28.03.2017 кунлик архив

Муҳаммад Исмоил: Бугун Ўзбекистон халқ шоири РАУФ ПАРФИ вафот этган кун

ШЕЪРИЯТ ГАМЛЕТИ!

Ҳаётимда Рауф Парфи даври 1981- йил 20- октябрда бошланган. Ўшанда биз, журналистика факультети талабалари Сирдарёда пахта теримида эдик.

Айни номозшом. Бироз қораяётган тип-тиниқ осмон. Уфққа бош қўяётган қип – қизил қуёш тафтсиз нур сочиб, хайрлашмоқ учун бемажол қараб турибди.

Хивчиндай яланғоч ғўзалар, рутубатли ҳаводан нам тортган. Қоронғу тушмай этакни тўлдириш илинжида, шоша – пиша пахта терар эканмиз, пешонамиздан оққан маржон – маржон тер кўзни тўлдиради, қад ростлаб, атрофга қараймиз. Негадир кун бўйи кўринмаган оппоқ тоғлар ёнгинамизда пайдо бўлган эди, кузак шамоллари сарғайган баргларни, ям – яшил майсалар устида у ёқдан – бу ёққа ўйнаб юрарди. Зуҳро юлдузи ҳали қуёш ботмасдан туриб нақ пешонамиз устида ярқираб намоён бўлган эди.