Озодлик радиоси: Ўқитувчилар иш ташлади
Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, уларнинг бундай йўл тутишига янги тайинлаган мактаб директорининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган. Янги директор мактабда ички назорат ўрнатиб, муаллимларни бир-бирига қарши қилиб қўйган. Таълим масканида вужудга келган муҳит соғлом фаолият юритишга имкон қолдирмаган.
Норозилик акцияси иштирокчилари мактабда бундай носоғлом муҳитнинг пайдо бўлишида маҳаллий амалдорларнинг ҳам бевосита иштироки борлигини таъкидлади. Зеро, деди улар, биз ўз ҳуқуқларимизни талаб қилсак, маъмурлар томонидан инобатга олинмаётир, талабларимизни эътиборга олиш ўрнига, ўқитувчиларга тазйиқ ўтказиб, текширув устига текширув ўтказмоқда.
Маълумотларга қараганда, иш ташлаш ўтказилаётган жойга туман ҳокимлиги, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати вакиллари етиб келган. Бир гуруҳ номаълум шахслар уларнинг кўз ўнгида акция қатнашчиларини калтаклай бошлаган. Натижада бир неча ўқитувчи тан жароҳати олган. Бироқ бу ерда ҳозир бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жанжалга бефарқ қараган.
Шу билан бирга, воқеа жойида бўлган Би-Би-Си радиоси мухбири Матлуба Азаматова ва “Ўтюраклар” клуби рахбари Мўътабар Тожибоевага қарши таҳдидлар янграган. Ҳатто мактабнинг собиқ директор ўринбосари Би-Би-Си мухбирининг иш қуролларини тортиб олиб, хизмат гувоҳномасини йиртиб ташлашга уринган.
М.Азаматова ўтган йилнинг август ойида ҳам Фарғона вилояти ҳокимлиги биноси олдидаги норозилик акциясини ёритгани учун номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилган эди. Ҳозирги кунда у хорижий радио мухбири сифатида Ташқи ишлар вазирлигида расман аккредитациядан ўтган. Худди шу куни М.Тожибоева ҳам бир гуруҳ аёлнинг ҳужумига учраган эди.
М.Тожибоеванинг таъкидлашича, иш ташлаш жойида туман ҳокимининг ўринбосари Юнусов унга таҳдид қила бошлаган. Уни фуқароларни давлатга қарши ҳаракатларга ундашда айблаган.
Сўнгги маълумотларга қараганда, иш ташлашда иштирок этган ўқитувчилар номаълум шахслар ва фуқаро кийимидаги милиция ходимлари томонидан куч ишлатилиб, воқеа жойидан қувиб юборилган. Бу жараёнда айрим муаллимларнинг бош қисми қонга белангани айтилмоқда. Бироқ Қува тумани халқ таълими бўлими вакиллари бу маълумотларни инкор қилди.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish