Муҳаммад Исмоил: Мен қачон сўзга чиқаман? (Ҳикоя)

У пайтлар вилоят газетасида ишлар эдим. Бош муҳаррир касаллиги туфайли, хокимият мажлисларидан бирида қатнашадиган бўлиб қолдим. Анжуман жуда улкан, ёруғ ва оппоқ, салобатли ва муҳташам бинода ўтқазилди.

Мажлисга казо казо одамлар йиғилган, ҳатто марказдан вазирлар, Олий Кенгаш депутатлари, элчилар ва чет эл сармоядорлари келган эди.

Хоким жуда оташин нутқ сўзлади: – Мен сизларни барчангизни ҳақиқатни рўй рост сўзлашга, мавжуд камчиликларимизни ҳеч яширмасдан очиб ташлашга, керак бўлса фош қилишга, порахўрликнинг илдизига аёвсиз болта уришга, коррупцияни таг томири билан йўқ қилишга, ошна оғайнигарчилик иллатларини бутунлай супириб ташлашга, ёлғоннинг кўзини ўйиб олишга чақираман. Энди бундан кейин қўшиб ёзишлар, кўзбўямачиликлар, лаганбардорликлар, таниш билишчилик мутлақо бўлмайди.

Ҳақиқат, ҳақиқат, фақат ҳақиқат! Газеталарга сўз эркинлиги берамиз! Мана газетачиларимиз, телевидениямиз ходимлари ўтирибди. Улар учун ҳамма эшикларимиз очиқ. Марҳамат мавжуд ҳақиқатни очиқ ойдин кўрсатишсин. Камчиликларимизни баралла айтиб, фош қилишсин. Жамиятимизда нималар рўй бераётганини ўзимиз ҳам билайлик. Кабинетларда ўтириш даври тугади. Одамларни ичига кириб боришимиз керак, одамларни.

Қачонки халқ биздан рози бўлса, биз ўзимиздан рози бўлишимиз керак. Халқ биздан норози экан, хотиржам бўлишга мутлақо асосимиз йўқ. Биздан озод ва обод Ватан қолиши керак ! Биз дунёдаги энг демакратик давлатлардан бирига айланишимиз керак. Бизда инсон ҳуқуқлари биринчи ўринда! Бизда инсон манфаатлари биринчи ўринда! Бизда инсон ҳур ва озод! Бизда инсон ҳамма нарсадан улуғ! Йўқолсин зулм! Йўқолсин коррупция! Йўқолсин мажбурий меҳнат! Порахўрларга ўлим! Яшасин бахтли, саодатли ҳаёт!

Бутун зал қарсак чалар экан, қалқиб ўрнидан турди. Давомли гулдурос қарсак бир неча сония тинмай, шифтдаги қандилларгача титратиб юборди. Мен ҳам ҳаяжон ва титроқдан зўрға ўзимни тутиб турар эдим.

“Мана ҳақиқат бор экан-ку, ҳақиқатни рўй рост айтадиган замон бор экан-ку, мен бу одамни албатта қўллаб қувватлашим керак, биз бу одамни қўллаб қувватлашимиз керак, биз барчамиз бу одамни ёнида туриб, ҳақиқатни юзага чиқаришимиз, курашишимиз, керак бўлса жонимизни беришимиз керак, бизга бу одамни Худо берди, халқни озодликка чиқарсин деб, бу одамни бизга Худо берди, энди шундай мақолалар ёзайки, энди ҳеч кимдан қўрқиш йўқ, энди чўчиш йўқ, энди тап тортиш йўқ, фақат ҳақиқатни рўй рост ёзаман, жамиятимиздаги ҳамма иллатларни фош қилиб ташлайман, ўғрилар, каззоблар энди мендан қутилиб бўпти, порахўрларни юрагига тиғ санчаман…”

Менинг руҳим баланд, шиддат ва шижоатга тўлиб кетганидан, хаяжонимни босолмай шартта сўз сўраб қўл кўтардим. Хоким менга қараб қўйди-да, энди сўз бермоқчи эди, мендан олдин кимдир, шартта ўрнидан туриб, минбарга ошиқди. Хоким унга ўгирилиб, марҳамат сўз сизга дегандай, қўли билан ишора қилди. Афтидан, бу одамни сўзлаши, мажлис кун тартибида йўқ эди, ҳайъат аъзолари тарафида ғала ғовур бошланиб, бир оздан сўнг тинди. 

– Мен “Ҳуррият” партияси вилоят кенгаши раиси Холбўтаев Норбўта бўламан. Мени бу ерга сизнинг ғоят халқпарвар, адолатпарвар, ҳақиқатпарвар сўзларингиз олиб чиқди. Биз, мана шу юксак минбардан бу оташин, чин қалбдан, юрак вулқонидан отилиб чиққан оловли сўзларнинг айтилишини неча йиллардан буён орзуқиб кутган эдик.

Ниҳоят орзуларимиз рўёбга чиққан фараҳбахш лаҳзаларга етиб келдик. Биз бу лаҳзалар учун жон садқа қилсак арзийди. Биз бу сўзларнинг айтилгани учун минг бор шукроналар қилсак арзийди. Ҳозир мен дунёдаги энг бахтиёр одамман десам ҳеч муболаға қилмаган бўламан. Энди биз сизнинг ёнингиздамиз. Сизга камарбастамиз.

Энди сиз билан танимизда сўнгги қатра қон қолгунча курашишга, ҳақиқатни рўёбга чиқаришга, коррупцияни таг томири билан қўпориб ташлашга, порахўрликнни бутунлай ва батамом йўқ қилиб ташлашга, бойлик учун, мансаб, амал учун ҳатто Ватанини сотишга тайёр турганларни бошини мажағлашга, эл олдида шарманда қилиб, юзига қаро суртишга, ҳатто керак бўлса, эшакка тескари ўтирғизиб сазойи қилишга тайёрмиз.

Бизнинг ҳалол ва покиза жамиятимизда ундай унсурларга ўрин йўқ. Бўлмаган ҳам, бўлмайди ҳам… улар газандалар, улар меҳнаткашларимиз, заҳматкашларимиз, фидоий халқимизнинг танасига тушган битлар, фаровон ҳаётимизга раҳна солувчи олчоқлар, еб тўймас сувараклардир. Биз…

Шу пайт ёнимда ўтирган одам мени туртди. “Сиз ҳам сўзга чиқмоқчимисиз?” – деди у.

Мен “Ҳа” ишораси сифатида бошимни лиқиллатдим. “Сиз ўйлайсиз-ки, хоким бу сўзларни сизга қарата айтдими?”

Мен, “Ҳа, бизга айтмай, кимга айтди?”- дедим.

“Йўқ, хоким бу гапларни сизга ҳам, менга ҳам айтгани йўқ. Мана бу овсар партия раисига қарата ҳам айтгани йўқ. Хокимнинг барча айтганларининг бизга мутлақо алоқаси йўқ.” – деди у.

Мени ичимда бир нафрат уйғонди. “Мана шундай тош қотган, янгиликни қабул қилмайдиган, тепса тебранмас, консерватор одамлар борда, шунинг учун жамиятимиз ҳеч ўзгармайди”- дея ўйлай бошладим. Ва уни ортиқ эшитмаслик учун нари сурилдим.

Бу одам билан аввал ҳамсуҳбат бўлмаган эдим-у, орқаваротдан кимлигини билар эдим. Исми менимча Дўстбой эди.

Дўстбой ака мени пинҳона норозилигимни сезди шекилли, гапини исботлаш учун далил келтирди: – “Ишонмасангиз, янаги мажлисда қатнашиб кўринг, бу одам янаги мажлисга келмайди, ҳозирги ўтирган ўрнидан тополмайсиз, янаги мажлисгача уни бўшатиб юборган бўлишади, бунақа ҳақиқатпарастларнинг ҳеч кимга кераги йўқ, ҳақиқат ҳақида айтилган гаплар, бизга қаратиб айтилган гаплар эмас, ҳов анави олдинги қаторда ўтирган одамлар учун, марказдан келганлар учун, чет эл элчилари учун, чет эл сармоядарлари учун айтилди у гаплар…”

Минбарда эса, партия раиси ҳамон жўшиб гапирар эди: “ Агар биз Ватанимизни ривожлантирамиз, юксак тараққиётга эришамиз десак, биз учун ягона йўл, ҳақиқатни рўй рост айтиш, ҳуррият машъаласи билан зулматни ёритишдир…”

Ниҳоят партия раиси сўзини тугатди. Унга ҳам гулдурос қарсаклар чалинди. Аввалгидай бўлмасада ҳарқалай олқишлар сал пастроқ авж билан янгради.

Хоким яна ким гапиради дея залга қаради. Залда жимлик хукмрон эди. Бошқа ҳеч ким ботиниб қўл кўтармади. Хоким аланглаб биз томон, худди мени ахтаргандай бироз қараб турди. Мен эса Дўстбой аканинг гапидан бироз ҳушёр тортиб, ўзимни ўнглаб олган эдим. Бошимни қуйи солганча, столга энгашиб ниманидир ёза бошладим. Хоким кун тартибидаги бошқа масалаларга ўтиб кетгач, бошимни кўтариб, ўзимни бироз эркин сеза бошладим.

Иттифоқо, кунларимиз эски зайлда ўта бошлади. Хокимни нутқидан кейин, газетамизнинг аҳволи ўзгариб, ҳаётимизда янги зарварақ очилса керак деган умидда эдим, умидларим пучга чиқди, орзулардан зада бўлган юракдаги зардоблар яна лиммо лимлигича қолаверди. Эски ҳаммом эски тос деганларидай, оёғи осмонда бўлиб қолган тошбақани, ҳеч ким ўнглаб қўймади.

Орадан бироз вақт ўтиб, партия раисини ишдан олинганлигини эшитдим, уни пора билан қўлга олишибди, партиядош аёллар билан бироз кўнгилхушлик қилиб қўйган жойлари бор экан, ўша гуноҳлари бирдан фош бўлибди, маишатпарастликда, ўз хизмат ваколатини суйиистеъмол қилишда айбланди.

Шундан сўнг, яхшиям ўшанда сўзга чиқмаганим, агар сўзга чиққанимда, балки менинг ҳам гуноҳларим фош бўлиб, бошимга ўзим кутмаган ёқдан зарбалар келиб қолармиди, деб ўйлаб қоламан гоҳида.

Мени кўча кўйда кўриб қолган Дўстбой ака: “Қачон сўзга чиқасиз?” деб сўрашни канда қилмайди. 

“Кўп гап эшакка юк, энди билдим ишлаш керак экан, ишлаш” дея гапни ҳазилга бураман-у, аммо гоҳи гоҳида ўйланиб қоламан: “Мен қачон сўзга чиқаман?”

МУҲАММАД ИСМОИЛ

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.