Рўзибой Азимий: Ўзингиз ислоҳ қилган ДХХга ўзингизни кучингиз етмайдими?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга
Яқинда Туркияда чоп этиладиган етакчи иқтисодий нашрлардан бири «Derin Ekonomi» журнали Сизни мамлакатимиз ва минтақадаги вазиятлар ӯзгаришига сезиларли таъсир кӯрсатишга қодир бӯлган жаҳоннинг биринчи ӯн нафар етакчиси рӯйхатига киритди. Бундан, шубҳасиз, ӯзингиз ҳам хабардор бӯлсангиз керак. Каминани ҳам мазкур хабар беҳад қувонтирди, хурсандчиликдан юрагим қалқиди.
Эътироф этиш керакки, Сиз Ислом Каримов ғафлат уйқусига тамомила ботирган кӯп соҳаларни уйғотдингиз. Бундай соҳаларни уйғотиш Сизга осон кечмаганини реал ҳаётда кӯриб турибмиз.
Сизнинг эзгу саъй-ҳаракатларингиз, ҳақиқатни юзага чиқариш, адолатни қарор топтириш, белигача коррупцияга, порахӯрликка ботган давлатни ботқоқликдан олиб чиқишга уринишларингиз ноҳақ йӯллар билан бойиган ва бойишда давом этаётган, ӯзаро бӯлиб олиб ҳукмронлик қилаётган, шу пайтгача ҳеч ким мушугини пишт демаган коррупциянерларга, Каримовнинг атрофига чирмовуқдай чирмашиб ёпишиб олиб халқни зулукдай сӯраётган амалдорларга, уларнинг авлодларию қариндош-уруғларига, ҳамтовоқларига ёқмаса-да, мазлум халқ Сизни қӯллади, Сизга ишонди, яхши кунлар кела бошлаганидан, қатоғонлик даври ортда қолаётганидан бағоят шод бӯлди.
Сиз мамлакатимиздаги бир неча нуфузли ташкилотлар, органлар фаолиятини кескин ва ӯринли танқид қилиб халқнинг йиллар давомида дилида қолиб моғорланаётган арз-додларини, ҳасрату нолаларини тилингиз орқали фош қилиб халқ ҳурматига мушарраф бӯлдингиз. Сизнинг ӯткир нигоҳингиздан Бош Прокуратура ҳам, собиқ МХХ ҳам, Солиқ қӯмитаси ҳам, Ички ишлар вазирлиги ҳам, молия, таълим, соғлиқни сақлаш тизими ҳам четда қолмади. Биз Сизнинг танқидларингиз орқали мамлакатимиздаги барча соҳаларни коррупция, порахӯрлик, таъмагирлик эгаллаб олганига тӯла-тӯкис иқрор бӯлдик.
Лекин шу пайтгача нигоҳингизга тушган, танқидларингизга дучор бӯлган ташкилотлар ҳамон ғӯддайишда давом этаётгани айни ҳақиқат. Айниқса, ӯзингиз ислоҳ қилган Давлат хавфсизлиги хизмати ғӯддайишда карвонбошилик қилмоқда. Бундан эса, мен каби жабрдийдалар Сизнинг нуфузингиз, мавқеингиз ДХХ ташкилоти олдида паст, Президентнинг ҳайқириқлари, ташаббуслари, топшириқлари ДХХга тегишли эмас, деган хулоса чиқаришимизга олиб келмоқда.
Жаноб Президент, айтингчи, нега ДХХ Сизнинг йӯриғингизга юрмаяпди?
ДХХчилар Сизнинг ислоҳотларингизни тилда тасдиқласалар ҳам нега дилда зимдан тӯсқинлик қилмоқда? Ёки Сиз 2017 йил 22-декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномангизни, ундаги «ИИВ, прокурор, солиқ, МХХ икки қулоғига қуйиб олсин! Ваколат доирасидан чиқиб барча соҳаларга аралашиш вақти ӯтди. «Идора» номини рӯкач қилиб ғӯддайиб юриш вақти ӯтди. Халқ шу бешта тизимдан (ИИВ, солиқ, прокурор, ҳоким, МХХ) норози», деган гапларингизни хӯжакӯрсинга айтдингизми? ДХХ нега ҳамон халқ дардига бепарво?
ДХХнинг ҳаддан ташқари бепарволигига мен бугун, яъни 2019 йил 7-январь куни Ӯзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғи ӯринбосари Нодир Зиёевга учрашганимда яна бир карра амин бӯлдим.
Нодир Зиёевнинг изоҳ беришича менинг Сизнинг номингизга ёзган Фуқароликка қабул қилиш бӯйича Илтимосномамга ДХХдан ҳали ҳам тегишли жавоб келмаётган экан. Ҳар сафар ички ишлар органига Илтимосномам тақдири бӯйича борганимда бир хил гапни эшитишга мажбур бӯляпман, яъни ДХХдан жавоб йӯқ. Нодир Зиёевнинг изоҳ беришича Сизнинг номингизга ёзган Илтимосномам ӯзим яшайдиган туман ички ишлар бӯлими текширувидан ӯтгач туман Давлат хавфсизлиги хизмати бӯлимига, туман ДХХ бӯлими хулосасидан кейин эса Тошкент шаҳар ИИББга, сӯнгра камчиликлар бӯлса тузатилиб, ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармасига юбориларкан.
Шаҳар ДХХ чиғириғидан ӯтгач эса Илтимосномам Ӯзбекистон ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасига, мазкур бошқарма эса ӮзР ДХХга юбораркан. Нодир Зиёевнинг айтишича, айни пайтда менинг ҳужжатларим Республика ДХХ томонидан текширилаётган экан. Яна қанча вақт текширилиши эса ҳеч кимга аён эмас. ДХХ касридан одамлар ички ишлар органи ходимларидан ноӯрин хафа бӯлмоқда. Чунки ДХХнинг тегишли жавоби мурожаатчиларга айнан ички ишлар органи ходимлари томонидан айтилади.
Шу тариқа сансоларлик қусури айбсиз айбдор ИИВ зиммасига тушиши натижасида юқорида айтганимдек одамлар ички ишлар органларининг мутасадди ходимларидан нафратланмоқда. Сиз ислоҳ қилган ДХХ эса ҳамон бир чеккада фариштадай беғубор кӯйда қолмоқда. Кузатишларим натижасида аён бӯлмоқдаки, улар Сизнинг «халқ сарсон-саргардон бӯлмасин», деган гапларингизга асло парво қилмаяпди. Шунинг натижасида биз яна сарсон бӯляпмиз.
Бунга 2018 йил 28-декабрда учрашганимда 2019 йил 5-январга чақирган Бош бошқарма бошлиғи ӯринбосари Нодир Зиёевнинг келгуси учрашув учун 2019 йилнинг 15-январь кунини белгилагани мисол бӯла олади. Менинг Нодир Зиёевдан Президент номига ёзган Илтимосномам ДХХ текширувида деган мазмундаги тушунтириш хати ёзиб беришларига доир илтимосим ҳам сабабсиз бажарилмади. Бу эса орган ходимларининг фуқаролар ва фуқаролиги йӯқ шахсларнинг хоҳиш-иродаларига қулоқ тутмаётганидан, уларнинг ҳуқуқлари поймол бӯлаётганидан далолатдир.
Ҳурматли Шавкат Миромонович, шахсан мен ҳозирги ДХХ фаолиятида олдинги МХХ фаолиятидан айро хусусиятларни кӯролмаяпман. Рустам Иноятов бошчилигидаги собиқ МХХнинг манаман деган мансабдорлари ва уларнинг ҳамтовоқлари эса, айниқса, сӯнги 20 йил ичида зӯравонлик, фирибгарлик, товламачилик, ӯғирлик, юлғичлик, шантаж, золимлик, такаббурлик, хиёнат, ёвузлик, қонхӯрлик, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа жирканчли ишлар билан шуғулланди. Буни ӯзингиз мардона тарзда фош қилдингиз. Суд ҳукми ӯқилди.
Биз янги ДХХ ташкилоти инсон шаънига нолойиқ бундай қусурларга ёт бӯлишини сидқидилдан хоҳлаймиз. Сизга мурожаатимнинг сӯнгида икки йилдан бери ДХХ чангалида ётган Фуқароликка қабул қилиш бӯйича ёзган Илтимосномамни ӯз қӯлингизга олишингизни ва фуқаролик қабул қилишимни тезлаштиришингизни сӯрайман.
Ҳурмат билан
Рӯзибой Азимий,
Тошкент шаҳри, Миробод тумани
Fikr bildirish