Ҳар тўрт йилда ташкил қилинадиган бундай йиғилишда Ўзбекистондаги қийноқларга қарши курашга оид вазият қандай эканлиги муҳокама қилинади.
Унда Ўзбекистондан мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот ва ҳукумат томонидан тайёрланган ҳисоботлар тингланади.
Қўмита ўз ишини бошлаган 29 октябр куни “БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг Ўзбекистонда бажарилиши” борасида ҳисобот тингланди.
Ҳисобот Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликка риоя қилиш бюроси ҳамда қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Федерацияси (FIDH) билан ҳамкорликда тайёрлаган. Федерация Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаолларнинг хавфсизлигини инобатга олиб, ҳисоботни тайёрлаган ташкилотга рамзий ном берилганини билдирди.
Ҳисоботда Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда имзолаган бўлса-да, бу мамлакатда қийноқлар систематик амалиётга айлангани айтилади.
Унда Ўзбекистондаги қийноқ ҳолатлари, уларга расмийларнинг муносабати, қийноқлар ҳақида шикоят қилиш ҳуқуқи ва адвокат олиш имконияти, қийноқ қурбонларига ёрдам берувчи Ҳабеас корпусининг тузилмагани ҳамда қийноқларга қарши курашаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари вазияти ҳақида сўз боради.
Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева мазкур ҳисобот тайёрланишидан яқиндан хабардор.
Тожибоева хоним ташкилотчилар ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ фаоллари номидан тайёрланган ҳисоботда уларнинг исм-шарифини сир сақлашга мажбур қолганини айтади.
– Бу ҳисоботни қайси ташкилот тайёрлаганлиги яширилаётганини тушуниш мумкин. Боиси Ўзбекистон ҳукумати томонидан содир этилаётган жиноятлар фош қилинган ушбу ҳужжат учун расмийлар ўч олиш бўйича актив ҳаракат қилиши мумкин. Айнан шу сабабдан буни тайёрлаган ташкилот ва шахслар исми сир сақланган, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Ҳисоботни тайёрлаган шахслар исми ошкор қилинса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолиши бироз исботини топгандек.
Женевада ўтган йиғилишда Ўзбекистондан келган ҳайъатни бошқарган Акмал Саидов Қийноқларга қарши қўмитанинг ҳисоботдан келиб чиққан саволларига жавоб бериш ўрнига бу қўмитани мамлакатнинг ички сиёсатига аралашаётганликда айблади.
Йиғилишда Ўзбекистон ҳукумати томонидан тайёрлаб келинган ҳисобот ҳам тингланган.
Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қийноқларга қарши конвенция доирасида қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида гапирилади.
Унда айтилишича, 2008-2011 йиллар давомида расмий идораларга қийноқлар бўйича 428 та шикоят келиб тушган бўлса, шундан 27 таси, яъни 6,3 фоизи бўйича жиноий иш очилган. 18 киши қийноқ қўллаганликда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, уларнинг аксарияти амнистияга тушган ёки жаримага тортилиб, аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот томонидан тайёрланган ҳисоботда бу рақамлар Ўзбекистонда қийноқ қўллаб, жиноят содир этган шахсларнинг деярли жазосиз қолиб кетаётганини англатиши айтилади.
Айни пайтда тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов ўзбек расмийлари томонидан тақдим этилган рақамларни шубҳа остига олади.
– Бу рақамлар албатта паст кўрсатилган. Чунки ҳозир қамоқларда диний мотивлар билан қамалганларнинг сони 12 мингдан ошиб кетди. Уларнинг деярли ҳар бири қийноққа дучор этилади. Шунинг учун бу рақамлар анча баланд бўлиши керак, – дейди Суръат Икромов.
“Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, бу каби шикоятларга, одатда, “ўз тасдиғини топмади” қабилида жавоб берилади. Унинг айтишича, ўзбек қамоқхоналарида одамлар ҳатто қийноқдан нобуд бўлган пайтда ҳам бу борада жиноий иш очилмасдан қолиб кетмоқда.
– Ўзбекистон қамоқхоналарида ойига камида 2-3 та сиёсий ва диний эътиқоди билан қамалган маҳкумнинг қийноқ сабаб ўлиги чиқаётган бўлса ҳам, қамоқхоналарда қийноқ борасида шикоятлар рўйхатга олинмаяпти ва бу иш умуман йўлга қўйилмаган, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромовнинг айтишича, қийноқлар муттасил қўлланилгани важидан айрим маҳбусларнинг яқинлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилмоқда. Унга кўра, баъзан қийноққа дучор этилганлар масаласида муайян муддат ижобий ҳолат кузатилиши мумкин.
– Тўғрисини айтишим керак, ижобий ҳолатлар ҳам бор. Қамоқхона маъмурлари шикоят қилган маҳбусларга нисбатан қийноқларни тўхтатади. Аммо бу вақтинчалик бўлиб, 6 ой ёки бир неча ой давом этиши мумкин. Кейин яна қийноқлар қўлланилиб бошланади, – дейди Суръат Икромов.
Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари тақдим этган ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ ҳимояси борасида фақат қоғозда ўзгаришлар қилгани, амалда бу чоралар ишламаслиги ёзилган.
Қийноққа тутилувчи шахсларнинг яқинлари мустақил адвокат ёллашда қийинчиликларга дуч келади ва давлат томонидан тайинланган адвокатдан фойдаланишга мажбурланади. “Чўнтак адвокатлари” деб аталувчи бу кишилар, ҳисобот муаллифларига кўра, қийноқларга кўз юмади ва айбланувчини тергов билан “ҳамкорлик” қилишга кўндиришга ҳаракат қилади.
Ҳисоботда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фаолият юритиши ўта мушкул иш эканлиги ҳақида ҳам ёзилган. Ҳукумат томонидан уларга ва оиласига турли босим ва таҳдидлар мунтазам равишда бўлиб туради. Сўнгги 10 йил ичида юзлаб ҳуқуқ фаоли мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлган ёки қамалган.
Женевада ўтган йиғилишда БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг қийноқлар борасидаги аниқ далилли саволларига Ўзбекистонни тамсил этган ҳайъат аъзолари жўяли жавоб бера олмадилар.
Сўнгги мажлисда Ўзбекистон ҳайъатининг ўзини тутиши ва берилган аниқ саволларга жавоб беришдан қочиши “бу мамлакат ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлашда давом этиши мумкин”, деган хавотирларни пайдо қилди.
Уйғун ҚЎШНАЗАР
Fikr bildirish