Мўътабар Тожибоева: Каримов диктатураси режими қатағони қурбони бўлган Учтепалик Каримовлар оиласини ўз ҳимоянгизга олинг!
ЖАНОБ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ!
Ўзбек диктатори Ислом Каримовнинг сиёсий қатағони қурбонларини оқлашингизни талаб қилиб бошланган «Мени оқланг, Жаноб Мирзиёев» номли кампаниямизни навбатдаги қаҳрамони – Тошкент шаҳар Учтепа тумани Қизил Токзор кўчаси 3 уйда яшовчи Каримова Нури она ва унинг жигаргўшалари – марҳум Абдужалил Каримов (узоқ йиллар қамоқда қийноқларга солинган, озод қилинганидан бироз ўтиб вафот этган), шу оиланинг куёви, марҳум Шорасул Шораҳимов (қамоқхонадан ўлиги келган), сиёсий қатағон қурбони Абдулалил Каримов (жазо муддати қўшиб берилган) ва уларниг фарзандларини аянчли тақдирларига эътибор қаратишингизни, уларни чорак аср давомида бузилиб келган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашни ўз назоратингизга олишингизни талаб қиламиз!
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига қарашли, Абдукарим Шодиев томонидан бир неча йиллар давомида бошқариб келинган ва коррупция ботқоғиға ботган ЖИЭББга қарашли қамоқҳоналарда содир этилаётган қонунбузарликлар, ўзибўларчиликлар, коррупцион жиноий гуруҳ вакилларининг моддий бойликлар орттириш мақсадида қамоқхоналардаги маҳкумларга ва уларнинг яқинларига нисбатан босимлар ўтказиб жиноий даромадлар топиб келаётганлари ҳақида исбот далиллар билан мана шундай жиноий унсурлар айби билан жабрдийдаларга айланган инсонлар тақдирига эътибор қаратиш, уларни ҳуқуқларини тиклаш учун хукумат миқёсида жиддий қадам қўйилмас экан, мамлакатда сиёсий ўзгаришлар бошланганига ишониш имконсиздир.
Бугун сизни эътиборингизни мана шундай аянчли тақдир эгалари бўлмиш Тошкент шахар Учтепа тумани Қизил Токзор кўчаси 3 уйда яшовчи Каримова Нури она ва унинг ўғиллари марҳум Каримов Абдужалил ҳамда маҳкум Каримов Абдухалил, Каримова Нурининг қизи Дилфуза Каримованинг турмуш ўртоғи Шораҳимов Шорасул ҳамда уларнинг оила аъзолари, фарзандлари тақдирига қаратмоқчиман.
Каримов Абдужалил Абдухабиевич 1963 йилда туғилган. 5 фарзанди бор. У 1999 йил 17-ноябрда қўлга олинган ва 2000 йил 16-июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар Шайхантохур тумани суди томонидан Жиноят Кодексининг 159 моддаси 3-қисми “а, б” бандлари билан айбли деб топилиб, 17 йилда озодликдан махрум этилган.
У жазо муддатини Косондаги УЯ 64\51-жазони ижро этиш муассасасида ўтаган. 17 йил мобайнида унга бирор марта ҳам амнистия акти қўлланилмаган ва унинг жазо муддати енгиллаштирилмаган.
Абдужалилни жазо ўташ муддати 2016 йил 17-ноябрда тугаб озодликка чиқиши керак эди. Афсуски Ўзбекистондаги одатий холдек Абдужалилни озодликка чиқишига атига 3 ой муддат қолганида, яъни 2016 йилнинг август ойидан бошлаб токи октябрь ойигача уни жазони ўташ вақтида қамоқхона ички тартиб қоидасини мунтазам бузаётган тартиббузар сифатида сохта хужжатлар расмийлаштирилиб, уни бир неча марта жазо изоляторига қамаганлар.
Кейинчалик, Жиноят Кодексининг 221-моддаси 2-қисми “б” банди билан унга қарши жиноят иши қўзғатилган ва айни шу моддалар билан айбли деб топилиб, унга 3 йил 5 кун муддатга озодликдан махрум этиш муддати қўшиб берилган.
Абдужалилни аҳволи ниҳоятда оғирлашиб қолган паллада уни оиласига ҳабар бермасдан, ўлим тўшагидаги Абдужалилни оила аъзоларига топширмасдан, сил касалликлари шифохонасига ташлаб кетганлар, оиласига хабар бермаганлар.
Бугунги кунгача Абдужалилни қачон қайси суд ишини кўриб жазо муддати қўшиб берилганидан Абдужалилни оиласидагилар бехабарлар. Уларнинг қўлларида ушбу жазо муддати қўшилгани ҳақида ҳеч қандай хужжат мавжуд эмас. Абдужалил ҳам то вафот этгунича билолмаган қаерда суди бўлиб ўтгани ҳақида.
Сиёсий қатағон қурбонлари Абдужалил, Абдухалилнинг онаси ва Шорасулнинг қайнонаси Нури она қуйидагиларни гапиради:
“Мен Каримова Нури 9-октябрда Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ўғлим Каримов Абдужалил ҳақида ариза билан мурожаат қилиб, ўғлимнинг жазо муддати 2016 йил 17-ноябрда тугаши муносабати билан уни озодликка чиқаришни илтижо қилиб сўраган эдим.
Орадан озгина муддат ўтиб Навоий вилоят прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жазони ижро этиш бош бошқармаси Навоий махсус прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан келган жавоб хатида Абуджалил мунтазам равишда қамоқхона ички тартиб қоидаларга риоя қилмаганлиги сабабли жиноят кодексининг 221-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбли деб топилгани маълум қилинган.
Бу муассасада ички тартиб ўта даражада тартиблику, ўғлимни бир ўзига 4 та соқчи, унинг ҳар бир харакатини тартибни сақлаш ходимлари хохлаганидек бажарар эди. Ўғлимнинг асосий вақти ишда ўтган. Ўғлим ғишт ичида ишлаган.
Ўғлим ўз шахсий егуликларини тартибни сақлаш ходимлари рухсати билангина олар эди. Хатто ўғлим тунда ёзилиш учун ҳам кўзи юмуқ ҳолда қўлини кўтариб рухсат сўраб чиқар эди. Шундай тартибда ўғлим қандай қилиб мунтазам равишда тартиб бузиши мумкин. Хаттоки хеч ким билан гаплашмаган.
Август ойида муассаса бўлимлари ўғлимни чақиртириб, унга ўзлари талаб қилганидек тушунтириш хати ёзиб беришни айтганлар. Тушунтириш хати “Менга ўзим яшайдиган худуд атрофини тозалаб қўйиш буюрилганда мен бундан бош тортдим” деган мазмунда бўлган.
Ўғлим “Агар мен буни ёзиб берсам менга яна жазо муддати қўшиб бериладику. Мени ахир муддатим тугаяпти, мени қари ота онам, оилам, фарзандларим кутиб ўтиришибди” деган гапига ҳам қарамай “Сизга ўхшаб муддати тугаётганлар тушунтириш хати ёзиб бериб чиқиб кетишяти” деб мажбурлаб сохта айбловни ўғлимга ёздириб олишган ва изоляторга қамашган.
Изолятордалик вақтида яна шунга ўхшаш 2 та айблов билан қонунбузарлик хужжатлари расмийлаштирилган. Шундан кейин унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, иши судга оширилган. Суд чиқарган хукм бўйича ўғлимга 3 йил 5 кун муддат қўшиб берилган. Суддан сўнг ўғлимнинг қўлига суд қоғози танишиб чиқиши учун берилган. Бу ҳукмда айтилишича лейненант Султон Саидов келиб ўғлимга ўзи яшайдиган худудни супириб қўйгин деса ўғлим “Йўқ” деб жавоб бергани ёзилган.
Яна ўғлимни Самарқанддаги Каттақўрғон қамоқхонасига олинганларни сақлаш муассасасига бир ой сақланганлиги таъкидлаб ўтилган. Аслида эса ўғлим изоляторда ўтирганида ён атрофидаги чангларни артиб олиш учун мато сўраганида унга мато берилмаган. Абдужалил Самарқанддаги Каттақўрғон муассасасини умрида кўрмаган. Бу хабарни ўғлимнинг хотини учрашувга борганида ўғлимни ўзидан эшитган.
Ўғлим қилган жинояти учун 17 йил жазо муддатини ўтади ва тузалиш йўлига ўтиб бўлган. Унга шунча йиллик қамоқ жазоси етарли жазо бўлган. Шундай бўлишига қарамасдан қамоқхонада буткул соғлигини йўқотган ўғлимга сохта айблов учун 3 йил 5 кун жазо муддати қўшиб берилиши адолатданми? Муддатини ўтаб бўлган бўлса нима учун яна яна муддат қўшиб берилди?
Ўғлим ота онага доимо мехрибон, итоатли фарзанд ва фарзандларига меҳрибон ота бўлган. Ўғлимни оилага ўрни жуда қаттиқ билинади. Халигача фарзандлари отасини нима учун у ерда эканлигини тушунолмайдилар. “Нима учун жуда узоқ муддат қамоқда сақланаяптилар?” деб доимо сўраб суриштиришади. Чунки фарзандлари шундай мулойим мехрибон ота жиноятчи бўлиши мумкинми?
Мен фарзандимни танамда жоним чиққунча ҳимоя қиламан ва озод қилинишини талаб қиламан. Мен ўйлайманки хар бир она ўз фарзандини дунёга келтиргандан сўнг фарзанд ёшми қарими она учун ўз фарзанди жиноятчими жиноятчи эмасми, у она учун жигарбанди фарзандидир. Ўғлимнинг ёшлик даври қамоқда ўтди. Ўғлимнинг жазо муддати тугашини катта умид ва интизорлик билан кутаётган эдим. Мен ўғлимни ҳеч қачон ташлаб қўймайман ва озод қилишингизни талаб қиламан.
Мен сизлардан аризамни кўриб чиқиб ижобий хал қилиб беришингизни сўрайман. Ўғлим жиноятига етарли жазо олди деб ўйлайман. Ўғлим қилган хато ишларидан афсусда. Мени талабим ўғлимни озод қилинглар”.
Нури она фарзандининг жазо муддати қўшиб берилганидан норози бўлиб шикоят қилмаган давлат идораси қолмади. Унга бирорта давлат идораси қониқарли жавоб беришни лозим топмади.
Абдужалил янгитдан хукм қилинганидан кейин жазо муддатини Навоий вилояти Зарафшон шахар УЯ 64/48-сонли ЖИЭМда ўтаб келаётганди.
Лекин 2017 йилнинг 8-март куни, яъни жазо муддати қўшиб берилганидан 3 ой ўтгач Каримов Абдужалилни жуда оғир аҳволда сангородга олиб келинган. Текширув натижасида унинг қизил ўнгачи саратонга чалинганлиги ва бу касалликнинг охирги босқичи эканлиги аниқланган.
Қоқ суякка айланган Абдужалил Каримов, унинг онаизори, оиласи ҳамда 5 нафар фарзандлари умрининг охирги паллаларини оиласи даврасида ўтказишга етказгани учун Аллоҳга хамду санолар айтмоқдалар.
Лекин айнан мана шу хонадоннинг иккинчи фарзанди 1968 йилда туғилган, 3 фарзанднинг отаси Абдухалил Каримов ҳам 2005 йилда Жиноят Кодексининг 159-моддаси билан айбли деб топилиб, 5 йил 6 ой муддатга қамоқ жазосига хукм қилинган. 2010 йилда озодликка чиқиши арафасида унга 3 йил қамоқ жазоси қўшиб берилган. 2013 йилнинг ноябрь ойида қамоқдан озод бўлиши арафасида Абдухалилга яна 4 ой 10 кун муддат қамоқ жазоси қўшиб берилган.
Хурматли Шавкат Миромонович!
Мен сиздан Тошкент шахар Учтепа тумани Қизил Токзор кўчаси 3 уйда яшовчи Каримова Нурининг фарзандлари Абдужалил ва Абдухалил Каримовларнинг тақдири, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 221-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши материаллари билан танишиб чиқиб, ушбу хукмларнинг қонунийлигига ҳуқуқий бахо бериш учун махсус давлат комиссияси тузишингизни, ушбу инсонларнинг бутун бошли умри қамоқхоналарда ўтишига ва уларнинг куриган дарахтлардек умри хазон бўлишига айбдор бўлган мансабдорларни қонун олдида жавоб беришларига эришишингизни сўрайман.
Судьялик мартабасига эришиш жараёнида “Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан” деб қасам ичган, лекин қуриб суякка айланган Абдужалилнинг ахволини кўриб била туриб уни 17 йиллик қамоқ жазосидан кейин яна 3 йил 5 ой муддатга қамоқ жазосига хукм қилишдан виждони қийналмаган, қасамёдига хиёнат қилган судьяларнинг жиноий қилмишларини ўрганиб, уларни қонун олдида жавоб беришларини таъминлаш мақсадида текширувлар ўтказишлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги судяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига топшириқ беришингизни сўрайман.
Абдужалилни адолат ва ҳақиқатнинг адолатсизлик, зулм устидан ғалабасини умрининг охирги кунларида кўриши насиб қилмади. 2017 йилнинг 20 май куни Абдужалил Каримов оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Орадан икки ўтгандан кейин, яъни 22 май куни бу хонадон сохибалари бошига яна бир кулфат тушди.
Ушбу хонадоннинг куёви (Абдужалилни синглиси Каримова Дилфузанинг турмуш ўртоғи) 1950 йилда туғилган, 6 нафар фарзанднинг отаси, сохта айбловлар билан хибсга олиниб, 12 йиллик умри қамоқда ўтган Шорахимов Шорасулнинг ҳам мурдаси сангороддан олиб келинди. Унинг аҳволи нихоятда оғирлашгани сабабли сангородга олиб келинган ва бир ойдан кейин сангородда вафот этган.
Афсуски Ўзбекистон қамоқхоналаридаги мана шундай сохта айбловлар билан қамоқ жазоси муддати узлуксиз равишда узайтириб борилаётган бир неча минглаб сиёсий ва диний маҳкумлар борки, токи сиз уларнинг тақдирига эътибор қаратмас экансиз ўзбек халқининг ҳақиқий президенти унвонига сазовар бўла олмайсиз.
Сталиннинг ўлимидан кейиноқ унинг тахтини эгаллаган шогирди Хрушчевнинг илк амалга оширган муҳим амалларидан бири Сталин даврида қамалган сиёсий маҳкумларни озод этиб, барча қатағон қурбонларини оқлашга фармон бериш бўлганди.
Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ичида, балким собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ичида ҳам сиёсий ва диний маҳкумлар сони кўпчиликни ташкил этиши билан олдинги сафда туради. Лекин журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, муҳолифатчилар ва диний эътиқоди сабаб “террорчи”ларга, диний “радикал”ларга айланиб қамоқларга тиқилган ва қийноқларга тутилаётган бир неча минглаб сиёсий ва диний маҳкумларнинг тақдирига хали эътибор қаратилгани йўқ.
Шунингдек Ислом Каримов қатағони қурбони бўлган ва унинг даврида жиноятлари адолатли судлов томонидан тасдиқланмасдан туриб отувга хукм қилинган жабрдийдалар хали ўлимларидан кейин бўлсада оқланмадилар. Уларнинг оила аъзолари, фарзандлари ҳамон «ватан хоинининг фарзанди», «ваҳобийни оиласи» сингари қора номларни кўтариб юрибдилар. Бундай оилалар вакиллари дунёнинг турли бурчига тарқалиб кетганлар, уларнинг ҳолидан хабар оладиган, «холинг нечук?» дея бошини силайдиган, ҳуқуқларини тиклайдиган бирор бир инсоннинг ўзи йўқ.
Диктатор Ислом Каримов даврида ғайриихтиёрий равишда ғойиб бўлган диний уламолар, диндор инсонларнинг тақдирига ҳали умуман эътибор қаратилгани йўқ. Мирзиёев бошчилигидаги хукумат хали бу бедарак йўқолган инсонларнинг тақдири билан қизиққани, уларнинг яқинларига таскин бергувчи муждани бергани йўқ. Бедарак кетган инсонларнинг яқинлари, онаизорлари, фарзандлари эшик тиқ этса «Болам келдимикан?» дея кўзларини эшикка тикишдан тўхтаганлари йўқ.
Ўзбекистондек йирик мамлакатда Ислом Каримов бошчилигидаги диктатура режими сиёсий қатағони қурбонлари масалаларини, сиёсий ва диний маҳкумларнинг жиноят ишларини ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларини беришлари мумкин бўлган малакали, виждонли мутахассислар, ҳуқуқшунослар етарли. Қамоқнинг бир куни ҳам, бир дақиқаси ҳам қамоқдир. Буни ўзбек қамоқхонаси азобларини тортиб кўрган инсонларгина хис қила оладилар холос.
«МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛАР» ИШИ
Жиноий иш қўзғатилишидан аввал маъмурий қоидабузар ҳисобланган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида ҳибсга олинган маҳкумлар ишини хукумат миқёсида ўрганиб чиқиш даркор.
Бундай маҳкумларга нисбатан аксар ҳолларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) қўлланилади.
Бугунги кунда ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда бирор кишига қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, ноқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби оғир жиноятлар бўйича айбловни бўйнига қўйишдан аввал ўша инсонга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича айблов билдирилиб, унга нисбатан 15 суткагача маъмурий ҳибсга олиш жазосини тайинлаш амалиёти кенг тарқалган.
Бундай кишиларни ҳибсга олишда маълум бир давлат идоралари учун ишлайдиган агентлар ва енгилтабиат аёллар хизматидан фойдаланилади. Ҳибсга олинганлар адвокат хизматидан маҳрум қилинади ва бутунлай изоляция шароитида сақланади. Бу орада эса уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилади ва натижада улар содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишади.
Бу усул қамоқдан озод бўлган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади, чунки одатда улар қайта қонунбузарлик содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига киради. Бундай кишиларга нисбатан қийноқ қўлланилади, натижада улар содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишади ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
ЖКнинг 221 ва ЖИКнинг 105 моддаларига бир назар
Жазони ўташ тартибини “доимий бузиб келадиган” “тартиббузарлар” иши
ЖК 221 моддаси – Жазони ўташ тартибини “доимий бузиб келадиган” маҳкумлар иши
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 105-моддаси (“Интизомий жазо чоралари”) ва Жиноят кодексининг 221-моддаси (“Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”) мунтазам равишда сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳкумларга нисбатан қўлланилади. Ушбу икки модда қийноқ қўллаш пишанглари ҳисобланади ва “НОМАҚБУЛ” ҳисобланган сиёсий ва диний маҳкумларга қарши янги жиноий иш қўзғашда ишлатилади.
Гарчи Жиноят-ижроия кодексининг 107-моддасида (“Интизомий жазо устидан шикоят бериш”) маҳкум ўзига нисбатан қўлланилган интизомий жазо устидан хоҳишига кўра юқори турувчи мансабдор шахсга, прокурорга ёки судга шикоят қилишга ҳақли, дейилган бўлса-да, Ўзбекистонда маҳкум ёки унинг адвокатига интизомий жазо қўлланилгани тўғрисидаги ҳужжат билан танишиб чиқиш, унинг устидан шикоят бериш ёки уни бекор қилиш имконияти берилмайди.
Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати Жиноят кодексининг 221-моддасидан ўзи учун “номақбул” дея билган фуқаролик жамияти вакиллари ва виждон тутқунларидан иборат бўлган маҳкумларнинг жазо муддатини узайтириш ва уларни жамиятдан бутунлай яккалаш мақсадида уларга нисбатан сохта айбловлар билан янги жиноий иш очишда кенг фойдаланади. Маҳбус сохта айбловлар билан бир неча марта жазо изоляторига ташланганидан сўнг унга нисбатан 221-модда бўйича янги жиноий иш қўзғатилади.
Маҳкумнинг жазо изоляторига ташланиши эса унинг ҳар йилги Амнистия акти қўлланиши бўйича расман рад жавоб олишига сабаб бўлади. Ўзбек расмийлари ва колониялар маъмурияти кўп ҳолларда сиёсий мотивлар билан қамалган маҳкумларни жазо изоляторига ташлайди ва кейинчалик 221-моддага асосан уларга нисбатан янги жиноий ишларни қўзғатишади. Буларнинг барчаси ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Амнистия актидан фойдаланиш имкониятини йўққа чиқариш ва жазо муддати тугаган бўлса-да, янги жиноий иш очиб, уларни қамоқда имкон қадар узоқроқ ушлаб туриш учун амалга оширилади.
Сиёсий ёки диний маҳкумга нисбатан Жиноят кодексининг 221 – “Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” моддаси бўйича айблов ҳар йилги Амнистия эълон қилинишига саноқли кун қолганида қўйилади. Бундай пайтларда қамоқхона маъмурияти ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг Марказий аппаратидан юборилган алоҳида махсус рўйхатида тургани ва уларга нисбатан Амнисти акти қўлланилмаслиги ёки жазо муддати тугаган бўлса-да, озодликка чиқарилмаслиги маъқулроқ экани тайинланганини рўкач қилишади.
Бир неча ёки атиги бир кун ичида “номақбул” дея ҳисобланган маҳкумларга нисбатан “жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” моддаси бўйича сохта айблов қўйилади. Бундан ташқари, бундай тоифадаги маҳкумларни жазолаш учун барча усуллар қўлланилади, жумладан, унга нисбатан қамоқхона жазо изоляторида қийноқ қўлланилади, у яқинлари билан учрашувдан маҳрум қилинади ҳамда қамоқхона маъмуриятига яқин бўлган маҳкумлар ёки қамоқхона ходимлари унга қарши кўрсатма беришади ёки унга нисбатан провокация уюштиришади.
Ўзбекистонда “номақбул” ҳисобланган маҳкумга нисбатан янги жиноий иш сохталаштириш эса қамоқхона жаргонида “террор” дея номланади. Бу жараёнда маҳкум адвокат билан таъминланмайди, унинг оила аъзолари унга нисбатан янги жиноий иш қўзғатиш ишлари олиб борилаётгани ва жазо муддати узайтирилаётганидан деярли хабардор бўлмайди, маҳкум ва унинг яқинлари маҳкум қамоқхона режими қоидабузари сифатида тан олинган расмий ҳужжатлар ва қамоқхона қарори билан таништирилмайдилар.
Натижада маҳкум нафақат қамоқхона режимининг ашаддий қоидабузари сифатида тан олинади ва амнистиядан мосуво бўлади, балки “муддатидан илгари шартли равишда озод этилиш” ва “жазони ахлоқ тузатиш ишларига алмаштириш” каби имкониятлардан ҳам маҳрум бўлади.
Ўзбекистонда ҳукумат “қора рўйхат”ида турган инсонларнинг судларида мунтазам равишда уларга қўшимча жазо муддати қўшиб берилади ва судда томонлардан бири – давлат қораловчиси иштирок этади. Маҳкумнинг адвокатига судда иштирок этишга изн берилмайди.
Гарчи Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 25-моддаси (“Судда ишларни юритишда тортишув”) бўлса-да, бу ҳолат суд пайтида томонлар тортишуви бўлмаслигини англатади. Мамлакат Жиноят-процессуал кодексида нафақат томонлар тортишуви, балки 51-моддасининг 6-қисми (“Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар”) да: “Давлат қораловчиси ёки жамоат қораловчиси иштирок этаётган ишлар бўйича ҳимоячининг иштироки шарт”, дея келтирилган.
Fikr bildirish