Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентига Мурожаатнома
14 март 2003 йил
Ушбу ҳалқаро молиявий ташкилот 17 март куни Ўзбекисотонда инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳволнинг ривожланишига қараб, унга маблағ ажратиши ҳақида баёнот берган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) рахбарияти ўзбек хукумати ва хусусан президент Ислом Каримов олдига бир нечта талабларни қўйган бўлиб, улар орасидан матбуот эркинлигига риоя қилиш, нохукумат ташкилотларига мустақил фаолият юрита олишлари учун имконият яратиб бериш ҳамда давомли равишда қўлланиладиган қийноқларни ошкора тарзда қоралаш кабилар бор.
Маълумки, шу йил Тошкентда ЕТТБ бошқарувчиларининг сессиясини ўтказиш мўлжалланмоқда. Ташкилот рахбариятининг бу қарорини турли маҳаллий ва ҳалқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кескин танқид остига олишган. 17 март куни ЎИХЖ томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, шу вақтгача 50 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ЕТТБ президенти Жан Лемьерга мурожаат қилиб, унга бу борадаги ўз норозиликларини изҳор қилишган.
ЕТТБ рахбариятининг Ўзбекистон масаласида 17 март куни берган баёнотини бу танқидларга берилган енгилгина жавоб деб бахолаш мумкин.
Жумладан, 2002 йил 17 май куни маркази Нью-Йоркда жойлашган «Хюман Райтс Вотч» ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ижроия директори Элизабет Андерсен шундай мурожаат билан чиққан эди:
«Тошкентда бундай юқори даражадаги учрашувнинг ўтказилиши ва бунинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмаслик ўзбек рахбариятига нисбатан хато бўлади. Бу унинг қатағон сиёсати маъқулланаётгани сифатида талқин қилиниши мумкин. Банк ўзбек хукумати томонидан жиддий яхшиланишларга эришиш учун ушбу имкониятидан фойдаланиши лозим».
Шу йилнинг 14 март куни «Мазлум» инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Отаназар Орипов, шоир Юсуф Жумаев, «Ўтюраклар» Клубининг рахбари Мўътабар Тожибоева, мустақил журналистлар Бобомурод Абдуллаев, Инера Сафаргалиева ҳамда Фахриддин Тиллаевларнинг банк рахбариятига йўллаган очиқ хатида эса, қуйидаги сўзларни ўқийсиз:
«Маълумки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини оммавий тарзда бузиб, мамлакатни жарлик ёқасига келтириб қўйган диктаторлик режими хукмрон. Шунга қарамай, сиз ЕТТБ йиғилишини айнан Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилдингиз.
Шунинг учун ҳам, биз банк рахбарияти ўз зиммасида юқорида зикр қилинган барча инсон ҳуқуқларини қўпол равишда оёқ ости қилиш ҳоллари ҳамда Тошкентдаги ЕТТБ йиғилиши якунланганидан кейин содир бўлиши мумкин бўлган шу каби ходисалар учун маънавий жавобгарлик борлигини хис этишини истардик. Зеро, йиғилиш ўтказилишига розилик бериб, ЕТТБ рахбарияти ўзбек хукуматининг юқорида саналган харакатларини маъқуллади ҳамда уларни демократик деб эътироф этди».
ЕТТБ Ўзбекистонда қийноқлар ва инсон ҳуқуқлари бузилишлари мавжудлигини тан олса-да, Тошкентда ўз йиғилишини ўтказиш борасидаги қарорини беқор қилгани йўк, шу билан бирга у ўзбек хукуматига имтиёзли қарзлар ва бошка турдаги маблағларни ажратишда давом этаяпти…
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish