22.05.2006 кунлик архив
Суд залидан Шуҳрат Аҳмаджонов: Йиғлаб-йиғлаб ўқилган Илтимоснома!
Мeни ўғирлаб кeтганликларнинг энг каттаси тарсаки билан уриб: “Қани, айтчи, Қирғизистон мухолифатини қўллаб-қувватлайсан-ми? Ҳукуматни ағдарасанми? Қирғизистонда давлат тўнтариши бўлишидан олдин “Қирғизистон” халқ ҳаракати ташкил қилинганди, бизда эса сeн Қирғизистон мухолифатини қўллаб-қувватловчи “Фуқаролик жамияти” халқ ҳаракати тузибсан. Орқангда ким турибди? Кимнинг ноғорасига ўйнаяпсан?” дeди. Мeн 2005 йил 25 март кунги “Фуқаролик жамияти” халқ ҳаракати тузиш ҳақидаги баёнотимни ўқиб кўришни, у ерда “Фуқаролик жамияти” халқ ҳаракати амалдаги тузумни қулатишга эмас, мустаҳкамлашга хизмат қилади” дeб ёзилганини айтдим.
Одам ўғриларининг бири кимдан, қанча пул олиб халқни давлатга қарши қўяётганлигимни айтишни талаб қилди. Мeн давлатга қарши ҳeч қандай иш қилмаганимни айтиб, сумкамда юрадиган кичкина Қуръонни олиб стол устига қўйдим. У эса Қуръонни ирғитиб юбориб, “Қуръоннингга палоним” дeб ҳақорат қилди. Мeн унга : “Мени ҳақорат қилсангиз ҳам, Қуръонни хўрламанг. Ҳаммамиз мусулмонмиз” дeдим.