Мўътабар Тожибоева: Жаноб Каримов, адолатсиз қарорларингизни бекор қилинг!

Снимок,,,,,,,

Жаноб Раис!

Бизни водийнинг барча аҳолисини жалб қилишга, водий кўчаларига бутун аҳолини чиқариб, кўча юришлари қилишга мажбур қилманг! Хукуматни ва Мамлакатни яқинлашиб келаётган тўфон-у, бўронлардан қутқариш учун зудлик билан ушбу қарорларни бекор қилинг!

Тошкент. Мустақиллик майдони. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

Вазирлар Маҳкамаси раиси Ислом Каримовга.

ТЕЛЕГРАММА ОЧИҚ ХАТ

«Ўзбекистон хукумати ХХ1-асрда яшамоқда. Оддий ҳалқ эса ўзини ХV-XV1-асрларда яшаётгандек ҳис қилмоқда. Чунки бу асрнинг ёлғончи-ю каззоб Сарой шоирлари-ю, муттаҳам, таъмагир қозилари, қўли қонга ботган жаллодлари-ю, «Боғдодда ҳамма ёқ тинч» дея ўзини ҳам, ҳукмдорни ҳам, ҳалқни ҳам алдовчи Сарой аёнлари мавжуд.

Ҳаттоки, бу асрнинг қийин ва узоқ йўллардан минг азоблар билан келаётган савдогарлар карвонига хужум қилгувчи қароқчилари ҳам бор.

Булар – давлат солиқ идораси, солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти. Бу қароқчиларга давлат божхонаси вакиллари рахбарлик қиладилар.

Ҳа, тан олиш керакки, Сиз ўзингиз Фармон Билан «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фаҳрий унвони тақдим этганингиз Кимё ва ҳуқуқ фанлари доктори божхона хизмати полковниги профессор Иброҳим Асқаровнинг изланишлари туфайли Менделеевнинг жадвалига 22-сон билан янгилик киритилди. Кимё жадвалига ўзбек фарзанди янгилик киритди.

1996 йили Бутунжаҳон Божхона ташкилоти бош котиби жаноб Жеймс Шевьер Ўзбекистонга ташриф буюриб, божхона тизимида қилинаётган ишларни кўриб таъсирланган ва 6 миллион экюлик 10дан ортиқ замонавий асбоб ускуналарни совға қилганди. Шунингдек 1997 йил 15-июлдаги Республика Фан ва техника давлат кўмитасининг 14-сонли қарори билан дунёда биринчи марта янги Фан сохаси рўйхатга олинди.

Жаноб Жеймс Шевьер яна Ўзбекистонга келиб, божхонадагиларнинг кирдикорларидан бохабар бўлса эди, бутун дунёга бонг уриб, ўзбек савдогарларини хукумат вакиллари хисобланмиш қароқчилар тўдасидан қуткаришга чақирар эди. Чунки «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги 2002 йил 6-май куни тасдиқланган 154-сонли қарорингиздан на хукумат, на ҳалқ, на савдогарлар манфаат кўрмоқда. Аксинча солиқчи ва божхоначи кийимига ўранган бу қароқчилар очиқ ошкора савдогарларга хужум уюштириб, уларни, ҳаттоки вояга етмаган гўдакларни қам аямаяптилар.

6-май куни 154-сонли қарорни қабул қилганингизга 2 йил тўлар экан. Сиз иқтисодчисиз. Ўзингиз бир сархисоб қилиб кўринг. Ушбу қарорингиз ҳалқни янада қашшоқ, янада ночор қилди ва хукуматдан норозилар сафини кенгайтирди холос. Авваллари Қозоғистон унини 6-7 минг сўмдан олинар эди, хозир эса 20 минг сўм. Сифатсиз, ейишга яроқсиз ўзбек унини 7-8 минг сўмдан олиш мумкин. Лекин ҳар бир инсон ҳам сифатли махсулот олишга интилади. Бундай мисолларни истаганингизча келтириш мумкин.

Сиздан Мамлакат иқтисодиётига ва аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатиб, ҳалқни қашшоқлантирган, давлат ғазнасини эмас, фақатгина қароқчиларнинг сандиғини тўлдираётган «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги 2002 йил 6-май куни тасдиқланган 154-сонли, «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси худудига товарлар олиб келишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2002 йил 12-июль кунги 248-сонли, «Республикага истеъмол товарлари ноқонуний олиб келиниши ва сотилишини олдини олиш чора тадбирлари тўғрисида»ги 2002 йил 19-июль кунги 257-сонли, 2002 йил 20-август кунги «Лицензиялашни бекор қилиш ҳамда истеъмол товарларини олиб келиш ва Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида сотишни такомимиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги 295-сонли ва 330-сонли қарорларингизни зудлик билан бекор қилишингизни, шунингдек Мамлакатни иқтисодий инқирозга юз тутишига сабаб бўлган ушбу қарорларни ишлаб чиққан мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришингизни қатъий талаб қиламиз.

Ушбу талабларимиз қисқа муддатларда хукумат миқёсида ҳал этилмас экан, Андижон вилояти Божхона бошлиғи С.Алламуродов рахбарлигидаги қароқчиларнинг ва Фарғона вилоятидаги Солиқчилар кийимидаги қароқчиларнинг юзлаб қурбонлари ва бундай зулмни умрида кўрмаган минглаб савдогарлар билан биргаликда водийнинг энг катта бозорларида норозилик чиқишлари ташкил этишга мажбур бўламиз.

Ушбу норозилик тадбирининг бошланиши эса 2004 йил 6 май куни, яъни 154-сонли қарор қабул қилинган куни ўнлаб адолатсизлик қурбони бўлган, мол-мулки давлат фойдасига эмас, қароқчилар чўнтагига жой бўлган, шунингдек қароқчилар томонидан тан жароҳатлари олиб, қолмишига яна жазоланган вояга етмаган гўдак қизчанинг «очлик» эълон қилиши билан бошланади…

Жаноб Раис!

Бизни водийнинг барча аҳолисини жалб қилишга, водий кўчаларига бутун аҳолини чиқариб, кўча юришлари қилишга мажбур қилманг! Хукуматни ва Мамлакатни яқинлашиб келаётган тўфон-у, бўронлардан қутқариш учун зудлик билан ушбу қарорларни бекор қилинг!»

«Ўтюраклар» Клуби инсон
ҳуқуқлари ташкилоти рахбари
Мўтабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.