06.08.2003 кунлик архив

Ўзбекистонда норозилик намойишлари

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарларига кўра, бу кунларда мамлакатнинг турли минтақаларида аҳолининг норозилик чиқишлари авжига чиқди.

Андижон вилояти: Асака шахрининг 4 август куни эрта тонгда «санитария-озодалик куни» дея дарвозалари тақа-тақ беркитилган саноат буюмлари бозори олдида тужжорлар тўпланишиб, унинг ёпилишига норозилик билдирдилар.

Тужжорларнинг айтишича, маъмурлар ва солиқчиларнинг уларга ўтказаётган тазйиқлари кучаймоқда, бозордаги савдо ўринлари ҳақини аввалдан тўлаб қўйган тужжорлар учун бир куннинг ҳам аҳамияти каттадир, холбуки асл режа бозорни бир неча кунга ёпиш бўлган. Шуниси қувонарлики, тушга колмай шахар маъмурияти бозорни очишга мажбур бўлди.

Мўътабар Тожибоева яна маҳкамага тортилди

Снимок,,,,,,,

Фарғона шаҳрида 9–10 июнь кунлари бўлган пикетга рахнамолик қилгани учун «Ўтюраклар» клуби рахбари Мўътабар Тожибоева 4 августда Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судига чақирилди.

Судга кириш олдидан у ва клуб фаоли Лолахон Дехқонова вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги айрим раҳбарларнинг истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирдилар.

Судда Мўътабар Тожибоевага Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари, намойишлар ўтказиш тартибини бузиш айби) билан иш қўзғатилгани маълум қилинди. Ишни кўриш Мўътабар Тожибоеванинг талаби билан 9 августга қолдирилди.