар оиласи аъзолари ҳам қўшилдилар.

Бухородаги Ички ишлар тизимида ишлаб нафақага чиққан Хожиакбар Атоев, Баҳодир Ўринов, Аълам Шамсиев, Ғолиб Алланазаров, Аъзам Камолов, шунингдек, турли идораларда, турли лавозимларда ишлаган Азим Мажидов, Умид Зиёев, Рустам Каримов, Умида Ҳайдарова, Ҳамид Пардаев, Нозима Насруллаева ҳамда Бибиражаб Жумаева ҳам тарихий Бухорода адолатни тиклашга ўз ҳиссаларини қўшишга қарор қилганлар.

Ички ишлар тизимида фаолият юритиб, туҳмат билан жиноий жавобгарликка тортилган Шуҳрат Набиев, Бухоро вилоят прокуратурасида терговчи лавозимида фаолият юритиб, ушбу тизимдаги коррупция жиноятига қарши курашгани учун қатағонга учраган Ўткир Соҳибов, Бухоро шаҳар “Дилкушо” бозорида ҳуқуқлари бузилган юзлаб тадбиркорлар вакили Зумрад Каримовалар ушбу гуруҳда фаол иштирок этиб, нафақат ўз ҳаққи ҳуқуқларини, балки бошқа жабрдийдаларни ҳуқуқларини қонуний йўллар билан тиклашга, уларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, уларда даъвогарлик ҳиссини шакллантиришда ўз муносиб ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини билдирадилар.

Ушбу жамоатчилик назорати гуруҳи ўз фаолиятини даставвал жамоатчилик асосида олиб боради ҳамда ушбу гуруҳни мувофиқлаштириш кенгаши бошқаради. Келажакда ушбу гуруҳни фаолиятини кучайтириш мақсадида адлия тизими орқали давлат рўйхатидан ўтказиш режаси ҳам бор.

“Бухорода адолатни тиклаш” жамоатчилик назорати гуруҳига қўшилувчиларни рўйхатга олиш ишлари давом этмоқда. Яқин муддатда гуруҳнинг дастури, мақсад ва вазифалари, шунингдек гуруҳ аъзоларининг тўлиқ исм, шарифлари эълон қилинади.

“Бухорода адолатни тиклаш” жамоатчилик назорати гуруҳи ташаббускорларининг бунингдек жиддий қадамни қўйишларига вилоятдаги куч ишлатар тизимлар мансабдорларининг тадбиркор Ибодовлар оиласи вакилларига нисбатан хунрезликлари мамлакат Президенти назоратига тушиб, бу оила вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига, Илҳом Ибодовга ваҳшиёна қийноқлар қўллаб, унинг вафотига сабабчи бўлган кимсаларнинг бирин кетин жиноий жавобгарликка тортилаётганликлари асосий туртки бергани табиий албатта.

Ибодовлар иши бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотига берилган шикоятда кўрсатилган барча важлар Ўзбекистон Республикаси Харбий прокуратураси ва бошқа давлат органлари вакиллари томонидан олиб борилган суриштирувлар, терговлар ва махкама жараёнларида ўз тасдиғини топди. Яъни Ўзбекистон ҳукумати биринчи марта БМТга қилинган шикоятни БМТ ташаббуси билан эмас, ўз ташаббуси билан текшириб, ўрганиб, қонунларни бузган мансабдорларга қонунда кўзда тутилган жазо чораларини қўллади.

Ушбу оила бошига тушган кулфат юзасидан адолатни ўрнатишга қарор қилган ва сўзини устидан чиққан мамлакатнинг Президенти Шавкат Мирзиёев номига ушбу жамоатчилик гуруҳи вакиллари томонидан имзоланган “Тарихий Бухорода адолатни тиклашга биз сизга кўмакдошмиз, Шавкат Миромонович!” дея номланган очиқ хатни йўллашга қарор қилинди.

“Бухорода адолатни тиклаш”
Жамоатчилик назорати гуруҳи
ташаббускорларидан:

Ибодовлар оиласидан

Дилфуза Ибодова: ‎+998906363553

Ражаб Ибодов

Хурсанд Ражабова

Раҳим Ибодов

Нодира Ғофурова

Шуҳрат Набиев:  ‎+998934772500

Ўткир Сохибов: +998997020018

Хожиакбар Атоев: ‎+998914452233

Зумрад Каримова: ‎+998914185965

Жамила Асадова +998902984709

18 июль 2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.