Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар (кейинги ўринларда ватандошлар деб юритилади) билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини рағбатлантириш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ва ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмак бериш борасида муҳим ишлар амалга оширилди. 

Айни пайтда кўплаб ватандошларимиз иқтисодиётимиз, ижтимоий соҳа, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани – Ўзбекистоннинг обрўсини ошириш ҳамда унинг ташқи дунё билан муносабатларини мустаҳкамлашда муносиб ва сезиларли ҳиссаларини қўшиб келмоқда. 

Шу билан бирга, ватандошлар билан алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблиги ошаётган бир пайтда, улар билан самарали ҳамкорликни олиб бориш ва ислоҳотларни сифат жиҳатдан яхшилашда уларнинг салоҳиятини жалб қилиш борасида қуйидаги қатор муаммолар сақланиб қолмоқда: 

давлат органлари ва ташкилотларнинг ватандошлар билан алоқаларни ўрнатишнинг самарадорлиги паст даражада ва қисман эканлиги; 

иқтисодий, ижтимоий, инвестициявий, илмий-маърифий, маданий ва бошқа устувор лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишда ватандошларнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланмаслик; 

ватандошларнинг ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини оммалаштириш билан шуғулланадиган ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида комплекс ва узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги; 

хорижда таълим олаётган Ўзбекистон ёшлари билан ишлашга етарли даражада эътибор берилмаётганлиги, мамлакатга қайтганларидан кейин уларни иш билан таъминлаш тизимининг йўлга қўйилмаганлиги. 

Ватандошлар билан ҳамкорлик қилишнинг узоқ муддатли ва мустаҳкам тизимини яратиш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида: 

1. Ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий мақсадлари сифатида қуйидагилар белгилансин: 

халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари, истиқомат қилинаётган давлатнинг қонунчилиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга кўмаклашиш; 

ватандошларнинг Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилишга, уни жаҳон миқёсида ўрганиш ва оммалаштиришга, истиқомат қилаётган давлатларида ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистонда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш; 

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ва унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли, дўстона муносабатларини қуришга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ватандошлар ҳамда улар тузган ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш; 

ватандошларнинг Ўзбекистон ҳудудида профессионал, шу жумладан, тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишлари учун қулай ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яратиш; 

ватандошларнинг салоҳиятини Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга жалб қилиш. 

2. Қуйидагилар: 

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ; 

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

Белгилансинки: 

хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади; 

Концепция ва Чора-тадбирлар дастурининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади; 

Концепция ва Чора-тадбирлар дастурининг бажарилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади; 

Концепция ва Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар орқали молиялаштирилади. 

Вазирлик ва идоралар раҳбарларига Концепция ва Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни сифатли ҳамда ўз вақтида бажариш ва ҳар чоракда уларни амалга ошириш ҳолати борасидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этиш бўйича шахсан жавобгар эканликлари кўрсатиб ўтилсин.

3. Концепция ва Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Комиссия ташкил қилинсин ва унинг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов): 

Концепция ва Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ҳолатини самарали мувофиқлаштиришни, тизимли мониторингини ҳамда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига уларнинг бажарилиши бўйича маълумот тақдим этишни таъминласин; 

оммавий ахборот воситаларида Концепция ва Чора-тадбирлар дастурининг амалга оширилиши тўғрисида аниқ кўрсаткичлар ва натижаларни ифодалаган ҳолда ахборот-таҳлилий шарҳларни тизимли равишда тайёрлаш ва чоп этиш бўйича чоралар кўрсин; 

зарур ҳолларда ватандошлар ва уларнинг ташкилотларини Концепция ва Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган долзарб масалаларни муҳокама этишга жалб қилсин; 

ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш бўйича чоралар кўрсин, Ўзбекистон Республикасининг жамоат ташкилотлари ҳамда ватандошларнинг хориждаги ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни, улар ўртасидаги алмашинувни рағбатлантирсин ва қўллаб-қувватласин. 

5. Белгилансинки, ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиқиб, уларга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрсатилиши мумкин:

кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш; 

юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш; 

ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш; 

давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш; 

ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалаларини тўлиқ (қисман) молиялаштириш; 

ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш; 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш; 

ватандошлар – хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратиш; 

ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш; 

Ўзбекистон Республикасининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш; 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан кўрсатиладиган бошқа қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари. 

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик ва масъулиятли лавозимларига жалб қилиш борасида зарур чора-тадбирларни мунтазам амалга оширсин ҳамда уларга манфаатдор вазирлик ва идораларга ишга кириш, яқин алоқалар ўрнатиш бўйича тўлиқ ёрдам кўрсатсин. 

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини ҳамда Концепция ва Чора-тадбирлар дастурининг амалга оширилиши ҳолатини ёритиш юзасидан мақолалар ва мавзули дастурларни ташкил этсин. 

8. Ташқи ишлар вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 25 октябрь 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.