Kun.uz: Таъқиқланган ташкилот таркибига кириб қолганларни афв этиш тартиби қандай бўлади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони имзоланганди.
Фармонга мувофиқ, низом қабул қилинган бўлиб, у террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатларини тақдим этиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Низом бандлари ва комиссия фаолиятига оид саволларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жавоб бериб, айрим ҳолатларга расмий изоҳ берди.
Бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган чет элдаги Ўзбекистон фуқароси ўзини айбдор ҳисобламаса, тўлиқ оқланишини талаб қилмоқчи бўлса, у ҳолатда бу фуқаро ҳам комиссияга мурожаат қилиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, унда қай тарзда мурожаат қилади?
Низомнинг 3-боб, 10-бандига кўра, Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири, бу – тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашдир.
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига асосан, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади. Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.
Шунингдек, «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5542-сонли Фармони ва юқорида келтириб ўтилган Низомга асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жиноий жавобгарликдан озод қилиниши учун бир нечта ўзига хос талаблар қўйилган бўлиб, шулардан бири «Ўзбекистон Республикаси фуқароси айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган» бўлишидир.
Юқоридагиларга асосан, террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси мурожаат қилиши мумкин, бироқ фуқаро жиноий жавобгарликдан озод қилиниши учун у Фармон ва Низомнинг талабларига тўлиқ жавоб бериши лозим.
Низомдан маълум бўладики, фуқарони жиноий жавобгарликдан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасида белгиланган асосларга кўра жиноят ишини тугатиш тарзида амалга оширилади. Шунда айблилиги ҳал қилинмай туриб озод қилинса, унда фуқаро оқланган бўладими?
Низомнинг 1-боб, 3-бўлимига кўра, жиноий жавобгарликдан озод этиш Комиссиянинг тегишли хулосаси асосида дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 84-моддасига мувофиқ амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳолатда фуқаро оқланган ҳисобланмайди. Фуқаронинг айблилик тўғрисидаги масаласи ҳал қилинмай туриб унга нисбатан тегишли орган тарафидан ЖПКнинг 84-моддасига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилади.
Ишчи гуруҳ жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва бошқа шахсларни таклиф қилиш ҳуқуқига эга. ННТ лардан кимларни таклиф қилиш режалаштирилган? Ва ННТ лардан қандай фойдаланилади? Бошқа шахслар деганда кимлар назарда тутилган?
Ҳақиқатан, Низомнинг 2-боб 8-бандига асосан, ишчи гуруҳ жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва бошқа шахсларни таклиф қилиш ҳуқуқига эга.
Шу меъёрга кўра, ишчи гуруҳ зарурият пайдо бўлганида, мурожаат ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида, зарур бўлган ҳар қандай давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва бошқа шахсларни таклиф қилиши мумкин. Бунда, ННТларни аниқ бир рўйхати шакллантирилмаган, барчаси мурожаат ҳолатидан келиб чиқилади. Бошқа шахслар деганда эса, экспертлар, мутахассислар ёки зарур бўлган ҳолларда гувоҳлар, холислар каби шахслар тушунилади.
Агар жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс хорижий давлатда бўлса, у яшайдиган давлатда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси бўлмаса ҳамда энг яқин ваколатхона ҳам узоқда бўлса, унда қандай йул тутилади? Фуқаронинг Ўзбекистондаги қонуний вакили, адвокати фуқаро номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгами?
Юқорида қайд этилганидек, Фармон ва Низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жиноий жавобгарликдан озод қилиниши учун бир нечта талаблар қўйилган бўлиб, шулардан бири Ўзбекистон Республикаси фуқароси айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келиш талабидир.
Шунга кўра, жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан, террористик ва экстремистик хусусиятдаги жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган (қидирувда бўлган) шахслар томонидан Комиссия раиси номига ёзилади ҳамда ёзма шаклда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд ёки бевосита Комиссияга шахсан тақдим этилади.
Агар жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс хорижий давлатда бўлса, у Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасига (бундан буён матнда дипломатик ваколатхона деб юритилади) шахсан келиши, дастлабки суҳбатдан ўтиши ва Комиссия раиси номига мурожаат тақдим этиши шарт.
Ишчи гуруҳ ҳар бир вилоятда ташкил қилинадими? Ёки ишчи гуруҳ фақат Республика пойтахтида ишларни кўриб чиқадими?
Фармонга мувофиқ, комиссиянинг ишчи органи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги.
Асосий ишчи гуруҳ ҳам ИИВ негизида шакллантирилган. Бироқ, жойларда ҳам доимий ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, улар ИИВда шакллантирилган ва фаолият юритаётган доимий ишчи гуруҳига мурожаатлар юзасидан ҳужжатлар йиғилишида ва бошқа зарур бўлган ҳолларда кўмаклашиши кўзда тутилган.
Низомда назарда тутилган шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжудлигини аниқлаш борасида сўз юритилган. Низомнинг шу қисмига изоҳ берсангиз, қайси тўсқинликлар ҳақида гап кетмоқда?
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қуйидаги ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги кўрсатилган, жумладан:
– айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса;
– жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса;
– тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса;
– тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса;
– жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса;
– террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса;
– террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса;
– халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса;
– террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса.
Агар террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, мазкур талабларга тўлиқ жавоб берса, бу ҳолатда ушбу фуқароларимизнинг жиноий жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Низомда комиссия томонидан жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаат келиб тушган кундан бошлаб бир ой ичида кўриб чиқилади, дейилади. Ушбу бир ойлик муддат қачондан бошланади? Масалан, фуқаро чет элдаги ваколатхонага мурожаат қилди, шу мурожаат кунидан бошлаб бир ой ичида комиссия хулосаси чиқадими?
Низомга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки судларга тақдим этилган жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, бир иш куни ичида Комиссия ишчи органига юборилади.
Дипломатик ваколатхонага тақдим қилинган мурожаатлар, мазкур Низомнинг 14 ва 15-бандларида назарда тутилган тадбирлар (шу жумладан, Ишчи гуруҳ аъзолари билан ҳамкорликда) ўтказилганидан сўнг, қуйидаги материалларни илова қилган ҳолда дипломатик почта билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Комиссия ишчи органига юборилади:
мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг дипломатик ваколатхона томонидан тасдиқланган нусхаси (фуқаролик паспорти, фуқаролик паспорти бўлмаган ёки унинг амал қилиш муддати тугаган ҳолларда ушбу муассаса томонидан берилган Ўзбекистон Республикасига қайтиш сертификатининг тасдиқланган нусхаси);
мурожаат қилган фуқаронинг шахсига оид маълумотлар, шунингдек, ўтказилган суҳбат натижалари кўрсатилган, Комиссия томонидан тасдиқланган шаклдаги анкета;
мурожаат қилган шахс томонидан тақдим этилган, жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги масалани ҳал этишда аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, фотосуратлар, аудио, видеоёзувлар ва бошқа материаллар;
бошқа шахсларнинг мурожаат қилган фуқаро ҳақида қўшимча маълумот сифатида берган тушунтириш хатлари.
Комиссия томонидан жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаат келиб тушган кундан бошлаб бир ой ичида кўриб чиқилади.
Ишчи гуруҳ мурожаатни ҳар томонлама ўрганиб чиққандан кейин яна қандай тўсқинлик аниқланиши мумкин?
Ишчи гуруҳ мурожаатни ўрганиб чиққанидан сўнг, Фармон ва Низомда кўрсатилмаган қўшимча ҳолатларни асос қилиб, мурожаатни қаноатлантирмаслигига қўл қўйилмайди. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича хулоса қабул қилиш фақатгина Фармон ва Низом талабларидан келиб чиқилади.
Бу фармон Ўзбекистон ҳудудидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларга хам татбиқ қилинадими? Татбиқ қилишда қандайдир чекловлар борми?
Низом шарт ва бандлари маҳкумларга қўлланилмайди. Бу нормалар фақат жиноий таъқиб остидаги, жиноий жавобгарликдан озод этилиши назарда тутилаётган шахсларгагина амал қилади
Айни пайтда ҳудудлардаги қуйи ИИБ вакиллари фармон мазмуни, комиссия фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмас. Шу туфайли, тушунмовчиликлар келиб чиқяпти. Комиссияга мурожаат этишнинг ягона алоқа рақамлари борми?
Мавжуд. Ички ишлар вазирлигига 71 256-36-18, Бош прокуратурага эса 71 233-28-67 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.
Маълумот учун, президент фармонига асосан Комиссия ишчи органи фаолиятини ташкил этиш мақсадида Ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, ушбу гуруҳ таркибига Бош прокуратура, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари ва Олий суд судьяси, шунингдек Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқидан масъул ходимлари киритилган.
Fikr bildirish