Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир – “ТЎППОНЧА”ГА ЖАВОБ

ИККИНЧИ ФРОНТ

Жаҳонгир Маматов

Умримнинг бир қисмини иккинчи фронтдаги кураш ўғирлаганидан афсусдаман.

“Халқ сўзи” газетасида Исмат Хушевнинг мақоласига жавобан 1992 йил 21 апрель куни чиққан мақола

“ТЎППОНЧА”ГА ЖАВОБ

Дейдилар, ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг,
Лек алам қилар, бир умр гирён,
Итлар орасидан ўтса карвонинг.

Абдулла Орипов.

Жаноб Исмат Хушев! Мен сўзбоши ўрнида келтирган бу сатрларни улуғ адибимиз ёзганларида юраклари қанчалик зардобга тўлганини англаб, ўл зотга ҳамдардлик туйғусини туйганман. Хоин қони челакка, шоир қони юракка томар! Қарангки, чархи кажрафтор ўша ўтли ва дардли сатрларни бугун каломимга солди.

Сиз “Халқ сўзи” орқали “Парвоз ва инқироз. Ўзбекистон халқ депутати Жаҳонгир Маматовга очиқ хат” (1992 йил 18 апрель) ёзаркансиз, унинг “шов-шуви” анча олдинроқ келди. Орага тушган элчилар мендан ялиниш-ёлвориш, илтимос-илтижоларни кутгандилар. Афсуски, улар “Майли чиқарсин, халқ кимнинг кимлигини ўзи ажратиб олади” деган қўрс жавобга эга бўлишди. Зеро, ўтма номард кўпригидан сой сени оқизса ҳам, деб бежиз айтишмаган.

Чунки нафақат мен, балки юртимизнинг журналистлар дунёси Сизнинг ким эканлигингизни ва бундай “тўппонча” мақолалар, бўҳтону иғволар орқали қанчадан қанча одамларга ўқ отилганини яхши билишади. Гоҳида Ефимов сингари амалдорларнинг қўлига тушиб Ўзбекистон журналистлар қурултойида, гоҳида партия конференсиялари, съездларида отилди, бу “тўппонча”. Баъзан кучлироқ қўлга тушиб уларнинг ўзини ҳам нишонга олди.

Таҳликага тушганда чўлоқ эшак от бўлганидек, “тўппонча”ни Сизнинг падарингизга ҳам қаратса отилиб кетади. (Худо сақласин. Умрлари узоқ бўлсин). Бегуноҳ одамларга отилгач, тўппончани ахлатхонага ташлаб юборишади. Даҳшатлиси шундаки, уни бадбўй жойдан қайта-қайта олиб чиқиб, ундан ўқ узишмоқда.

Фақат кейинги икки йиллик матбуот саҳифаларини варақласак, қанчадан- қанча депутатлар, фуқароларга қарши бундай “тўппонча”дан ўқ узилди. Ўзбекистон халқ ноиблари Муҳаммад Солиҳ, Иномжон Турсунов, Самандар Қўқонов, Насрулло Сайид, Имом Файзи ва бошқаларга қарата отилган “ўқ”лар ҳали-ҳамон унутилгани йўқ.

Халқ тарафидагиларни қон қақшатиш бугунги ҳодиса эмас. Ўктабир тўнтариши даврида, қатағон ўттиз еттинчи ва ундан кейинги йилларда ўз орамиздан чиққан “халқпарварлар” сотқинлиги, бўҳтону уйдирмалари туфайли қанча бошлар кесилган. Фарғона фожеалари, Ўшдаги хунрезлик, Паркент воқеалари ортида ҳам исматсифатларнинг башараси яширин. Ҳали ҳаммаси аён бўлажак. Охир -оқибатда адолат ғалаба қилаётир ҳам. Фақат ярадор кўнгилларнинг малҳами йўқ.

Менга қаратилган бу мақола кимнинг буюртмаси билан ёзилганини газетхонлар уни ўқибоқ англаб олишди. Тоғига қараб қулони, сувига қараб илони. Сиз билиб-билмай кўпларнинг исм-шарифларини битиб қўйгансиз. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейдилар.

“Тўппонча” мақолада, “Сизнинг юртбошига нисбатан одобсизларча айтган: “Бу юрт онангизнинг маҳрига тушганми” деган иборангиз халқимизнинг катта қисми сингари мени ҳам, ранжитганда пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас” деган сатрларни ёзасиз. Аввало мен, бошқачароқ айтгандим.

Сиз одатингизга кўра юртбошини усталик билан ҳимоя қилмоқчи бўлиб кўринишни истайсиз. Наҳотки, Ўзбекистон Президенти Сизнинг ҳимоянгизга муҳтож бўлса! Агар ҳимоя зарурати туғилса, анча обрўли, эътиборли зотлар топилишига шубҳам йўқ. Қолаверса, Президентнинг сиёсати, тутган тутуми тўғрисида Сиз билан мулоқот қилиш ортиқча.

Аслида Сизга жавоб ёзишни ўзимга ор деб биламан. Лекин “тўппонча” мақолалар яна қанча – қанча одамларнинг тинчини бузиши мумкин. Ахир эгри таёқнинг бутоғи бурунни йиртар деганлар.

Мақолада шоир Эркин Воҳидов билан ойнаижаҳон орқали суҳбатимиз “таккабурлик” деб баҳоланибди. Бу “Халқимизнинг кўпчилик қисми учун беодоблик, ҳақорат бўлиб туюлди”, дейилибди. Қачондан бери халқни, унинг ўққа учган жигаргўшаларини ҳимоя қилиш такаббурлик бўлиб қолди жаноб Хушев?!

Бу сўзларингиздан ҳамюртингиз, талабалар шаҳарчасида қонга ботиб, гул умри ҳазон бўлган қашқадарёлик шаҳид йигитнинг арвоҳи чирқирашидан қўрқмадингизми? Қолаверса, халқ номидан гапириш учун Исмат Хушевда асоснинг ўзи йўқ. Бошқа жойда эмас, ўз юртида ўтган сайловларда халқ унга ваколат бермади-ку ахир?!

Мақоланинг асосий қисми Ўзбекистон телерадиокомпаниясида ёзилган “бўҳтоннома”га берилибди. Унда деярли раҳбарларнинг нутқи-каломлари битилгани ҳам кўп нарсани ойдинлаштиради. “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатуви атрофидаги гаплар эса “тўппонча”дан аввалги сиртқи фитна эди.

Бу фитна ҳақида ўша куниёқ, яъни 1992 йил январнинг сўнги кунида “Фитна ёки шаҳар бедарвоза эмас” деган мақола ёздим. “Халқ сўзи” бош муҳарририга бердим. Барибир чиқара олмадим.

Мана ўша, қўлимда қолган мақоладан парча: “… Ҳар сешанба куни кейинги ҳафта учун дастур тайёрланар экан. Муҳокама қилаётгандик. 31 январь кунига “Шаҳар бедарвоза эмас” деган кўрсатув белгиланибди.

– Нима ҳақда? – деб сўрадим.

– Урайимжон ака чиқадилар, кейин Жиззахдан материаллар бор, – деди сиёсий – иқтисодий кўрсатувлар таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Нурилла Ҳолиқов.

– Ўтган кўрсатувда ҳам Урайимжон ака билан Жиззах вилояти давлат назорати идораси бошлиғи чиққан эди. Маҳсулотларни республикадан ташқарига олиб чиқиб кетишни назорат қилиш жумҳурият инспексияси бошлиғи Урайимжон Абдуғаниев, умуман доим раҳбарлар чиқаверишадими? Кечагисидан аввалгисида ҳам раҳбарлар чиқишган эди. Бу соҳанинг бошқа заҳматкашлари, бевосита ишлаётган одамларини ҳам кўрсатиш керак.

Дарҳақиқат, дастурга асосан тайёр нарса, ҳеч қурмаса ёзма матни бор материал киритилиши таомил. Ҳафталар ўтиб борарди.

31 январ куни кўрсатувлар тайёргарлиги муҳокамасида “Шаҳар бедарвоза эмас” ҳали тайёр бўлмагани айтилди.

Соат ўн еттидан ошганда бош директор ўринбосари Эгамберди Мусаев кирди.

– Тағин Урайимжон ака чиқар экан, – деди у.

Матнни олиб варақласам, бир неча саҳифа фақат янги қонунлар тарғиботига қаратилган гап-сўзлар билан тўлдирилган.

– Қолдирамиз, тайёрласин, кейин берамиз, – дедим.

Кўп ўтмай компания раисининг биринчи ўринбосари Элбек Мусаев қўнғироқ қилди.

– “Шаҳар бедарвоза эмас”ни олиб қўйибсиз. Буни орқасида мафия бор.

– Қачонгача мафиядан қўрқамиз? – дедим-да трубкани қўйдим. Кейин компания раиси Э.Ҳайитбоевга қўнғироқ қилдим.

– Нега мафия билан қўрқитишади?..

– Ўзинглар кўраверинглар, – деди у.

Мен Нурилла Ҳолиқовни қидиртирдим. Тополмадик. У қаерда эди? Нега қочиб юрибди? Бир пайт Э.Ҳайитбоев йўқлади.

Мен Б.Муҳамедов, Э.Мусаев? М.Муҳаммаджоновани ҳам олиб кирдим. Ичкарида Урайимжон Абдуғаниев ва кўрсатув бошловчиси Азиз Эрназаров ўтиришганди. “Меҳмон” сўз олдилар.

– Бу ишга миллионлар аралашган. Биз Жиззахда суратга олганда бир киши “Жаҳонгир Маматов бор, барибир чиқармайди, чиқаролмайсизлар” деб айтганди. Мана рост бўлиб чиқди…

Мен “ёниб” кетдим. Дунё кўзимга тор бўлиб кўринди. Осмондан тошлар ёғилгандек бўлди бошимга.

Раис стол устидаги аризани кўрсатди. Н. Ҳолиқов аллақачон ариза ёзиб улгурганди. Нима учун мендан қочиб юрди-ю, нега ариза ёзди? Бу ариза қачон иш бериши керак эди?

– Элбек Мусаевга келибди. Сизга ариза ёзибди, нега менга кириб шуни тушунтирмади? Нега мендан яширди? Нега ҳеч ким билмайди нима берилишини?

– Сизчи, – деб сўради раис М.Муҳаммаджоновадан. – Менга ҳам кўрсатишмади, кўролмадим…

– Энди ҳамма бермаймиз деса ҳам мен бердираман! Ўзим ҳам чиқаман бирга, ўша мафия отса, мени ҳам отсин, – дедим мен.

Кўз олдим қоронғу эди. Ташқарига чиқдик.

– Келинг, майли бермай қўя қолайлик, – деди У.Абдуғаниев.

– Йўқ, тақсир, энди чиқмасангиз ҳам чиқасиз, – дедим мен. – Ўша лаънатиниг номини ҳам айтасиз.

Қарангки, кадрлар яхши эди. Ваҳоланки, мен ҳар куни танқидий нарса берайлик, деб солардим.

Бу ўйининг ортида нима борлигини ўйлаб, тополмай турганимда бир киши келиб:

– Худо сизни бир сақлади, – деди.- Тасодифан эшитиб қолдим. Материални илгари жумҳуриятда энг катта одам бўлиб юрган киши билан боғлашмоқчи. Агар бугун берилмай қолса, эртага Президентга кўрсатишарди. Тамом. Сиз ҳам унинг гуруҳига қўшилган ҳисобланардингиз. Аммо охирги кадрда ўша каттаконнинг “одами” ҳақида гап бор эди. Уни олиб қўйишибди, эҳтиёт бўлинг, тағин…

Бу фитнадан ҳеч нарса чиқмагач, ”ўйинчилар” ўзларини оқлашга киришдилар. Миш-мишлар тарқатилди. “Фалончи олиб қўйди, мен бериб юбордим”, “Жиззахга текширишга комиссия кетди”…

Мени ҳеч ким эшитишни истамади, ҳатто раҳбарлар ҳам. Истеъфо берганимдан кейин яна бу ўйиндан бирор “нарса” чиқаришмоқчи бўлишди. Лекин… улар “рақсга туширамиз” деган одам диёнатли бўлиб чиқди. Бунақаси камдан кам учрайди.

Мана, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг товар ва моддий бойликларни олиб чиқиб кетишни назорат қилувчи давлат инспексияси бўлими бошлиғининг муовини, милисия майори Азиз Эрназаровнинг баёнотидан парча:

“Мен, Эрназаров Азиз Тўғонович, 1992 йил 12 – 15 январь кунлари Жиззах вилоятига хизмат юзасидан сафарга бордим, у ерда рейд тадбирини ўтказдик. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим лозимки, ана шу рейд давомида ва кино тасвирга тушириш вақтида Ўзбекистон телевидениесининг бошлиғи Жаҳонгир Маматов ҳақида, унинг шахсияти ҳақида ва шунингдек унинг шаънига нисбатан ҳеч қандай гап сўзлар бўлмаган.

Мен буни ўз номимдан қатият билан таъкидлайман ва ушбу ёзма баёнотимга жавоб бера оламан”.

Мақола чиқмади. Истеъфономам ҳатто “Эрк”дан ҳам олиб ташланди. Миш-мишлар авж олди. Ўзбекистон Прокуратурасига мурожаат қилдим. Назорат бошқармасининг бошлиғи Б. Қосимов батафсил ўрганди.

Ўзбекистон прокурорининг ўринбосари С.Мирсафоев ва назорат бошқармаси бошлиғи Б.Қосимов ўртоқлар менга расман: “Сизнинг номингиз пок” деб жавоб беришди. Ўзбекистон прокурори Б.Мустафоев эса бу хусусда Ўзбекистон Президентини ҳам хабардор қилганини айтди.

Исмат Хушевга Урайимжон Абдуғаниев тушунтириб қўйган эмишлар, қоронғуда, э, телефонда топишганларини қаранг! Одамлар бекордан айтишмаган: “Мушукка “пишт” демаган, товуққа “кишт” дермиди?!”

Майли, мен мансабга ўч одам бўла қолай. Ваҳоланки, мансабсеварлар истеъфо беришмайди, айниқса сиёсий қарашларини очиқ айтган ҳолда. Улар лўттилик қилиб бўлса-да кун кўришади.

Бироқ ёдингиздами, Сиз ҳаммага телефон қилиб, “Табрикланг, Карим Баҳриев телевидениега раҳбар бўлди” дея жар солгандингиз. Ростдан ҳам юртбоши Каримжон билан узоқ суҳбатлашиб, ойнаижаҳоннинг юзини халққа буриш учун уни ишга тасвия этди. Лекин Э.Ҳайитбоев, Э.Мусаев Президентга қарши туриб олишди. Карим Баҳриевни ҳалига қадар ишга киришиши учун йўл беришмаяпти.

Хўш, бу истеъдодли, иқтидорли журналистнинг айби нима? Ахир, телевидениядаги ишни яхшилаш асосий мақсад бўлса, шундай ўт юрак йигитларга таяниш керак эмасми? Афсуски, Каримжон ҳам баъзиларнинг ҳалқумига тиғ бўлиб санчилишини улар фолбиндек олдиндан кўра биладилар.

“Тўппонча”ни машина ҳангомалари билан ўқлашибди. Бу ўқни бир пайтлар Анишчев деган жосус бошчилигида унинг Самарқандда жалодлик қилган “ўнг қўли” Николай Филипповлар “ясашганди”.

Ўшанда мен “десант”лардан бири бўлмиш Филипповнинг кирдикорларини фош қилиб, балога қолгандим. Охир – оқибат уларнинг ниқоблари йиртилди. Бу ҳақда “Ёш ленинчи” рўзномасининг 1990 йил 6 январь сонида батафсил ёзилганди. Машина ҳангомасини сайловлар олдида қурол қилишди. Отилмади.

Кейин Олий Кенгашнинг иккинчи сессиясида, котибият бошлиғи бўлиб Мустақиллик декларасиясини қабул қилишга йўл очганимда Московнинг Ўзбекистондаги “болтаси” Ефимов ишга киришди. Собиқ Ўзкомпартиянинг иккинчи котиби каминани Олий Кенгашдан четлаштириш учун депутатларни чақиртириб, уларни қўрқитиб, менга қарши қўйди. Сарой ўйини ўтмади.

Мен ўнлаб-юзлаб одамларга машина олиш учун хат ёзиб берганман. Сайловчиларимдан қанчаларига кўмаклашганман. Чунки, машина олиш борасида нақадар адолатсизлик илдиз отганди. Қанча – қанча бечоралар ҳалига қадар ҳам сарсон – саргардон бўлиб юрибдилар.

М.Истамов масаласида Сиз андак адашибсиз, тақсир. “Расмий хужжатдан парча” деб ёзибсиз. Қани ўша расмий хужжат ва уни ким берган? Очиқроқ ёзганингизда эди Анишчев, Ефимовларнинг Самарқанддаги яна бир гумаштасининг башараси очиларди. Қутурганнинг куни қирқ, у башара очилади барибир.

“Шошилинчнома. Тошкент. Ўзбекистон Халқ ноиби Ж.Маматовга. Мен бугун барча ҳужжатларни олиб, Тошкентга бораман. И.Хушев деган туҳматчи билан судда гаплашмоқчиман… М.Истамов”.

Ўзим эса кимларгадир ўхшаб сирли равишда эмас, балки очиқчасига машина олганман. Ваҳоланки, Сизда ҳам машина бор. Уни қандай олганингиз менга қоронғу.

Самарқанд кооператив техникуми бўйича. У ердаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни, талабаларни қабул қилишдаги ҳангомаларни вилоятдаги Ўзбекистон ва область халқ депутатлари, мутахассислар гуруҳи, Ўзбекистон Прокуратураси, ички ишлар идоралари ва “Ўзбекбирлашув” ходимлари текшириб, хулосалашган.

Олий Кенгашда уни қўмита аъзолари муҳокама қилишган. У ердаги ҳангомалар ҳақида оз эмас, кўп эмас 318 саҳифалик ҳужжатлар бор. Аммо адолатнинг йўлини исматмонандлар тўсишди. Сиз ҳам шунча идораларни инкор этиб, аллақандай хатга “меҳр” қўйибсиз. Эҳтиёт бўлинг укам, мойли қозонга тушган ҳар қандай жонзот бир кун барибир жизғанак бўлади.

“Тўппонча” мақолани ўқиб хурсанд бўлиб кетдим. Қимматбаҳо мебель – гарнитуримиз бор экан. Балки остонамиз ҳам олтиндандур? Ис билар Исмат буни билармикан? Дўқ – пўписа қилган бўлсам, савдо вазири М.Усмонов ёзиб берсинлар. Афсуски, бўҳтон. Нафақат менга, балки савдо вазирига ҳам.

Бойнинг мушуги қуён овлар деганларигдек, “Адолат” мақоласини топибсиз. Партократиянинг қурбони бўлган Адолат Баҳриевани виждонан ҳимоя қилганман ва керак бўлса бундайларга бугун ҳам ҳимояга бораман. “ Марказ” эса нималар ёзгани ва ёзаётгани ойнадек равшан.

Сиз одам ўлдирган, бегуноҳ гўдаклар умрига завол бўлганларни ҳимоя қилиб мақола ёзганда виждонингиз, имонингиз қаерда эди? Ахир ўша савдолар бутун элга маълумку. “Саодат” журналидан қандай кетганингизни ҳамма билади. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”даги ҳангомаларингиз ҳалигача тугаган эмас.

Бирдан “Шукур акам, мени ишга қўйдилар” деб “Ҳаёт ва иқтисод” ойномасида ўз таъбирингиз билан айтганда “И.О. бош муҳаррир” сифатида пайдо бўлдингиз. Ҳар даврада Ш.Мирсаидовнинг номини айтиб, унга сиғиниб юрдингиз. Унинг атрофида гаплар айлангандан сўнг эса Ислом Каримов номини байроқ қилиб, унинг яқин одамиман дея қанча ҳангомалар кўрсатдингиз. Журналист дипломи билан иқтисод бўйича аспирант ҳам бўлиб олдингиз.

Жаноб Хушев!

Ким мансабда бўлса у сизга дўст, ишдан кетган куни эса – душман. Эсингиздами, катта маҳкамада, обрўли кишиларнинг ёнида “Жаҳонгир ака, Сиз телевидениега ўтдингиз, ҳақиқат қарор топди. Мен журналистлар съездида сайлов варақаларини бузиб Сизга хиёнат қилдим. Ҳали вақт келади, бу ҳақда ёзиб, кимнинг топшириғини бажарганимни айтиб, сиздан узр сўрайман, келинг акажон, бир қучоқлаб, ўпиб қўяй” дегандингиз.

Сиз ўша Исмат-да! Бугун ҳам кимдир қўлида ўйнаганингизни ҳали тап тортмай айтасиз. Бунинг учун улар мансабдан кетишса бас, шу кун тилга кирасиз. Халқимиз бежиз айтмаган: бой тахтидан тойса, қулвачча тўти бўлар.

Сиз савол берибсиз: “Қайси қалъага мансубсиз?”. Мен учун битта қалъа бўлган ва бўлиб қолади. У Ўзбекистон қалъаси, ўзбек халқининг қалъаси! Ана шу қалъа метин ва устувор бўлиши учун курашиб келаяпман ва бу йўлда собитман. “Тўппонча”лар эса мени кучсизлантирмайди, аксинча курашда қатъиятли бўлишга ундайди.

“Совет Ўзбекистони” рўзномасидами, Олий Кенгаш Ошкоралик қўмитасидами, ойнаижаҳондами, ҳуллас қаерда бўлмасин кўз олдимда эзилган, азоб-уқубатларга, туҳмат балоларига, ҳаёт гирдобларига, ноҳақликка дуч келган одамлар турган.

Халқ дардини кўтариб юрганларнинг душмани кўп. Улар изимиздан пойлаб юрадилар. Буни сезиб, кўриб турамиз. Улар халқ дардидан қўрқадилар. Бу дард ошкор бўлса, қанчадан қанча мансаб курсилари, машиналар эгасиз қолишини биладилар. Шу сабабдан ҳам доим “тўппонча” қидирадилар, қаллоб қассобнинг тушига мингта туя киргани каби.

Уйим ёнганини ҳам билиб олибсиз. Қатор феълетонларим чиқиб турган бир пайтда, уй – жойни таъмирлаб бўлган кунда ярим кечаси олов исканжасида қолсак ва кимдан шубҳа қилганимни айтсам-у жавоб ололмасам, бу сирли эмасми? Бу воқеадан “очко” қилганим йўқ.

Агар шундай ташвишлардан “очко” йиғганимда эди, сессия кунлари уйимга бостириб киришгани, меҳмонхонага келиб қурол билан дўқлашгани сингари кўплаб воқеаларни аллақачонлар эл-юрт билган бўларди. Мен юртбошига-ю, маъмурий идораларга хабар қилиш билан чекланганман. Шу сабабдан даъволарингиз елим билан ҳам ёпишмайди.

Аммо ўзимни беайиб зот дейишдан йироқдаман. Кўп хатоларим бор. Айниқса сиёсат борасида. Самимий гапларга ишонувчанман. Шунинг орқасидан қоқилиб юраман. Сиз ҳақорату бўҳтонлардан устун бўлиб камчиликларимни холисона кўрсатиб берганингизда қуллуқ қилардим. Таассуфки бунга қодир эмассиз!

Майли Исмат, борингизга шукур, бир тулки ҳийласи қирқ кишини чарчатсада, Сиз туфайли юракдаги анча гапларни айтишга имкон бўлди. Шахсингиз, қилмиш – қидирмишингиз ҳақида бир қоп ҳужжатларни олиб келишди. Ишлатмадим. Акс ҳолда мен ҳам биров қўлидаги “тўппонча”га айланардим.

Ботар куннинг отар тонги бор. Сизга насиҳат қилмайман, узр сўрашингизни ҳам истамайман. Ҳақоратларингизга келсак, суд бор. У қарорини чиқаради. Қолаверса, энг олий суд Оллоҳнинг вақтидир. Унинг ҳар биримизга яраша жазоси муқаррар.

Ижодкорлар орасида гап юради: “ Улуғ шоирларимиздан бири: “Бу бола ўз ажали билан ўлмайди” деган эканлар. Мен Сизнинг узоқ яшашингиз тарафдориман.

Чунки бобомиз Темур ҳазратлари айтганларидек, бу дунёда виждонни йўқотиб, узоқ умр кўришдан оғир дард йўқ.

ЖАҲОНГИР МАМАТОВ.

XXXXXXXХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХ

“ХАЛҚ СЎЗИ” МУҲАРРИРИЯТИГА

Рўзноманинг 1992 йил 18 апрелдаги сонида “Парвоз ва инқироз” сарлавхали мақолада “ Самарқанддаги олғирлик Тошкентда ҳам давом этди. Савдо вазирига дўқ -пўписа билан қимматбаҳо мебель – гарнитурни сув текин қўлга киритганингизни бошқа қандай баҳолаш мумкин?”, дейилган.

Ўзбекистон Савдо вазирлиги шуни маъллум қиладики, Ўзбекистон Республикаси халқ депутати Ж.Маматов мебель масаласи бўйича Савдо вазирлигига мурожаат қилмаган.

Мақола автори нимага асосланиб бу ҳақда ёзганлигини текшириб кўриб, газетага босиб чиқаришингизни илтимос қиламиз.

Савдо вазири М.УСМОНОВ.

“Халқ сўзи” 1992 йил 21

Апрель 76 (327)

 

XXXXXXXХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХХ

ОРАДАН ЎН ЙИЛ ЎТИБ “ТЎППОНЧА”НИНГ ЯНА ПАЙДО БЎЛИШИ

“Америка Овози” мухбири Гулчеҳра Нуруллаева билан 2004 йилнинг май ойида ўтказилган суҳбатдан:

“ГУЛЧЕҲРА НУРУЛЛАЕВА: Исматжон сиз юқорида Ман қилган хатолар деган иборани ишлатдингиз, агар сир бўлмаса ўша хатолар…

ХУШЕВ: Масалан мен Жаҳонгир Маматовга очиқ хатлар ёзганман. Опа бугун эсласам уяламан, ростини айтай. Ман жуда уяламан бугун. Ҳукумат ва керакли ташкилотларнинг ўша раҳбарларнинг илтимоси билан уларни обрўсини тушириш мақсадида ман очиқ хатлар ёзганман.

Журналист сифатида ман армонларим, мани юрагимни қийнайдиган мана шу гуноҳларим борки, бугун ажабки ўзим бировларнинг топшириғи билан хўрланганлар қаторига тушиб қолдим. Демак бу дунёда одам ҳар бир қадамини ўйлаб қилиши керак экан.

Унинг бу гапи магнит лентасида турибди ва қуйидаги адресда эшитиб кўриш мумкин.”

 

http://jahonnoma.com/2003/11/03/ikkinchi_front/

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.