Улуғбек Бакир: Таклиф. «Ҳужра» масаласини давлат қандай ечиши керак?!
Ҳар қандай жабҳада ҳам танлов ва соғлом рақобат бўлиши керак. Фақат шундагина ривожланиш бўлади.
Бу гапларни такрор ва такрор айтавериб, охири тўтиқуш бўлиб қолишимизга бир баҳя қоляпти.
Дин устидан 25 йил давомида олиб борилган қаттиқ назорат ва аёвсиз курашга қарамасдан, шу кунгача ҳужралар яшаб қолганлиги сабабини энг аввало, давлат ва диний идора тўғри хулоса чиқариб, ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб кўриши керак.
Инсон бир нарсага эҳтиёж сезса, унга интилади, шу йўлда ҳаракат қилади, журъат қилса, талаб ҳам қилади.
Агарда бу эҳтиёж(лар) қонуний йўллар орқали қондирилмаса, ноқонуний йўллар билан бўлса ҳам қондирилади.
Инсон фитрати шундек, у шундай яралган.
Давлат сиёсати ва мафкураси инкор этган ҳар қандай ғояни (бузғунчи ва инсон тафаккурига зарарли ғоялардан ташқари) куч билан тўхтатишга уриниш, кескин рад этиш орқали мавжуд муаммо ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолмайди.
Табиий, инсон қўрқув остида онгида шаклланган ғоядан маълум муддатга чекиниши мумкин, лекин ҳеч қачон воз кеча олмайди, агарки, унинг эътиқоди мустаҳкам бўлса.
Мусулмон Ўзбекистонда Ислом динига бўлган интилишни ҳеч қандай куч-қудрат ва ҳукумат ҳеч қачон йўқ қила олмайди! Бунга ҳаракат қилишнинг ўзи қип-қизил аҳмоқликдир (яқин ва олис тарихга тўхталишга ҳожат йўқ).
Жамиятда муаммо бор экан, уни ечиш керак! Ечилмаса ёки ечишга бел боғланмаса, одамлар оғзини очиб қараб ўтирмайди. Йўл ва йўллар қидиради, қидираверади. Оқибат, ҳар ким ўзига яраша йўлни барибир топиб олади. Ёки кимдир топиб беради. Бу йўллар тўғри ёки нотўғри бўлиши мумкин. Ҳамма гап ҳам аслида шунда. Йўл – тўғри ёки эгри бўлади, бошқача бўлмайди!
Энг катта муаммо – ўша тўғри йўлни топа билиш.
ТАКЛИФИМ
Болалар боғчаларидан бошлаб, ўрта мактаб ёшидаги болалар учун ҳозирги мавжуд боғча ва мактаблардан ташқари, алоҳида яна бир исломий-диний таълим муассасалари очилиши керак.
Истаганлар биринчисига, истамаганлар иккинчи, яъни диний боғча ва мактабларга фарзандларини бериши мумкин бўлади.
Диний боғча ва мактаблар ҳам ҳар томонлама замонавий тарзда бўлиши ва диний (исломий) таълим билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилиши керак.
Табиийки, бундай таълим даргоҳларида ишлайдиган кадрлар олий маълумотли исломий-педагог мутахассислар бўлиши лозим.
Бу кадрларни тайёрлаш ва ҳозирча боридан фойдаланиш ишларини Халқ таълими вазирлиги ҳамда Муфтий идораси биргаликда ҳал қилиши керак бўлади.
Менимча, шундагина турли ноқонуний ҳужраларга эҳтиёж қолмайди. Давлатнинг ҳам кўнгли жойига тушади, қулоғи тинчийди. ТВдаги ҳамкасбларимиз ҳам ҳаммага ёмон кўринмайди, қарғиш эмас, олқиш олади.
Бошланишида ҳар бир туман ва шаҳарларда биттадан шундай боғча ва мактаблар ташкил этилиши керак. Янги бинолар қуриш шарт эмас. Мавжуд боғча ва мактаб биноларидан биттасини шундай исломий таълим маскани учун ажратса етади. Топилмаса, янги бино қурилади.
Бугун Ўзбекистонда оддий боғча ва мактаблардан ташқари, спорт, мусиқа, ҳарбий мактаблар бор. Шулар қаторида диний мактаблар ҳам ташкил этилса, осмон узилиб ерга қулайдими ёки мамлакатнинг иқтисоди ўпирилиб тушадими? Аксинча, давлатнинг энг катта муаммоларидан бири бартараф этилади ва дунёда обрўси ошади.
Кейинчалик эҳтиёж ва талаб кўпайгани сари бундай даргоҳларнинг сони ҳам кенгайиб бораверади.
Диний таълим масканларининг ҳаммаси ҳам давлатники бўлиши шарт эмас, хусусий бўлса, нур устига аъло нур бўлади.
Хусусий масканларда таълим пуллик бўлиши бу – табиий ҳол, лекин нархлар осмонда бўлиши керак эмас, албатта.
Пули йўқ ёки кам бўлган эҳтиёжманд кишилар фарзандларини давлатнинг шундай диний мактабларига беради.
Таълим тизими, шарт-шароитлар ва сифат даражаси ҳар икки: давлат ва нодавлат даргоҳларда ҳам бир хил бўлиши керак.
Ўрта мактаб таълимидан кейин шундек диний коллежлар ва университетлар ҳам эҳтиёжга қараб кўпайиб бораверади.
Шундагина турли ҳужраларга ҳам, чаламуллаларга ҳам умуман, зарурат ва эҳтиёж қолмайди.
Шундагина одамларда танлов бўлади. Истаганини танлайди: хоҳласа, боласини бугунги мавжуд мактабларга беради, хоҳласа, замонавий диний мактабларга беради.
Бу ўша сиз ҳам орзу қилаётган ҳақиқий демократик давлатнинг бир жиҳати бўлади. Зотан, ривожланган демократик давлатлар бугун шундай яшаб келмоқда.
Мадраса ва бошқа расмий диний таълим муассасалари бор-ку, дерсиз. Тўғри, борлиги бор. Лекин улар халқнинг эҳтиёжи даражасида етарлича эмас ва ҳар бир шаҳар, туманда мавжуд ҳам эмас.
Хўш, унда кўп миллатли, турли динли бўлган Ўзбекистон аҳолисининг мусулмон бўлмаган қатлами нима қилади?
Буни йўли ҳам жуда осон: бугун Ўзбекистонда расман мавжуд бўлган бошқа дин вакилларига ҳам худди шундек имкон берилиши керак. Улар ҳам ўзларининг диний мактаб ва боғчаларини очаверсин. Истаганлар, ҳозирги мавжуд мактабларга бораверсин. Буни ҳеч ёмон томони йўқ. Аксинча, бугунги давлат сиёсати – диний бағрикенглик тамойилларига жуда мос тушади.
Уларга ҳам кадрлар тайёрлаш тизими, худди ислом-диний таълим тизими каби бўлиши керак.
Лекин масаланинг бир нозик томони ҳам бор. Бу ишларнинг ҳаммаси фақат ва фақат Ўзбекистон маблағи ва бошқа имкониятлари доирасида бўлиши керак. Яъни, диний мактаблар баҳонасида, чет элдан турли динларнинг саҳий «ҳомийлар»и ўзларининг ҳар хил бўлар-бўлмас мафкурасини Ўзбекистонга суқмаслиги керак. Буни эса, давлат ўз назоратига олиши лозим бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат: Ислом қоидаларига кўра, ўғил ва қиз болалар айри ҳолда ўқитилиши шартлиги боис, диний таълим даргоҳларида алоҳида синф хоналари ажратилса, олам гулистон.
Оддий мактаблар ҳозир қандай бўлса, шундек давом этаверади. (Албатта, таълим тизими ислоҳ қилиниши керак. Бу энди бошқа мавзу)…
Дресс-код масаласи: диний мактабларнинг ҳам ўғил ва қиз болалар учун махсус формаси жорий этилиши ва бу форма ислом қоидаларига зид бўлмаслиги керак.
Бу масалани ҳам Халқ таълими вазирлиги, Муфтий идораси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бошқа керакли мутахассислар ёрдамида ҳал қилади.
Давлат «яна соқолми, яна ҳижобми», деб лабига учуқ тошмаслиги керак. Бу масалани ҳам рисоладагидек ҳал қилса бўлади. Қолаверса, мактаб ёшидаги болаларда ҳали соқол ўсмайди. Соқоллари чиққунича, Худо пошшо…
Истайсизми йўқми, мусулмон бор экан, соқол ва ҳижоб масаласи доим кун тартибида кўндаланг тураверади.
Хуллас, ёки шундек қилиниши керак ё умуман, динни инкор этиб, расман даҳрий давлатга айланишимиз керак! Бошқа йўли йўқ! Бироз ҳомиладорлик бўлмайди, жаноблар!
Бу муаммолар ҳаммани, аллақачон, жонидан ўтиб, ҳиқилдоғига келиб бўлган.
Ўзбекистон эса, динни инкор этиб, уч кун ҳам яшай олмайди. Ҳатто, ўша советлар даврида ҳам ўзбеклар динини амаллаб сақлаб, шу кунгача етиб келди.
МУРОЖААТ
Жаноб тўралар, мулозимлар!
Тушунинг, халқ бу муаммолардан жуда чарчаган, оёғида мадори қолмаган. Тинкаси қуриб, зўрға кунини кўриб юрибди.
Оддий бечора одамлар қорнини тўйдирсинми, боласини боқсинми, уй қурсинми ё Россияга бориб мардикорлик қилсинми ёки сизларнинг 30 йилдан бери тугамай келаётган «беркинмачоқ» ва «қувлашмачоқ» ўйинингизни ўйнасинми?!
Бу – поёни йўқ ўйинларингизни ўша валломат, еб тўймас очофат мирзаларингиз билан ўйнаб, уларни бир ёқлик қилиб олинг!
Халқимиз бироз оёққа туриб, сал қаддини тиклаб олсин, кейин у ёғи бир гап бўлар…
Унгача яна Худо пошшо!
*****
Fikr bildirish