«Ана сюрпризу, мана сюрприз!» мақоласи юзасидан Матлуба Азаматованинг журналистик суриштируви

«ҲАҚ ҚОЛИБ, ҲАҚҚОН ҚОЛИБ, ЁЛҒОН БИЛАН ОВВОРАМИЗ!»

Дилором Исҳоқова ва Аъзам Турғунов

Ўзбекистонда фаолият юритаётган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Дилором Исҳоқова интернет саҳифасида эълон қилинган “Ана сюрпризу, мана сюрприз! Аъзам Турғуновнинг “сингилжон”лари ёки Мўътабар Тожибоева “касбини ўзгартирдими?” номли мақолани «туҳмат ва уйдирма» деб баҳоларкан, бу «мақола» муаллифнинг шахсий ғарази ва нафрати натижаси эканлиги кўриниб турганини айтди.

2018 йилнинг 14 ноябрида фейсбук саҳифасида эълон қилинган бу мақола муаллифи кўпчиликка нотаниш бўлган Акбар Шоҳ Ҳумоюнзодадир. Далил ва асосларсиз ёзилган бу мақолани Ўзбекистондаги «Мазлум» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилоти раҳбари, собиқ сиёсий маҳкум, сиёсий қатағон ва қийноқ қурбони Аъзам Турғунов ўзининг фейсбукдаги саҳифасига жойлаштирган.

Журналистикадан йироқ бўлган “Ана сюрпризу, мана сюрприз! Аъзам Турғуновнинг “сингилжон”лари ёки Мўътабар Тожибоева “касбини ўзгартирдими?” деб ёзилган бу баённома кўпроқ терговчиликка тақлид қилувчи айрим кимсаларнинг айбловига ўхшаб кетади.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи ҳимоячиси бўлиш осон эмас. Бу катта масъулият, жасурлик, фидойилик, ватанпарварлик, инсонпарварлик талаб қилади. Афсуски, беминнат қилинган саъйи-ҳаракатлар кўпинча ижобий баҳоланмайди.

Сўнгги йилларда таниқли инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига, айрим журналистларга нисбатан қоралов кампаниялари кучаймоқда. Аксарият ҳолатларда бу кампаниялар ортида баъзи халқаро ташкилотлар ва баъзи журналистлар тургани одамни сергак торттиради.

Мени журналист сифатида қизиқтирган масала ўзим кўп йиллардан буён таниган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг мақолага бўлган муносабатидир.

Кейинги пайтларда кимнидир номидан фойдаланиб туҳмат мақолалар эълон қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Лекин агар шундай бўлган, деб фараз қилинадиган бўлса Аъзам ака аллақачон бу «мақола»ни ўз саҳифасидан олиб ташлаган бўларди.

Ўзининг озодлиги учун курашган сафдошларига қарши ёзилган бу мақолани эълон қилишдан унинг мақсади нима эди? Аслида ҳақиқат ким томонида? Мана шу саволлар ортидан мен ўзимнинг журналистик суриштирувимни бошладим.

Дастлаб Аъзам Турғунов билан боғланишга ҳаракат қилиб у кишидан интервью масаласида келишдик. Интернет орқали у кишига ўзимни қизиқтирган саволларни юбордим.  Аммо мана орадан бир ойдан ўтса ҳамки Турғуновдан жавоб ололмадим. Кейин мақола «қаҳрамонлари» Дилором Исҳоқова ва Мўътабар Тожибоеваларга ўз саволларимни бердим.

Таниқли инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева билан бўлажак сухбат мазмуни билан кейинги сафар танишишингиз мумкин. Бугун эса бу туҳмат мақола юзасидан Дилорам Исҳоқованинг жавобларини эълон қилмоқчиман.

– Дилором опа, Аъзам Турғуновнинг ҳимоясига сиз қандай ҳисса қўшгансиз?

– Ҳурматли синглим Матлуба! Шу иш, аниқроғи Акбар Шох Хумоюнзода номи остида фейсбукда пайдо булган фақат туҳмат ва ёлғондан иборат бўлган бу «мақола» юзасидан журналистик суриштирув ўтказишга жазм қилганингиз учун катта рахмат.

Бу туҳматлар шу қадар оғирки, уларни туҳмат эканини исботлаш учун  Аъзам  Турғунов қамалгандан то озодликка чиққунига қадар бўлган воқеаларни ёдимда қолганларини айтиб ўтишим шарт деб билдим. Саволларга жавоб беришда мавзудан бироз четлаб кетишим мумкин ва бунинг учун олдиндан узр сўрайман.

Аъзам акани ҳибсга олинганини у кишининг рафиқаси менга телефон орқали ҳабар қилди. Табиийки бу ҳабарни мен ўша заҳотиёқ дунёга тарқатдим. Лекин олис Манғитда нима бўлди, Аъзам акани қайси уйдирма билан қўлга олишди, аҳволи қандай, булар ҳақида тўлиқ маълумот йўқ эди.

Шу сабабдан Аъзам ака қамалганидан кейиноқ, Баҳодир Чориев Қорақалпоқнинг Манғитига бориб келишим учун юборган маблағи ҳисобига манзилга етиб бордим. У ерга бориб, воқеа тафсилотларини тўлиқ ўргандим ва шу ўрганганларим ортидан бутун дунё Турғуновнинг қамалиш сабаби ва ўша пайтдаги аҳволидан хабардор бўлди. Тергов даврида Турғуновга қўлланилган қийноқлар ҳақида ҳам жамоатчилик мен берган ахборотдан билди. 

– Мақолада иддао қилинишича, сиз Аъзам Турғуновнинг ёрдам пулларини ўзлаштиришгансиз. Мақолада келтирилаётган  бу даъвога қандай изоҳ бера оласиз?

– Албатта, бу туҳмат ва уйдурмадан бошқа нарса эмас. Боиси Аъзам аканинг холидан хабар олиш, у  ҳақдаги маълумотларга эга бўлиш осон эмас эди. Бунга нафақат хохиш балким имконият, вақт ва асосийси сафар ҳаражатлари керак эди.

Аъзам акага ҳукм ўқилгунга қадар Манғитга бир неча марта қатнадим. У ерга бориб келиш ҳаражатлари анчагина эди. Шу сабаб унинг оила аъзолари, журналистлар ҳамда ҳуқуқбонлар учун йўл ҳаражатларига ва бегона жойда яшашларига керак бўладиган бошқа ҳаражатларни қоплашга етарли маблағни топиш ниятида мен кўпчиликка мурожаат қилдим. Шу ерда аниқ айтиб кетишим керакки мен фақатгина йўл ҳаражатларини қоплаш учун  маблағ изладим.

Аъзам Турғунов ҳимоясига қилинаётган ҳаракатлар учун асосий ҳаражатларни Баҳодир Чориев кўтарди. Марат Зоҳидов, Абдусалом Эргашев, Мўътабар Тожибоевалар 100 доллардан бердилар. Хьюман Райс Вотч халқаро ташкилоти ҳам йўл ҳаражатлари учун 200 доллар маблағ ажратди.

Бу инсонларнинг ҳаммаси худога шукр тирик, улардан Аъзам ака сўраб кўрсинлар – бу маблағларни улар суднинг ҳар бир кунида ўша ерда бўлишим ва суд жараёнини мониторинг қилиб жамоатчиликка хабарларни етказиб туришим учун берилганми ёки “Турғуновга бериб қўярсиз» деб беришганмикан?!

Суд кунларидан бирида Аъзам ака ичкаридан “Дилором, ҳуқуқ ҳимоячилари ўлганми, журналистлар ўлганми, ЭРКчилар ўлганми? Нега судга улар келмаяптилар?” деб ёзилган хат чиқарди. Бу хат менга жуда ёмон таъсир қилди ва Тошкентга келиб, “Ким Манғитга, Аъзам аканинг судига бора олади?” деб суриштира бошладим.

Навбатдаги суд жараёнига борадиганларни аниқлаганимдан кейин Надежда Атаевадан ушбу судга борувчилар учун кетадиган сарф харажатларни топишга ёрдам беришини сўрадим. Натижада Франциядан Атаева ташкилоти ҳисобидан 500 доллар юборди. Мана шу маблаг ҳисобидан Аъзам аканинг ўғли Мурод, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Абдурахмон Ташанов, Нуритдин Жуманиёзов, Хусниддин Қутбиддинов ва мен Манғитга бориб навбатдаги суд жараёнида иштирок этиб, қайтдик.

Хуллас, Азам Турғуновга ҳукм ўқилгунча Манғитга қатнайвердим. Мен у ерга бордиму, бирон нима ўзгарди, ноҳақлик тугаб, Турғуновнинг хуқуқлари тикланди деб айтолмайман. Лекин унинг оғир кунида бир сафдоши ва якин дусти сифатида ёнида туришим керак , деб уйлаган эдим… .  Аъзам аканинг сафдошлари ва маслакдошларидан бири ёнида экани , уни унутмаганликларини билдиради, далда булади, – деб ўйлагандим.

Ўша вақтда Аъзам аканинг оила аъзоларига ҳам бир неча марта моддий ёрдамлар уюштирдик. У ёрдам пулларини Аъзам аканинг фарзандлари ва рафиқаси имзо чекиб  олишган. Мен орқали берилган пулларга улардан тилхат ёздириб олиб ҳомийларга жўнатганман.  Тилхатлар ҳам уларнинг ўз қўллари билан ёзилган ва ўзларининг имзолари турибди.  Бу етмаса, Аъзам Турғуновнинг оиласига моддий ёрдам сифатида берилган  пулларни олганликларига гувоҳлар ҳам бор.

«Турғуновга ажратилган маблағлар сарфи ўзида бўлиши учун Аъзам Турғуновнинг оиласини ҳам четга суришга эришган» – деган даъвога нима дейсиз?

Жуда кулгули даъво. Мен уларни қандай килиб четга сурибман: телефон ва интернет йўқ жойларга кўчириб юборибманми!? Хеч ким қидириб тополмайдиган жойларга жўнатибманми!?  Менга жуда қизиқда, Хумоюнзода агар билса айтсин – қандай қилиб бировнинг оиласини, айниқса сиёсий махбуснинг оиласини информация оқимидан четлаштириш мумкин? Ўз тажрибаларини  ўртоқлашсинлар “Хумоюнзода».  Менда бундай тажриба йўқ, бўлмаган ҳам. 

Аъзам ака қамалган кунидан то озодликка чиққунига қадар оиласидан, оиласи орқали Аъзам акадан хабардор бўлиб турдим. Аъзам акани қамоқхонадаги ахволи ҳақида барча  ОАВларига маълумотлар бериш билангина чегараланмадим. Ариза керак бўлса ариза, шикоят керак бўлса шикоят ёздим...

Бу шикоятларни кўтариб, судга бориш керак бўлса судга, омбудсманга бориш керак бўлса омбудсманга, хуллас ҳамма жойга Турғуновнинг фарзандлари билан бирга бордим. Отасининг озодлиги учун фарзандлари томонидан ташланган ҳар бир қадамда ёнларида бўлдим ва қўллаб турдим.

– Мақолада  хозирги кунда муҳожиротда яшаётган, дунё таниган  «Ўтюраклар» клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг номи ҳам қаттиқ қораланади. Бунга бирон бир асос бор деб хисоблайсизми?

– Албатта йўқ. Мўътабар Тожибоева Аъзам аканинг озодлиги учун курашган, астойдил, тинмай курашган инсонлардан бири. Буни Аъзам аканинг ўзи ҳам яхши билади.

Аниқ эсимда бор, Аъзам Турғуновни ўғли менга дадасининг қамоқдан яширинча чиқарган хатини берди. Турғуновнинг ўғлига ёзган хати билан танишган Мўътабар унинг ҳимояси билан шуғулланиш учун адвокат ёллашга маблағ ажратишларини сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қилди. Унинг мурожаатига асосланган «Фронтлайн» халқаро ташкилоти керакли маблағни ажратиб берди. Шу ажратилган маблағга адвокат ёлланди.

Аъзам Турғуновни қамоқдан ўғлига чиқарган хати

Хумоюнзода эса унинг аксини, яъни “Мўътабар Тожибоевани суди пайтида Аъзам Турғунов адвокат Хусан Махбубов билан бирга уни судда ҳимоя қилган” дея ёлғон ёзяпти. Тожибоеванинг судига дипломатлардан тортиб, элчиларгача қатнашганлар, уни кимлар ҳимоя қилганини ўша суд жараёнларига қатнашганларни барчаси биладиларку. Қолаверса интернетда ҳам тинимсиз ёзилган бу суд жараёни ҳақида.

Мўътабар Тожибоева томонидан ёлланган тошкентлик адвокат 2013 йилнинг март ойида Аъзам Турғунов билан учрашиш учун қамоқхонага борди ва улар биргаликда ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқишди.

Адвокат ушбу учрашувдан кейин Аъзам Турғуновга тегишли жиноят иши материаллари билан танишиб, бу жиноят ишини бекор қилиш ва уни озод қилишни талаб қилиб, 2013 йилнинг июль ойида назорат тартибида шикоят аризаси тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига топширди.

Олий судга тақдим этиладиган назорат тартибидаги шикоят аризасини тайёрлаш жараёнида Ўзбекистондан мен, адвокат Хусан Махбубов, Франциядан Мўътабар Тожибоевалар жиноят ишига алоқадор ўта мухим далиллар ва фактларни аниқлаб, адвокатга етказиб бердик. Бизлар тўплаб берган далиллар асосида шикоят аризаси тайёрланган.

Сўнгра айнан мана шу тўпланган фактларни, жазони ўташ масканида Аъзам Турғуновнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганлиги юзасидан баёнотлар тайёрлаб, халқаро институтлар ва ОАВ орқали бутун дунёга маълумот сифатида тарқатдик. Биз тақдим этган фактларга асосланиб бир нечта нуфузли халқаро ташкилотлар БМТ, ОБСЕ ва АҚШ Конгрессига мурожаатлар билан чиққанлар.

Агар мана шу санаб ўтганларим ҳимоя қилишга кирса, демак бизлар Аъзам Турғуновни ҳимояси учун курашганмиз! Агар бу ҳаракатлар ҳимоя қилишга кирмаса демак бизлар ҳимоя қилмаганмиз!

– Ўзи аслида «Мазлум» ташкилотига қандайдир грант ажратилганми?

Мақоладаги туҳматлардан яна бири мен «Мазлум» учун берилган пулларни ўзлаштирганим. Буни ёзган ва бунга ишонганларга маслахатим – Ўзбекистон билан ҳамкорлик қиладиган, халқаро ташкилотларга мурожаат қилишсин. Бундай холатларда маблағ ажратувчи халқаро ташкилотлар бармоқ билан санарли. Уларга мурожат қилинг ва «Мазлум» ташкилоти учун умуман грант ажратилмаганига амин бўласиз.

– Нега бўлмаса Аъзам Турғунов сизни товламачиликда айблаб ёзилган “мақола”ни ўз сахифасида эълон қилди? У кишининг номини сотиб кун кечирганлигингиз қанчалик ҳақиқатга яқин?

– Мен хеч қачон “Турғунов менга ваколат берди” – деб айтмаганман ва у кишининг номидан гапирмаганман. Менга ҳамиша ўз номим етарли бўлган.  Нокамтарлик учун узр сўрайман, аммо шу гапни айтишга мажбурман: мен мухолифатчи ва ҳуқуқбон сифатида танилганимда Турғунов хатто бизнинг сафда эмас эди.

Аъзам Турғунувнинг номини сотиб кун кўрган эмишману, бунга Аъзам ака бағри кенглик билан рухсат берганмишлар. Мантиқсизликни кўринг. Аъзам акага бу гапни кимдир айтган бўлса ва Аъзам ака бу гапга «У ҳам кун кўриши керак-ку!» деган бўлсалар, демак бу гап Аъзам ака озодликка чиққандан сўнг бўлган.

Ахир Аъзам ака ўзи озодликда бўлса, мен қандай қилиб унинг номидан гапираман ёки унинг номини пуллайман? Мен адолатсизликка қарши курашувчи Дилором Исҳоқова номи билан танилганман, менга кимнингдир обрўси, сояси керак бўлмаган, бундан кейин ҳам керак бўлмайди. Мен хеч қачон уйдирма исм ортига беркинмаганман. Ҳамиша ўз номим билан, ўз фикримни айтганман. Айнан шунинг учун ҳам бир томондан ҳукуматдан зарба олсам, иккинчи томондан “сафдош”ларимдан зарба ейман.

Хуллас мен Турғунов номини кимга, қачон ва қанчага сотганман?  Далил келтирсинлар ва исботласинлар.

FIDH халқаро ташкилоти томонидан Аъзам аканинг даволаниши учун юборилган маблағнинг бир қисмини Тожибоева сизга ва Саида Камолова деган аёлга ўзбошимчалик билан тақсимлаб бергани ҳақидаги иддаога нима дейсиз?

Аъзам Турғунов озодликка чиққанидан кейин Тожибоева саъйи ҳаракати билан FIDH халқаро ташкилоти томонидан 3000 доллар ёрдам пули юборилди.

Ҳақиқатдан ҳам Мўътабар Тожибоева Аъзам акадан ўша ёрдам пули ҳисобидан мен ва Саида Камолова (марҳума) учун 300 доллар қарз бериб туришини, ногиронлик нафақасини олгач, бу олган қарзини қайтаришини айтган.

15 йилдан бери адолатсизликка қарши курашиб келаётган, босимлар ва таъқиблар сабаб қандли диабетнинг инсулинга тобе оғир формаси, қон босими ва юрак хасталигига чалинган Саида Камоловага докторлар унинг оёғида гангрена бошлангани ва шошилинч тарзда белгиланган муолажаларни олмаса оёғини кесишга мажбур бўлишлари ҳақида огоҳлантирганлар. Шунинг учун ҳам Мўътабар тезроқ Саида опага ёрдам кўрсатиш учун, аниқроғи кечикмаслик учун Турғуновдан қарз сўраган эди.

Ўша вақтда моддий имконияти чегаралангани учун ҳам Мўътабар Аъзам акадан икки нафар сафдош аёлга қарз бериб туришини илтимос қилганди. Аъзам Турғунов менга ва Саида Камоловага қарз бериб туришга рози бўлган. Аммо ўз эҳтиёжларидан ортмаган чоғи, худога беадад шукр, менга ҳам, рахматли Саида Камоловага ҳам ваъда қилган суммасини бергани йўқ.

Жуда қисқа пайтда, яъни Аъзам акадан Мўътабар қарз беришини сўраганидан бироз вақт ўтгач, керакли муолажаларни олиш имкониятига эга бўлмаган Саида Камолованинг аҳволи оғирлашиб, вафот этди. Тирикларку майли, улар ўзлари жавоб беришар тухматларга. Лекин қандай қилиб ўлган одамга ҳам тухмат қилишдан қўрқишмайдими булар?!

– Касби адвокат бўлган қизингиз ҳақиқатдан ҳам Аъзам Турғунов оиласидан алдов йўли билан минг доллар ундирганми?

Муножот қизимни Аъзам аканинг ўғлини алдаб 1000 доллар олганлиги  ҳам бошқалари каби  тухматдан иборат. Буни Аъзам аканинг ўғли тасдиқлаши мумкин. Лекин нега Аъзам ака бу “мақола”даги барча келтирилган важлар туҳматлигини кўра била туриб ўз саҳифасида чоп қилди? Қандай қилиб бунга виждони йўл қўйди, ханузгача тушунмайман…

– Акбар Шоҳ Ҳумоюнзода номи остида сизларни айблаётган кимса ким бўлиши мумкин ва бундан кўзланган мақсад нима, деб ўйлайсиз?

Аслида, кўринмас шапка кийиб, ўзи уйдирма исм ортига яшириниб олиб, оғзига келганини ўйламай, суриштирмай айтадиган ёзувчиларга жавоб бермаслик керак, деб ўйлайман. Ўзи ёзганига ўзи ишонган инсон ўз исми – шарифи билан ёзади. Шунда саволига жавоб, туҳматига жазо олади. 

Мен бу муаллифнинг ҳаётда борлигига ишонмайман. Таҳаллус остига беркиниб ўта устамонлик билан ёзган бундай фисқу-фасод мақолалар фақатгина инсоннинг саломатлигига путур етказади. Бундай иғволар ўртадаги конфликтларни янада кучайтириб, бизни ўзаро курашларга ўралашиб қолишимиз учун уюштирилади.

Лекин индамаслик ҳам “Ҳумоюнзода” ва унга ўхшаганларни яна турли шапкалар кийиб кўп тухмат ва иғволар қўзғашларига олиб келади, қилмишлари учун жазоланмаслик у сингариларни янада қутуртиради, деб ўйлайман. Беайб инсонларга туҳматлар, бўхтонлар ёғдиргани учун жазосиз қолдим деб ўйлайди, аммо жуда қаттиқ янглишади! Биз уни жазолай олмасмиз балки, лекин Аллоҳ албатта жазосини беради!  

 – Дилором опа! Журналистик суриштирувимиз давом этади. Ўзингизни эхтиёт қилинг. Бу мақола боис азият чеккан фақат сизгина эмас, Аъзам Турғуновнинг «сингилжонларидан бири сифатида мақолада таърифланган Мўътабар Тожибоева ҳамдир.

Ўтиб бораётган 2018 йил қаттиқ синов ва курашларга бой бўлди. Гарчи Париж судида Мўътабар Тожибоева енгиб чиққан бўлсада, бу курашлар сиз каби унинг ҳам юрагига нафақат маънавий, балки жисмоний путур етказди. Франция шифохонасида юрак операциясини бошидан ўтказди. Шунинг учун Тожибоева билан бўладиган суҳбатни кейироқ эълон қиламиз.

Суҳбатимиз якунини эса Аъзам Турғуновнинг  фейсбук саҳифасида  2018 йилнинг 23 декабрида эълон қилган фикрлари билан тугатмоқчиман.

«…. Ўзи шунга лойиқ халқмиз. Умматга яраша подшоҳ, деган оддий илоҳий ҳақиқатни унутиб, фақат бир-биримиздан айб қидириб ўтамиз. Бошқалар XXI аср ноу-хауларини яратаётган бир пайтда биз Дилмурод Саййид айтганидай, «Ҳақ қолиб, ҳаққон қолиб, ёлғон билан овворамиз»

Матлуба Азаматова

мустақил журналист

25 декабрь 2018 йил, Швеция

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.