Дунё жамоатчилигига Бойсунлик фитна қурбони бўлаётган Абдураҳимовлар оиласи вакиллари номидан мурожаатнома!

МЕНИНГ ТАҚДИРИМ ЎЗБЕКИСТОНДА ҚОНУН УСТИВОРЛИГИНИ ИСТОВЧИ ИНСОНЛАРНИНГ ҲАЁТИ ҲАМОН ХАВФ ОСТИДА ЭКАНЛИГИНИНГ ИСБОТИДИР!

Менинг Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судига берган даъво аризам асосида бўлиб ўтган суднинг менинг фойдамга чиқарган қарори амалга оширилмай, қоғозларда қолмоқда. Бойсун туман халқ қабулхонаси бошлиғи Аббос Холмўминов хохиши, истаги эса ҳамон суд қароридан устун келмоқда.

Менинг ушбу мурожаатимдан мақсадим ўз бузилган ҳуқуқ эркинликларимни суд орқали тиклаганимдан кейинги босимлар ва мамлакатда қонун устиворлигини таъминлаши керак бўлган маҳаллий идоралар, куч ишлатар идораларнинг Сурхондарё вилоятидаги вакиллари томонидан оёқ ости қилинаётганига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 19 январь кунги Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани ҳокимлиги биносида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувдаги нутқида Сурхондарё вилоятидаги куч ишлатар тизимлар мансабдорларининг жиноий қилмишларини кескин танқид қилганди. Афсуски Президентнинг бунингдек халқнинг оғриқ нуқтасини топиб айтган гаплари хали ҳамон Сурхондарёлик мансабдорлар қалбига етиб боргани ва виждонини уйғотгани йўқ.

Албатта алоҳида урғулаб айтишим мумкинки Бойсундаги маҳаллий ҳокимият ва ички ишлар тизими вакиллари томонидан менга ва оилам вакилларига қарши уюштирилаётган фитналарни, туҳматларга Сурхондарё вилояти ДДХ Бошқармаси ва Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судигина қонунларни бузмасдан, менинг ҳуқуқ ва эркинликларимни бузилганлигини аниқладилар холос, қолган органлар вакиллари барчаси менга ва оиламга қарши ғайриқонуний қилмишлардан ўзларини бир дақиқа бўлсада тўхтатмаяптилар.

Масалан, мени қонунга зид равишда маъмурий қамоқ жазосига тортганларидан кейин “Пулҳоким” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эшали Алимов ўша пайтдаги худуд профилактика нозирлари Аъзамов Шавкат билан биргаликда турмуш ўртоғим Абрайқулова Жамилага ҳам босим ўтказиб, уни ҳам қаматиш мақсадида унга нисбатан туҳматлар уюштириб, ғайриқонуний хатти ҳаракатлар содир қилганлар. Натижада Жамила ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган.

Хотинимни ўз жонига қасд қилишга мажбур қилган таҳдидлар:

Менга қарши уюштирилган сохта ҳужжатлар асосида маъмурий қамоқ жазосига тортиш ҳақидаги суднинг ғайриқонуний қарорига асосан, яъни Абдураҳимов Ғулом Нормаматовичга қарши расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасига асосан 8 суткага, яъни 6 июлдан 14 июлгача маъмурий қамоқ жазосига ва маъмурий жаримага тортилдим.    

 14 июль куни турмуш ўртоғим Жамиланинг отаси вафот этди. Отасининг вафоти сабаб бошига тушган жудоликдан ва оиласига бўлаётган босимлар, туҳматлар кампаниясидан азоб тортаётган Абрайқулова Жамилани отасининг ўлимидан 4 кун ўтиб, яъни 19 июль куни  Шавкат Аъзамов ва маҳалла раиси Эшали Алимовлар маҳаллага чақириб, унга босим қилганлар ва «Эрингни қамадик, энди сени ҳам қамаймиз» деб таҳдид ва шантаж қилганлар.

Ҳақиқатан ҳам шу куни унга қарши фитна уюштирганлар. Яъни уйда нон ёпаётган пайтида Бойсун туман халқ қабулхонаси бошлиғи Аббос Холмўминовни қариндоши, сохта «жабрдийда» Мехрангиз Темировани уйига бориб, Мехрангизни пичоқлаганликда айблаб, унга қарши жиноят иши қўзғатмоқчи бўлганлар.

Худуд профилактика инспектори Шавкат Аъзамов посбон Омонов Абдуғанига телефон қилиб, «Абдураҳимов Акбаралини хотини Жамила Фармоновларни уйига бостириб борибди ва Мехрангиз Темировани пичоқлабди» деган ва Жамилага қарши ҳужжатлар расмийлаштириши кераклигини айтган.

Менга Омонов Абдуғани қўнғироқ қилиб Жамиланинг Темирова Мехрангизни пичоқлагани юзасидан суриштириш ишлари бошлангани ҳақида айтганида, мен хотиним уйда нон ёпиб турган бир пайтида қандай қилиб ўзга хонадонга бориб бировни пичоқлаб келиши мумкинлигини аниқлашлари шартлигини айтдим. Прокуратура терговчиси Бахриддин Аллаёров эса Фармонов Ғуломни хонадонига бориб, улардан турмуш ўртоғим Жамилага қарши туҳматлар қилиб, шикоят аризалар ва тушунтириш хатлари олган.

Эртасига, 20 июлда хотиним маҳалла идорасига бориб, Эшали Алимовга «Кечаги уюштирган туҳматингиз нимаси? Қандай қилиб кечагина отаси ўлган, уйда бутун бошли оиласи вакиллари кўзи ўнгида нон ёпаётган бир пайтида бегоналарни уйига бостириб бориши мумкин? Бир пайтни ўзида қандай қилиб бир пайтни ўзида икки жойда бўлиши мумкин? Нега туҳмат қиласизлар мени оиламга, қачон тугатасизлар бундай фитналарни?» деб сўраган.

Алимов эса унга «Кеча сенга айтдикку, сени жиноятчи деб талқин қилишимиз ва қаматишимиз бизга муаммо эмас. Эрингни қаматаман деганмидим, қаматдим, энди сен ҳам кириб чиқасан ичкарига. Ҳуқуқимизни бузишяпти деб шикоятбозлик қилар экансизлар, биз сизларни тинч қўймаймиз» деб хиринглаб, хотинимни устидан масхара қилиб кулган.

Хотиним бу жирканчликларга дош бера олмасдан маҳалла идорасини ичидаёқ ўз жонига қасд қилиб, томирларини кесган ва оғир аҳволда касалхонага тушган. Босимлар ва таҳдидлар жонидан ўтиб кетган хотиним ўз жонига қасд қилганидан кейиноқ бирор соатлар ўтмасдан у жойлаштирилган касалхонага етиб борган прокуратура терговчиси Бахриддин Аллаёров Жамилани айбланувчи сифатида тергов қилмоқчи бўлган.

Мен терговчи Аллаёровга «Хотиним шу аҳволида тергов бермайди, ўз жонига қасд қилганига бир соат бўлмай, нима учун босим қиласиз? Нима учун мени хотинимни ўз жонига қасд қилиши сабабларини ўрганмайсиз, сўрамайсиз?» деганимда Бахриддин менга қулоқ солмади. Мен унга «Болаларимни онасига босим қилишингга йўл қўймайман. Терговингни прокуратурада қиласан» деганимдан кейингина сўроқ саволини тўхтатишга мажбур бўлди.

Жамилани қаматиш билан қўрқитганларидан кейин у ўз жонига қасд қилгани айбдорлари Аъзам Аъзамов ва Эшали Алимовларнинг ҳамда Алиқулов Лазизнинг жиноий қилмишларига ҳуқуқий бахо беришни сўраб, 20 июл куни Республика бош прокуратурасига ҳамда Сурхондарё вилоят ДХХ бошқармасига шикоят аризалари топширди.

Республика бош прокуратурасига ёзилган шикоят ариза нафақат Бойсун туман прокуратураси томонидан бости бости қилинди, балким прокуратура терговчиси Бахриддин Аллаёров Алиқулов Лазизга пора беришда айблаб, менга қарши Жиноят Кодексининг 211 моддасига биноан жиноят иши қўзғатиш ҳаракатларини бошлаб юборди.

Сурхондарё вилоят ДХХ бошқармаси томонидан Алиқулов Лазизнинг жиноий қилмишлари устидан хизмат текшируви тайинланиши прокуратура терговчиси Аллаёровнинг менга қарши уюштираётган фитнасини барбод бўлишига сабаб бўлиб қолди. ДХХ бошқармаси томонидан оиламга ва ўзига босим бўлаётгани ҳақидаги турмуш ўртоғимни шикоят аризаси назоратга олингани учунгина ғанимларимиз бугунгача мени йўқ қила олмаган, хотинимни қамай олмаган бўлсалар керак деб ўйлайман.

Лекин турмуш ўртоғимнинг Республика бош прокуратурасига ёзган шикоят аризасини қонуний хал этиш ўрнига прокуратура терговчиси Аллаёров ўзининг хотинимга қарши уюштирган фитналарини қонунийлаштириш ва жиноий қилмишини хаспўшлаш мақсадида шикоят аризани “текшириш” бахонасида ушбу шикоятни ёзган Жамила 24 июль куни касалхонада оғир аҳволда ётган бўлишига қарамай, прокуратурага сўроққа етиб боришини талаб қилган.

Бирор фитна уюштириб қамаб қўйишларидан чўчиган хотиним қўлида икки ёшли гўдак қизчам билан прокуратурага борганида уни тушлик қилишига ҳам рухсат бермасдан, Аллаёров уни 5 соат давомида сўроқ савол қилган ва уни алдаб менга қарши кўрсатма беришга мажбур қилган. Терговчининг ғайриқонуний талабларини бажармаган Жамилани касалхонага қайтариб олмаслик ҳақида касалхона раҳбарларига топшириқ берганлиги ҳақида эшитдик. Ҳақиқатан ҳам хотинимни соғлиги ёмон бўлишига қарамасдан уни касалхонага қайтариб олишмади.

20 июль кунги Сурхондарё вилояти ДХХ бошқармасига ёзган шикоят аризамизга асосан Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси милиция ходимлари Алиқулов Лазиз ва Аъзамов Шавкатлар устидан хизмат текшируви тайинлашга мажбур бўлди.

Сурхондарё вилояти ИИБ бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Ҳ.Бўроновнинг турмуш ўртоғим Абрайқуловага 22 август кунги берган жавоб хатида қуйидагиларни баён қилинган:

“Сизнинг, ДХХ Сурхондарё вилоят бошлиғи номига Бойсун тумани ИИБ айрим ходимларининг хатти ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган аризангиз юзасидан вилоят ИИБ маъсул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, туман ИИБнинг айрим ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди ва ўтказилган хизмат текширув хулосаси ҳамда тўпланган ҳужжатлар, қонуний бахо бериш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилди.

Шу сабабли, келгусида Сиз қабул қилинган қарордан норози бўлган тақдирингизда юқори турувчи органларга ва тўпланган ҳужжатлар юзасидан ўзингизни қизиқтирган саволлар бўйича вилоят прокуратурасига мурожаат қилишингиз мумкинлигини маълум қиламиз”.   

Турмуш ўртоғимни Республика бош прокуратурасига ёзган шикоят аризасига эса терговчи Аллаёровнинг саъйи харакатлари билан 30 август куни Бойсун туман прокурори Х.М.Қуллиев хотинимнинг ўз жонига қасд қилишида хеч кимнинг айби йўқлиги ҳақидаги мантиқсиз жавобни бериш билан чекланган.

“Сиз туманнинг “Пулҳоким” маҳалласининг маъмурий биносида ўзингизни қўлингизни олмос билан кесишингизга туманнинг “Пулҳоким” маҳалласи раиси Эшали Алимов, туман ИИБ профилактика инспекторлари Лазиз Алиқулов, Шавкат Аъзамов ва фуқаро Ғулом Фармоновлар айбдорлигини ва уларга қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратурасига ёзган мурожаатингиз терговга қадар текшириш материалига қўшиб ўрганилди.

Аниқланишича, Сиз 2018 йил 20 июль куни соат 7.30лар атрофида туманнинг “Пулҳоким” МФЙнинг маъмурий биносида “Пулҳоким” МФЙ раиси Эшали Алиевни қўрқитиш мақсадида ўзингизни ўнг қўлингизни олд юзасини олмос билан кечганлигингиз холати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш харакатлари олиб бориб, бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги  сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган”.

Прокуратуранинг турмуш ўртоғимга берган жавоб хатининг қанчалик даражада мантиқсиз эканлигини Бойсун тумани ИИБ айрим ходимларининг хатти ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган аризаси юзасидан вилоят ИИБ маъсул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, туман ИИБнинг айрим ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилгани ҳақидаги Сурхондарё вилоят ИИБ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Бўроновнинг 22 август кунги жавоб хати исботлаб турибди.

Қолаверса хизмат текширувига алоқадор тўпланган ҳужжатлардан нусхалар беришларини талаб қилиб прокуратурага қилаётган мурожаатларимиз ҳам оқибатсиз қолдирилмоқда. Прокуратура мансабдорлари ИИБ ходимларининг ғайриқонуний қилмишлари исботланган хизмат текшируви хулосасини бизларга тақдим қилмаслик учун ҳар қандай жирканчликдан тап тортмаётганликлари уларнинг бизни оиламизга қарши уюштирилаётган фитналарда иштирокчи эканлигини исботлайди.

Менга қарши уюштирилган фитналарни фош қилгувчи далиллар:

Менга ва оилам вакилларига қарши уюштирилаётган фитналарда Бойсун тумани прокуратураси, ички ишлар тизими, иқтисодий жиноятларга қарши Департапент ва маҳаллий ҳокимият мансабдорлари манфаатдорликлари ҳамда улар томонидан жабрланувчи ролини ижро этишга танланган кимсаларга бахони мени маъмурий жавобгарликка тортиш мақсадида очилган маъмурий ҳуқуқбузарлик иши ҳужжатлари орасида судга тақдим қилинган ушбу “жабрланувчилар” томонидан ёзилгани таъкидланаётган тушунтириш хатлари ва уларга берилган тавсифнома ҳам яққол очиб берган.

Ушбу тушунтириш хатларини Фармонов Ғулом ва Темирова Мехрангиз томонидан ёзилган деб таъкидлансада, аслида Бойсун туман ИИБ бошлиғи Тохир Хурматов номига расмийлаштирилган ҳар икки тушунтириш хатларини ҳам туман ИИБ ходими Алиқулов Лазиз томонидан ёзилиб, имзо чекишга мажбур қилингани ҳақидаги иқрорлик аудио ёзуви ҳимоячим Мўътабар Тожибоеванинг қўлида мавжуд.

Фармонов Ғулом номидан Алиқулов Лазиз томонидан ёзилган тушунтириш хатига кўра 1988 йилда туғилган, “Пулҳоким” МФЙда яшовчи “жабрланувчи” Фармонов Ғуломни маълумоти ўрта, 2 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз (!!!).

Қолаверса “Пулҳоким” МФЙ раиси Эшали Алимов томонидан расмийлаштирилган “жабрланувчилар”га ва менга нисбатан расмийлаштирган “тавсифнома”да ҳам Эшали Алимов ўзига берилган ваколатдан ўз қинғир қилмишлари учун фойдаланаётганлик холатини яққол кўриш мумкин.

Эшали Алимовнинг “Пулҳоким” МФЙ номидан берган тавсифномасига асосан:

Фармонов Ғулом “… Хеч қандай ёт экстремистик гуруҳларга аъзо эмас. У маҳаллада бўлиб ўтадиган тадбирларда фаол иштирок этиб келади. У келажакда мустақил Ўзбекистонимизнинг гуллаб яшнашида ўз меҳнати ва салоҳияти (!!!) билан ҳиссасини қўшади деб ишонч билдирамиз”.

Мен, 5 нафар фарзанднинг отаси, собиқ маҳалла фуқаролар йиғини котибига МФЙ номидан Эшали Алимов имзоси билан берилган тавсифномада мени хавфли жиноятчи сифатида қора рўйхатга киритишга асос берилган. Агар бундан икки йил олдинги замон бўлганида эди, балким мен террористик гуруҳларнинг вакили сифатида аллақачон Жаслиқ қамоқхонасидан макон топган бўлардим. Оллоҳга шукрлар бўлсинким хозир адолат, ҳақиқат учун қўрқмасдан курашса бўладиган замонда яшамоқдамиз.

Эшали Алимов менга қарши берган Тавсифномасида қуйидагиларни билдирган:

“… Фуқаро Абдураҳимов Акбарали маҳаллада котиб лавозимида ишлаган. Ўз вазифасини бажармасдан, лавозимига совуққонлик билан ёндашиб, рахбарият ва бошқарув топшириқларини умуман бажармасдан, раис ва бошқа рахбарларга бўхтон ва фисқу фасод ёғдириб, мунтазам аризакашлик билан шуғулланиб келган.

Қўни қўшниларга ҳам нисбатан тўғри фикрда, муомала қилганман ва яхши муомилада бўлмаган. Доимий назоратга олишни талаб этилади (!!!)”.

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судининг 14 август кунги ва бугунги кунда қонуний кучга бўлган хал қилув қарорида эса мана бундай дейилган:

“… Иш берувчи даъвогар Акбарали Абдураҳимовни вазифасидан озод қилишда меҳнат вазифаларини бузганлик айнан нимадан иборатлигини 2018 йил 06 февралдаги вакиллар йиғилиши баёнида таъкидлаб ўтган бўлсада, бироқ даъвогарни меҳнат вазифаларини бузганлиги, яъни ишга чиқмаганлиги ва ўзига юклатилган вазифаларни бажармаганлиги қандай ҳужжатлар асосида расмийлаштирилганлиги ҳақидаги ишончга сазовор далиллар мавжуд эмас.

Шунингдек, иш берувчи даъвогар Акбарали Абдураҳимовга интизомий жазо чораси қўллашда қонунда белгиланган муддатларга риоя қилмаган кўринади…”

Маҳалла раисига айланган фитначининг кирдикорлари:

2014 йилдан 2018 йил феврал ойигача Бойсун туман “Пулҳоким” МФЙ масъул котиби лавозимида ишладим.

Шу маҳаллада яшовчи фуқаро Алимов Эшалининг 2016 йилда туғилган неварасига икки ёшгача нафақа пули берилиши “Пулҳоким” МФЙ ижтимоий қўллаб қувватлаш комиссияси томонидан қонуний рад қилинганидан кейин у узлуксиз равишда нафақа пулларини ўзлаштирганликда айблаб, мени устимдан шикоятбозликларни бошлаб юборди. У ўзининг атрофига бир нечта ўзи сингари иғвогарларни тўплаб олиб, бизларни фаолиятимизга тўсқинлик қилаверди.

Алимов Эшали нафақат ўз номидан, балким баъзи фуқаролар номидан ҳам ариза шикоятлар ёзиб, турли идораларга жўнатган. Унинг фирибгарлик қилиб ўзгалар номидан бизларга қарши туҳмат шикоятлар уюштирганлиги ушбу шикоятлар устидан келган комиссия томонидан ўтказилган текширув вақтида аниқланди. Яъни бизларга туҳматлар қилиб ёзилган шикоятларни маҳалла аҳолиси вакиллари  ўз номларидан ёзилганидан бехабар бўлганликлари фош бўлиб, улар бундан текширув пайтидагина хабардор бўлдилар ва бу ҳақда ўз тушунтириш хатларида тўлиқ баён қилдилар.

Шундан кейин Эшали Алимов маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иброхимов Хўшбоқни устидан иғво уюштиришни бошлаб юборди ва турли идораларга шикоятбозликлар қила бошлади. Иброхимов Алимов ва унинг иғво командасидан мақсадлари нима эканлигини сўраганида ундан ишдан кетишини талаб қилдилар. Собиқ раис “Маҳаллани тинч қўйинглар, ҳар куни маҳаллада уйма уй юриб текширишлар маҳалла фуқароларининг ҳам жонига тегиб кетди” деган ва ўз ихтиёри билан ишдан кетишга ариза ёзиб, вазифасидан кетган.

Иброхимов Хўшбоқни вазифасидан четлатган гуруҳ ўз ғалабасидан рухланиб, маҳаллага раисликка Эшали Алимовни жойлаш учун ҳаракатларини бошлаб юбордилар. Натижада 2017 йил 1 апрел куни маҳаллага Эшали Алимов раис бўлди, хокимиятдагилар унинг шу лавозимни қўлга киритиш учун қилиб келган барча иғвогарликларини кўриб била туриб уни маҳалла фуқаролар йиғинини бошқаришига қаршилик қилмадилар.

Эшали Алимов ўзининг “Пулҳоким” МФЙ раиси сифатида иш бошлаган биринчи кунидан бошлаб мени ҳам Иброхимов Хўшбоқ сингари ишдан кетишимни талаб қила бошлади. Унинг бу талабини қонунга зид эканлигини Бойсун туман Маҳалла хайрия фонди раҳбарлари тушунтирганларидан кейин ҳам Алимов мени вазифамдан четлатиш учун тинимсиз равишда менга қарши турли фитналар уюштириб келаверди. Унинг ҳар хил бахоналар билан мени ишлаб турган лавозимимдан четлатишга қилган ғайриқонуний қилмишларидан жуда кўпчилик хабардор.

Ванихоят 2018 йил 30 январда “Пулҳоким” МФЙ Кенгашининг сохта қарори ва туман ҳокимининг қонунга зид равишда расмийлаштирилган ФК 29-сонли Фармойиши асосида мени ишдан бўшатганлар. Лекин мен ўзимни ишлаб турган лавозимимдан четлатилганим ҳақида орадан икки ой ўтиб, аниқроғи 26 март кунигина хабар топдим.

Шундан кейин бузилган ҳуқуқ ва эркинликларимни суд орқали тиклаш мақсадида 7 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича  Бойсун туман судига даъво ариза билан мурожаат қилдим.

Менинг судга даъво ариза билан мурожаат қилганимдан хабар топган, яъни даъво аризани нусхасини суд томонидан олган жавобгарлар – Эшали Алимов, хокимиятдаги раҳбарлар ва туман ички ишлар бўлимидаги баъзи нопок ходимлари томонидан менга қарши уюштирилаётган фитналарнинг кўлами кенгайиб кетди.

Мана шундай фитналардан бири маҳалла раиси Эшали Алимов томонидан ёлланган фуқаролар томонидан уюштирилган шикоят аризаси натижасида Бойсун туман иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Бойсун туман Молия бўлими бош иқтисодчиси Қ.Алимов, Бандликка кўмаклашиш маркази ишга жойлаштириш инспектори Б.Чориев ҳамда “Пулҳоким” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эшали Алимовлар иштирокида нохолис ва ғайриқонуний текширув бўлди.

Ушбу “текшириш”да Эшали Алимов томонидан уюштирилган ва мени “фош этишда” иштирок этишга жалб қилинган фуқароларнинг ҳақиқатга зид бўлган кўрсатмалари олинди.

Шулар асосида 5 август куни Бойсун туман “Пулҳоким” маҳалла фуқаролар йиғинининг 2013-2014-2015-2016-2017 йил ва 2018 йилнинг 6 ойида 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга тўланадиган нафақалар, 2 ёшгача бола паррваришида ўтирган, ишламайдиган оилаларга тўланадиган нафақалар ва кам таъминланган оилаларга нафақалар тўланиши юзасидан ўтказилган текшириш далолатномаси расмийлаштирилди.

Текшириш жараёни палласида мени Департаментга чақиртиришиб, у ерда тунги 00.30гача ушлаб ўтириб, босимлар ўтказишди. Сохта шикоятларда баён қилинган далиллар юзасидан тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилишди. Мен департаментдаги сухбат жараёнида ўзимга қарши кўрсатилган важлар асоссиз эканлигини баён қилиб, исботлаб берганимдан кейин тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилишди. Тушунтириш хатида ўз фикрларимни баён қилаётганим учун, яъни ўзимни умуман беайб эканлигимни исботлаб бераётганим учун ҳам уни охирига етказишимга имкон беришмади. “Тушунтириш хати керакмас” дея, ўзимни ҳақлигимни исботлайдиган далиллари баён қилаётган бу мухим далилни якунига етказиб, уларга топширишимга қаршилик қилишди.

Агар бу давлат органи вакилларининг асл мақсадлари давлат мулкини талон-тарож қилинишини фош қилиш ва бундай жиноий қилмишларга чек қўйиш бўлганида эди “Пулҳоким” маҳалла фуқаролар йиғинидаги молиявий муаммолар баён қилинган холатларга тўлиғича ҳуқуқий бахо берган ва айни шу мақсадда мени тушунтириш хатимни якунланишимга рухсат бериб, кейин шу тушунтириш хатимда келтирган важларимга ҳам ҳуқуқий бахо берган бўлардилар.

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судига қонунга зид равишда ишдан бўшатилганим, туман ҳокими фармойишини бекор қилиш, маҳалла раисининг қарорини бекор қилиш ва ишга қайта тиклаш тўғрисида берган даъво аризам судда кўриб чиқиб, суд томонидан мени фойдамга хал қилув қарори чиқарилмагунча Бойсун туман иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган бу ғайриқонуний текшириш ҳақида умуман бирор бир гап бўлмади, бу текшириш ҳам, 5 августда тузилган далолатнома ҳам “унутилди” гўё.

2018 йилнинг 14 август куни фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туманлараро судининг очиқ суд мажлисига раислик қилувчи судья О.Бердиев мени фойдамга хал қилув қарори чиқарди ва менинг ҳуқуқларимни бузилишига сабаб бўлиб, менга етказилган 6 334 503 сўмни жавобгарлар томондан тўлашга қарор қабул қилинди.

Суднинг қарор қисмида айнан мана шундай баён қилинган:

“… Бойсун тумани, “Пулҳоким” МФЙнинг 2018 йил 30 январдаги 1-сонли қарори, “Пулҳоким” Маҳалла фуқаролар йиғини вакиллар йиғилишининг 2018 йил 06 февралдаги 1-сонли баёни ва Бойсун туман ҳокимининг 2018 йил 06 февралдаги ФК 29-сонли фармойиши ҳақиқий эмас деб топилсин.

Абдураҳимов Акбарали Нормаматович Бойсун тумани, “Пулҳоким” маҳалла фуқаролар йиғини маъсул котиби вазифасига ишга тиклансин.

Бойсун тумани ҳокимлиги ҳисобидан Абдураҳимов Акбарали Нормаматович фойдасига мажбурий  бекор юрга ақтлари учун 5 486 132 сўм иш ҳақи ундирилсин.

Бойсун туман ҳкомилиги ҳисобидан Абдураҳимов Акбарали Нормаматович фойдасига 848 371 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилсин.

Даъвогарнинг мехнат дафтарчасини олмаганлиги учун компенсация ундириш ҳақидаги талаби рад қилинсин.

Бойсун туман ҳокимлиги хисобидан лавоат фойдасига 595 070 сўм давлат божи ундирилсин.

Хал қилув қарорининг ишга тиклаш қисми дарҳол ижрога қаратилсин”.

Ушбу фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судининг хал қилув қарори устидан жавобгарлар томонидан на аппеляция, на кассация шикояти ёзилмаган, яъни суднинг ушбу қарори қонуний кучга кирган, лекин амалга оширилмаган. Мени хали ҳамон лавозимимга тикламадилар ҳам, менинг ҳуқуқларимни бузилишига сабаб бўлиб, менга етказилган 6 334 503 сўмни жавобгарлар томонидан тўланмади ҳам….

Аксинча ушбу суднинг қароридан кейин менга нисбатан бўлаётган босимлар, таҳдидлар янада авж пардага чиқди.

Суднинг хал қилув қарори чиққанидан кейиноқ Хал қилув қарорининг “Ишга тиклаш қисми дарҳол ижрога қаратилсин” деган қисмига асосан мен суд қарори ижросини талаб қила бошладим, яъни мени зудлик билан ишимга қайта тиклашларини талаб қила бошладим.

Ғайриқонуний текширув кимнинг манфаатини кўзлаганди?

14 август кунги суднинг хал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин жавобгарлардан суд қарорида кўрсатиб ўтилган барча  ҳуқуқларимни тиклашларини талаб қила бошладим. Мени қонунга зид равишда вазифамдан четлатилиб, ишсиз юрганим ва бу холат оилам иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатгани учун менга етказилган 6334503 сўмни жавобгарлар томонидан тўлашларини талаб қила бошладим.

Айни шундан кейин Бойсун туман иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мансабдорлари ўтказилган ғайриқонуний текшириш ҳақида эслаб қолдилар ва менга нисбатан босимларни кучайтира бордилар.

Ушбу  текшириш пайтида Бойсун туман иқтисодий жиноятларга қарши департаменти бошлиғи Маъруф Абдураҳимов (+998763352803) “Пулҳоким” маҳалласининг собиқ раиси Хўшбоқ Иброхимовни чақириб, “Абдураҳимов Акбаралини нима учун котиб вазифасига ишга олгансан?” деб дўқ пўписа қилган ва ундан менга қарши кўрсатма беришини талаб қилган. Шундай ғайриқонуний талабни туман халқ банки пластик бўлими бошлиғи Камол Бобожоновга ҳам қилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мансабдорлари томонидан уюштирилган текширишда бугунги МФЙ раиси Эшали Алимов даврини, яъни 2017 йил 1 апрелдан бошлаб 2018 йил август ойигача бўлган даврни тўлиғича тафтиш қилишларини талаб қилганимда, унинг фақатгина олти ойлик фаолият даврини текширишди холос. Бу текшириш пайтида унинг  шу олти ойлик фаолияти даврида 20.963.195 сўм миқдордаги нафақа пуллари қонунга зид равишда тайинлангани ўз исботини топди.

Эшали Алимов 6 ойлик муддат ичида давлатнинг 21 миллионга яқин маблағини қонунга зид равишда талон-тарож қилгани аниқланган экан, нима учун қолган 10 ойлик фаолиятини ҳам текширишни лозим кўрмадилар бу иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментидаги валломатлар?

Бу департамент валломатлари нима учун Эшали Алимовнинг жуда қисқа муддатда давлат ғазнасига келтирган зиёнидан кўз юмиб, мени содир этганлигим урғуланаётган ва лекин қонуний асосларда асосланмаган, исботланмаган фактларга асосланибгина талон-тарож қилингани қонуний исботланмаган суммани мени зиммамга илиб, тезлик билан тўлашимни талаб қилмоқдалар?

Менинг иқтисодий жиноятларга қарши курашувчи департамент бошлиғи Маъруф Абдураҳимовга “Қайси қонуний асосга кўра, қанча сумма тўлашим керак ва қаерга тўлашим керак? Қонуний асосни менга тақдим қилинг!” десам, у “Сен мени олдимга келавер, мен сен билан гаплашишим керак” дейишдан бошқани билмаяпти.

Халқ қабулхонаси рахбари Аббос Холмўминов қариндошлари яна “жабрланувчи”

Бу орада маҳаллий ҳокимият ва маъмурий органлар мансабдорлари бирлашиб яна менга қарши янги фитналарни бошлаб юбордилар. 28 сентябрь куни сохта жабрланувчи Фармонов Ғуломнинг акаси Шерқул Фармонов менинг акам Бегалига +998944639473 сонли  мобил телефонига ўзининг +998915750864 рақамли номеридан қўнғироқ қилиб, “Укангни қаерда учратсак, урамиз, биздан қочиб қутила олмайди” деб очиқдан очиқ шантаж қилган. Қолаверса қўшнимиз ва синфдошим Чоршанбиева Рўзигулга ҳам +998915811857 рақамли мобил телефон рақамига қўнғироқ қилиб, “Ғуломга айтдим, Акбаралини қаерда кўрсанг ҳам ур дедим” деб мақтанган.

29 сентябрь куни эрталаб соат 9ларда мен онамни олдига кетаётган эдим. Кўчада Ғулом хотини Мехрангиз ва опаси Озодалар билан йўлимни тўсиб чиқишди. Мен уларга эътибор бермасдан, олдиларидан тез тез юриб ўтиб кетдим. Шунда Ғулом хотини Мехрангизга “Бор ортидан” деб топшириқ берганини эшитдим. Шундан кейин Мехрангиз менга бақириб, “Тўхта” деб орқамдан югуриб кела бошлади. Мен индамай, тез қадамлар ташлаб йўлимда давом этдим.

Орқамдан етиб келган Мехрангиз югуриб етиб келдида, олдимни тўсиб, ёқамга ёпишиб, мени ура кетди. Унинг ортидан етиб келган Озода ҳам Мехрангизга қўшилиб мени ура бошлади. Ғулом икки метрлар чамаси нарида туриб, бу иккала аёлга “Яхшилаб муштланглар” деб буйруқ бериб турди.

Мен бир амаллаб уларнинг қўлидан қутилиб чиқдим. Бу вақтда Мехрангиз мени чап елкамни тишлаб, тан жарохати етказишга улгурганди. Мен қочиб онамни олдигача югуриб кетдим. Улар орқамдан етиб бориб, 78 ёшли қариб қолган онам Шахархон Абдураҳимовани ҳам чидаб бўлмас сўзлар билан хақоратлар қилиб, “Қариганингда ўғлингни орқасидан қамоқхонама қамоқхона юрасан. Хали сенларни кунингни кўрсатамиз” деб масхаралар қилишди.

Бунингдек ҳақоратлар ва камситишларга чидай олмаган онамни аҳволи кескин ёмонлашиб, қон босими кўтарилиб кетди. Мен тез ёрдам чақиртириб, онамни Бойсун туман тез тиббий ёрдам марказига олиб бордим. Онамни қон босими 160 гача кўтарилиб кетгани унинг ҳаёти учун хавфли эди.

Лекин тез тиббий ёрдам машинасида олиб борилган беморни ўша куни навбатчиликда бўлган Жумаев Тоштемир деган врач кутиш залида узоқ кутишга мажбур қилди. Cўнгра онамни умуман текширмасдан, қон босимини ўлчаб ҳам кўрмасдан бир таблетка ёзиб берди холос. Мен унга “Онамнинг юраги касал, хозир безовта бўляпти, аввалдан юраги касал, қон босимини ўлчанг” десам у менга қараб “Сен менга ақл ўргатма беморларни қандай даволашимни” деб ўшқириб ташлади ва онамга малакали медицина ёрдами кўрсатмасдан кабинетига кириб кетди.

Оқ халат сохиби бўлмиш бу шифокорнинг қилмишидан қоним қайнагани учун касалхонани бош хисобчиси бўлмиш қўшнимиз Жумаев Бахромдан онамга малакали медицина ёрдами кўрсатишларига таъсир кўрсатишини, яъни ёрдам беришини сўрадим. У таниш врачларга айтиб, мени онамга медицина ёрдам кўрсатишларини айтди. Шундан кейин туман касалхонаси бош врачи ёрдамчиси Баходир Нормаматов мени ўз хонасига чақириб, “Сен нимага катталарга телефон қилдинг? Нега бизни докторлар устидан шикоят қиласан?” дедида, врач Жумаев Тоштемирга онамни текшириб кўриб, уйга жавоб бериб юборишини тайинлади.

Мен оғир аҳволдаги онамни касалхонадан таксига солиб, уйга олиб кетдим. Эртасига даволаниши учун онамни Термизга юбордим. Чунки онам уйда қолгудек бўлса яна бирорта фитна уюштирилса, онамнинг аҳволи янада ёмонлашиб қолишидан чўчиганим учун Термизда яшайдиган акамникига жўнатдим. У ерда акам “Ўтан Полвон” хусусий клиникаси кардиолог врачи Чори Жумаевга кўрсатиб, унинг берган йўлланмалари билан даволатди.

Абдураҳимова Шахарнинг медицина ҳужжати

Абдураҳимова Шахарнинг кардиограммаси

Онам Термизда 5 кун давомида даволаниб, бироз ўзига келганидан кейин уйга қайтиб келди. Шундан кейин худуд профилактика нозири Эргаш Бозоров бизникига келиб, 29 сентябрь кунги бўлиб ўтган жанжал тўғрисида онамдан тушунтириш хати олмоқчи бўлган. Онам эса яна хонадонимизга кириб келган милиция формасидаги шахсни кўриб, яна бизларга қарши бирор фитна уюштириляпти деган шубхага тушган.

Тушунтириш хатини ёзиб бериб бўлгунча қон босими яна кўтарилган онам боши айланиб йиқилиб тушган чап елкаси қаттиқ жарохатланиб, шу бугунгача унинг чап елка қисми гипсланган холатда юрибди.  

Менинг ўзимни ҳақлигимни суд орқали тиклаганим сабабли ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам, вояга етмаган қизчам ҳам, 78 ёшли ва касал онам ҳам фитналар, туҳматлар қурбони бўлаётганимиз сабабли 29 сентябрь кунги уюштирилган туҳмат кампанияси сабаб онамни соғлиги кескин ёмонлашганлиги ва Бойсун туман касалхонаси докторларининг жиноий қилмишларидан норозилик билдириб, айни шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал Қабулхонасига шикоят аризаси топширдим.

Мурожаатим рақами 111422-s/18, текшириш коди 382191а433 билан регистрация қилинди. Айни шу мурожаатимиз бўйича 16 октябрь куни бизлар билан сухбатлашиш учун Бойсун туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар Кенгаши раисаси Саодат Жўрақулова (+998935264723) ўзининг Интизор исмли ёрдамчиси билан хонадонимизга келди.

Биз унга бошимиздан ўтган барча кулфатларни тушунтириб айтдик. У эса менга қарши қўзғатилган жиноят ишини тугатиш учун “жабрланувчилар”им билан ярашишимни таклиф этди. Мен эса унга мени жиноят содир этганлигимни қонуний тарзда исботлаб беришлари ва менинг ва оилам вакилларининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тикланиши шартлигини билдирдим.

29 сентябрь кунги менга қарши уюштирилган хужумдан кейин, яъни менга тан жарохати етказганидан кейиноқ Мехрангиз Темировани гўёки мен томонимдан етказилган тан жарохати сабаб соғлигини йўқотган дея талқин қилиш мақсадида Бойсун туман марказий касалхонасига ётқизганлар. Шунингдек уни Сурхондарё вилояти суд тиббий экпертизаси бюроси экспертлари томонидан экспертизадан ўтказилган ва уни “енгил тан жарохати олган” дея талқин қилганлар.

Менга Мехрангиз Темирова томонидан етказилган тан жарохати, яъни мени елкамни тишлаб олганлиги юзасидан суд тиббий экпертизасидан ўтказишни талаб қилиб юриб, қарор чиқартиришга базўр эришдим. Лекин айнан шу 29 сентябрь куни Бойсун туман суд тиббий экспертизаси бюроси эксперти Юсуф Шобердиевнинг қабулига борганимда у ва унинг кабинетида бўлган прокуратура терговчиси Бахриддин Аллаёров ҳам менинг елкамдаги тишланган жойни, яъни жарохатимни кўргандилар.

Юсуф Шобердиев менга етказилган тан жарохатини кўрган бўлсада, бир жойда шошилинч иши бор эканлигини бахона қилиб, терговчи Бахриддин Аллаёров билан биргаликда кетиб қолди. 2 октябрь куни, яъни жарохат олган куним ва биринчи экспертизадан ўтган кунимдан 5 кун ўтганидан кейингина такрорий суд тиббий экспертизасидан ўтказиб, расмийлаштирди ва енгил тан жарохати олганлигимни қайд этди.

Бу борада Фармонов Ғуломнинг акаси Шерқул Чоршанбиева Рўзигулга бир неча марта қўнғироқ қилиб ва бир марта унинг уйига бориб, менга қарши кўрсатма беришини сўрабди. “Акбаралига қарши кўрсатма бер. Агар шуни қилсанг сенга 4 қоп ун бераман ва ҳар ойда бир қопдан ун бериб тураман. Прокурор Акбарга қарши кўрсатма ёздириб кел деган” деб очиқ ошкора айтган.

Чоршанбиева Рўзигул Шерқулнинг бу ғайриқонуний таклифини рад қилган ва 5 октябрь куни Бойсун туман ИИБ бошлиғи номига Фармонов  Шерқулнинг қонунга зид қилмишларидан, яъни ўзини сохта гувоҳлик беришдек жиноятга жалб қилаётгани устидан шикоят аризаси ёзиб топширган. Лекин бу шикоят ариза бўйича ҳам ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилаётгани йўқ.

Бу шантажчи аёллар шу куни менга “Қизингни Ғуломга хотинликка берасан” деб жанжал қилгандилар. Мени ўз хотини билан дон олишганликда айблаган Ғулом Фармонов мени 9 синфда ўқийдиган қизимни ўзига хотинликка беришни талаб қила бошлаш фитнасида нафақат маҳалла фуқаролари йиғини раиси, туман хокимияти вакиллари, балким тумандаги куч ишлатар тизимлар мансабдорлари ҳам иштирокчи эканликларига ишонишга мажбурман.

Мени вояга етмаган қизимни хавфсизлигидан хавотирланганим сабабли мактабга юборишга қўрқиб қолдим. Қизимнинг хавфсизлигидан чўчиганим боис уни мактабга юбора олмаслигим ҳақида мактаб директорини ёзма равишда огоҳлантирганман.

Лекин менга Жиноят Кодексининг 109 моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ҳабар бераркан терговчи мени қизимни мактабга юбора олмаганим сабаби ва буни айбдори ким эканлигига аниқлик киритиш ўрнига мени қизимни мактабга юбормаганим учун энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида жаримага тортишини билдириб, менга босим ўтказди, менинг важларимга эса умуман қулоқ солмади.

Бугун 23 октябрь куни Бойсун туман ички ишлар бўлимининг Рустам исмли терговчиси (+998912305349) мени ИИБга чақиртириб, менга нисбатан Жиноят Кодексининг 109 моддасининг (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказишини маълум қилди.

Қаранг маъмурий қамоқ жазосига тортиш бўйича ҳам, қасддан баданга енгил тан жарохати етказиш жинояти “содир этганлигим”да ҳам жабрланувчилар битта, Бойсун туман халқ қабулхонаси рахбари Аббос Холмўминовнинг қариндошлари.

Энди менга ва менинг оилам вакилларига қарши олиб борилаётган фитналарга Сурхондарё вилояти суд тиббий экспертиза бюроси ҳамда Бойсун туман суд тиббий экспертизаси бюроси экспертлари ҳам қўшилганлари, менинг қўлим тегмаган “жабрланувчилар”ни жиноят ишида жабрдийда қилиб кўрсатилган оқ халат сохиби бўлмиш шифокорларни сохта экспертиза хулосалари расмийлаштирганликлари жуда ачинарли холдир.

Бугунги мурожаатим орқали мени жиноятчига айланишимни чин дилдан истаётган кимсаларнинг юзларига ўзлари томонидан расмийлаштирилган ва суд қарори ва бошқа ҳужжатларда акс этган далилларни ойна сифатида юзларига кўрсатдим. Ахир айтадиларку “Башаранг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама” деб.

Ким ҳуқуқ берди бундай корчалонларга, суд томонидан ўз ҳуқуқини тиклаган инсонга бунингдек фитналар, туҳматлар уюштиришни, босимлар ўтказишни? Нахотки президентимиз айтган Сурхандарё халқини қонини ичган манфур мансабдорларнинг шармандали тақдирлари бугунги кунда менга ва оиламга босим ўтказаётган мансабдорларга дарс бўлмаган бўлса?!

22 октябрь кунги мени ва оилам вакилларини ўз ҳимоясига олган, Парижда яшовчи таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага қарашли интернет нашрида чоп қилинган “Бузилган ҳуқуқ ва эркинлигини суд орқали тиклаши ортидан жиноятчига «айланган» Бойсунлик маҳалла котиби тарихи” номли мақолада келтирилган далилларни ҳамда шу ерда баён қилинган далилларни атрофлича ўрганиб чиқишларингизни илтимос қиламан.

Ушбу юқорида кўрсатилган важлар асосида менга қарши ғайриқонуний текширув ва менга қарши уюштирилаётган фитналарга сабаб бўлаётган мансабдор кимсаларнинг ғайриқонуницй хатти ҳаракатларига ҳуқуқий бахо беришга ва менинг ҳақ ҳуқуқларимни ҳимоя қилишда амалий ёрдам беришларингизни Сизлардан сўраб қоламан.

Акбарали Абдураҳимов

24.10.2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.