3 май Ҳалқаро сўз эркинлиги куни муносабати билан Мурожаатнома
Ўлдирилаётган ўзбек ҳалқининг қабрига тупроқ тортаётган сарой шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Вохидов ва барча олий мажлис депутатларига
Ижодкор, журналист, қаламкаш – Мўътабар Тожибоеванинг МУРОЖААТНОМАСИ
Ўзбек ҳалқининг ишончини оёқ ости қилаётган ноиблар !
2004 йилнинг 29 апрель санаси тарихга ёзилди. Чунки Сизлар шу куни Олий Мажлиснинг 2-чақириқ Х1У-сессиясида Ўзбекистон фуқароларига мурожаатнома қабул қилдингизлар.
Сизнинг мурожаатномангизни муҳокама қилишдан аввал буюк мутафаккирлардан бири В.А.Сухомлинскийнинг қуйидаги олтинга тенг фикрларини ҳукмингизга хавола қилишни лозим топдим. “Ватанпарварлик – номусли ва назокатли туйғудир… Муқаддас сўзларни эҳтиёт қил, ватанга мухаббат хусусида дуч келган жойда оғиз кўпиртирма.
Яхшиси – унинг фаровонлиги ва қудрати йўлида индамайгина меҳнат қил”.
Сизлар эса ўз мурожаатномангизда ёзганингиздек “Ҳалқ ишонч билдириб сайлаган ва унинг хоҳиш иродасини ифода этувчи” Олий мажлис депутатларисиз.
Мурожаатномангизда “Республиканинг шаҳар–қишлоқларида, маҳалла ва турар жойларда сайловчилар билан бўлган учрашувларда билдирилган фикрларга суяниб, биз шуни қатъият билан айта оламизки, ҳалқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётига тажовуз қилишга уринаётган шахслар ҳеч қачон ўзининг қора ниятларига ета олмайдилар” дея оғиз кўпиртиргансиз.
28–29 март кунлари уюштирилган қўпорувчилик харакатлари юзасидан Мамлакат Президенти Ислом Каримов ҳам матбуот орқали мурожаат қилиб, ўзбек ҳалқини бирлашишга чорлаганди.
У ўз мурожаатномасида “Мана шундай мураккаб вазиятда мен кўпни кўрган, машаққатли синовларда ўзининг мардлиги ва матонатини намоён этган, эл юрт учун ўзини аямасдан хизмат қилаётган маҳалла жамоатчилигига, барча маҳалла оқсоқоллари ва фаолларига, мени болаларим, фарзандларим бўлган маҳалла посбонларига алоҳида мурожаат қилмоқчиман” деганди.
Мен ижодкор, мустақил журналист аёл Мўътабар Тожибоева 1999 йилги портлашлардан сўнг Республика марказий матбуотлари орқали ҳалқимни, Президентимни, юртимни тинчлиги учун кўксимни душман ўқига тутиб беришга тайёрлигимни, биз ўзбек аёллари ҳам Тўмарису – Муқаннадек ўз ҳалқи озодлиги учун жон фидо қила олишимиз ҳақида қўпорувчилик харакатларига нисбатан муносабатимни билдирган эдим.
Мен бир пайтлар Мамлакат рахбари Ислом Каримовнинг қоғоздаги, оғиздаги сиёсатига тўла–тўкис ишонган, унинг 2000 йилда Фарғонада ўтказган ташкилий сессиядаги сўзлаган нутқидан руҳланиб, “Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – биз Огоҳмиз” шиори остида фаолият юритгувчи “Ўтюраклар” Клуби ташкил этиб, жиноятчиликка, наркомания каби иллатларга қарши курашган оддий бир ўзбек аёлиман. Мен ўшаман – қачонки “Огоҳ бўлайлик” деб номланган китоб ёзган ижодкорман. Клуб фаолияти жадаллашиб, Республика матбуотларида мақолалар, очерклар, махсус кўрсатувлар кенг жамоатчиликка хавола қилинган эди.
Ўз иш жараёнимда жиноятлар содир этаётган рахбарларнинг тинчини бузиб қўйгач, “экстремист”, “террорист”, “ашаддий жиноятчи”, “Ватан хоини” деб талқин қилинган, аёвсиз равишда тайзиқларга, тухмату, бўҳтонларга учраган, бир неча маротаба ноқонуний тарзда махкама жараёнларига тортилган, хибсга олинган, бир неча маротаба аёвсиз калтакланган, ўша рахбарларнинг топшириғига кўра порахўрлик ва коррупцияга қарши курашганлигим учун ўзим аъзо бўлган Ҳалқ демократик партиясидан қонунсиз ҳайдалган ва партия билетимни ҳалқаро анжуманда ёқишга қарор қилганимдан сўнггина партияга қайта тикланган сиёсий партия аъзосиман.
Мен ўшаман – оддий ҳалқ фарзандиман.
Мен сизларнинг мурожаатномангизни қабул қилмайман ва ҳеч қачон сизларга қўл бермайман. Мен ва менинг тарафдорларим, фикрдошларим хукуматнинг бундай чақириқларига ҳеч қачон лаббай деб жавоб бермаймиз, Президент учун ҳаётимизни тикмаймиз. Чунки Сизларга ишонмаймиз. Бизнинг ўз танлаган йўлимиз бор. У ҳам бўлса қўлига қонунни қурол қилиб олган террористлардан кам бўлмаган жиноятлар содир этаётган порахўрлар ва коррупционерларга қарши курашишдир.
Президентнинг бир яхши гапи бор: “Ҳалқ ноиблари ва рахбарлар ўз сайловчилари олдида ўз вақтида хисобот беришлари ҳам қарз, ҳам фарздир”. Сиз ўз мурожаатномангизда “… сайловчилар билан бўлган учрашувларда ўрганган фикрларимиз” деб алдаяпсиз. Қани айтинг-чи, мадхиябозлик ва қарсакбозлик билан банд бўлган оғзингиз ва қўлингиз қачон ҳақиқат учун бонг уради?!
Сизнинг ҳеч бирингиз сайловчиларингиз билан бирон маротаба бўлсада учрашмагансизлар. Уларнинг дарди ташвиши сизларни заррача қизиқтирмайди.
Лекин портлашлардан кейин ҳалқ вакиллари билан учрашган биргина депутатни биламан. Бу ҳам бўлса Олий Мажлис депутати Ўзбекистон телевидениесининг “АХБОРОТ” кўрсатуви журналисти Муҳаммаджон хожи Обидовдир.
25 апрель куни кундуз соат 11ларда Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ғаниобод ширкат уюшмаси 5 бригадаси аъзоларини Тюль қишлоғига Муҳаммаджон Обидов телевидение оператори, Фарғона вилоят хокими ўринбосари, Ўзбекистон туман хокими Умаржон Тожибоев ва ширкат уюшмаси раиси Бурхонжон Тўрақуловлар билан бирга бориб шундай бир томоша кўрсатишганки, асти сўраманг.
Яхшиси қўлимда мавжуд бўлган ёзишмалардан бирини ўзингиз хулоса чиқаришингиз учун ҳавола қила қолай. “…Тюль қишлоғида яшайман ва Ғаниобод ширкатлар уюшмасида 5 бригадасида ишлайман. 25 апрель 2004 йил куни соат 11 чамасида бизни қишлоғимизни 6 бригадасига агрономимиз Тиллабоев Обидхон машинасида олиб борди. У ерга столлар қўйилган экан, бизга пул беради дейишди. Биз бир қатор бўлиб турдик, биринчи бўлиб лабараториядаги хотинларга пул беришни бошлашди, кейин бизга навбат келди, биз навбатма-навбат пулни олиб ведомост бланкага қўл қўйдик, бу жараённи видеотасвирга олиб туришди.
Пулни олиб бўлиб, нарига кетганимиздан кейин бизни қўлимиздан пулларни қайтариб олишди ва яна бошқаларга худди шундай қилиб топширишди. Бизга берилган ва қайтариб олинган пулларни қанчалигини санаганимиз ҳам йўқ. 2003 йил сентябрь ойида охирги маротаба нақд пул олганмиз, ундан буён нақд пул олганимиз йўқ. Лекин бизга пул бериб қайтариб олган кунларининг эртасига “Ахборот” кўрсатувида гўёки бизни далада қилаётган хизматларимиз учун ойлик маошни ўз вақтида олаётганлигимизни айтиб, бизни пул олаётганлигимизни телевизорда кўрсатишди. Улар нима учун пул оласизлар деб нафақат бизни алдашди, бутун Ўзбекстонни алдашяпти-ку, уларга ким жазо кўради?”
Мен яна ўша Сухомлинскийнинг фикрларига мурожаат қилмоқчиман:
У “Мунофиқлик, хушомадгўйлик, иккиюзламачилик энг катта ёвузликдир. Ниқобга ўралган бу ёвузликларни сеза бил, унга нисбатан ғазабкор ва муросасиз бўл” деганди.
Мухтарам депутатлар!
Мамлакат иқтисодий инқирозга юз тутди. Қонун ҳимоячилари бегуноҳ инсонларни азобламоқда. Қишлоқ хўжалиги сохаси аллақачон ўтириб қолди. Сизлар депутат бўлган пайтингизда мадрикор аёллар бозорлари кўпайди. Ўзбекнинг маънавияти бўлганди. Сизлар қонунларни қабул қилиш мухокамасида ҳам жимсиз, ўша тасдиқланган қонунларни ишламаслигига ҳам химсиз, ўша қонунларни оёқ ости қилинишига ҳам жимсиз. Айтинг яна қачонгача сукут сақлайсиз?
Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов,… Эҳ-ҳе Олий Мажлис депутатлари орасида ўткир қалам сохиблари бисёрсиз. Келажакда тузум ўзгарган паллада хозирги харакатдаги хукуматни бор сир-асрорини фош этаман дея кутмасдан, қўлингизга қаламни олинг, бор ҳақиқатни гапириш, адолатсизликка қарши курашиш вақти етиб келди.
Мухтарам депутатлар, ғафлат уйқусидан уйғонинг. Эртага кеч бўлади.
Ўз мурожаатномангизда Ўзбекистонни ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш йўлидан, ўз ҳалқига озод ва фаровон турмуш шароити яратиб бериш, жахон майдонида муносиб ўрин эгаллаш йўлидан ҳеч ким, ҳеч қандай ёвуз куч қайтара олмаслигини таъкидлагансиз. Ахир Ўзбекистонни ҳуқуқий давлат, демократик жамият барпо этиш йўлидаги тўсиқлардан бири ўзингиз эмасми?
Фақат сизларни террористлардан фарқингиз бор, ҳалққа қилаётган ҳиёнатингиз бахоси битта – ЛОҚАЙДЛИКдир.
Зеро “Дўстингдан қўрқма у сени сотмайди, душманингдан қўрқма, чунки у очиқ ошкора душманлик қилади ва сен доимо унга нисбатан хушёр турасан, сен лоқайд кимсалардан қўрқ. Уларнинг лоқайдлиги туфайли бутун дунё ағдар-тўнтар бўлиши мумкин” деб бежиз айтишмаган.
Мўьтабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish