.Бу информация менда ҳайрат уйғотди: Европа Иттифоқининг устунларидан бири ва демократиянинг ўчоғи ҳисобланувчи Франция Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Тошкентга келиб, Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари миллий маркази (ЎзР ИҲММ) уюштирган “Мамлакатни модернизация қилиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий системасининг роли ва ўрни: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” номли халқаро конференцияда қатнашибди-ю, бундан ҳуқуқбонлар ҳам, журналистлар ҳам хабар топишмабди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида айтилишича, бу йиғин инсон ҳуқуқлари соҳасида Франция ва Ўзбекистоннинг икки томонлама ҳамкорликка қизиқиши кучайганини тасдиқлабди.
Ўз ташрифи давомида Патрициана Спарасино-Тиллай хоним Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва ЎзР ИҲММда учрашувлар ўтказибди. Яна айтилишича, у инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Мажлис вакили (Омбудсмани) Сайёра Рашидова хоним, “Фуқаровий жамиятни шакллантиришни мониторинг қилиш бўйича мустақил институт” директори жаноб Эркин Солиҳов, “Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий бирлашмаси” раиси жаноб Абдумажид Каримов ва Ўзбекистонда фаолият юргизаётган бир неча халқаро ташкилотлар вакиллари билан музокара ўтказибди.
ЎзР ИҲММнинг таклифи билан халқаро конференцияда Франциянинг собиқ давлат маслаҳатчиси ва Конституцион ҳуқуқ халқаро бирлашмасининг фахрий президенти жаноб Дидье Мос ҳам қатнашибди. Ўзининг докладида у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий ва Европа системалари орасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида гапириб берибди.
Бундан ташқари, жаноб Д. Мос Ўзбекистон Республикаси президенти қошидаги “Давлат бошқаруви академияси” (ДБА) ректори жаноб Абдужаббор Абдувоҳидов билан давлат мулозимлари квалификациясини ошириш соҳасида ДБА ва Франция маъмурияти миллий мактаби орасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида учрашган.
Мен, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё вилоят бўлими раиси, етти ярим йилдан бери Қорақалпоғистон Республикасидаги Жаслиқ посёлкаси яқинида жойлашган энг мудҳиш УЯ 64/71 концлагерида сақланаётган, шу йиллар давомида жисмоний ва руҳий қийноқларга солиниб келаётган Аъзам Фармоновнинг рафиқаси, отасини кўриш дардида мен билан бирга узоқлиги 1500 км бўлган Гулистон ва Жаслиқ орасида сарсон бўлган икки фарзанди онаси Озода Ёқубова Патрициана Спарасино-Тиллай хонимга бир неча саволлар билан мурожаат қилмоқчиман:
1. Демократик мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари элчиси сифатида диктаторлик сиёсий режими ўрнатилган мамлакатга ташриф буюриб ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари учун жавобгар қатор шахслар билан музокара олиб бора туриб, Сиз тамоман айбсиз бўлган ва қийноқлар остида жазо муддатини ўтаётган сиёсий маҳбуслар тақдири билан қизиқдингизми?
2. Сиз милиция участкалари, тергов органлари ва жазони ижро этиш колониялари (ЖИЭК)да қўлланиб келинаётган даҳшатли қийноқлар билан қизиқдингизми?
3. Сиз улар билан диний эътиқоди учун қамалган, ўлиги ЖИЭКлардан чиқаётган маҳбуслар масаласини муҳокама қилдингизми? Бу масалани муҳокама қилган бўлсангиз, бу лавозимли шахсларнинг жавоби қандай бўлди?
4. Сиз Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти билан қанчалик танишсиз? Сиз Тошкентда бўлган пайтингизда пахта плантацияларида қўл билан пахта теришга мажбур қилинган миллионлаб лицей ва коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, медицина ходимлари, ўқитувчилар ва давлат бюджетидан маош оладиган бошқа соҳа ходимлари охирги кунларни ишлаб бераётган эдилар.
Сиз бу ҳақда билмасмидингиз? Франция элчихонасида бу ҳақда Сизга ҳеч ким айтмадими? Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ёзишмайди, биз буни тушунамиз – МУМКИН ЭМАС! Бироқ эркин матбуотнинг сентябрдан то шу кунгача Ўзбекистонга тааллуқли мавзуси – пахта плантацияларида бир неча миллион одамни мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида.
5.Сиз қатнашган тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасида Франция ва Ўзбекистоннинг икки томонлама ҳамкорликка қизиқиши кучайгани тасдиқланган бўлса, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қайси ютуқлари Сизни қизиқтирди ва қаноат ҳосил қилдирди? Агар Сизга Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари жаноб Абдукарим Шодиев менинг турмуш ўртоғим масаласида ёзган бирорта ҳам шикоятларимга жавоб бермаганини билганингизда, Сиз бу масалани ўша конференцияда кўтарган бўлармидингиз?
6. Ҳуқуқбонларнинг қайси бири билан Сиз учрашдингиз (учраша олдингиз) ва суҳбатлашдингиз?
“Патрициана Спарасино-Тиллай хоним менинг саволларимга жавоб берар” деган умидда мен Ўзбекистон ҳукумати сиёсати ҳақида ўз фикримни айтишга журъат этдим. Айтишим керакки, менинг айтмоқчи бўлган фикрим кашфиёт эмас, уни мутахассислар ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари аллақачонлардан бери айтиб ва ёзиб келишаяпти. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг ташқи сиёсатида демократик дунё талабларига дуч келишини англаган ҳолда, мамлакат мустақиллигининг бошидаёқ давлат сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида АЙЁРЛИК сиёсатини амалга ошира бошлади.
90-йиллар ўртасида Ўзбекистонда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб давлатнинг “Омбудсман” ва “Ўзбекистон Республикаси Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази” ташкилотларини жорий қилинганда халқаро ташкилотлар қанчалик қувониб, чапак чалганини биламиз.
Аслини олганда, Франция делегацияси вакиллари бу ва раҳбарлари билан учрашган бошқа ташкилотлар демократик дунё ҳамда Ўзбекистон ҳукумати орасидаги қалқон бўлиб, у демократик дунё томонидан Ўзбекистон ҳукуматига отилаётган танқид ўқларини қайтаришга хизмат қилишади. Омбудсман раҳбари Сайёра Рашидова хоним ва ЎзР ИҲММ раҳбари жаноб Акмал Саидов чиройли докладлар ёзишади, ажойиб безатилган китоб ва брошюралар чоп этишади, халқаро учрашувларда бенуқсон чиқишлар қилишади, жимжимадор ҳисоботлар тақдим этишади, бироқ булар ҳеч қачон бирор нарсани яхши томонга ўзгартирмайди.
Жиноят-процессуал кодексига “Ҳабеас Корпус” тушунчаси киритилгандан кейин нима ўзгарди? Ҳеч нарса ўзгарган эмас! У прокуратура, милиция ва МХХ томонидан қилинаётган қонунбузарликлар ва бошбошдоқликларга барҳам бердими? Йўқ! 2002 йил 6 майида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида цензурани юритишга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси қошидаги “Матбуотда давлат сирларини қўриқлаш бошқармаси” тугатилди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мустақил бўлишдими?
Йўқ, албатта – унинг раҳбари Эркин Комилов ўрнига цензурани газета, журнал, радио ва телевидениянинг минглаб муҳаррирлари юрита бошладилар. 2002 йил охирида Ўзбекистон қамоқхоналарини инспекция қилган ва ўз маърузасини 2003 йил февралида эълон қилган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси жаноб Тео ван Бовеннинг 22 тавсиясини Ўзбекистон ҳукумати бажардими? Йўқ! Милиция участкалари, тергов органлари ва жазо колонияларида қўлланиладиган даҳшатли қийноқлар тўхтадими? Йўқ, ва яна бир марта йўқ!
Мен ўйлайманки, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукумати сиёсати айёрлик сиёсати эканини тушуниши ва демократия, инсон ҳуқуқлари ва Ўзбекистон халқи учун муносиб ҳаёт йўлида у билан “мушук-сичқон” ўйинини тўхтатиши керак.
Озода Ёқубова,
30 октябрь 2013 йил
Fikr bildirish