Бахтиёр Фаттоҳов: Ўзбекча тестларнинг бекор қилиниши дискриминациянинг бир кўринишидир

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари 2013 йилдан бошлаб Умумреспублика тестларини ўзбек тилида топшира олмайди.

Қирғизистон Маориф ва Фан вазирлиги Олий ўқув юртларига кириш имтиҳони вазифасини бажарувчи бу тестларни ўзбек тилида қабул қилинмаслиги тўғрисида қарор чиқарди. Қарорга биноан, бундан буён Умумреспублика тестлари фақат қирғиз ёки рус тилларида топширилади.

Расмий маълумотга қараганда, Қирғизистонда таълим ўзбек тилида олиб бориладиган 91 та мактаб бор. Уларда 112 минг ўқувчи ўқийди. Ҳар йили ўзбек мактабларини 3000 га яқин ўқувчи битиради.

Умумреспублика тестларини ўзбек тилида топширишнинг бекор қилиниши эса ўзбек мактаблари битирувчиларининг таълимни олийгоҳларда давом эттириш ҳуқуқини бузади.

Мазкур масала юзасидан Республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Бахтиёр Азизович Фаттоҳов билан суҳбатлашдик. Бахтиёр Фаттоҳов Маориф ва Фан вазирлиги қарорини ўзбек халқини камситиш сифатида баҳолайди.

Жараён: Бахтиёр Азизович, Қирғизистонда ўзбек тилида Умумреспублика тест имтиҳонлари олиш бекор қилинди. Бу масалада Республика Ўзбек миллий – маданий марказнинг позицияси қандай?

Бахтиёр Фаттоҳов: Қирғизистон Конституциясида “давлат фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга шароит яратиб бериши” ва “ҳеч бир давлат тузилмаси инсон ҳуқуқларига зид келувчи қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас”лиги аниқ ёзиб қўйилган. Бундан ташқари, Конституцияда “халқаро қонун ва меъёрлар Қирғизистонда қабул қилинган қонунлардан устивор” экани ҳам белгиланган.

Конституциянинг “Фуқаролар эркинлиги ва ҳуқуқлари” деган бўлимида эса “ҳар бир инсоннинг ўзи хоҳлаган тилида ва ўз она тилида билим олиш ҳуқуқи” кафолатланган. Айни мана шу бандда биронта давлат тузилмаси фуқароларни миллати ёки жинсига қараб  дискриминация қилувчи қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳам айтилган.

Шулардан келиб чиқиб, Қирғизистон Маориф вазирлигининг ўзбек тилида имтиҳонлар олинишини бекор қилиш тўғрисидаги қарорини тўғридан-тўғри ўзбек миллатини камситиш, ўзбеклар ҳуқуқини бузиш сифатида қабул қиламиз.

Ўзбек тилида имтиҳонлар олинишининг бекор қилиниши нимани англатади? Биринчидан, Қирғизистон олийгоҳларидаги бюджет ўринларда ўқиш учун Умумреспублика тестини топшириш керак. Демак, Умумреспублика тестларининг ўзбек тилида олинишининг бекор қилиниши бугунги кунда ўзбек мактабларини битираётган ўқувчилар  давлат ҳисобидан олийгоҳга кириб ўқиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини англатади. Бу очиқдан-очиқ дисриминация эмасми?

Жараён: Миллий – маданий марказ бу масалани ҳал қилиш учун нималаор қилмоқчи?

Бахтиёр Фаттоҳов: Мен маориф вазири Қанат Садиқовнинг қабулига ёзилдим. Яқин кунларда у билан учрашиб, ўзбек ёшлари ҳуқуқини бузувчи қарор бекор қилинишини талаб этмоқчимиз. Агар бизнинг бу талабимиз бажарилмайдиган бўлса, суд, қолаверса, Олий суднинг Конституциявий палатасида ўзбек ўқувчилари ҳуқуқини ҳимоя қиламиз.

Албатта, ўзбек ўқувчилари давлат тили бўлган қирғизчани ўрганишлари шарт ва бу ҳар бир Қирғизистон фуқаросининг бурчи. Бироқ қирғиз тилини ўқитиш, давлат тилининг нуфузини мустаҳкамлаш худди ҳозиргидай бошқа тилларда имтиҳон топшириш ҳуқуқининг бекор қилинишидан бошланмаслиги зарур. Бундай шароитда ўзбек мактабини битирган бирорта ўқувчи қирғиз ва рус тилини битирган ўқувчи билан рақобатлаша олмай қолади.

Давлат ўзбек тилида имтиҳон олинишини бекор қилишдан олдин давлат тилини ўрганиш учун шарт-шароит яратиб бериши лозим, дарсликлар, услубий қўлланмалар керак. Давлат тилини ўргатиш яхши йўлга қўйилгач, ўзбек тилидаги мактаблар учун қирғиз тилида имтиҳон топшириш босқичма-босқич амалга оширилиши шарт. Бунинг учун камида беш йиллик муддат белгиланиши керак.

Жараён: Бахтиёр Азизович, ўзингизга маълумки, Қирғизистонда Шўролар даврида ҳам, мустақилликдан кейинги даврда ҳам барча ўзбек мактабларида ва айрим олийгоҳларда имтиҳонлар ўзбек тилида  олиб келинган. Аммо 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг ўзбек тилида имтиҳон топшириш масаласи сиёсий масалага айлантирилди. Бу масала ҳатто Қирғизистон парламентида ҳам муҳокама қилинди.

Айрим депутатлар Маориф вазирлигидан ўзбек тилида имтиҳон олинишини бекор қилишни талаб этган бўлсалар-да, маориф вазири Қанат Садиқов “бу ўзбеклар ҳуқуқини бузиш бўлади” деб, ўз позициясида қатъий турган эди. Орадан бир йил ўтгач, бирданига Маориф вазирлигининг нуқтаи назари ўзгариб қолаяпти. Бунинг сабабларини нимада, деб ўйлайсиз?

Бахтиёр Фаттоҳов: Ўзбек халқи қирғизлар билан азалдан бирга яшаб келган халқ. Бир-бири билан қуда-анда бўлиб келган халқ. Аммо, афсуски, мана шу икки миллат ўртасига ўт солмоқчи бўлган ва бундан ўз сиёсий манфатлари йўлида фойдаланишни истаган кучлар бор. Улар бугунги кунда миллатчиликни ўз имижларига айлантириб олган сиёсатчилардир. Менимча, мана шу миллатчи сиёсатчиларнинг босими остида шундай қарор қабул қилинган.

Ўзбекча тестларни бекор қилиш масаласи Қирғизистонда бир йил муҳокама қилингани ҳақида хабарингиз бор. Муҳокамаларда томонлар иккига бўлиниб кетган. Биринчи тараф: “ўзбекча тестларнинг бекор қилиниши ўзбеклар ҳуқуқларининг топталиши бўлади”, деган нуқтаи назарда бўлди.

Иккинчи томон эса “ўзбекча тестларнинг бекор қилиниши қирғиз тилининг нуфузини оширади, ўзбекларни қирғиз жамиятига интеграциялаш жараёнини тезлаштиради”, деган позицияда турди. Бизни “ўзбекча тестларнинг бекор қилиниши ўзбеклар ҳуқуқларининг топталиши бўлади” деган нуқтаи назарда бўлганлар орасида Қирғизистоннинг чинакам ватанпарварлари бўлган қирғиз миллатига мансуб шахсларнинг кўплиги ҳам жуда қувонтиради. Жумладан, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам айнан мана шу позицияда эканини билдирган.

Қирғизистондаги соғлом сиёсий кучлар ва лидерларнинг қаршиликларига қарамай, ўзбекча тест топширишнинг бекор қилиниши мутлоқо кутилмаган бир воқеа бўлди. Биз албатта ўзбек ёшларининг ҳуқуқлари қайта тикланиши учун ҳаракат қиламиз.

Жараён: Бахтиёр Азизович, суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.