Дадахон Ёқубов: Мен ҳам унутилган ва ҳўрланган депутатлардан бириман…


Ассалому алайкум, Исматжон! 

Албатта, кўрсатувларингиз ўзингизга ва Сизнинг ижодий услубингизга ярашиб турибди. Кечаги дастурда “Озодлик” радиоси дастури ва Абдулла Искандарнинг мақоласини шархлаб бердингиз.

Аммо менинг тўғримда бир оз ошириб юбордингиз. Ўзингиз айтяпсизку, ўн йиллаб азоб-уқубатларга дучор бўлган одам қандай қилиб, зулмкорларни мақташи мумкин.

Камина 27 йилдан буён энг кўп қийналганлардан бири бўламан. 1993 йилдан буён тайинли ишим, маошим ҳам бўлмади. Ҳозир оддий одам мендан кўпроқ пенсия олар экан. Мен 65 ёшда ҳам шу бахтга эга эмасман.

“Озодлик ёзади: «Тарих ўзгармасин»

ЎзТВ ветеран журналистларидан бири¸ собиқ депутат Дадахон Ëқубовнинг Озодликка айтишича¸ «Тарих ўзгартирилмагани маъқул»: «Камина тарихни ўзгартиришга бутунлай қаршиман. Унинг номини Биринчи президент сифатида тилга олиш лозим. Аммо халқ депутатларини лорд сифатида, Мустақиллик асосчилари сифатида тарихга муҳирлаб қўйиш лозим. 1990 йилги, Биринчи депутатларни, демоқчиман».

Чунки мен ҳам унутилган ва ҳўрланган Биринчи чақириқ депутатлардан бириман. Ўз номзодимни ўзим тавсия этиб, халқ вакиллари томонидан саккизта номзодни енгиб, депутат этиб сайланганман. Мендан Абдулла Искандар ҳам Каримов ҳақида хеч нарса сўрагани йўқ. Номини УЗ ТВда айтилмаётганини эслатди, холос. Мен бундай ахборотларга эга эмаслигимни айтдим.

Тўғриси, 27 йиллик умрим давлат ва муҳолифат тарафдорлари ўртасида калтак ейиш билан ўтди. Мен ўз дунёимда яшаган одамман. Шу боис, хеч қачон партияларга аъзо бўлган эмасман. Фақат адолат ва эзгу ишларни қўллаб қувватладим.

Кимлардир талон тарожлик, ўзларига хиссадорлик қоғозларини эгаллаш, ўзаро тортишув билан банд бўлганларида мен Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи хайрия жамғармасини тузиб, одамларга аниқ кўмак берганман, жамият ташвиши билан яшаганман.

Давлатдан бир сўм олмасдан миллиардларга эга ташкилот яратдим ва ёрдамга мухтожларни қўллашда иштирок этдим. Ҳозирги кунда ўзим ва оилам учун хеч нарса ортира олмаганман. Тошкентга келганингизда Исматжон, мен билан учрашганингизда яшаш тарзимни кўриб кетган бўлар эдингиз. Сизга қўлим етмади. Бундан кейин ҳам имкон топсам, фақат адолатли ишлар ва одамларни рози қилиш билан шуғулланаман. Ижод қиламан.

Қуйидаги шеъримда ҳам керакли фикрларим мужжассам бўлган эди.

ЎРТАДА

Дўстим дўстин дўст десам, рангим зафарон ўртада,
Душманим душманин билмай, ўзим ҳам ҳайрон ўртада.

Уч тенгтуш бирга ўсдик, ҳамжиҳат ҳам сирдош эдик,
Бир майизни бўлиб ердик,уч дўсти ёрон ўртада.

Ишқимиз бир қизга тушди, унинг кўнгли эди менда,
Икки дўстим рақиб бўлгач, бизлар нигорон ўртада.

Севгилим васлига етмай, мен куйдимми, ё икки дўст,
Дўстларни деб ёрдин кечиб, дил бўлди вайрон ўртада.

Энди ёр менга бегона, дўстларим ўзаро душман,
Ҳар икки дўст душманига, дўст эрсам бўрон ўртада.

Тижоратга қўл урдилар, рақобатлар бел синдирди,
Мен кафил кафансиз қолдим, ҳам хонавайрон ўртада.

Сиёсатга бурнин тиқиб, муҳолифга айландилар,
Ҳар иккиси ўзин ҳақ деб, тиллари бийрон ўртада.

Дада Зафар довдирайман, ажратолмай ким кимлигин,
Қалам ўрнига қўлимда, тутурман гаврон ўртада.

Албатта, тарихда юз берган воқеалар қандай бўлишидан қатъий назар ўзгармайди ва халқ томонидан, сиёсатчилар томонидан ўз баҳосини олади. Шахслар ҳам ўз бахосини оладилар. Сиёсат эса замон руҳидан, мамлакат муаммоларидан келиб чиқиб, ташкил этилади, ўзгартирилиши ҳам мумкин.

Исматжон, йиллар давомида фикрларимиз бир бирини тўлдириб келди. Майда чуйда гапларга ишонманг. Биз биринчи кундан Шавкат Мирзиёевнинг томонида эдик. Бундан кейин ҳам астойдил давлат стратегиясини қўллаб қувватлаймиз.

Фақат Сиздан илтимос, имкон қадар самимийликни, дўстликни қадрлашимиз лозим. Шундагина одамлар манфаатлари учун Давлатимиз олиб бораётган сиёсатни тушуниб етамиз.

Мени биласиз, қонун ва белгиланган давлат сиёсатга қатъий амал қиламан. Шу боис янги, майда чуйда гапларга эътибор бермаслик учун юқоридаги фикрларни гапирган эдим.

Унинг устига 10 йил мазлум бўлган одам бир оз бемор бўларкан. Бировни ёмонлашга ҳам, ўта мақташга ҳам ҳоли етмас экан. Аммо Ватанимга сўнгги нафасгача садоқат билан ҳизмат қилишимни ҳамма билади. Ҳар битта бирга ишлаган инсон ҳақида Давлатимиз раҳбарининг аниқ фикри бор. У ҳаммамизни яхши билади, эзгу ишларни қадрлайди. 

Ҳурмат ила собиқ журналист ва депутат Дадахон Ёқубов.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.