М.Тожибоева: Ҳимоямдаги «Жиҳодчилар» гуруҳи «етакчиси», унинг «жиноий шериклари» маъмурий ҳамда жиноят ишини махсус комиссия қайтадан кўриб чиқишини талаб қиламан!

«Террористлар етакчиси» Озат Масабуров

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш ишлари бўйича махсус комиссияга 

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти, «террористик гуруҳ етакчиси», 12 нафар фарзанднинг отаси, умрбодлик 2 гуруҳ ногирони Озат Масабуров ва унинг ўғли Мустафо Масабуровни, Озат Масабуров бошчилик қилгани айтилаётган «экстремистик гуруҳ» вакиллари Баходир Ўразбоев, Ғайрат Рўзметов ва бошқаларнинг ишончли вакили Мўътабар Тожибоевадан

ТАЛАБНОМА

ҲИМОЯМДАГИ «ЖИҲОДЧИЛАР» ГУРУҲИ  ЕТАКЧИСИ» ВА УНИНГ «ЖИНОИЙ ШЕРИКЛАРИ»НИНГ МАЪМУРИЙ ИШЛАРИ ҲАМДА  ЖИНОЯТ ИШИНИ МАХСУС КОМИССИЯ НАЗОРАТИГА ОЛИБ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚСИН.

Республика бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра террористик, экстремистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш ишлари бўйича махсус комиссия тузилди ва у фаолиятини бошлаган.

Маълумот учун, сўнгги икки йилда 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.

Махсус Давлат Комиссияси бугунги кунда қамоқларда қолаётган сиёсий, диний маҳкумлар ҳамда қийноқлар ва адолатсиз судлов қурбонлари хисобланмиш маҳкумларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилишидан аввал маъмурий қамоқ жазосига тортилган ишлар билан биринчилардан бўлиб танишиб чиқиши даркор.

Чунки қонунга зид равишда ҳибсга олиниб, бир неча кунга маъмурий қамоқ жазосига тортилиб, мана шу муддат оралиғида ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, жиноят ишлари қўзғатилиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиш Ўзбекистон шароитида одатий ҳолга айланган.

Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда бирор инсонни қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, босқинчилик, ғайриқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби ўта оғир жиноятларда айбловни бўйнига қўйишдан аввал Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг (МЖтК) 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) моддалари билан айблаб, ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш амалиёти диктатура режими ҳукмронлик қилиб келган йилларда кенг тарқалганди.

Бундай инсонларни ҳибсга олишда маълум бир куч ишлатар тизимлар фойдасига ишлайдиган маҳалла фаоллари, посбонлар, “қулоқлар”, енгилтабиат аёллар ва шунга ўхшаш жамиятнинг чиркин унсурлари хизматларидан фойдаланилади.

Маъмурий қамоққа олинганлар адвокат хизматидан маҳрум қилинадилар, яъни ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйиладилар. Бу орада уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилади ва натижада улар ўзлари содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишга мажбур бўладилар.

Бундай усуллар қамоқдан озод бўлган ва давлат назоратида турган собиқ маҳкумларга нисбатан ҳам кўп қўлланилади. Чунки одатда бу собиқ маҳкумлар қайта жиноятлар содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига киради.

Бундай инсонлар очилмасдан келаётган ўта оғир жиноят ишларини ёпиш мақсадида содир этмаган жиноятларига иқрор қилинадилар ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига қайтадан ҳукм қилинадилар. Афсуски бунингдек усуллар диктатура режимининг қилмиши эканлиги ва ортда қолганига умид қилгандик. Лекин Шавкат Мирзиёев замонида ҳам мана шундай усуллар билан террорчилар, экстремистлар ясашни давом эттирмоқдалар.

Тузилган махсус комиссия террористик, экстремистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган дея қораланган, аслида бу айбловлар босимлар, қийноқлар остида қўйилган бўлса ва бу «террористлар» ўзлари содир этмаган жиноятларини тан олмаган бўлсалар бу махсус комиссия уларни ишларига ҳаққоний ёндашиб, уларни жавобгарликдан озод этадиларми?

Ушбу саволимизга жавобни жиноят иши қўзғатиш мақсадида 2016 йил 15 сентябрь кунги уюштирилган маъмурий ишни 24 январь куни қайтадан судда кўриладиган Хоразм вилояти Урганч туманида яшаган, умрбодлик 2 гуруҳ ногирони Масабуров Озат Бегжанович мисолида кўрамиз.

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номидан ташкилотнинг Президенти мен, Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш ишлари бўйича махсус комиссиясидан «…бир гуруҳ шахслар билан фаолияти таъқиқланган “жиҳодчилар” диний экстремистик оқими ғояларидан сабоқ олиб, Ислом динига зид амалларни бажаришга даъват қилиб, қонунга хилоф равишда таъқиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялари йўғрилган жамоат тузишиб, унда бевосита раҳбарлик қилиб, тарғибот ташвиқот ишларини амалга «ошириб» келган», яъни «террористик гуруҳ етакчиси», 12 нафар фарзанднинг отаси, умрбодлик 2 гуруҳ ногирони Озат Масабуров ва унинг ўғли Мустафо Масабуровни, Озат Масабуров бошчилик  қилгани айтилаётган «экстремистик гуруҳ» вакиллари Баходир Ўразбоев, Ғайрат Рўзметов ва бошқаларга қарши уюштирилган сохта маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноят ишини ўз назоратига олишини қатъий талаб қиламан!

Масабуров Озат Жиноят кодексининг 159 моддаси 1-қисми, 244-1-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 244-2-1-қисмида назарда тутилган жиноятни «содир» қилгани учун 5 йил 3 ой муддатга озодликдан махрум қилинган ва жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтамоқда.

Суднинг ҳукмига кўра Озат Масабуровнинг Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатни қоралаб, бир гуруҳ шахслар билан фаолияти таъқиқланган “жиҳодчилар” диний экстрмистик оқими ғояларидан сабоқ олиб, Ислом динига зид амалларни бажаришга даъват қилиб, қонунга хилоф равишда таъқиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялари йўғрилган жамоат тузишиб, унда бевосита раҳбарлик қилиб, тарғибот ташвиқот ишларини амалга ошириб келган.

Биз Масабуров Озатни қандай қилиб «террорчилар етакчиси»га айлангани ҳақидаги хикоямиз билан таништиришимизни ваъда қилгандик. Озат Масабуров етакчиси бўлган “террорчилар” гуруҳи аъзолари дея қораланган Хоразм вилояти Урганч тумани «Чаккашоликор» қишлоғида яшаб келган Масабуровнинг яқинлари даставвал 2016 йилнинг 19 сентябрь куни “Майда безорилик» ҳуқуқбузарлиги содир этганликда айбланиб, сохта айбловлар билан маъмурий қамоқ жазосига тортганлар.Бу “террористлар” 1961 йил 12 март куни туғилган Жуманиязов Кўлапбай Ибрагимович, 1974 йил 12 сентябрда туғилган Рўзметов Ғайрат Комилович, 1973 йил 5 ноябрь куни туғилган Масабуров Матяқуб Салиевич, 1972 йил 6 февраль куни туғилган Ўразбаев Баходир Азадовичлар ташқи оламдан ажратиб олиниб, уларга қийноқлар қўллаб террористларга, экстремистларга айлантирилиб, маъмурий қамоқдан озод бўладиган паллада, яъни 5 октябрда қамоққа олинганлар. Бугунги кунда улар Ўзбекистондаги турли қамоқхоналарда ўз қамоқ жазосини ўтамоқдалар.

2016 йилнинг 19 сентябрь куни Мусобировни ўғли Мустафо Масабуров, Озат Масабуровнинг яқин қариндошлари Масабуров Усмон, Масабуров Умар, Хабибуллох Масабуров, Матёқуб Масабуров ва бошқа яқинларини ҳам сохта айблар билан қоралаб, “майда безорилик” ҳуқуқбузарлиги содир қилганликда айблаб, суднинг сохта қарори билан 15 суткаданга маъмурий қамоқ жазосига тортганлар.

Маъмурий қамоққа олиб, уларни қийнаб, калтаклаб, азоблаб, ўзларига ҳамда Озат Масабуровга қарши кўрсатма беришга, ўзлари истаган коғозларга имзо чекишга мажбур қилганлар.

Маъмурий қамоққа олинган Масабуровнинг яқинларига нисбатан қийноқлар қўллаб, уларнинг ғайриқонуний талабларини бажармаганликлари учун ҳам Масабуровнинг жиноий шериклари сифатида жиноят иши очиб, улар содир қилмаган жиноятларни бўйниларига илиб қамоқ жазосига ҳукм қилганлар.

 Озат Масабуров ўзининг шикоят аризаларида қуйидагиларни баён қилади:

“…Ўғлим Мустафони орқа бел қисмидаги дубинка излари хали ҳам турибди. Ўзларини талабларини бажармайдиган бўлсам ўлдириш билан қўрқитишганди. Шу ваъдаларини амалга ошириб Олмалиқдаги жазони ижро этиш муассасида ўзларига хизмат қиладиган “лохмач” махкумлар ёрдамида менга қарши икки марта суиқасд уюштирдилар.

Касаллик туфайли жазони ижро этишга лаёқатлиликни аниқлаш холати бўйича ЖИЭМдан келган комиссия аввалги сафар ҳам мени 2018 йил апрель ойида ММИК (маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхона)да кўрган, у сафар менинг ҳужжатларим 15 кун мухокамада ётган эди.

Бу сафар ҳам худди ўша шахс, яъни бир кишидан иборат комиссия келди. У шахс мени текширгани келганида БИРИНЧИ саволи «Статянгиз?» – яъни қайси модда билан қамалганим, иккинчи саволи «Қанча срок қолган?» – бўлди. У мени ХАТТО диққат билан текширмадиям. 

Агар у бу сафар менинг касаллигим туфайли жазони ўташга нолойиқлик тўғрисидаги комиссия хулосасини судга тақдим этса ўз ўзини фош этишини билгани учун ҳам мана икки ойдан ошди, атайин вақтни чўзяпти. Ҳамма ҳужжатларимни, хатто ўз хисобимдан анча пулга туширилган МСХТ рентген пленкаларимни ҳам олиб кетган. Шу сабабли хозир холат мени тўғри аниқ, керакли муолажа олишимга анча тўсқинлик қилаяпти.

Менда прокуратура, МХХ, СУД, ИИБ тизимига умуман ишонч қолмади. Сиздан илтимосим шуки мени шикоятларимни Ўзбекистон Республикаси Президенти Мирзиёевга ва бутун ДУНЁ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига етказсангиз.

Хурмат билан Масобуров Озат Бегжонович. Олдиндан катта рахмат, яхшилигингиз худодан қайтсин».

Масабуров шундай тарздаги ёзган шикоят аризаларида тухматлар билан адолатсиз судлов қурбони бўлган шерикларини ҳам ўз ҳимоямизга олишимизни сўраб мурожаат қилган.

Озат Масабуровни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айблаган “жабрланувчи” Султанова Гулора Юсуповна Маъмурий ишлар бўйича Хоразм вилоят судига 21 январь кунги ёзган аризасида қуйидагиларни баён қилган:

“Ушбу аризамни мазмуни шундан иборатки, 2016 йил 15 сентябрь куни Масабуров Озат Бегжонович менга нисбатан хеч қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмади, яъни мени ҳақорат қилгани йўқ. Мени алдов йўли билан унга қарши кўрсатма беришга эришилди. Мен ўз ихтиёрим билан бу аризани ва кўрсатмани бермадим. Аксинча мен Масабуров Озат Бегжонович маъмурий ҳуқуқузарлик содир этмаган деб гувоҳлик бераман.

Мени 2016 йил 15 сентябрь куни хеч ким ҳақорат қилмаган. Бу оддий оилавий келишмовчиликни катталаштириб, маъмурий жазо тайинлаш адолат юзасидан нотўғри деб биламан. Мени ўша пайтдаги берган кўрсатма аризамни асоссиз, сохта мажбурият юзасидан берилган деб топишингизни ва 2016 йил 15 сентбрь кунги Урганч туман суди чиқарган қарорни бекор қилишингизни сўрайман”.

 Озат Масабуров эса ўзининг маъмурий жавобгарликка тортилган палласидаги қонунбузарликлар ҳақида қуйидагича шикоят аризаси берган:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 1962 йил 10 март куни Хоразм вилояти Урганч тумани «Чаккашоликор» қишлоғи «Шоликор» маҳалласида туғилган, ўрта маълумотли, ўзбек миллатга мансуб, оилалик, 12 нафар фарзанднинг, шулардан 8 нафар вояга етмаган болаларни отаси, ўзи ва турмуш ўртоғи умрбодлик 2 гуруҳ ногирон бўлмиш Масабуров Озат Бегжоновични ЖИБ Урганч туман судининг 2016 йил 15 сентябрь кунги уни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 моддаси билан айбли деб топиб, энг кам ойлик иш ҳақи 130 240 сўмнинг 5 баробари миқдорида, яъни 651200 (олти юз эллик бир минг икки юз) сўм миқдорида жарима жазоси тайинлаб чиқарган қароридан қуйидаги сабабларга кўра норозиман.

1. Мен – Озат Масабуровни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини суд қарорида ёзилганидек судья М.Махмудов эмас судья Хайитбоев кўриб қарор чиқарган.

2. Менга ўз ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш учун ҳимоячи адвокат олиш учун хеч қандай имконият берилмади мени ишимни судга тайёрлаш жараёнида бу иш тўғрисида хеч ким хеч нарса сўрамади. Бу ҳақда тушунтириш хати ҳам ёздиришмади. Мени 15 сентябрь куни эрталаб соат 11.00ларда МХХ Хоразм вилоят бошқармаси биносидан чиққач қўлларимни орқага қайириб, ногирон ва касал бўлишимга қарамасдан кечки соат 20.00гача қўлимга кишан уриб жисмонан ва рухан азоблаб, шу вақт ичида хонадонимда қонунга зид равишда тинтув уюштиришган.

3. Менга нисбатан бу маъмурий жазо қасддан уюштирилди. Шу сабабдан қарорда воқеа жойи ва вақти аниқ кўрсатилмаган ва хеч қандай қўшнилар гувоҳлиги келтирилмаган, аксинча маҳалла посбонлари Болта Абдуллаев ва Фарход Бобожоновлар хеч қандай кўрмаган ишига ёлғон гувоҳлик беришган. 2016 йилнинг 19 сентябрь куни мени ўғлим Масабуров Мустафога қарши расмийлаштирилган маъмурий қамоққа олиш ишида айнан шу кимсалар Фарход Бобожонов жабрланувчи, Болта Абдуллаев эса гувоҳ бўлиб қатнашган, шуни ўзи ҳам бу иш уюштирилганлигига далил бўлади.

4. Г.Султонова эса менга нисбатан 2004 йилдан хозирги кунгача бир неча маротаба тухмат уюштирган. Шулардан бириси 2016 йилда Урганч туман ИИБ терговчиси Бекзод томонидан рад қилинган. Яна бири Урганч туманлараро фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан рад қилинган. Г.Султоновани асли ким эканлинини мен тушунтириш хатимда батафсил кўрсатиб ўтганман.

5. Мен 2016 йил 15 сентябрь куни тобим қочиб даволаниш мақсадида Урганч туман марказий касалхонасига борганимда Г.Султанова менга телефон қилиб, расман менинг қарамоғимда қолган болаларимни олиб кетаётганини айтди. Мен эса унга «Суднинг қарорисиз олиб кета олмайсан» дедим. У «Сен қийналиб туққанмисан? Олиб кетаман» деб бақирди. Мен унинг яна бир туҳмат уюштириб қўйишидан хадиксираб, дарҳол Урганч туман ИИБга бордим. У ерда навбатчи менга «Чаккашоликор» қишлоғининг худуд профилактика нозири Русланни чақириб берди.

Мен Русланга вазиятни тушунтириб, менга Г.Султанова туҳмат қилиб қўйишини олдини олиш мақсадида хонадонимга мен билан бирга боришини сўраганимда бу иш унинг хизмат вазифаси бўлсада у ҳар хил важлар топиб боришдан бош тортди. Мен ноилож иккинчи нозир Азаматни қидириб милиция таянч пунктига кетдим. Тахминан бир соатлар ичида Азаматга камида 20 мартадан ортиқ қўнғироқ қилганман. У ҳар сафар қаердалигини менга айтмасдан, ўзингиз бораверинг деб жавоб берди.

Мендан олдин хонадонимга бориб вазиятни кўриб, мени хали уйимга бормаганимни билгач мени чақириш ёки кутиш ёки Г.Султонованинг хатти ҳаракатлари қонунга зид эканлигини тушунтириш ўрнига хонадонимга борган, вазиятни ўрганмасдан, дархол ортига қайтган ва панада ўтириб мени келишимни кутган.

Мен хонадонимга борганимдан кейин эса Г.Султонова унга бир мартагина телефон қилиши биланоқ беш минут ичида Азамат маҳалла посбонлари Б.Абдуллаев ва Ф.Бобожоновлар билан биргаликда етиб келиб, нима гаплигини сўраб суриштирмасдан дарҳол мени ўзи билан бирга олиб кетишга уринди. Мен бу ишларни қасддан уюштирилганини сезгач ўз машинамда улар билан бирга кетдим. Ва шу кетишда тўғри МХХ идорасига бориб шикоят қилдим.

Ҳақлигимни исботловчи тушунтириш хати ва 15 сентябрь кунги телефон сухбатлари аудио ёзувларини уларга тақдим қилганман».

2016 йилнинг 15 сентябрь кунги Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг Масабуров Озат Бегжановични Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айблаб, маъмурий жаримага тортганлиги ғайриқонуний эканлигини исботи ушбу суд қарорини ўзида яққол кўриниб турибди.

Масабуров Озатга нисбатан расмийлаштирилган ушбу маъмурий ишда жабрланувчи, жиноят ишида асосий гувоҳ сифатида ўтган Г.Султонова маъмурий суд қарорида ёзилишича қуйидаги тарзда кўргазма берган:

“…Жабрланувчи Г.Султонова собиқ турмуш ўртоғи О.Масабуров билан 2012 йилда никоҳдан ажрашганлигини, унинг 2 нафар ногирон қиз фарзанд кўрганлигини, бу икки нафар фарзандлари фуқаролик судининг хал қилув қарорига асосан собиқ турмуш ўртоғи О.Масабуровнинг қарамоғида қолдирилганлигини, хозирда ушбу қарорни бекор қилиш бўйича шикоят ариза ёзганлигини ва ушбу фуқаролик иши 2016 йил 16 сентябрь куни кўрилишини, шу сабабли суддан олдин, яни 2016 йилнинг 15 сентябрь куни қизларини кўриш учун борганлигини айтади.

У қизларини аянчли аҳволда эканликлари кўрганлигини, уларни бундай аҳволда кўриб жуда сиқилганлигини ва шу сабабли қизларини ўзи билан бирга олиб кетишга қарор қилганини, қизларни олиб кетмоқчи бўлганида Озат Масабуровни ўғли Мустафо Масабуров отаси келмагунича қизларни олиб кетишига йўл қўймаслигини айтганидан кейин ўзи собиқ турмуш ўртоғига телефон қилганлигини айтган.

Озат Масабуров телефонда унга “Қизларни олиб кетмайсан, агар олиб кетсанг ёмон қиламан” деб айтганидан кейин ”Нима қилсангиз қилаверинг, барибир уларни олиб кетаман” деган. Бироз вақт ўтганидан кейин туман ИИБ ходимлари келиб, нима гаплигини сўраганлар. Султонова ИИБ ходимларига қизларини кўриш учун келганлигини айтган. Буни эшитиб,  жанжал йўқлигини кўрган туман ИИБ ходимлари қайтиб кетишган.

Орадан бироз вақт ўтиб, собиқ турмуш ўртоғи Озат Масабуров келганлигини, келиб қизларни машинасига ўтказиб, уларни ўғли Мустафо билан қаергадир жўнатиб юборган. Кейин собиқ турмуш ўртоғи Озат Масабуров уни қўни қўшнилари олдида ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаънини камситиб, оёғининг тагига олиб, уни йиқитиб, урган. Кейин у секин ўрнидан туриб, туман ИИБга бориб, бўлиб ўтган воқеаларни баён қилиб, собиқ турмуш ўртоғи Озат Масабуровга қонуний чора кўришни сўраб ариза берган. У собиқ турмуш ўртоғини қилган қилмиши учун кечирмаслигини, унга қонун доирасида чора кўришни сўраб, тушунтириш берди”.

2014 йилда Озат Масабуровнинг турмуш ўртоғи Каримова Каромат ўзининг умрбодлик туғма ногиронлиги, яъни чап қўли йўқлиги сабабли ўз розилиги билан турмуш ўртоғини Гулора Султоновага уйланишига бош қош бўлган.

Масабуров олдин 3 марта турмуш қурган Гулора Султоновага уйланганидан кейин унинг собиқ турмуш ўртоғи қўлида қолиб кетган 3 ёшли ўғли Муҳаммадни олиб, суд қарорига асосан уни ўз оталиғига олган, ўз фамилиясини берган.

Кейинчалик Озат Масабуровдан туғилган чақалоғи Солиҳани эмизмасдан “Сут ҳаққи бермасанг эмизмайман” деган. Бу холат иккинчи туғилган чақалоғи Нурияни ҳам худди шу талаб билан эмизмаган.

Султонова эмизикли гўдакларини аямасдан калтаклар, хатто уларни ташлаб, Хозарапсдаги онасини уйига қолиб кетар, ёки фарзандларини отасига бериб юборарди. Бундай томошалар жонидан ўтган Масабуров 2013 йилнинг 22 июнь куни Султонова билан ажрашиб кетган.

Аслида ногирон бўлмаган гўдак қизчаларини судда ногирон деб атаб, ёлғон кўрсатма берган, уларни собиқ турмуш ўртоғи Масабуровга ташлаб кетган Султонова ўша кетган кунидан бошлаб 2016 йил июнь ойигача болаларидан умуман хабар олмаган. Алиментдан қарздорлиги 30 миллион сўмга етган ва мажбурий ижро бюроси томонидан алимент тўловини талаб қилаётган Масабуровни овозини ўчириш мақсадида тухматлар уюштириб, нафақат уни Масабуровнинг бошқа яқинларини ҳам қамалиб кетишларига сабабчи бўлган.

Маъмурий суд пайтида Озат Масабуров Султонова суднинг қарорига асосан ўз қарамоғида қолдирилган болаларини олиб кетмоқчи бўлаётганини билгач, милиция ходимларига уйига етиб боришларини сўраб мурожаат қилган Масабуров уйига етиб борган, милиция ходимлари келмаганларини кўргач, Султовани урмасдан, ҳақорат қилмасдан уйидан кеткизиб юборганини баён қилган.

Орадан бироз вақт ўтгач ўзи ва гўдак болаларини ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган Масабуровни ИИБ бўлимига олиб кетишга харакат қилган ИИБ ходимларидан қочиб МХХ Хоразм вилоят бошқармасига бориб, ўзини қабул қилган ходимга шикоят қилган. МХХ ходими прокуратурага мурожаат қилишини айтган Масабуровни чиқариб юборган. МХХ биносидан чиққан Масабуровни кутиб турган туман ИИБ ходимлари уни қўлга олиб, қўлига кишан солиб суд залига олиб борганлар.

 Ушбу далиллар ғайриқонуний тарзда расмийлаштирилган ва адолатсиз суднинг судлар ҳақидаги қонунга зид равишда куч ишлатар тизимлар мансабдорларининг жиноий қилмишларини қўллаб келганларини исботлайди.

 Юқоридагиларни эътиборга олган холда мен асос солган ва бошқараётганим Францияда давлат рўйхатидан ўтган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда кўмак беришни сўраб шикоят аризалар берган Масабуровлар оиласи вакиллари Озат Масабуров ва ўғли Мустафо Масабуров, шунингдек Озат Масабуров бошчилик қилгани айтилаётган уюшган жиноий гуруҳ» вакиллари, Озат Масабуровнинг «жиноий шериклари» Баходир Ўразбоев, Ғайрат Рўзметовни оила аъзолари томонидан берилган ишончномага асосланиб, маъмурий жарима, маъмурий қамоқ ҳамда узоқ йилларга қамоқ жазосига тортилган барча жабрдийдалар ишини ҳукумат махсус комиссия таркибида кўриб, қалбаки айбловлар расмийлаштирган мансабдорларнинг жиноий қилмишларига жавоб беришларини таъминланишини талаб қиламиз.

Ушбу мурожаатномага менинг номимга расмийлаштирилган ишончномалар ва бошқа мухим ҳужжатларни қўшиб тақдим қилмоқдамиз.

 Мўътабар Тожибоева

“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти

 31 январь 2019 йил.

Ҳимоячимиз Мўътабар Тожибоева томонидан расмийлаштирилган ушбу талабнома талабларига тўлиқ қўшиламиз ва бизлар томондан Тожибоева номига берилган ишончномаларни ҳам ушбу талабномага қўшиб тақдим қиламиз.

Каромат Каримова (Мустафо Масабуровни онаси):

 Мустафо Масабуров (Озат Масабуровни ўғли):

 Озод Ўрозбоев (Баходир Ўразбоевни отаси):

 Матжонова Зиваржон (Рўзметов Ғайратни онаси):

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.