Демократия, қонун устиворлиги учун қўшган муносиб хиссаси учун Нобел мукофоти Номинанти бўлган ўзбек аёли етишган юксак «мукофот ва мартаба» қамоққа олиш бўлди!

20.03.2006 СТИВ ТРЕНТ ХАТИ-page-001

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Олий Комиссарига – Тошкент.
Шевченко кўчаси 6 уй;

Чегара билмас мухбирлар Ҳалқаро ташкилотига;

Ҳалқаро Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик ташкилотининг
Ўзбекистондаги Ваколатхонасига – Тошкент, Х.Олимжон кўчаси;

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро жамиятига;

Ҳалқаро Нобель комитетига;

Ҳалқаро ташкилотларга, матбуотларга;

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига

Ўзбекистон журналистлари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларидан

М У Р О Ж А А Т Н О М А

14 –декабрь 2005 йил

2005 йил 7–октябрь куни Ирландияда ўтказиладиган Ҳалқаро Конференцияга кетаётган Мўътабар Тожибоева кечаси 23ларда ўз уйида хибсга олинди. Унинг журналистик фаолиятига алоқадор хужжатлари, йиллар давомида ўтказган журналистик суриштирувлари натижалари, ҳаттоки унинг 2 йиллик журналистик курсда ўқиганлигини тасдиқловчи диплом – гувоҳномани ҳам уйида ўтказилган ғайриқонуний тинтув пайтида олиб қўйиш ҳақида баённома расмийлаштирмасдан олиб қўйишган. Бундан ташқари Инсон ҳуқуқларини поймол этилиш холатлари акс этган видеокассеталар, аудиокассеталар, диктофон, компьютер, мобил телефон олиб кетилган.

Биз журналистлар Мўътабар Тожибоева хибсга олинган кундан буён унга ва яқинларига қийноқ қўлланилаётганини, ягона қизи Пўлатова Маҳлиёни онасига қарши кўргазма берганидан кейингина учрашишга рухсат беришларини айтиб, она–болани руҳий қийноққа солганликлари, хибсда ётган журналистнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганлиги ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз.

Биз тўхталмоқчи бўлган мавзу: Мўътабар Тожибоеванинг хибсга олинишига асосий сабаблардан бири бўлган унинг журналистик фаолияти ҳақидадир.

Мўътабар Тожибоева 18 йилдан буён журналистика соҳаси билан ҳамнафас. Вилоят ва Республика матбуотларида кескин чиқишлари билан танилган ижодкор эди. Унинг шеърлари, хикоялари, очерк ва мақолалари чоп этилмаган матбуотни топиш мушкул эди.

«Чеҳра» газетасининг нашр муҳаррири пайтида «Олтин бошли қасоскор аёл» номли детектив қиссасини чоп эта бошлаганда жамиятимиздаги иллатларни фош қилувчи детектив қиссани давомини чоп этмаслик мақсадида газета ёпилган.

Унинг «Огоҳ бўлайлик» номли китобида журналистларни ва бошқа касб эгаларини Ўзбекистонни ҳуқуқий демократик давлат сифатида юз кўрсатишига муносиб хисса қўшишга лоқайдликка барҳам беришга чақирган.

Мўътабар Тожибоева бугунги кундаги ўзбек журналистлари учун жасорат тимсоли эди. Ёлғончию маддоҳ журналистларга қарши кескин курашар эди.

2002 йилдан бошлаб Мўътабар Тожибоева шаънини, қадр–қимматини булғовчи гап сўзлар кўпайиб кетгач, маҳаллий матбуотлар журналистларининг кўпчилиги у билан ҳамкорлик қилишга чўчиб қолдилар. М.Тожибоева билан ҳамкорликни давом эттирган биз журналистларга ҳам норасмий равишда у билан мунсабатларимизга чек қўйишни талаб қилганлар кўп бўлди.

«Ҳалқ йўли – ҳақ йўл» номли китобида Мўътабар Тожибоевани ҳалқни ватанга қарши қўяётган кимса сифатида талқин қилган Республика «Маҳалла» Жамғармасининг рахбари Аъзамжон Гадойбоев кейинчалик адашганини тушуниб етди. Чунки М.Тожибоева Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳар қандай мансабдордан кўра кўпроқ хурмат қиларди. Шунинг учун уни нафақат оддий ҳалқ, балким зиёлилар ҳам хурмат қилишар эди. У доимо ҳар бир амалдордан қонунларга бўйсунишни талаб қиларди. Уни ният орзуси Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ҳисса қўшиш эди.

Ўзининг ўтказган журналистик суриштируви натижаларини маҳаллий матбуотларга тинимсиз жўнатарди. Лекин унинг юборган мақола ва фельетонларини чоп этишга муҳаррирлар чўчирдилар.

Давлат бюджет маблағларини талон-тарож қилинганлик холатлари юзасидан аниқлаган фактларни «Ўзбекистон овози» газетаси таҳририятига топширгач, газетанинг махсус мухбири Саида Сайхун Фарғонага келди. Саида Сайхун Мўътабар Тожибоева билан вилоят молия бошқармасига биргаликда киришганда вилоят молия бошқармаси бошлиғи Мухтор Маннонов нафақат Мўътабар Тожибоевани, унга қўшиб Саида Сайхунни ҳам хонасидан қувиб хайдаган. «Ўзбекистон овози» газетасида чоп этилган «Вазирликдан рухсат борми?» номли танқидий мақоладан сўнг ҳақиқатан ҳам бюджет маблағлари талон тарожликлари, мактаблар, боғчалардаги қонун бузилиш холатлари фош бўлди.

Боғча болаларига қуртлаган, истеъмолга яроқсиз мева қоқилари ва бошқа озиқ-овкатларни бозордан 10 баравар қиммат нархда сотиб олган ва бошқа ҳатти–харакатлар содир қилган амалдорлар фош бўлиб, талон–тарож қилинган миллион–миллионлаб пуллар давлат ғазнасига қайтарилди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги талон–тарожликлар, заводдан Тошлоқ тумани Қақир қишлоғига трубалар орқали оқизилаётган нефтни кавлаб олиш учун қазилаётган қудуқларда 100 нафардан ортиқ мардикорлар портлаб, ёниб кетганлик холатлари ва қишлоқнинг экологик мувозанати бузилиб кетганлиги ҳақида урган бонгидан кейин амалдорларга тегишли ноқонуний қазилган қудуқлар кўмиб юборилган.

Нефтни қайта ишлаш заводига ҳам хукумат рахбарлари эътибори тушиб юздан ортиқ мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилиб, талон–тарож қилинган 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ давлатга ва хиссадорларга қайтарилган.

2004 йил 14–октябрь куни Мўътабар Тожибоева ташаббуси билан Ўзбекистонда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг қўшма баёноти эълон қилинди.

Бу баёнот Ҳалқаро жаҳон ҳамжамиятига ёзилган бўлиб, «Ўзбек пахтасини сотиб олишга байкот эълон қилинглар, ёхуд далаларда азоб чекаётган буюк келажак» деб номланган.

Қўшма баёнотда Европа давлатлари вакилларидан болалар кучи билан ишлаб чиқарилган махсулотларни, хусусан пахта хом ашёсини сотиб олишга расмий байкот эълон қилишларини, Ўзбекистон Республикаси хукумати томонидан болаларга дискриминация қилиниши ҳолатига бахо бериб, Ўзбекистон хукуматидан хисобот талаб қилишларини сўрашган. Бу қўшма баёнотда журналист Мўътабар Тожибоева томонидан аниқланган қўшиб ёзиш жиноятлари далиллар билан асослаб берилганди.

Мўътабар Тожибоеванинг болалар уйларидаги, ногиронлар уйларидаги ногиронлар, етим-есирлар ҳамда қарияларнинг аянчли аҳволи ҳақидаги урган бонги барчани ларзага солганини ҳали унутганимиз йўқ.

«Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти” ҳамда “Сўз ва фикр эркинлиги кўмитаси»нинг таъсисчиларидан бири сифатида журналист Руслан Шарипов, Ортиғали Номозов, Собиржон Ёқубов, Носир Зокирларнинг сохта айбловлар билан хибсга олинганликларига қарши нафақат муносабат билдирган, балким Ортиғали Номозовнинг хибсга олиниши сабаблари ва унинг оила аъзоларига ўтказилаётган тазйиқлар юзасидан журналистик суриштирувлар ўтказиб, кенг жамоатчиликка маълум қилган.

Бу келтирилган мисоллар М.Тожибоева фаолиятидан бир шингилигина, холос. У ўз фаолияти давомида кўплаб ноҳақ қамалаётган, жиноий жавобгарликка тортилаётган фуқароларни ҳимоя қилиб асраб қолди. Мусодара қилинган мулкларини қайтариб олишларига кўмаклашди.

У фирибгар, товламачи бўлса, шунча йиллар давомида одамлар нажот излаб унинг остонасига бош уриб келармиди? Кунига 3–4 та судларда одамларни ҳимоя қилармиди?

Биз маҳаллий журналистлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Мўътабар Тожибоевага қўйилаётган айбловлар сохта эканлигини биламиз

Жаҳондаги энг олий мукофот Нобель мукофотига Ўзбекистонлик журналистлар ичидан фақатгина Мўътабар Тожибоева номинант сифатида тасдиқланди. Лекин унинг бу юксак мукофотга муносиб кўрилгани, демократияни ривожлантиришга ҳисса қўшган ўзбек аёли етишган юксак мартаба унинг хибсга олиниши билан “тақдирланди”.

Биз Мўътабар Тожибоева ҳимояси учун, уни озодликка чиқариш учун дунёдаги журналистларни, инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини, аёлларни, барча–барчани ҳамжихатликка чақирамиз ва унинг фаолияти юзасидан Водийга келиб у ҳақдаги ҳалқ фикрини, зиёлиларни, ҳаттоки маъмурий органлар ходимларини фикрларини ўрганишга чақирамиз.

«Тезкор журналистлар» ташкилоти аъзолари:
С.Рустамова, З.Расулова, Ш.Толипова
Ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.