29.10.2018 кунлик архив
Жазо изолятори (ШИЗО)га қамаш учун уюштирилган фитналар! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 17)
* * *
ИЗОЛЯТОРГА ҚАМАШ УЧУН УЮШТИРИЛГАН ФИТНА
Эртаси куни у билан икки соатлик учрашувга ҳам кирдим. Ғанижон билан гаплашаяпману, муассаса офецери оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзни хато қилмай, қоғозга туширарди. Шунинг учун ҳам унга тайинли бирор гап гапиришга чўчий бошладим. Жиддийроқ гап айтгудек бўлсам, кейин уни ҳам ҳибсга олишмасин деган ҳадикда эҳтиётлик билан гапиришга мажбур эдим…
Азбаройи асабийлашганим, хавотирланганим учунми, билмадим, Ғанижон билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин бошимга шунақанги оғриқ кирди-ки, қўяверасиз. Бошимни чангаллаб қолдим. Аччиқ-аччиқ кўк чой ичдим, қани босилса. Фойдаси бўлмагач, дори олиш истагида поликлиникага кирдим.