Толиб Ёқуб: Ҳужум
ХХ-асрнинг 30-чи йилларида Марказий Осиёда большевиклар “босмачи” дея аташган миллий озодлик ҳаракати ҳарбий куч билан бостирилгач, ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистонда хотин-қизлар орасида қизил империянинг даҳрий раҳбарлари “Ҳужум” ҳаракатини йўлга қўйишди – ҳужум паранжи-чачвонга қарши қаратилган эди.
Ўша даврда ўзбек ва тожик аёллар ёппасига кийими устидан паранжи кийган, юзини эса чачвон тақиб тўсган ҳолда кўчага чиқишарди. Бироқ, шаҳарларда ва, ҳатто, қишлоқларда кийими устидан паранжи киймаган, юзини эса чачвон тақиб тўсмаган “боши очиқ”, яъни, бошига фақат рўмол ўраган ёки дўппи кийган қиз-жувонлар онда-сонда пайдо бўлишарди.
Ҳужумнинг моҳияти эса ўта содда эди: “Боши очиқ” аёллар қаерда кийими устидан паранжи кийган, юзини эса чачвон тақиб тўсган аёлни кўриб қолишса, дарров уни ўртага олиб унга ҳужум қилишарди – биринчи навбатда “ўранган” аёлнинг чачвонини, иккинчи навбатда эса паранжисини ечиб олишар ва гулхан ёқиб паранжи-чачвонни ўтга ташлаб ёқиб юборишарди.
Бироқ, ушбу мақолада кўтарилаётган муаммо паранжи-чачвонга мутлақо алоқаси йўқ – у Ўзбекистон ҳудудида тинимсиз ўчиб турадиган свет (электр ёритгич) муаммосига боғлиқ. Эслатиб ўтаман: мен умримнинг 12 йилини Францияда ўтказдим. Шу даврда, мен яшаган Angers шаҳрида фақат 2 (икки), яъни, ўрта ҳисобда 6 (олти) йилда бор-йўғи 1 (бир) марта свет ўчди. Мен Франциядан ватаним Ўзбекистонга қайтгач, ўтган 3 (уч) ой-у 11 (ўн бир) кун давомида ҳовлимизда свет камида 210 (икки юз-у ўн) марта ўчди!!!
Солиштиринг: Францияда ҳар ОЛТИ ЙИЛда фақат 1 мартадан свет ўчган бўлса, Ўзбекистонда ҳар СУТКАда камида 2 марта свет ўчар экан!!! Францияда свет ўчмаслигига “ёмон ўрганиб” қолган эканмиз – шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистонда свет ҳар суткада камида 2 марта ўчишига кўника олмаяпман. Бу – мени Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Ариповга қатор таклифлар билан чиқишга ундади. Ўша таклифларнинг бири “Францияда нега свет ўчмайди?” дея номланган бўлиб, унда советлар давридан қолган симёғоч (столба)лардан воз кечиб, ерости кабельларини тортиш системасига ўтиш таклиф қилинган эди.
Менинг таклифларим юзасидан менга ҳукумат идораларидан қатор жавоб хатлари кела бошлади – жаъми 12 та хат ҳамда туман ва шаҳар электр тармоғидан 2 марта мутахассислар келиб кетишди. Бир неча кун илгари Гулистон шаҳрига оилавий сафар қилдик – бу менинг Франциядан қайтгандан кейин узоқ масофалик биринчи сафарим эди. Йўл-йўлакай қатор 7 ва, ҳатто, 11 қаватли ҳашаматли тураржойлар қурилганига гувоҳ бўлдик – қаёққа қараманг, кўзингиз осмонўпар ва салобатли биноларга тушади.
Одамларнинг айтишича, бундай қурилишлар фақат Жиззах ва Гулистон шаҳарларидагина эмас, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида олиб борилмоқда экан. И.Каримовнинг 27 йиллик президентлик даврида бундай кенг кўламли қурилишларнинг асари ҳам бўлган эмас – бу ишлар Ш.Мирзиёев президентлиги даврининг 2 йилида амалга оширилибди.
Бугун Озодлик Радиоси: “Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятини “илғор ҳудуд”га айлантириш бўйича фармонни имзолади. 3 январь куни имзоланган фармон матни 10 январь куни матбуотда эълон қилинди.
Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармонга асосан 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси амалга оширилади” деган маълумотни эълон қилди. Бу, табиий, яхши нарса. Бироқ, мен бу эълонга ишонмадим. Ўзингиз ўйлаб кўринг: СУТКА давомида, яъни, 24 соатда свет камида 2 марта ўчиб турса, бундай ҳудудни ИЛҒОР ҳудудга айлантириб бўладими? Асло!
Мен юқорида свет ўчиш статистикаси ва мамлакатда олиб борилаётган кўпқаватли тураржойлар кўлами ҳақида бекорга ёзганим йўқ. Битта 11 қаватли уй қуришга қанча маблағ сарф бўлади, деб ўйлайсиз? Билмайсизми? Мен ҳам билмайман! Совет даврида, И.Каримов даврида ҳам, кўпқаватли имортлар қандай қуриларди?
Билмасангиз, эшитинг – мен айтиб берай! Аввал қурилажак иморат ўрнида катта котлован [тўртбурчак, ҳовузсифат чуқурлик] кавланар ва унинг ёнида баҳайбат юк кўтарувчи кран [подъёмный кран] тикланарди. Ҳамма юклар – ҳар бир квартиранинг бетондан қуйилган деворлари, ҳар бир квартиранинг бетон блоклардан иборат шипи ва поли, уларни улайдиган бетон қоришмалар шу подъёмный кран ёрдамида юқорига кўтариб берилар эди.
Мутахассисларнинг айтишича, кўпқаватли иморатларни қуриш учун асбоб-ускуна, Ш.Мирзиёев даврида, Жанубий Қуриядан сотиб олинган экан. Айтишларича, кўпқаватли иморатларни қуриш учун ҳозир кран ҳам, “пран” ҳам ишлатилмас экан – ўша сотиб олинган асбоб-ускуна ҳамма ишни ўзи бажараверар экан!
Энди бир ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Битта 11 қаватли иморат қуришга сарфланган маблағ Жиззах шаҳри ва унинг шундоққина биқинида жойлашган Тоқчилиқ ва Раваллиқ қишлоқларида свет умуман ўчмайдиган ерости кабельларини тортишга етадими-йўқми? Мен аминман – ЕТАДИ! Ортиб ҳам қолади! Нима қилиш керак? Тўғри! Ҳужум қилиш керак! Нимага ҳужум? Бу жавобингиз ҳам тўғри – столба (симёғоч)ларга ҳужум қилиш керак!
Ҳозирги пайтда, ҳозирги даврда симёғочлар – анахронизмдан бошқа нарса эмас! Бу сўзни эшитмаганлар учун: Анахронизм – ўтмишнинг сарқити! Тўғрироғи – совет даврининг сарқити! СССР ўлганига эса салкам 30 йил бўлди. Ўзбекистонни совет давридан бошлаб бошқарган И.Каримов ўлганига ҳам 2 йил-у 4,5 ойдан ошди. И.Каримов даврида свет СУТКА давомида нари борса 4 ёки 5 соат берилган, сутканинг қолган қисмида Ўзбекистон зимистон ичида яшаган. Ўзбекистонни Зимбабвега эмас, Францияга айлантириш керак!
12 январь, 2019 йил; Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи.
Fikr bildirish