Мўътабар Тожибоева: Андижон фожиасини унутиш, қатағон қурбонларига нисбатан ҳиёнатдир!
Дунёни ларзага солган Андижон фожеасининг 14 йиллиги арафасида турибмиз. Мана шу 14 йил ўзбек миллати учун, ўзбекистонликлар учун катта синовлар йили бўлди десак муболаға бўлмайди.
Мана шу 14 йил давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан Андижон фожеасига алоқадор бирорта ҳам адолатли фикр баён қилинмади. Ислом Каримов замонида қийноқлар тизимли содир бўлганлигини, сўз ва фикр эркинлиги бўғилганлигини, адолатсиз судловлар орқали бегуноҳ инсонлар қамоқ жазоларига тортилганликларини Ўзбекистон ҳукумати, хусусан Президент Шавкат Мирзиёев, Олий суд раиси ва бошқа мансабдорлар тан олдилар.
БМТнинг қийноқларга қарши кўмитаси махсус маърузачиси Тео Ван Бовенни Ўзбекистонга ташрифидан кейин ёпилган мамлакат эшиклари Мирзиёев замонида қайтадан очилди. Шу охирги икки йил ичида Ўзбекистонда кўплаб махсус маърузачилар, халқаро ташкилотлар, институтлар вакиллари кириб келдилар.
Лекин хали хануз Ўзбекистон ҳукумати Андижон фожеасига Ўзбекистондаги ўша пайтлардаги сиёсий қатағонлар сабаб бўлганлигини тан олишдан ўзини тийиб тургани тушунарсиз ҳолдир. Шавкат Миромонович 2018 йилнинг 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги йиғинда МХХ идораси вакилларининг қатағони 1937 йилги қатағонларни ортда қолдириб кетганлиги ҳақида гапирди.
Айнан ўша МХХнинг Андижон вилояти раҳбарияти ва шу идорага сўзсиз бўйсунувчи идоралар вакилларининг жиноий қилмишлари ортидан Андижон фожеасини келиб чиққанини тан олиш, қурбонлар яқинларидан кечирим сўраш ҳамда бунингдек қатағонларни Ўзбекистонликлар ҳаётида қайта такрорланмаслигига кафолат бериш шунчалик қийинми?
Андижон фожеаси диктатура хукмронлик қилган Ўзбекистон ҳукуматини ўз фуқароларини оммавий қатағон қилишига, мамлакатни ўзгача фикрловчи инсонлардан тозалаб олиши учун хизмат қилган бўлса, ўзларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгувчи ташкилотлар ва матбуотлар дея атайдиган ҳамда демократия ғояларини молиявий қўллаб қувватлайдиган жамғармалар дея атайдиган гуруҳларнинг ўз манфаатлари йўлида фойдаланишларига шароитлар яратиб берилди.
Бунингдек сиёсий ўйинлардан диктатура режими ҳам, демократия, инсон ҳуқуқи ғоялари “курашчилари” ҳам фойда кўрдилар. Жабр тортган, азобга рўбаро бўлганлар эса оддий ўзбек халқи ва ўзбекистонликлар, уларнинг фарзандлари, набиралари, қариндош уруғлари, ёру биродарлари бўлдилар холос.
Андижон фожеаси сабаб ўз она ватанидан жудо бўлган юзлаб оилалар вакиллари ҳамон Она Ватан соғинчи билан яшамоқдалар. Уларнинг Ватандан айро пайтларида мамлакат ичкарисида қолган яқинларидан кимлардир дунёдан кўз юмдилар. Дийдор қиёматга қолди. Лекин ҳамон бу фожеа қурбонларига Она Ватан эшиклари очилгани йўқ.
Биз ҳар йилгидек бу йил ҳам Ўзбекистон ҳукуматидан Андижон қатлиоми бўйича ўз муносабатини билдиришини талаб қиламиз. Чунки ҳукуматлар томонидан содир қилинган жиноятларни ўша қатағонни содир қилган ҳукуматлар амалдан кетган бўлса ҳам унинг ўрнига келган ҳукуматлар, ҳукумат бошлиқлари тан олишга мажбурлар.
Бу йилги талабимиз нафақат Ўзбекистон ҳукуматига қаратилади, балким Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти рахбари, машҳур “ҳуқуқ ҳимоячиси” Надежда Атаева ҳамда унинг ҳамкорларига ҳам қаратилгандир.
Надежда Атаева ўзининг “ҳамкорлари” билан биргаликда Андижон фожиасини рўкач қилиб, Ўзбекистонда оммавий судсиз қатллар давом этаётгани ҳақида фильм тайёрлаб, 2010 йилнинг 4 май куни Европарламентда Андижон фожеасининг 5 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган халқаро анжуманда намойиш этган ҳамда 2011 йилнинг апрель ойида “Ўзбекистонда қийноқ ва судсиз қатл тизими” («Система пыток и внесудебных казней в Узбекистане») номли ҳақиқатга зид бўлган ҳисобот тайёрлаб дунё жамоатчилигини алдаган.
Биз Надежда Атаева билан биргаликда ушбу бўхтон видеоролик ҳамда хисоботни тайёрлашда иштирок этган “Петиция” ташкилоти раҳбариятидан ҳамда ўзининг Андижон фожеаси гувоҳи ҳамда қурбони ва “паталогоанатом” дея ёлғон гувоҳликларни берган Қўқонлик француз тили ўқитувчиси Умид Абдуназаровдан ушбу бўҳтонлари учун Андижон фожеаси қурбонларидан, қолаверса миллат бошига тушган кулфатдан ўз манфаати йўлида фойдаланганликлари учун Ўзбекистонликлардан расман кечирим сўрашларини талаб қилишга ҳақлимиз.
Қолаверса ушбу ҳисоботнинг ёлғонлигини, 32 миллионлик аҳолига эга бўлган Ўзбекистондек давлатга қарши ўта оғир жиноят эканлигини била туриб, Германиядаги Deutsche Welle газетасида 2011 йилнинг 29 апрель куни чоп қилинган «Правозащитники: В Узбекистане распространена практика внесудебных казней” номли мақола автори Наталья Позднякова ҳамда редактор Михаил Бушуевларни ғирт ёлғон мақолаларини ўз саҳифасида чоп қилган ва ушбу мақолани Ўзбекистонга қарши ғирт бўхтонлигини била туриб сайтидан олиб ташламаган бу матбуотнинг рус хизмати раҳбари Инго Маннтойфелдан ушбу мақолани сайтдан олиб ташлаш, Ўзбекистонликлардан газета журналистларининг ушбу жиноий қилмишлари учун расман кечирим сўрашларини, ҳақиқий фактларга асосланган мақола чоп қилишларини талаб қиламиз.
Қолаверса Ўзбекистонни шаъни, қадр қимматини оёқ ости қилган, Европарламент ва дунё жамоатчилигини алдаган Атаева бошқараётган ташкилотни ушбу ёлғонларини молиялаб келган жамғармалар, Ўзбекистонга нисбатан содир этилган жиноятни била туриб сукут сақлаб келаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари ҳам нафақат Ўзбекистонликлардан, Андижон фожеаси қурбонларидан кечирим сўрашлари керак, балким Ўзбекистонга қарши уюштирилган бу жиноий қилмишларни ўз сукунатлари билан қўллаб қувватлаб келган бу халқаро ташкилотлар ўз фаолиятини Ўзбекистонда давом эттиришлари масаласини жиддий тарзда кўриб чиқиш керак деб хисоблаймиз.
Демак бугун Андижон фожеаси содир этилганига 14 йил тўлди. Мана шу 14 йил давомида қонлар дарё бўлиб оққан бу қатлиомни унутишни истовчилар бисёр. Лекин Ўзбекистонликлар бошига оғир кулфатларни солган бу фожеани унутишга, Президентни Бобур майдонига келиб, халқни дардини тинглашига ишониб майдонга оқиб келган халқ вакилларини айтолмасдан, бўғзиларида қолган дарду аламларини қанчалик ҳақиқат эканлигини Ўзбекистон ҳукумати тан олишини кутиб қоламиз.
Ушбу кун муносабати билан ташкилотимиз ва ҳамкорларимиз архивларида сақланган материалларни ижтимоий тармоқлар, ютубканал ва радиомиз саҳифасига қайтадан жойлашга қарор қилдик.
Қолаверса Андижон фожеаси ҳақидаги ёлғон, бўҳтонларини рўкач қилиб, ёлғонлари эвазига Франциядан сиёсий қочқинлик мақоми олган Умид Абдуназаровнинг Фарғона давлат университетида таълим олиб, француз тили ўқитувчиси мутахассислигига эга бўлганлигини исботловчи Университет архивидан менинг адвокатим орқали олинган ҳужжатларни эълон қиламиз. Ушбу ўта мухим ҳужжатлар француз тилига таржима қилинган ва нотариал идора томонидан номерланиб, шнурланиб, тасдиқланган.
Қолаверса Умид Абдуназаровни даставвал Қўқондаги медицина муассасасида ишлагани, Андижон фожеасидан кейин 3 ой давомида Қўқон шаҳридаги МХХ ертўласида сақланиб, қийноқларга тутилгани, 2005 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб 2006 йилнинг февраль ойигача Андижондаги ўликхонада 500 нафар атрофидаги судсиз қатл қилинган мурдалар устида ишлашга мажбур қилинганини иддао қилаётган палласида Қўқондаги 32 сонли иқтисослашган ўрта мактабда узлуксиз ишлаб, ойлик маошлар олиб келганлигини исботловчи ҳужжатларни ҳам жамоатчилик ҳукмига ҳавола этамиз.
Қолаверса Умид Абдуназаровни Ўзбекистондан қочиб чиқиб кетишга мажбур бўлганлиги ҳақидаги афсонани ғирт ёлғонлигини исботловчи, яъни Абдуназаровни 2006 йил ноябрь ойидан бошлаб 2007 йилнинг декабрь ойигача Қуқон автотранспорт Коллежида ўқитувчилик қилганини исботлайдиган далилларни ҳам тақдим этамиз.
Демак далиллар билан танишинг азиз миллатдошлар.
Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини
Ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Президенти
Fikr bildirish