Толиб Ёқуб: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Мурожаат!
Муҳтарам Президент!
Мен Сизга ўта муҳим бир масала юзасидан мурожаат ёзмоқдаман. Бироқ, аввало, менинг хориж (Франция)дан, 12 йиллик муҳожиротдан сўнг, ватаним Ўзбекистонга қайтиб келишим масаласида ёрдам қўлини чўзганингиз учун ўзимнинг самимий ташаккуримни қабул қилишингизни сўрайман.
Мен ҳозир Жиззах вилояти, Ш.Рашидов туманидаги Тоқчилиқ қишлоғида жойлашган, ота-онамдан қолган ҳовлимда болаларим ва невараларим қуршовида умргузаронлик қилмоқдаман. Сизнинг номингизга ёзилаётган менинг ушбу мурожаатим ўзимнинг бирор бир манфаатимга боғлиқлик жойи йўқ – Яратганга беадад шукрлар бўлсин-ки, мен, 78 ёшлик қария, юқорида ёзганимдек, меҳрибон болаларим ва невараларим қуршовида бекаму-куст яшамоқдаман. Шу ўринда, қуйида, ўзим ҳақимда, қисқагина, баъзи маълумотларни айтиб ўтмоқчиман.
ЎЗИМ ҲАҚИМДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
Мен Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика Институти (ТДПИ) математика факультетида ўз иш фаолиятимни 1964 йил августида оддий лаборантликдан бошлаб, 1992 йил 2 ноябрьда доцент лавозида тугатдим, яъни, ТДПИда салкам 29 йил ишладим.
ЎзССР Маориф минитрлиги педагогика институтлари математика факультетлари студентлари учун ўқув қўлланмаси сифатида тавсия этидган 1983 йилда “Математик логика элементлари” номли биринчи, 1996 йилда эса Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги педагогика институтлари ва университетларининг математика факультетлари талабалари учун ўқув қўлланма сифатида тавсия этилган “Математик логика элементлари” номли иккинчи китобни ёзиб нашрдан чиқардим.
Менинг 1992 йил февралидан бошлаб олиб борган фаолиятим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан кечди ва у 1992-2006 йилларда Ўзбекистонда, 2006-2011 йилларда эса Францияда давом этди. Мен гарчи фаол иштирокчи бўлмасам-да, 1989 йил 10 февралидан 2002 йил 19 майига қадар Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати (ЎзБХҲ)нинг аъзоси бўлганман.
СОВЕТЛАРГА ХОС БЎЛМАГАН СИЁСИЙ ЎЗГАРИШЛАР ва … ЧЕТ ЭЛЛАРГА ҚОЧИШНИНГ БОШЛАНИШИ
СССР коммунистик партияси Марказий Комитети Сиёсий Бюросининг тавсияси билан 1989 йил 23 июньда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР коммунистик партиясининг 1-Котиби этиб тайинлангач, кўп ўтмай, 1990 йилдан бошлаб республикада советларга хос бўлмаган сиёсий ўзгаришлар бошланди – уларнинг баъзиларини келтириб ўтаман:
[1] коммунистик партия номи Ўзбекистон Республикаси Халқ Демократик Партияси (ЎзХДП) дея ўзгартирилди;
[2] бир неча бошқа партиялар, шу жумладан, 1991 йилда, Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси (ЎзЭДП) тузилди;
[3] 1991 йил ноябрида ЎзБХҲ ва ЎзЭДП давлат рўйхатидан ўтказилди;
[4] 1991 йил 29 декабрьда Ўзбекистонда биринчи умумхалқ Президент сайлови ўтказилди ва унда ЎзЭДП раиси номзод сифатида қатнашди;
[5] 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди..
Бир қарашда Ўзбекистонда демократик сиёсий тузум шиддат билан ривожланаётгандай туюлди, бироқ тез орада вазият кескин ўзгарди:
1) мамлакатда мисли кўрилмаган сиёсий қатағонлар, қама-қамалар, бошланди;
2) сиёсий курашда қатнашган кучлар вакиллари, ҳуқуқбонлар ва ислом дини қадриятларини тарғибот қилаётган диндорлар бирин-кетин мамлакатни тарк эта бошлашди – минглаб ўзбекистонликлар АҚШ, Канада, Туркия, Россия Федерацияси, Европа Иттифоқи давлатлари, Саудия Арабистони каби қатор мамлакатлардан бошпана излаб Ўзбекистондан чиқиб кетишди.
Ислом Каримов президентлиги даврида, ҳамма соҳада – сиёсатда ҳам, иқтисодда ҳам, маънавиятда ҳам – ёлғон ҳукм сурган пайтда давлатнинг кучишлатар органлари талай мухолиф фикрдаги инсонларни турли сохта айблар, хусусан экстремизм ва тероризмда айблаб қамаб юборишди.
Сабаби эса оддий: қамалганлар оммавий ёлғон шароитида рост гапирадиган инсонлар эди. Бу фикр буюк инглиз ёзувчиси Жорж Оруэллга тегишли бўлиб,.у экстремизм тушунчасига айнан шундай таъриф берган: “Экстремист – бу тотал (оммавий) ёлғон шароитида ростни гапирадиган одамдир”.
ЧЕТ ДАВЛАТЛАРГА ҚОЧИШНИНГ ИККИНЧИ ОҚИМИ
1999 йил феврали ва 2005 йил майида аҳолининг кўпсонли вакиллари терроризмда айбланиб қамоқларга ташланди – Ўзбекистонда эcа чет элларга чиқиб кетиш жараёни қайтадан бошланди. Авторитар раҳбарлар ўз лавозимидан ажралиб қолишдан ўлгудек қўрқишади – улар бунинг олдини олиш учун туну-кун ухламай ўйлашади ва турли-туман ечимлар ўйлаб топишади. Мас., И.Каримов Ички Ишлар Вазирлиги қошида “Терроризмга қарши кураш бўлими”ни ташкил қилди – натижада юзлаб бегуноҳ инсонлар қамоқларга ташланди ёки чет элларга қочишга мажбур бўлишди.
Мутахассислар терроризмнинг энг мудҳиш кўриниши давлат терроризми эканлигига урғу беришади: булар – аҳолини оммавий ҳадик, қўрқув, хавф-хатарда ушлаб туриш ҳамда ўз сиёсатига қарши бўлган мухолиф кайфиятдаги инсонлар ва гуруҳларга тўнкаш мақсадида мамлакатнинг уер-буерида террористик амалиётлар (қотиллик, портлатиш, халққа ёки аҳолининг бир гуруҳига нисбатан миллий, маданий ёки сиёсий геноцид) уюштириб туриш шулар жумласидандир.
Давлат терроризми даҳшатли нарса – у оддий шахс уюштириши мумкин бўлган ҳар қандай террористик амалиётдан таққослаб бўлмас даражада даҳшатлидир! Қўрқмасдан, иккиланмасдан айтиш мумкин-ки, И.Каримов бунинг уддасидан чиқа олди – у Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тамоман зид ҳолда 27 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини эгаллаб турди.
ЎЗГАЧАФИКРЛИЛИК, ҲАЙБАРАКАЧИЛИК ва ПФ-4624 ФАРМОН
И.Каримов даврида кучишлатар тизимлар томонидан юритилган оммавий қатағон сиёсати Ўзбекистон Республикаси дея аталмиш ёш давлат ҳаётини халқ манфаати томонга йўналтиришга тиш-тирноғи билан қарши бўлган ягона ўта нодемократик бошқарув эмас эди – у биринчи навбатда жамият ривожланишида асосий ролларнинг бирига масъул бўлган мухолиф, яъни, ўзгачафикрловчи кучларни йўқ қилишга ҳаракат қилди.
Ўзгачафикрлиликнинг классик таърифи эса будир: “Жамиятда қабул қилинган, ёки жамоа ёки давлат томонидан ўрнатилган ахлоқ ёки ижтимоий ҳаёт соҳасидаги фикрдан фарқли ўлароқ фикр юритиш ҳамда мазкур фикрни очиқ ҳимоя қилишдир”. И.Каримовга “тан бериш” керак – у Ўзбекистонни мухолифатдан, яъни, ўзгачафикрловчилардан бутундай тозалади, мамлакат эса Акмал Саидов ва Сайёра Рашидова каби “ҳайбаракаллачилар”га топширилди.
Шу билан И.Каримовнинг “исёнкор” қалби тинчидими? Йўқ! У ўзгачафикрловчи минглаб ўзбекистонликларни ватанга қайтиш орзусидан маҳрум этиш йўлини излади ва … уни қийналмай топди! – у 2014 йилда ПФ-4624 фармонга имзо чекди. Мазкур махфий фармонга давлат раҳбари имзо чекканини биров билди, биров билмади.
Тўғрироғи, 3-4 лавозимли шахсдан ташқари ҳеч ким, айниқса чет давлатлардан бошпана олиб яшаётган минглаб ўзбекистонликлар ПФ-4624 фармонни ўқиган ҳам эмас, эшитган ҳам эмас. Балки, чет элларда яшаётган минглаб ўзбекистонликлар Ўзбекистон учун ортиқча емакхўрдир? Мазкур савол бир пайтлар Гуржистон президенти Михаил Саакашвили қаршисида ҳам кўндаланг бўлиб турган эди.
Бироқ у чет элларда ўқиган ва яшаётган ёш гуржи йигит ва қизларни мамлакатга чақириб олди ва уларни турли-туман, хусусан вазирлик лавозимларига тайинлади. CССР даврида чой плантациялари, узумчилик ва ундан вино тайёрлашдан бошқа ҳеч вақоси бўлмаган Гуржистон тез орада дунё давлатлари раҳбарлари ва туристлар диққатидан жой олди – Гуржистонга халқаро инвестициялар оқими кириб кела бошлади!
Айни пайтда Гуржистон Оврупо Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш мақсади билан яшамоқда. Чет элларда яшаётган ўзбек йигит ва қизлари билим даражаси гуржи йигит ва қизлариникидан камми? КАМ ЭМАС! Мен Канадада яшаб ишлайдиган бир йигитни шахсан танийман – у 5 та тилни (ўзбек, рус, турк, инглиз ва япон) мукаммал билади. Муҳтарам Президент, Сиз ўша йигит билан 10 минут сўҳбатлашсангиз, уни вазирлик лавозимига таклиф этишингизга мен 100% аминман.
ТАРИХИЙ СУД
Инсоният тарихида ўзидан ёрқин из қолдирган инсонлар ҳам, мудҳиш из қолдирган қотиллар ҳам етарлича кўп бўлган. Биринчи гуруҳга буюк ҳамюртимиз афшоналик Абу Али ибн-Сино, АҚШда қоратанлилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлида ўз жонини ҳам аямаган Мартин Лютер Кинг, совет тоталитар сиёсий тузумига атом бомбасини яратиб берган, бироқ, умрининг қолган йилларини СССРнинг парчаланишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган россиялик буюк физик Андрей Сахаров ва бошқа юзлаб инсонларни, иккинчи гуруҳга эса ашаддий коммунист, К.Маркснинг утопик “коммунизм” ғоясини Россия империясида амалга ошириш йўлида давлат тўнтариши уюштирган, натижада миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлган Владимир Ленин (Ульянов), файласуф Фридрих Ницше ишлпб чиққан нацизм ғоясини Германияда амалда қўллаб 2-чи Жаҳон уруши оловини авж олдирган Адольф Ҳитлер, иккинчи ашаддий коммунист, аҳолиси сони дунёда энг катта бўлган Хитойни 33 йил бошқарган, мамлакатда мисли кўрилмаган авантюристик “Катта сакраш” ва “Маданий инқилоб” ҳаракатларни амалга ошириши натижасида миллионлаб хитойлилар очлик ва касалликлардан ўлишига сабабчи бўлган Мао Цзедун, Судан давлатини салкам 30 йил бошқараётган, БМТнинг Гаага Халаро Суди халқаро қидирувга берган диктатор Умар ал-Башир ва минглаб бошқа вахший, аксилинсон ва аксилхалқ маҳлуқларни киритиш мумкин.
Ислом Каримов ҳам ашаддий коммунист эди. СССР 1990 йилдан кейин ҳам бус-бутунлигича тураверганда эди, у (И.Каримов) ўла-ўлгунича ашаддий коммунистлигича қолаверарди – коммунистлик унинг қон-қонига сингиб кетган эди. У ашаддий коммунист бўлган пайтда Москва томонидан Ўзбекистон ССР коммунистик партияси Марказий Қўмитаси 1-Котиби, яъни, ўша пайтдаги Республика раҳбари лавозимига тайинланди.
У ўзидан кейин нималар ва кимларни қолдирди?
(А): аксилинсон ва аксилхалқ сиёсий тузумни;
(Б): Андижондаги қирғинни;
(В): қишлоқ хўжалигида феодал (ҳоким) ва қарол (фермер) муносабатларига асосланган абгор иқтисодни;
(Г): ўз ватанида иш тополмай чет давлатларда кўча супуриб юрган миллионлаб “дангаса”ларни;
(Д): темир панжаралар билан ўралган давлат идоралари, банклар, парклар, темирйўл вакзаллари ва аэропортларни;
(Е): мамлакат бўйлаб блок-постлар билан тўсилган йўлларни;
(Ж): беҳисоб порахўр прокуратура ва милиция ходимларини;
(З): издан чиққан ўқув-таълим ва соғлиқни сақлаш системалари ва қорли-қировли кунларда қалтираб-қақшаб пахта териб юрган мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари-ю, тарбиячи, ўқитувчи, шифокор каби давлат бюджетидан маош оладиган ходимларни;
(И): халқ ва давлатнинг миллиард-миллиард доллар бойликларини ўзлаштирган Гулнора ва Лола исмли икки қизини;
(К): минглаб бегуноҳ маҳбуслар билан тўлиб-тошган ўнлаб қамоқхоналарни;
(Л): СССР давридан қолган ва ўзининг даврида талон-тарож қилинган юзлаб йирик ва ноёб корхоналарнинг харобаларини;
(М): Ўзбекистоннинг қўшни-қардош республикалар орасидаги чегараларида минглаб миналарни;
(Н): на халқаро демократик ҳамжамият эътиборига тушадиган, ва на “пичоққа илинадиган”, бирор бир инсонпарвар ва халқпарвар ташаббусни;
(О): ва, ниҳоят, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонунига ҳамда БМТнинг Ўзбекистон Парламенти (Олий Мажлис) ратификация қилган ва уларга мамлакат ҳудудида қонун кучини берган икки ҳужжати: “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Пакт”га тамоман зид бўлган ПФ-4624 фармонни қолдирди.
1945-46 йилларда Германиянинг Нюренберг шаҳрида нацизм устидан ўтказилган тарихий халқаро суд каби қачонлардир Ўзбекистонда ҳам каримовизм устидан тарихий суд ўтказилишига умид бор ва ўтказилажак суднинг асосий “қаҳрамони” Ислом Каримов бўлиши шўбҳасиздир.
Афсус, бўлажак судда Олий Мажлис депутати Шавриқ Рўзимуродов, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Андижон вилояти бўлимининг раиси Жўрабек Азимов, ўзбек-уйғур шоири Эмин Усмон ва бошқа юзлаб ўлдирилган инсонлар қатнаша олмайдилар – улар И.Каримов шотирлари томонидан қийноқларга солиниб ўлдирилган. Бироқ, уларнинг руҳи Ўзбекистон бўйлаб чирқиллаб кезиб юрибди – улар қотилларни жазолашни талаб қилмоқдалар.
Нюренберг судидан кейин АҚШ Германияда денацизм [нацизмдан халос этиш] амалиётини уюштирди – тез орада Германия дунёнинг етакчи давлатларининг бирига айланди. АҚШ Ўзбекистонда декаримовизм [каримовизмдан халос этиш] амалиётини ўтказишга, маълум сабабларга кўра, масъул эмас – уни Ўзбекистон халқининг ўзи янги раҳбарларнинг бевосита иштирокида ўтказиши лозим.
Юқорида келтирилган фактлар ва (А) – (О) важлар, ўлган бўлса-да, ўртоқ И.Каримовни инсонийлик ва инсониятга қарши содир этган жиноятлари учун БМТнинг Гаага судига тортиш учун етарлидан ортиқдир. АҚШнинг Германияда ўтказган денацизм амалиёти мамлакатни бурчак-бурчакларда писиб, яшириниб, жон сақлаб қолган ва давлатнинг катта-кичик лавозимларида жойлашиб олган собиқ нацистлардан тозалади.
Ўзбекистонда ҳам каримовизм устидан ўтказилажак суддан кейин пана-панада жон сақлаб қолган ва давлатнинг у-бу лавозимларини ҳанузгача эгаллаб турган Зокир Алматов, Рустам Иноятов, Акмал Саидов каби юзлаб [балки, минглабдир?!] собиқ нусхалар аниқланиши ва сиёсий саҳнадан супуриб ташланишлари лозим.
АСОСИЙ ИЛТИМОС
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Мен И.Каримов 2014 йилда имзолаган ПФ-4624 фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум этилган, бироқ Сизнинг инсонпарварлик ёрдамингиз туфайли чет элдан Ўзбекистонга қайтган биринчи ўзбекистонлик бўлсам керак. Аммо, чет давлатларда ватанга қайтиш қайтиш умидида яшаётган минглаб оилалар бор-ки, – улар фақат тутуруқсиз ПФ-4624 фармон бекор бўлишини кутиб туришибди.
Улар орасида минглаб ёш олимлар, юқори малакали инженер-техник ходимлар, шифокорлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳалар мутахассислари бўлиб, улар Ўзбекистоннинг олтин фондига айланиши мумкин. Мазкур тутуруқсиз фармон бекор қилинса, бундан халқ ва давлатга кони-фойда бўлишига мен аминман!
Икки тоифа инсонларнинг номи: бири – халқнинг оғирини енгил қилса, зулмга қарши курашса, адолат ва одил судни рўёбга чиқарса, иккинчиси – халқни қийноқ ва қатағонга олса, жамиятни зулм ёрдамида бошқарса ва ҳар қадамда адолатни топтаса, тарихда қолади. Биринчи тоифа инсонларни келажак авлодлар асрлар оша миннатдорчилик билан эслаб юришади, иккинчи тоифа инсонлар шаънига эса келажак авлодлар лаънатлар ўқийди! Бу – бор гап!
Муҳтарам Президент!
Сиздан илтимосим: ПФ-4624 фармонни бекор қилинг ва чет элларда яшаётган минглаб ўзбекистонликлар ватанга қайтишига йўл очинг!
6 январь, 2019 йил;
Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи.
Fikr bildirish