Тожикистонда мустақил газета адолатсиз ҳукм қурбони бўлди
Душанбе шаҳар суди чиқарган қарорга кўра, “ИмрузNews” мустақил газетаси Тожикистон президентининг қариндоши Рустам Ҳукумовга маънавий зарар етказгани сабабли 10 АҚШ доллари миқдорида товон тўлайди. Шунингдек, суд қарорига мувофиқ, газета Ҳукумовдан расман узр сўраши керак.
Ўтган йилнинг октябр ойида “ИмрузNews” минтақа президентларининг фарзандлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги таҳлилий мақолани чоп қилганди. “Тожикистон темир йўллари” ширкати раҳбари Омонулло Ҳукумовнинг ўғли Рустам шу йил феврал ойи ўрталарида газета устидан судга арзланди.
Ўтган ой охирида ниҳоясига етган маҳкамада Рустам Ҳукумовнинг даъвосини тўла қондирилди.
Даъвогарга кўра, газетада босилган мақола унинг обрўсини тўккан.
Икки ҳафта давом этган маҳкамага, маълум бўлишича, Рустам Ҳукумов умуман қатнашмаган ва маҳкама жараёни унинг талаби билан ёпиқ эшиклар ортида ўтган.
“ИмрузNews” рўзномасининг адвокати Гулчеҳра Холматова суд ҳукмидан норози экани ва ҳукм юзасидан юқори инстанцияларга мурожаат қилажагини билдирди. Адвокатнинг таъкидича, “маҳкама жараёнида қатор қонунбузарликлар кузатилиб, судья ким томон экани очиқчасига намойиш қилинди”.
“Фуқаролар судида кўриладиган ҳар қандай масалаларни ҳал қилиш мумкин бўлган тартиб бор. Бу нарса эътиборга олинмади. Даъвогар газетага раддия хусусида судгача бирор марта мурожаат қилмаган”, дейди Холматова.
Шунингдек, ҳакам “ИмрузNews” адвокатининг лингвистик экспертиза ўтказиш ва мақолада Р.Ҳукумовга нисбатан таҳқир ва ҳақорат ишлатилганми-йўқми – тасдиқлатишга оид илтимосини ҳам сабабсиз рад этган.
“ИмрузNews” таъсисчиси Рустами Жонийнинг иддаосича, судья газета даъволарини умуман эътиборсиз қолдирган.
“Наркотикларназорати бўйича Россия Федерал хизмати терговчилари Рустам Ҳукумовнинг гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлиги борасида сохта айблов тўплаганини исботлаб бериши учун бу идорага расмий сўров юбориш талабимиз ҳам қондирилмади. Суд қарорининг жуда тезлик билан қабул қилиниши, унинг олдиндан тайёрлаб қўйилганини исботлайди. Судья очиқчасига ва намойишкорона даъволаримизни қондирмади”, дейди Рустами Жоний.
2011 йили россиялик икки учувчи – Владимир Садовничий ҳамда Алексей Руденконинг Тожикистон ҳудудида ҳибсга олиниши ортидан тожик мулозимининг ўғли Рустам Ҳукумов рус ва тожик жамиятида “танилди”.
Рустам Ҳукумов 2008 йили гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосида гумонланиб, Россия ҳудудида ҳибсга олинган ва 2010 йили Москва вилоятининг Шчёлково шаҳар судида ўтган маҳкама жараёнида унинг наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғуллангани исботланган. Суд ҳукми билан Рустам Ҳукумов тўққиз ярим йилга кесилган.
Бироқ рус учувчиларининг ҳибсга олиниши юзасидан Россия билан Тожикистон ўртасида узоқ давом этган баҳслар Садовничий ва Руденконинг оқланиши билан ниҳоясига етди. Бунинг ортидан Рустам Ҳукумов ҳам озодликка чиқарилди ва Тожикистонга қайтди.
Ўшанда таҳлилчилар Рустам Ҳукумов рус учувчилари билан айирбошланди, деган тахминларни илгари сурганди. Аммо Душанбе ва Москва бу иддаоларни қатъиян рад этиб келади.
Тожик жамиятида эътиборли мулозимлар билан мустақил нашрлар ўртасида судлашиш сўнгги йилларда тез-тез кузатилмоқда.
Кузатувларга кўра, аксарият ҳолларда мустақил газеталар адолатсиз ҳукм қурбонига айланиб қолаётир.
“2011 йили “Пайкон” рўзномаси суд қарори билан “Тожикстандарт” давлат идорасига 61 минг АҚШ доллари миқдорида товон тўлади ва бунинг ортидан рўзнома ўзини банкрот, деб эълон қилди. Бугунги маҳкама Тожикистонда судлар мустақил эмаслигини яна бир бор исботлади. Маҳкама жараёни қатнашчилари тенг ҳуқуқли ва тенг имкониятли эмаслар”, дейди ҳуқуқшунос таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов.
Fikr bildirish