– 24-25 сентябрь кунлари акам Мурод Қаршидаги колонияга бориб, дадам билан учрашиб келди. Акамга бир суткалик учрашув беришган. Дадамнинг соғлиғи ҳалиям яхши эмас, оёқлари қаттиқ оғриб тураркан.
Шунга қарамай, дадам соғлиғидан кўп ҳам нолимаган. Акамга Олий суд, Бош прокуратура, Омбудсман, Олий Мажлис ва Адлия вазирлигига ёзган шикоятларига ҳалигача бирорта жавоб ололмаганини айтиб, ундан бу гапларини журналистларга етказишни сўраган. Дадамнинг қамоқда сақланаётганига беш йил бўлган бўлса, улар юқори инстанцияларга ёзган шикоятларига ҳали бирор марта ҳам жавоб ололганлари йўқ, – деди Беҳзод Турғунов.
“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ва мухолифатчи Аъзам Турғунов 2008 йил июлида қорақалпоғистонлик бир фуқародан катта миқдорда пора талаб қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. У ўша йилнинг 23 октябрида Амударё туман суди қарори билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 11 декабрда эса Қорақалпоғистон Олий суди биринчи инстанция судининг Турғунов иши бўйича чиқарилган қарорини ўз кучида қолдирган.
Аъзам Турғунов беш йилдан буён Қарши шаҳридаги УЯ 64/49-колонияда жазо муддатини ўтаб келмоқда.
Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳуқуқ фаолига нисбатан чиқарилган ҳукмни сиёсий буюртма ўлароқ баҳолаб келадилар. Ҳибсга олинган илк куниданоқ Аъзам Турғунов бир неча маротаба қийноққа тутилган, жумладан, тергов пайтида ҳуқуқ фаолини сўроқ қилаётган ҳуқуқ-тартибот ходими унинг боши ва елкасидан қайноқ сув қуйиб юборган.
Бир йил аввал БМТнинг Асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи (The United Nations Working Group on Arbitrary Detention) ўн йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Аъзам Турғуновнинг қамалиши ноқонуний бўлгани ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келишини билдириб, ўзбек ҳукуматидан ҳуқуқ фаолини озод қилишни сўраганди.
Аммо шу кунгача Ўзбекистон расмийлари ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновнинг ишини эътиборсиз қолдириб келмоқда.
29 октябрь куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси қошидаги Қийноқларга қарши қўмитада Ўзбекистон расмий вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди. Ўзбек делегациясига Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилик қилди.
Ҳар тўрт йилда ўтказиладиган ушбу мулоқотда Саидов бу сафар ҳам ўтган йиллар давомида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланганини таъкидлади.
Бироқ мустақил кузатувчилар Женевада ўтаётган тадбирда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ҳар доимдек ёлғон билан ҳаммани чалғитишга ҳаракат қилишаётганини айтишмоқда.
“Жумладан, Омбудсман Ўзбекистон қамоқхоналарини мониторинг қилиб бориши ҳақида ҳам ёлғон гапиришган”, деди “Жараён”га “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева.
– Чунки мен икки йилу саккиз ойлик қамоқ давримнинг 23 ойини аёллар қамоқхонасида ўтказганман ва мана шу давр мобайнида бир мартагина Омбудсман Сайёра Рашидованинг аёллар қамоқхонасига келганига гувоҳ бўлганман. Шунда ҳам нимага денг – Мустақиллик байрами муносабати билан маҳкума аёллар тайёрлаган концерт дастурини томоша қилишга келган. Айнан Сайёра Рашидова бошчилигида келган Республика хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳам тўғри қамоқхонанинг клубига келишиб, ўша ердан қайтиб кетишган.
Уларга қамоқхонанинг кўнгиллилар гуруҳи томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинганда залга томошабин сифатида ҳар бир отряддан чиройли ва ёш маҳкумаларни яхши кийинтириб, томошабин сифатида олиб киришган. Қолган маҳкумаларни эса Сайёра Рашидова ва бошқаларнинг кўзи тушиб, кайфияти бузилмаслиги учун улар қайтиб кетишмагунча ҳатто ҳожатхонага ҳам қўйишмаган.
Сайёра Рашидовага ва Акмал Саидовга қамоқхонага келиб, мен билан учрашишларини ва менга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга чек қўйишга кўмак беришларини сўраб, юздан ортиқ ариза жўнатганман. Қамоқхоналарда Омбудсман ва Жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликни назорат қилувчи махсус прокурор номига ёзилган шикоятларни ташлаш учун алоҳида почта қутилари қилиб қўйилган.
Афсуски, бу қутиларнинг калитлари қамоқхона маъмурлари қўлида туради ва қамоқхонадаги қийноқлар ёки қамоқхона вакилларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан маҳкумларнинг ёзган шикоятлари ҳеч қачон керакли манзилларга жўнатилмайди. Аксинча, бугун бир маҳкум қамоқхонадаги қийноқлар ёки бошқа бир муаммолар ҳақида шикоят ёзиб, почта қутисига ташласа, қамоқхона маъмурлари хат мазмуни билан танишиб бўлганларидан кейин орадан бир соат ўтар-ўтмас шикоятчи маҳкум ўзини жазо изоляторида кўради.
Бунингдек усуллар асосан сиёсий маҳкумларга ва ўзини ноҳақ жазоланган деб ҳисобловчи ва жиноят ишини қайтадан кўрилишини талаб қилиб, тинимсиз шикоятлар қилувчи маҳкумларга нисбатан қўлланилади. Бу каби маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўллаш ва уларни овозини ўчиришга топшириқ айнан ўша маҳкумнинг жиноят ишини очган ва ишни юритган тергов органлари ва кўпинча прокуратурадан келади.
Аъзам Турғунов ҳам ўзига нисбатан уюштирилган жиноят ишининг бекор қилинишига асос бўлувчи ҳолатлар ҳақида шикоятлар ёзиб, шу далилларга ҳуқуқий баҳо берилишини тинимсиз талаб қилиб келмоқда. Турғунов бошқа сиёсий маҳкумлар сингари тўла ҳақ ва шунинг учун ҳам унинг шикоятлари Олий суд томонидан оқибатсиз қолдирилмоқда.
Ҳатто халқаро ташкилотлар томонидан ёлланган ва Аъзам Турғуновнинг ҳимояси билан шуғулланишга бел боғлаган адвокатлар ҳам ишларини ярим йўлда чала ташлаб, жуфтакни ростламоқдалар, – деди ўз сўзи якунида Мўътабар Тожибоева.
“Жараён” ўтган йилнинг 30 октябрь куни ҳам Аъзам Турғуновнинг шикоятномалари ўз манзилига етмаётгани мавзусини ёритган эди. Бунга роппа-роса бир йил бўлган бўлса-да, ўзбек расмийлари ҳуқуқ фаолининг шикоятномаларини ҳамон эътиборсиз қолдириб келмоқдалар.
“Жараён” таҳририяти
Fikr bildirish