Россиядаги меҳнат мухожирининг янги йил остонасида Ўзбекистон Президентига надоматли ноласи!

Ушбу мурожаатномани Россиядаги меҳнат мухожири Ойбек Юсуповнинг бошига тушган кулфатлар ҳақидаги хикояси асосида тайёрладик!

ЎЗ ҲУҚУҚЛАРИМНИ ҲИМОЯ ҚИЛГАНИМ УЧУН ЎТА ХАВФЛИ ЖИНОЯТЧИГА АЙЛАНГАНИМ «АФСОНАСИ»

Меҳнат мухожири Ойбек Юсупов

Мухтарам Шавкат Миромонович!

Янги йил арафасида ортга қараш ва ўтган даврга, воқеа ходисаларга бахо беришга, хато ва камчиликлардан афсусланиш, ғалабалардан ғурур туясан киши. Мана икки йилдирки Сиз ботқоққа ботган Ўзбекистонни юзага чиқариш, 33 миллионга етган аҳоли ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш илинжида тиним билмай курашмоқдасиз.

Лекин оддий инсонлар ўз ҳуқуқ эркинликларини ўзлари ҳимоя қилишга ўрганмас эканлар, Сиз сингари халқ дардини ўз дарди деб билаётган Президентимизга ва сиз сингари фидойиларга қийин бўлади.

Ҳақиқатан ҳам шу йилнинг 19 январь куни Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашган паллангизда ўзингиз айтганингиздек Сурхондарё вилоятида куч ишлатар тизимлар мансабдорлари содир қилган жиноятларга инсон зоти чидаши жуда қийин.

Мен ҳам Она юртимиз Ўзбекистонимизни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий инқирозга олиб келган коррупция жиноятига қарши бошлаган курашингизга мамлакатнинг бир онгли фуқароси сифатида ўз хиссамни қўшишни ният қилгандим. Лекин афсуски адолат, қонун устиворлиги учун курашиш бизни Ўзбекистонимизда ҳамон хатарли экан.

АКАМГА ҚЎЛЛАНИЛГАН ҚИЙНОҚ ВА ОТАМНИНГ ШУБХАЛИ ЎЛИМИ

Мен Сурхондарё вилояти Ангор тумани Новшаҳар ҚФЙ, Новшахар маҳалласида яшовчи фуқаро Юсупов Ойбек Муродович 1985 йилнинг 27 октябрь куни оддий ишчи оиласида дунёга келганман. 7 нафар фарзандни туғиб тарбиялаган онам Эштемирова Марямхон хозирда 70 ёшда.

Отам Юсупов Муроджон 1940 йилда туғилган. Музработ туманидаги ёқилғи қуйиш шахобчасида оддий ишчи бўлган. Отам тўнғич фарзанди Омонни алоқаси бўлмаган ўғрилик жиноятини бўйнига олишини талаб қилиб, милиция ходимлари томонидан қўлланилган қийноқларга қарши курашгани, яъни ўз фарзандини адолатсизликдан, туҳматлардан ҳимоя қилгани учун 52 ёшида шубхали автохалокат сабаб вафот этган.

Воқеа мана бундай бўлган:

1992 йилда Музработ туманидаги уйимиздаги қўшнимизни уйида ўғрилик содир бўлганда, милиция ходимлари ҳақиқий ўғрини топиб, жазолаш ўрнига кўчадан ўтиб кетаётган 1966 йилда туғилган катта акам Омонни тутиб, Музработ туман ички ишлар идорасига олиб борганлар. Акамдан “Шу ўғриликни мен содир қилдим” деб бўйнига олишини талаб қилганлар. Уларнинг талабига кўнмаган акамни аёвсиз калтаклаганлар. Хатто пешонасига пистолет тираб, отиб юбориш билан қўрқитишган экан.

Акамни қамашганини эшитиб, милиция идорасига етиб борган отам акамни қутқариб олган. Отамни аралашувидан кейин озод бўлган акам ўзига нисбатан қилинган вахшийликлар ҳақида бақириб-бақириб, йиғлаб дадамга айтиб берган. Акамнинг ўша пайтдаги аҳволини машинани ичида ўтирганимда кўрганман.

Акамга у қилмаган жиноятни тан олишга мажбурлаб, қўлланилган қийноқлар ҳақида хабар топган отам ҳақиқий ўғриларни қидириш ўрнига бегуноҳ ўғлига азоб берган милиция идорасига кириб жанжал кўтарган. Кейинчалик акамга қийноқлар қўллаган милиция ходимларига  қонуний чора кўришни талаб қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига бир неча марта шикоят-аризалар юборган. Охирги шикоятини жўнатганидан кейин хеч қанча вақт ўтмасдан отам шубхали тарзда автохалокатга учраб вафот этган. Отамни ёзган шикоятларига келган жавоб хатлари мавжуд.

Бизни 44 ёшида бева қолган онамиз боқиб, тарбиялаб, катта қилган. Мен оиланинг кенжасиман. 9 синфни битирганимдан кейин 2001 йилда Термездаги академик лицейни химия ва биология курсига ўқишга кирганман. Биринчи курсни битирганимдан кейин оилавий шароитимиз кўтармагани учун Тошкентга мардикорлик қилишга кетганман.

2004 йилнинг октябрь ойидан 2005 йилнинг ноябрь ойигача харбий хизматни Тошкентда, харбий қисм билан шартнома асосида ишлайдиган ғишт заводида ишлаганман. Харбий хизматдан қайтгач, экстернет усулини қўллаб, 11 синфни битириб, аттестатни ҳам қўлга киритдим. 2006 йилда Тошкентдаги Авиация олийгоҳига ўқишга кириш учун ҳаракат қилганман. Лекин кириш имтихонидан йиқилганман, яъни ўқишга кира олмаганман.

2007 йилда ишлаш учун Ориф ва Одил акаларим билан бирга Новосибирскка ишлаш учун кетганмиз. 2009 йилда уйга қайтиб боргач, 2010 йили хайдовчилик ва 6 ойлик автомотористлик курсларида ўқиганман. 

РАДИКАЛЛАР ҚОРА РЎЙҲАТИГА КИРИТИЛГАНИМ ТАРИХИ:

2009 йилда Новосибирскдан уйга қайтганимдан кейин Новшаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хўжамурод Рахмонбердиев (телефони +998942010368), посбон Очилов Ҳамро (+9989337678882) ҳамда маҳалла котибаси Мавлонова Улуғбека мени намоз ўқишим, жума кунлари ва хайит кунларида масжидга қатнашим, қандайдир диний китоблар тарқатаётганлигим ҳақида СНБга шикоят аризаси ёзиб берибдилар.

Мавлонова Улуғбеканинг кейинчалик пушаймонлигини яширмасдан сирни ошкор қилишича бир куни маҳаллага келган Ангор туманининг СНБ рахбари “Ойбек Юсупов вахобий, сенлар нега бунга йўл қўйишдинг? Ёки Ойбек Юсуповга қарши ариза ёзишасан ёки Ойбек Юсуповни вахобийлигидан хабардорман, унга чора кўришларингизни сўрайман” деб ариза ёзасанлар” деб мажбур қилганлигини айтиб берганди. Шикоят аризаси ёзишларига бошқа сабаб йўқлиги учун ҳам тоғамнинг хотини Ўтанова Сайёрага унинг илтимосига биноан диний китоблар келтириб берганлигимни рўкач қилиб кўрсатишган экан.

Ҳақиқатан ҳам мен Ўтанова Сайёрага уйимизда бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Мухаммад Юсуфнинг “Поклик иймондандир”, ҳамда “Хадис ва ҳаёт”, “Тиб ва дам” китобларини келтириб бергандим. Ушбу шикоят аризага асосан СНБ қора рўйхатига тиркаб, мени кузатиб юриш ва кузатув натижалари ҳақида вақти-вақти билан хисобот бериб бориш учун алоҳида кузатувчилар тайинланибди.

2009 йилда Новосибирскдан уйга қайтганимдан кейин 2011 йилнинг январь ойигача асосан Тошкентдаги Паркент бозорида мардикорлик қилдим. 2010 йилда акаларимни сўроққа чақиртирган Ангор тумани МХХсининг Мухиддин исмли ходими Одил акамни уриб “Уканг Ойбекка намоз ўқишни ким ўргатганини айтасан” деб босим қилган экан.

2011 йилнинг февраль ойида Магаданга ишлаш учун кетиб, йилнинг охирида уйга қайтиб келганимдан кейин тишимни даволатиш учун Тошкентга кетдим. Тошкентнинг Чилонзор туманида яшайдиган қариндошимизникига яшаб турган пайтимда Одил акам менга телефон қилиб, “Маҳалла комитетидан сени қаердалигингни сўрашяпти” деб қолди. Мен яшаётганим қариндошимни уйини адресини айтдим.

Шундан бирор кунлар ўтар-ўтмас қариндошимни эри ишга, ўзи эса боласини докторга олиб кетган эди, мен уйда ёлғиз қолгандим, эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Эшикни очсам граждан кийимидаги бир одам турибди, менга қизил гувоҳномасини кўрсатиб, “Кимсиз, қаердансиз, нега бу ерда яшаяпсиз…?” сингари саволларни берди, мен унга бу квартира қариндошимга тегишли эканлигини, уларникига мехмонга келганимни айтдим, у яна бир-икки саволлар бергач, қайтиб кетди. Бу одамни айнан мени қидириб келганлигини кўнглим сезганди.

Уйга қайтиб келганимдан кейин маҳалла посбони Очилов Ҳамро келиб, мени маҳаллага чақиришаётганини, тезда боришим кераклигини айтди. Маҳалла идорасига борсам ўзини СНБ ходими Файзиев Акбар деб таништирган тахминан 35 ёшлардаги йигит мени сўроқ қилди.

Ундан мени сўроқ қилиши сабабини сўрасам, СНБга маҳалла фаолларидан шикоят хати тушганини айтиб, шикоятни мазмунини айтиб берди. Мен шикоятда ёзилганларни барчаси ёлғонлигини айтсам, “Ха, сени хеч қандай айбинг йўқлигини биламиз. Чунки мана шу шикоятдан кейин сени назоратга олганмиз, мана учинчи йил кузатувимиздасан, хеч қандай диний оқимларга алоқанг йўқ, лекин сени назоратдан чиқаришимиз учун Президентимиз номига кечирим хати ёзиб беришинг керак” деган.

Мен фақатгина намоз ўқишимни, жума кунлари ва хайитларда масжидга чиқиб, жамоа билан биргаликда намоз ўқишимни, бу эса жиноят эмаслигини айтиб, мен томондан содир қилинмаган жиноят учун кечирим сўрашдан бош тортдим. Кечирим хати ёзиб беришга розилик бермаганимдан кейин у паспортимни олиб қўйди. Орадан бирор ойлар ўтганидан кейин паспортимни қайтариб беришлари учун содир қилмаган “қилмишим” учун Ислом Каримов номига кечирим хати ёзиб беришга мажбур бўлдим. Ўшандан кейин паспортимни қайтариб беришди.

Ўшанда милицияда ишлайдиган, мени бир танишим “Ойбек бу балолардан халос бўлишни истасанг намоз ўқишни ташла, ароқ ичиб маҳаллада айланиб юр, маст холатингда бирортаси билан жанжаллашиб, милицияга тушсанг яна ҳам яхши, бу ишинг сабаб маҳалла сени диний радикаллар қора рўйхатидан чиқариб, ичкиликка мойиллар рўйхатига киритади, шунда қутуласан” деганди. Мен спиртли ичимлик ича олмайман, чунки ошқозонимда яра бор, шунинг учун унинг айтганларини ҳаммасини бажара олмадим, лекин намоз ўқишни тўхтатишга, масжидга қатнамасликка мажбур бўлдим. 

Шундай қилиб, балким қора рўйхатдалигим сабаб бўлдимикин билмадим, иш топа олмадим. Ишга кира олмаганимдан кейин яна Термезда, Тошкентда мардикорчилик қилиб кун ўтказишда давом этдим.

2013 йилда Москвага ишлаш учун келдим. 2015 йилда уйга қайтдим. 2016 йилнинг бошида яна Россияга келдим, лекин 6 ой давомида ишлаган ҳаққимизни беришмаганидан кейин уйга қуруқ қўл билан қайтишга мажбур бўлдим. Уйга қайтгандан кейин оиламиз вакиллари ўртада пул тўплаб, Дамас автомашинаси сотиб олдик ва мен қонуний йўл билан, яъни лицензия расмийлаштириб, Термиз – Ангор – Янгиобод йўналиши бўйича таксистлик қила бошладим.

КАРИМОВ ЗАМОНИДАГИ ҚОРА РЎЙХАТ СИЗНИ ЗАМОНИНГИЗГА КЕЛИБ ҚАТАҒОНГА АЙЛАНДИ!

Хурматли Шавкат Миромонович!

Мана шундай қилиб Ислом Каримов замонида қора рўйхатга туширган бўлсалар, Сизнинг замонингизда ҳаққоний қатағонга учрадим.

14 декабрь куни Қашқадарёга қилган сафарингиз чоғида Қарши шаҳрида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари билан ўтказган йиғилишингизда жойлардаги ҳокимликларни сусткашликка, халқ эса улардан талаб қилишда бефарқликка йўл қўяётганини танқид қилдингиз ва «Халқимиз яхши яшашини, ривожланган давлатлар қаторига чиқишни истаймиз. Лекин ҳеч ким меҳнатсиз, машаққатсиз натижага эришмаган, эришолмайдиям! Президент келиб йўналиш беради, вазифа қўяди. Уларни ким амалга оширади? Одамлар қачон уйғонади?» деган маърузангизни эшитиб, дод дея хайқиргим келди.

Чунки Сиз айтаётгандек ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида ҳаракатлар қилаётган, мамлакатдаги ўзибўларчилик, коррупция жиноятига қарши курашаётган фуқаролар хоҳ оддий инсонлар бўлсин, хоҳ бирор бир соха мутахассиси – мамлакатдаги куч ишлатар тизимлар босимлари остида қолаётганлари сир эмас.

Сизни Президент сифатидаги чиқишларингиздан руҳланиб, Сурхондарё вилоятидаги ўзибўларчиликлар, қонунбузарликлар, тадбиркорларга тўсқинликлар, вилоятдаги ДАН ходимлари, Солиқ кўмитаси вакилларининг коррупцион жиноятлари ва Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судидаги қонунбузарликлар устидан Президент порталига асосли равишда кўплаб мурожаатлар, шикоятлар ёзганман.

Афсуски мен томонимдан кўтарилган муаммолар ва таклифлар юзасидан бирор бир давлат органларидан қониқарли жавоб олмадим. Лекин айнан мана шу таклифларим ва шикоятларим ортидан кучишлатар тизимлар вакиллари томонидан босимларга учрадим.

Менга ва оилам аъзоларимга, 70 ёшга кирган юраги хаста онам Эштемирова Марямхонга нисбатан содир қилинган босимлар ва тахдидлар, қисқа вақт ичида бошимдан ўтган саргузаштларни сизга ҳикоя қилсам осмон ҳам ларзага тушиб кўз ёши тўкса ажабмас. Мен диний радикализм, терроризм, наркобизнес сингари жиноятлари содир этганликда айблаб, Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳаёти барбод бўлаётган бир неча минглаб беайб инсонларни, уларнинг оила аъзолари бошига тушган кулфатларни барчасини қандай уюштирилганлигини ўзимни тақдиримда, оилам тақдирида яққол тушуниб етдим.

Мени Сурхондарё вилояти ИИБ ДАН ходимларининг хайдовчиларга, асосан таксистларга нисбатан содир қилаётган жиноий қилмишлари, коррупция жинояти ҳақида қонуний чора кўришларини сўраб Президент девонига жўнатаётган шикоятларим далиллар, видео лавҳалар ва суратлар билан исботини топиши мушкул эмасди.

Масалан биргина ДАН ходими Азамат Бўриев ўзига таниш бўлган бир аёлнинг +998972447113 рақамли мобил телефонига пул тушириб беришимни талаб қилганида 2017 йилнинг апрель  ойида 20000 сўм миқдоридаги пулни паянет орқали тўладим. Бунингдек такси хайдовчиларига нисбатан таъмагирликлар кунда-кунора бўлиб туради. Лекин буларнинг жиноий қилмишларига чек қўйишни талаб қилгувчилар босимларга, тахдидларга учрайдилар. Менда ҳам мана шундай холат қайта ва қайта такрорланаверди.

Афсуски Сиз томондан ташкил қилинган порталга ёзган шикоятларимга энг аввало порталдагилар шикоятбозлик қилишни бас қилишимни талаб қилишди. Кейин эса шахсимни шикоятимда номлари келтирилган коррупционер мансабдорларга билдирмасликларини, сир сақланишини, агар сир сақланмаса мени ҳаётим хавф остида қолиши мумкинлигини уқтирган бўлишимга қарамасдан порталдагилар мени шикоятимни ва хаттоки видеолавҳаларни айнан шикоятимда номлари келтирилган мансабдорларга етказганлар. Шикоятимда номлари келтирилган мансабдорлар эса менга ва оила аъзоларимга босимларни янада оширганлар.

“ТАРБИЯЧИ” СПОРТЧИ, МАҲАЛЛА, МИЛИЦИЯ, СУД РАИСИ ҲАМДА МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИ… УЮШТИРГАН ФИТНАЛАР

Навбатдаги ғайриқонуний зарба, яъни уюштирилган фитна 2017 йилнинг 18 март куни содир бўлди. Айни шу куни Термезда Наврўз байрами нишонланаётгани учун асосий йўл ёпилганди. Биз таксистлар Термиз шаҳрига Намуна деб аталувчи йўл орқали харакатланаётгандик.

Мен шу куни ўзимга тегишли бўлган 75 Q 451 НА рақамли Дамас автомашинамда Ангор туманидан Термез шаҳрига йўловчи ташиётгандим. Эрталаб соат 9ларда Термезда жойлашган “Давр” супермаркети олдида қизил чироққа тўхтадим. Мен йўлда кетаётган пайтимда давлат рақами 75 266 МАА бўлган кул рангли Нексия автомашинаси хайдовчиси мен билан жанжал чиқарди ва мени калтаклади. Унинг машинасида бўлган аёллар ҳам унинг ҳақоратларига қўшилиб, уришгача боришди.

“Мен солиқ идорасида ишлайман, сени машинангни мусодара қилдираман” деб мени ҳуқуқларимни бузиб, калтаклаб, ҳужжатларимни тортиб омоқчи бўлган, менга тан жарохати етказган кимса аслида Термез Давлат Университети қошидаги 2 академик лицейда спорт ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган, олий маълумотли Тошматов Равшан экан.

У қандай тарбиячики ўзи тарбиясиз бўлса ва қонунларга итоат этмаса? У қандай тарбиячики жамоатчилик орасида, ўндан ортиқ гувоҳлар кўзи ўнгида ёлғон гапирса, мунофиқлик қилиб, ўзини Солиқ идорасида ишлайдиган мулозим қилиб кўрсатса, шу идора номини айтиб инсонларни қўрқитмоқчи бўлса??

Менга дўқ-пўписалар қилган ва менга тан жарохати етказган, ҳужжатларимни тортиб олмоқчи бўлган бу кимсанинг жиноий қилмишлари учун унга қонуний чора кўришларини сўраб керакли органларга шикоят аризаси ёзиб жўнатдим. Лекин маъмурий органлар вакиллари бу “тарбиячи безори”га қонуний чора кўришга шошилмадилар.

Аксинча ўша зўравон спортчига қарашли нотаниш кимсалар хонадонимизгача бостириб келиб, мени шикоятларимни қайтариб олишимни талаб қила бошладилар, хаттоки шикоят аризамни қайтариб олишим учун сотиб олмоқчи ҳам бўлдилар. Уларнинг алдовларига учмаганимдан кейин нафақат ўзимга, балким оила аъзоларимга ҳам ёмон бўлишини, афсус чексамда фойдаси бўлмаслигини, катта кучларга қарши курашаман деб чиранишим ўзимга зиён келтиришини айтиб қўрқитишгача бордилар.

Босимлар ортиб, ҳаётим хавф остида қолаётгани сабабли мени ва оила аъзоларимни ҳуқуқ ва эркинликларимизни ҳимоя қилишни, ҳаётимизга хавф солаётган тахдидлардан қутқаришни сўраб 2017 йил март ойида “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига шикоят ариза билан мурожаат қилдим ва 2017 йилнинг 30 март куни ташкилотнинг Президенти Мўътабар Тожибоева номига уч йилга ишончнома бердим.

Айнан Мўътабар Тожибоева менинг шикоят аризамни қонуний хал этиш ўрнига ўзимни маъмурий ҳуқуқбузарга айлантирганликлари ва мени шикоятимни “ўрганган” ва натижада мени ҳуқуқбузарга чиқарган милиция ходими Турсунқулов Сирожиддинни ҳам, Жиноят ишлари бўйича Термез шаҳар суди раиси Д.Эшматовни ҳам қилмишлари жиноят эканлигини исботлаб берди.

У 2017 йилнинг 14 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Термез шаҳар суди раиси Д.Эшматов раислигида кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини расмийлаштиришда ва судда кўриш пайтида ўта қўпол қонунбузарлик содир этганликлари ва ушбу юзасидан чиқарилган қарор ғайриқонунийлиги сабабли МЖтКнинг 323 моддасига кўра ушбу қарорни бекор қилиш ва ишни адолатли ҳал қилиш ҳақида протест киритишларини сўраб Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди раисига ҳамда Сурхондарё вилоят прокурорига шикоят аризаси тайёрлаб берди.

Ушбу шикоятда маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўришда қалбакиликка ва қонунбузарликка йўл қўйган милиция ходими Турсунқулов Сирожиддин ҳамда суди раиси Э.Эшматовга нисбатан интизомий иш қўзғатиш учун ҳусусий ажрим чиқарилиши шартлигини асослаб берилганди. Қолаверса Маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўришда суд мажлиси баённомасини ҳам қалбакилаштирилганлиги сабабли уни бекор қилиниши шарт эди.

Ҳақиқатан ҳам Термез шаҳар ИИБ ХООБ ходими, Тошматов Равшан яшайдиган маҳалла худуд профилактика нозири Турсунқулов Сирожиддин ўзининг худудида яшайдиган “тарбиячи” ҳамда унинг шериклари бўлган Чоршанбиева Зумрад ва Ражабова Наргизларни қонунбузарликларини бости-бости қилиш мақсадида мени ҳам маъмурий тартиббузарга чиқариб, мени кўргазмаларимни сохталаштирди. Хаттоки у судга боргунимизгача ҳам менга қарши маъмурий ҳуқуқбузарлик иши қўзғатилганини сир сақлаганди.

Чунки ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўрилишига сабаб бўлган воқеа 2017 йилнинг 18 март куни содир бўлган, суд эса 14 апрель куни бўлиб ўтган. 14 апрель кунигача бизларни Турсунқулов 3 марта судга олиб борган. 2 марта судга борганимизда судя йўқлиги учун иш кўрилмаган. 3чи марта, яъни 10 апрель куни судга боргунимизгача мен ўзимнинг ёзган шикоят аризам сабабли маъмурий ҳуқуқбузарга айланганлигимни, яъни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланаётганимни билмаганман.

10 апрель куни учинчи марта судга бориб, суд бошланишини кутиб турган пайтимизда Турсунқулов Сирожиддин суд биноси ичида мени маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлигим ҳақидаги баённомага имзо чектиришга уринди. Мен унинг бу ғайриқонуний баённомасига имзо чекишдан бош тортганимдан кейин судга бошқа ишлар билан келган инсонларни холис сифатида жалб қилиб, мени маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлигим ҳақидаги баённомага имзо чекишдан бош тортганлигим ҳақида далолатнома расмийлаштирди. Турсунқулов Сирожиддин ушбу ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари билан МЖтКда кўрсатилган бир қанча моддаларни қўпол равишда бузганди.

Шундай қилиб, Жиноят ишлари бўйича Термез шаҳар суди томонидан мени ҳақоратлаб, калтаклаган, тан жарохати етказгани суд тиббий экспертизаси хулосаси билан тасдиқланган Равшан Тошматовни ҳам, асли жабрланувчи бўлмиш мени ҳам МЖтКнинг 41-моддасига асосан “Хақорат қилиш” маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айблаб, маъмурий жаримага тортди. Мени айбсизлигимни исботловчи бирорта ҳам гувоҳни судда кўргазма бериш учун жалб қилмади.

Суд жараёни бошланишидан олдин судья Д.Эшматовга мени маъмурий ҳуқуқбузар сифатида ишга жалб қилинганимни Турсунқулов Сирожиддин шу бугунги кунгача сир сақлаганлигини, буни айнан шу бугун, суд идорасида бундан хабардор бўлганимни судга иш билан келган инсонларни жалб қилиб маъмурий баённомага имзо чекишдан бош тортганим ҳақида протокол расмийлаштирганлиги исботлашини айтдим. Шунингдек маъмурий жавобгарликка оид иш ҳужжатлари билан танишиш ва кўчирмалар олишга рухсат беришни сўраб ёзма равишда ариза ёзиб топширдим. Лекин судя мени иш ҳужжатлари билан танишишимга рухсат бермади ва суд жараёни бўлиб ўтди.

14 апрель кунги ғайриқонуний суд қарорини бекор қилишни талаб қилиб, 3 май кунги берган  шикоят аризамда ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик иши қасддан уюштирилганлигини, маъмурий баённомани расмийлаштирган милиция ходими ҳам, суд раиси Д.Эшматов ҳам қонунларни оёқ ости қилганликларини исботлаб берган бўлсамда Сурхондарё вилоят прокурори Ў.А.Саидов ушбу маъмурий ишни мени шикоятим асосида текшириб чиқишни ҳам ўзига лозим топмади. Прокурор 6 май куниёқ “…Суд томонидан Сизнинг ҳуқуқбузарлигингиз тўғри малакаланиб, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, жазо тайинганганлиги сабабли суд қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақида протест келтириш учун асослар аниқланмади…” деб жавоб бериш билан чегараланди холос.

Шикоятга асосан ушбу маъмурий ишни 2017 йилнинг 6 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят раисининг ўринбосари О.Тошевнинг раислигида кассация тартибида кўриб чиқилди. Менинг шикоятимда милиция ходими Турсунқулов Сирожиддин ва ЖИБ Термез шаҳар суди раиси Д.Эшматовларнинг содир этган қонунбузарликларини қонун асосида исботлаб берган бўлсакда кассация суди пайтида шикоятимда келтирилган важларга ҳуқуқий бахо берилмади.

Аксинча мени ҳуқуқбузарлик содир этганлигим тасдиқлангани, лекин суд менга нисбатан оғир жазо қўллаганини баён қилиб, 299550 сўм миқдорида қўлланилган маъмурий жазони бекор қилиб, “огоҳлантириш” бериш билан кифояланишга қарор чиқарди.

Суд жараёнидан кейин Сурхондарё вилояти ИИБнинг уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Шерзод Шодиев мени сухбатга чақириб, қўлида менга қарши ҳужжатлар борлигини ва бу маълумотларни аноним тарзда етказганликларини айтди. Ўзбекистонда аноним шикоятлар текширилмаслиги ҳақида қонун амалда бўлишига қарамасдан аноним маълумотга асосланиб менга нисбатан босимлар кучайиб бораверди. Бунингдек адолатсизлакларга қарши қилаётган шикоятларим ортидан яна таъқиблар, тахдидлар қилинаверди.

Масалан 27 июнь куни мен яшайдиган Новшаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хўжамурод Рахмонбердиев таксичилик қилган пайтимда солиқ тўламаганимни, солиқдан қарзим борлигини айтиб, тезлик қарзимни тўлашимни ва унинг олдига тезлик билан етиб боришимни талаб қилди. Хўжамбердиев “Сен кимлар билан алоқа қиляпсан? Маҳалламизни юзини ерга қаратяпсан, бизларни шарманда қиляпсан” деб Тожибоева номига берган ишончномамни шаъма қилди.

Маҳалла раисига солиқдан қарзим йўқлигини, керак бўлса ўзи келиб мен билан учрашишини айтганимдан бироз ўтиб маҳалланинг Ойбек исмли посбони телефон қилди ва Дамас автомашинамни давлат рақамини сўради. Мен Дамасни сотганлигимни айтсам, Дамасни сотиб, уни пулига олганим Матиз автомашинамни номерини айтишимни талаб қилди. Қизиғи вилоят ИИБ вакили Шерзод Шодиев ҳам мендан “Дамасни қанчага сотдинг?” деб сўраганди.

Ўз ҳуқуқларимни тиклашга бирор бир давлат идорасидан кўмак ололмаган бўлсам, ҳуқуқ ҳимоячисининг менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилишимга кўмак беришини нимаси ёмон экан тушунмадим. Маҳалла раисининг гапларидан ДАН ходимларига Тожибоева қўнғироқ қилиб гаплашганидан кейин улар маҳалла раисига ҳам қўнғироқ қилиб, менга босим ўтказишга, Мўътабар Тожибоеванинг ҳимоясидан воз кечишга мажбур қилишга уни ҳам жалб қилганлар чамаси. Мўътабар Тожибоева Хўжамурод Рахмонбердиевга телефон қилиб унинг соди қилган қилмиши жиноят эканлигини тушунтирганидан кейингина маҳалла раиси мени тинч қўйишга мажбур бўлди.

Мамлакатда мени ҳуқуқларимни тиклайдиган бирор-бир идора топа олмадим, барчаси устимдан кулади, масхаралайди, тахдид қилади, лекин биронтаси мени важларимни тингламайди. Шунинг учун 2017 йилнинг 29 июнь куни ишлаш учун Россияга кетишга мажбур бўлдим. Россияга чиқиб кетишим биланоқ уйимизга турли идоралардан келишиб, оиламдагилардан мени қаердалигимни айтишларини талаб қила бошлабдилар. Уйимизга келган солиқ идораси ходимлари солиқдан қарзим борлигини айтиб, агар уч кун ичида қарзимни тўламасам жиноий жавобгарликка торттириш билан қўрқитишибди онамни.

Мен Дамас автомашинасини сотишимдан олдин ҳамма тўловларни тўлаб, лицензия варақамни қонуний тарзда ёптирганман. Агар солиқдан қарзим бўлса лицензия варақамни ёпмасдилар. Лекин солиқчилар ҳеч қандай қарзим йўқлигига қарамасдан онамга оладиган нафақасидан 80000 сўм жарима тўлашга мажбур қилибдилар.

Ўшандан буён мен Москвада қонуний тарзда мехнат муҳожири сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Лекин оиламдагиларга ва менга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари бироз бўлсада тўхтагани йўқ.

2017 йилнинг 14 апрель кунги ЖИБ Термез шаҳар судининг мени 299550 сўмлик маъмурий жаримага тортган қарори қонуний кучга кирмай туриб кассация шикояти расмийлаштирилган бўлсада, судья Д.Эшматов ўз жиноий қилмишларини яшириш мақсадида судни қарорини ижрога қаратиш учун МИБ Ангор туманига жўнатган. ЖИБ Сурхондарё вилоят судининг 2017 йил 6 июнь кунги қарори билан бекор қилинган бўлсада Мажбурий Ижро Бюросининг Ангор тумани бошлиғи О.И.Сайдуллаев бошчилигидаги вакиллари ҳеч қандай қонуний асосларсиз бизнинг хонадонимизга бориб,  оиламизга тегишли автомашинани ва онамнинг номида бўлган уйимизни мусодара қилиш ва мени жиноятчи сифатида қидирувга бериш билан тахдид қилишган.

Онам уларга мени маъмурий жаримага тортилганим суд қарорини бекор қилинганлигини айтиб, ЖИБ Сурхондарё вилоят судининг 6 июнь кунги қарорини тақдим қилса “Бу суд қарорининг нусхаси экан, бизларга ўтмайди” дейишибди. 

Аслида ЖИБ Термез судининг бекор қилинган ғайриқонуний қарори бўйича 299550 сўм миқдорида жаримага тортганди. Агар бу ғайриқонуний қарор қонуний кучида бўлганида ҳам Дамас автомашинаси ва ҳовлининг нархи 299550 сўм бўлмайдику. Қолаверса бу қарор бекор қилинган. Навбатдаги қонунбузарликлар юзасидан ҳам Сиз – Президент Шавкат Мирзиёев номига шикоят аризаси ёзиб, порталга жўнатганимдан кейингина МИБ вакиллари оиламиз вакилларини тинч қўйишга мажбур бўлишди.

Мени маъмурий жаримага тортиш қарори 14 апрелда чиқарилган. Ушбу ғайриқонуний суд қарорида “…Ушбу қарордан норози томонлар қонуний ўн қулик муддат ичида шу суд орқали жиоят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судига кассация тартибида шикоят, прокурор протест келтиришга хақлидир” дейилган.

Мен суднинг ушбу ғайриқонуний қарори ва маъмурий жавобгарлик иш ҳужжатларидан кўчирма беришларини талаб қилиб, ЖИБ Термез шаҳар суди раиси Д.Эшматов номига 15 апрель куни телеграмма билан мурожаат қилганман. Қарор ҳамда ҳужжатларни қўлга киритганимдан кейин қонунда белгиланган муддатда ЖИБ Сурхондарё вилоят суди раиси ва вилоят прокурори номига судни қарорини бекор қилиш, шу масалада прокуруор протестини киритиш ва бошқа талабларни бирма бир баён қилиб буюртма хат билан жўнатганман.

Лекин судья Д.Эшматов ўзининг ғайриқонуний қарори қонуний кучга кирмасдан туриб, ушбу қарорни бекор қилишни талаб қилиб кассация шикояти топширган бўлишимга ва ушбу шикоят вилоят судида кўрилиши маълум бўлганига қарамасдан МИБ Ангор туман бўлимига жўнатгани ҳам қонунбузарлик хисобланади. МИБ Ангор туман бўлими бошлиғи О.Т.Сайдуллаев ҳам ҳали қонуний кучга кирмаган ғайриқонуний суд қарорини ижрога қаратиб, қарздор Ойбек Юсуповдан давлат фойдасига 299550 сўм маъмурий жаримани ундириш юзасидан 2017 йилнинг 24 май куни № 1902-4332/17 сонли ижро иши қўзғаган.

ЖИБ Термез шаҳар суди раиси Д.Эшматов ва МИБ Ангор тумани вакилларининг ғайриқонуний қилмишлари ҳақида президент порталига шикоят аризалар ёзганимдан кейингина 2017 йилнинг 24 май кунги қўзғатилган № 1902-4332/17 сонли ижро иши орадан 5 ой ўтганидан кейингина тўхтатилган.

Лекин уларни қайси қонунга асосан менга тегишли автомашина ва онамнинг номида бўлган уйни мусодара қилмоқчи бўлганликлари холати аниқланмади. Уларнинг мени ва оиламиздагиларни ҳуқуқ ва эркинликларимизни бузадиган ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий бахо берилмади, уларга чоралар кўрилмади.

Ойбек Юсупов

Ҳикоямизнинг кейинги қисмларида Россиядаги меҳнат мухожири Ойбек Юсуповга ўзбек милицияси мансабдорлариниг босимли қўнғироқлари, уларнинг ҳамкорлари бўлмиш маиший бузуқ хонимлар ва Ойбекнинг ҳаётига очиқдан очиқ таҳдид қилаётган жиноий унсурлар томонидан тинимсиз йўлланаётган таҳдидли СМСлар, аудиоёзувлар, шунингдек оддийгина меҳнат муҳожирига босимларда «журналистлар» ҳамда «ҳуқуқ ҳимоячилари»нинг иштироклари ҳақидаги далиллар билан танишасизлар.

Меҳнат мухожири Ойбек Юсуповнинг ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева

30 декабрь 2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.