«Бухорода адолатни тиклаш» Жамоатчилик назорати гуруҳи вакилларидан мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат!
ТАРИХИЙ БУХОРОДА АДОЛАТНИ ТИКЛАШДА
БИЗ СИЗГА КЎМАКДОШМИЗ, ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ!
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Бухородаги куч ишлатар тизимларга ўрнашиб олган коррупционер мансабдорларнинг ака-ука Илҳом ва Раҳим Ибодовларга нисбатан қилган ҳунрезликлари, бу тадбиркорларнинг мол-мулкларини қўлга киритиш мақсадида уларни оила аъзоларига босимлар ўтказганлар. Илҳом ва Раҳимни қонунга зид равишда ҳибсга олиб, уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўллашлари эвазига ҳибсга олинган кунидан 28 кун ўтиб, Илҳом Ибодовнинг қийноқлар натижасида пажмурда танасини оиласига қайтардилар.
Содир этган вахшиёна, жиноий қилмишлари учун жавоб бермаслик хисси қутуртирган бу жирканч кимсаларнинг қурбони биргина Ибодовлар оиласи эмасди.
Бугунги кунгача ушбу коррупционер мансабдорларнинг қурбонларига айланган тадбиркорлар, ишбилармонлар, бошқа касб эгалари, ҳаттоки куч ишлатар тизимларда фаолият юритиб, ўз хизмат вазифаларини бажариш пайтида коррупция ва бошқа жиноий қилмишларга қарши ўз қаршиликларини билдирган собиқ ходимлар босимларга, таъқибларга учраганлар.
Қачонки, Раҳим Ибодовнинг оиласини ҳимоя қилишни, укаси Илҳомни қотилларини жазолашни сўраб 6 февраль кунги қилган Сиз – мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевга қилган мурожаати ва тақдим қилган далиллари Сизнинг қўлингизга бориб етганидан кейингина иш ижобий томонга ўзгара бошлади.
Сизнинг 16 февраль кунги Бухорога қилган сафарингиз чоғида қилган маърузангиздан кейин орадан бир хафта ўтар ўтмас Бухоро вилояти МХХ (хозирда ДХХ)нинг бир қанча мансабдорлари бирин кетин ҳибсга олиндилар.
Ўта хавфли рецедивистлар сақланадиган Бухородаги “Қоровулбозор” маҳсус, қаттиқ режимдаги қамоқхонадан Ибодовларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўллаш ва қилмаган жиноятларини зиммаларига олишга мажбур қилиш мақсадида, Бухоро вилояти ИИБ Вақтинчалик Сақлаш Ҳибсхонасига қийноқ қўллаш учун –
7 марта судланиб, охирги марта 15 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган Александр Иванов,
3 марта судланиб, охирги марта 18 йилга қамоқ жазоига хукм қилинган Жамшид Сафаров,
3 марта судланиб, охирги марта 22 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган Рустам Джумаев,
6 марта судланиб, охирги марта 7 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган Умид Иноғомов сингари “лохмачлар” қийноқ қўллаш учун махсус дубинкалари ва арқонлари билан келтирилганлар ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган Ибодовлар билан бир камерага қўйиб, уларга қийноқлар қўллашлари учун шароитлар яратиб берганлар.
Бухоро вилоят Суд тиббий экспертизаси бюросининг шу йилнинг 1 март кунги № 10 Т -сонли экспертизасининг Рахим Ибодовга қўлланилган қийноқ бўйича ўтказилган текшируви хулосасига кўра Рахим Ибодовни бел умуртқасининг ёпиқ компрессион (сиқилишдан) синиши, қаттиқ ўтмас жисмларнинг умуртқа вертикал ўқи бўйича таъсиридан хосил бўлган бутун гавда оғирлигида ўз бўйи баландлиги ва ундан юқоридан умуртқа поғонаси вертикал ўқи бўйича қўл ва оёқлари боғланган холатда думбаси билан ташлаб юборилишидан хосил бўлган соғлигининг бузилишига олиб келган ўртача оғир кўринишдаги тан жарохати олганлиги қайд қилинган.
Ибодовлар оиласидагиларга зулм кўрсатган мансабдордан баъзилари ўз жиноий қилмишларига муносиб жазоларини олиб, Республика Ҳарбий судининг 22 июнь кунги айблов хукмига кўра Жиноят Кодексининг 235-моддаси – Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш 3-қисми ҳамда 301-моддаси – Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги 3 қисми “а” банди (одам ўлимига сабаб бўлиш) билан айбли деб топилиб;
Юнусов Азим – Бухоро вилоят МХХ (ДХХ) бошқарма бошлиғининг ички хавфсизлик бўйича собиқ ўринбосари – “подполковник” ҳарбий унвонидан ва 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Азимов Рустам – Бухоро вилояти МХХ (хозирда ДХХ) собиқ рахбари – “полковник” ҳарбий унвонидан ва 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Марупов Иъном – Бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи – “майор” ҳарбий унвонидан ва 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Умид Бобамуратов – Бошқарманинг тезкор вакили, Барбос лақаби билан танилган – “майор” ҳарбий унвонидан ва 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Равшан Ражабов – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган – “подполковник” ҳарбий унвонидан ва 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бухоро вилояти ИИБ Пост-патруль хизмати бошлиғи ўринбосари Камалов Азамбек эса Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми ва 28,301-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 550 баробари миқдорида, яъни 71632000 сўм миқдорида жарима жазосига тайинланди.
Ибодовлар оила аъзоларининг тинимсиз қилган ҳаракатлари, мурожаатлари натижасида “лохмачлар”дан икки нафари Умид Иноғомов ҳамда Джумаев Рустамлар Ибодовларга нисбатан қўллаган қийноқлари учун 2015 йилнинг 24 декабрь кунида Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг ҳукмига кўра 3 йилдан қамоқ жазоси белгиланганди.
Уларга бундай енгил жазо берилишига Қоровулбозор қамоқхонасидан ушбу “Лохмачлар”га берилган ижобий тавсифнома сабаб бўлганлигини ҳукмда алоҳида уқтириб ўтилганди. Лохмачлар Александр Иванов ва Сафаров Жамшидлар жазодан қутулиб қолгандилар.
2018 йилнинг 22 июнь кунги айлов ҳукмига кўра Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатдаги қамоқхоналарда вахшиёна қийноқларда узлуксиз иштирок этиб келадиган “лохмач”лардан 4 нафари – Жиноят кодексининг 28,235 моддаси 3 қисми ва 28,301 моддаси 3 қисми “а” бандидаги жиноятларни содир этганликлари ўз тасдиғини топди.
Ушбу хукмга кўра “лохмач”лар Умид Иноғомов 16 йилга, Джумаев Рустам 17 йилга, Александр Иванов 17 йилга, Сафаров Жамшид 18 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.
Судланувчилар суд пайтида кўз ёшларини тўхтата олмасдан Ибодовлар оила аъзоларидан қайта ва қайта кечирим сўраган пайтларида қилган жиноятлари учун жавоб берадиган кунлари келишини хис қилмаганмилар?
“Лохмач” Умид Иноғомов эса ўз музокара сўзида қизидан хат олганлигини, ўз хатида қизи “Отажон, нахотки сиз одамлар айтаётгандек ёмон одам бўлсангиз? Сиз беайб инсонларга қийноқлар қўллаб, уларни ўлимларига сабабчи бўлганингиз ростми?” дея берган саволлари ўзини азоблаганини хўнграб йиғлаб айтганини кўз олдига келтираркан Ибодовлар уч йиллик изтироблари айбдорларини жазодан қутилиш илинжида эканликларига хайрон бўлганларини яширмайдилар.
2015 йилнинг 16 август якшанба куни Ибодовлар савдо қиладиган “Ситора” автомашина бозоридаги дўконга “текширув” ўтказиш, аслида Ибодовларни қармоққа илинтириш мақсадида келган куч ишлатар тизимлар вакилларининг сохтакорликлари, ака-ука Ибодовларни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айблаб, қалбаки баённомалар расмийлаштирилаётган паллада Раҳим Ибодов бу ишнинг тепасида турган солиқ департаменти бошлиғи Равшан Ражабовга ялиниб, ёлвориб, туҳмат қилмасликларини, инсоф қилишларини сўраганида “Инсоф? Нима дегани бу инсоф?” дея унинг устидан кулган Равшан Ражабов бугун Ибодовлар оиласидан, инсоф тиламоқда.
Хали Ибодовлар фожеаларига асосий айбдорлардан бўлмиш адвокатлар Хожиев Жалил, Икром Раджабовлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖ ва ЖДДЛҚК Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси суриштирув бўлими катта суриштирувчиси М.Асланов, Бухоро шахар прокуратураси катта терговчиси Сурат Ниёзов, Бухоро шахар прокуратураси терговчиси Расул Юлдашев ҳамда куч ишлатар тизимларнинг қўғирчоқлари бўлган судялар ва бошқа айбдорлар ҳали жиноий жавобгарликка тортилмадилар.
Судлар ҳақидаги қонунга, қасамёдига ҳиёнат қилган Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар суди судьялари Б.Ж.Тошев ҳамда З.У.Музафаровлар юқорида номлари келтирилган ДХХ мансабдорларининг буйруқларидан четга чиқмасдан шанба ва якшанба, дам олиш кунларида ёпиқ судлар ўтказиб, ака ука Ибодовларни сохта хужжатларга асосланиб бирин кетин маъмурий қамоқ жазоларига тортиб, Ибодовларни ташқи оламдан, малакали ҳуқуқий кўмакдан махрум қилганликлари Илҳомнинг ўлимига сабабчилардан бўлганликлари учун ҳам жиноий жавобгарликка тортилишлари даркор. Уларнинг жиноий қилмишларини кўриб кўрмасликка олган юқори суд органларидаги мансабдорлар ҳам одил судга қилган ҳиёнатлари учун албатта жавоб беришлари керак.
Афсуски Бухорода биргина Ибодовлар оиласи эмас, юзлаб, минглаб оилалар қутурган мансабдорлар қурбонлари бўлганлар. Тадбиркорлар ўз жонларини, фарзандлари ҳаётини қутқариш учун мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлганлар. Бугунгача жуда кўплаб жабрдийдалар яшириниб, қўрқиб яшашга мажбур бўлмоқдалар.
Юқоридаги холатларни инобатга олган холда барча қурбонларнинг топталган ҳаққи ҳуқуқларини тиклаш, қонунбузар мансабдорларни жиноий жавобгарликка тортилишларига эришиш йўлида Сизга кўмакчи бўлиш мақсадида Сиз сингари адолат йўлида курашиб, дунё тан олган буюк сиёсатчи, инсон ҳуқуқи соҳасининг дахоси, Жанубий Африка Республикасининг биринчи Президенти Нельсон Мандела таваллудининг 100 йиллиги кунида “Бухорода адолатни тиклаш” жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этишга қарор қилдик.
Биз ушбу жамоатчилик назорати гуруҳининг фаолият юритишида, гуруҳ вакиллари ва бошқа жабрдийдаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ тикланишига энг аввало сўзи ва иши бирлиги билан ўзбекистонликлар, ўзбек миллати вакилларининг ишончига сазовор бўлган Сиз мухтарам Президентимиздан, қолаверса Сизнинг бошчилигингиздаги давлат ва нодавлат ташкилотларидан, қолаверса Ибодовлар масаласига бефарқлик қилмасдан, дунё жамоатчилиги эътиборини шу муаммога қаратган ҳуқуқ ҳимоячилардан, журналистлар ҳамда мазлумлар фожиасига бефарқ бўлмаган инсонлардан маънавий, ҳуқуқий қўлловлар, кўмаклар кутиб қоламиз.
Чунки вилоятда хали ўз лавозимларида ўтириб, Сиз олиб бораётган адолатни ўрнатиш сиёсатингизга қарши ҳаракатлар содир қилаётган, коррупция ботқоғиға ботган мансабдорлар, судялар, хокимлар ва бошқаларнинг жиноий қилмишларига ҳуқуқий баҳо берилиши, уларни давом этаётган жиноятларига нуқта қўйилмагунча ҳақиқат қарор топмайди. Бу эса жуда ҳам мушкулдир…
Бухородаги куч ишлатар тизимларга ўрнашиб олиб, қонун ҳимояси билан шуғулланиш ўрнига талончилик, фирибгарлик, товламачилик, шантаж, таҳдид, узлуксиз босимлар, жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллаш, разолатни илдиз отишига ҳисса қўшиб келган қонунбузарларни танобини тортишда олиб бораётган ишларингизда ривож тилаймиз.
Бағридан соғлом чиқиб кетган ўғли Илҳомжонни орадан 28 кун ўтиб хўрланган, вахшиёна қўлланилган қийноқлар натижасида вафот этган мурдасини маҳкам қучоқлаб, фарзандининг қотилларини топишга кўмак беришга ўтиниб, ёлворган 70 ёшни қоралаган Хурсанд Хожи она Ражабова бугун қўли дуода Сизга Аллоҳдан мадад ва сиҳат саломатлик тиламоқда. Адолатсизлик қурбони бўлган инсонларнинг оналарида эса адолат қарор топишига умид, ишонч пайдо бўлган ва бу ишонч борган сари ортиб бормоқда.
Бахтимизга разолатга, адолатсизликка қарши курашда чарчаманг, толманг, бор бўлинг, дунё тургунча туринг Шавкат Миромонович! Биздек хўрланган миллатга Сизни Аллоҳнинг ўзи етказди!
“Бухорода адолатни тиклаш”
жамоатчилик назорати гуруҳи
ташаббускорларидан:
Ибодовлар оиласидан
Дилфуза Ибодова: +998906363553
Ражаб Ибодов
Хурсанд Ражабова
Раҳим Ибодов
Нодира Ғофурова
Шуҳрат Набиев: +998934772500
Ўткир Сохибов: +998997020018
Хожиакбар Атоев: +998914452233
Зумрад Каримова: +998914185965
Жамила Асадова +998902984709
18 июль 2018 йил
Fikr bildirish