Шавкат Миромонович ягона таянчимиз, ишонган тоғимиз Сизсиз! Илтимос укам Жаҳонгир Шариповнинг тақдирига бефарқ қараманг!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Муродов Отабек Бахритдиновичга,
Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаевга
Бухоро шаҳри Оқ масжид кўчаси 8 уйнинг 5 хонадонида яшовчи фуқаро Асадова Жамила Жалиловнадан (+998902984709)
ШИКОЯТ АРИЗА
Хурматли Шавкат Миромонович!
Сиз Президент лавозимини эгаллаган паллангиздан бошлаб халқнинг манфаати учун олиб бораётган ҳар бир ишингиз, ҳар бир босган қадамингиз мазлум халқнинг кўзи ўнгида. Сиз миллатимиз, халқимизнинг узоқ йиллардан буён тўпланиб қолган дарду аламларини, хасратларини тинглаб, дардлиларга малҳам, ғамгинларга шодлик улашмоқдасиз.
Айниқса Бухорога қилган ташрифингиз пайтидаги қилган маърузангиз ва унинг ортидан нафақат Бухороликлар, балким бутун дунёга овоза бўлган Бухоро вилоят ДХХ идорасида қийнаб ўлдирилган тадбиркор Илҳом Ибодовни қийнаб ўлдирган мансабдорларни қамоққа олиб, уларни қилган жиноятлари учун муносиб жазо олишларини ўз назоратингизга олганингиздан кейин Бухороликларни кўксига шамол тегди, ҳақиқат барқарор бўлишига умид пайдо бўлди.
Қонун ҳимоячиси шаклига яширинган бу жиноий кимсалардан нафақат Ибодовлар оиласи, балким юзлаб, минглаб Бухороликлар жабр кўрганлар. Мана шундай жабрдийда оила вакилларидан бири мени укам Жаҳонгир Шариповдир.
Ушбу орқали, шуни ёзиб маълум қилмоқчиманки соҳта айбловлар билан қамоққа олиниб, қийноқлар қўллаб қилмаган айбини бўйнига олиши учун қийноқларга солинган, адолатсиз судлов хукми билан 17 йилга қамалган, 1977 йилда туғилган укам Жаҳонгир Шариповни иши бўйича ҳақиқат, адолат қарор топиши, уни озодликка чиқиши учун махсус комиссия тузишни ва ушбу комиссия ишини шахсан ўзингиз назорат қилишингизни ўтиниб сўрайман.
Укам Жахонгир Бухоро шаҳридаги давлат гўшт захиралари сақланадиган гўшт комбинатининг шакар омборида мудир лавозимида ишлаб келган.
2009 йилда Давлат Солиқ Инспекцияси томонидан ўтказилган текширишлар натижасида комбинатдаги давлат захирасига тегишли гўшт махсулоти камомади аникланган.
Шундан сўнг укам Жаҳонгирни ва у билан бирга 11 нафар комбинат ходимларини 2009 йил 31 август куни қамоққа олишди. Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси бош терговчиси Саъдуллаев Бахтиёр ва терговчи Сулаймонов Рустамлар бир йил давомида тергов ишларин олиб борганлар.
2010 йил 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси Юнусов укам ва унинг ҳамкасбларига 17 йилдан қамоқ жазоси тайинлаган. Хозирги кунда укам Бухоро вилоят УЯ64/85 жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтамоқда.
Укам ва унинг ҳамкасблари адолатсиз суднинг ҳукми билан узоқ йилларга ҳукм қилинганларидан кейин адолат қарор топиши илинжида бир неча йиллардан буён тиним билмай шикоятбозлар қиламиз. Қани энди бирор бир инсон топилсаки, бизни дардимизни тингласа ва ҳақиқат қарор топиши учун ёрдам қўлини чўзса.
Жахонгир ва унинг ҳамкасблари емаган сомсага пул тўлаб, бутун ёшликлари қамоқда ўтмоқда. Аслида камомадни келтириб чиқарган мансабдорлар бошқалар эканлигини билсаларда, уларни хатто маъмурий жавобгарликка ҳам тортишмади.
Ахир мени укам гўшт омборида эмас, шакар омбоида мудир эдику! Текширув пайтида укам бошқараётган шакар омборида қамомад чиқмаганку. Гўшт комбинатидаги камомаднинг айбдорлари МХХ терговчилари ва судяларни сотиб олишлари, қонун ҳимоячиси саналмиш ДХХ терговчилари ва судяларни қонунга ҳиёнат қилишлари эвазига 11 нафар беайб инсон зиндонда қолмоқдалар.
Хурматли Шавкат Миромонович!
Мен юрист эмасман, укасига қилинган адолатсизликларга қарши курашаётган опаман холос. Лекин мен укамнинг умуман беайб эканлигини ўша уни зиммасига содир қилмаган жиноятларни илган ДХХ терговчиларию, адолатли бўлиш ва қонунларга бўйсунишга қасамёд қилиб судялик лавозимини эгаллаган судлардан кўра яхшироқ тушунаман ва хужжатлар асосида исботлаб беришга доимо тайёрман.
Адолатсизлик қурбони бўлган укамни 3 нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Адолатсизлик ортидан турмуш ўртоғининг қамалиб кетиши, ҳақиқат учун тинимсиз курашлар натижа бермагани ортидан укамнинг турмуш ўртоғи фарзандларини мени қарамоғимга қолдириб кетган. Мени эса соғлигим жуда абгор ҳолатда. Йиллар давомида ҳақиқат истаб бош уриб бормаган остонам, ҳақиқат қарор топишига кўмак беришларини сўраб мурожаат қилмаган мансабдор қолмади мамлакатда.
Кимдир мени дардимни лоқайдлик билан тингласа яна бир дўқ пўписа билан жавоб берди, яна бири тахдид ва шантаж қилди. Буларнинг барчаси мени соғлигимни кескин ёмонлашувига олиб келган.
Вояга етмаган норасида жиянларимнинг аянчли тақдирларини ўйласам бошимга қай бир тошга уришни билмайман. Ахир уларни айби нимада? Нима учун коррупция ботқоғиға ботган кимсалар жиноят қилсинлар эканда, менинг укам, унинг оиласи ва норасида фарзандлари жабр тортсинлар?! Нега?! Уларнинг айби нимада ўзи?!
Ягона таянчимиз, ишонган тоғимиз Сизсиз! Илтимос укамнинг тақдирига бефарқ қараманг!
Сизга хурмат ва эхтиром ила Асадова Жамила
3 август 2018 йил
Fikr bildirish