31.05.2006 кунлик архив
Мўтабар Тожибоевага чиқарилган ҳукм кучида қолди
Ўзбекистондаги “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов Мўътабар Тожибоева устидан ўтказилган барча суд жараёнларини кузатиб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, апелляция судида кўпгина қонунбузарликлар кузатилган.
“Мўътабар Тожибоева иши уюштирилгани аниқ кўриниб турибди. Кўпгина илтимосномалар эътиборга олинмади. Чақирилиши сўралган гувоҳлар чақирилмади. Ёдингизда бўлса, Мўътабар Тожибоева ўтган йили 15 апрелда ИИВ ўтказган матбуот анжуманида қатнашиш учун келаётганда ўғирлаб кетилган. Уни милиция ёллаган 20га яқин жиноятчи овлоққа олиб бориб, роса қўрқитган, зўрлаган экан. Бировга гапирсанг, қизингнинг аҳволи ҳам шундай бўлади, деб қўрқитган экан. У шу вақтгача буни айтмаган эди. Апелляция суди йиғилишида буни ҳам айтди. Лекин унинг кўпгина фактларидан бирортасига суд эътибор қилмади. М.Тожибоева ҳам ўзининг озодликка чиқарилмаслиги билгани ва ҳақиқатни билиб қўйишлари учун бу гапларни айтганини билдирди”, — дейди А.Турғунов.
Барно Анвар
31.05.2006