Бугун мени жондан азиз онажоним, ягона ишонган тоғим, меҳрибоним Мўътабархон Тожибоевани қамалганига 77 кун бўлди

Снимок,,,,,,,

Инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш Ҳалқаро Жамияти аъзоси мени онам Мўътабар Тожибоева нафақат «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, «Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ харакати йўлбошчиси, балким Сизлар бошқараётган «Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти» ҳамда «Сўз ва фикр эркинлиги» кўмитасининг таъсисчиларидан бири эди.

Ушбу Сизлар бошқараётган ташкилотларнинг таъсисчиси сифатида бу ташкилотларнинг обрў эътибори ошишига муносиб ҳиссасини қўшган мустақил журналист онам Мўътабар Тожибоева ўзининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан биргаликда журналистик фаолияти учун ҳам хибсга олинди.

Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари Юсуф Расулов ҳамда «Сўз ва фикр эркинлиги кўмитаси» бошлиғи Инера Сафаргалиеваларга

Мустақил журналист Мўътабар Тожибоеванинг якка-ю ёлғиз қизи Маҳлиё Пўлатованинг

ЯНГИ ЙИЛ МАКТУБИ!

23.12.2005 йил

Ассалому алайкум азиз журналистлар! Онамнинг яқин дўстлари!

Бугун мени жондан азиз онажоним, ягона ишонган тоғим, меҳрибоним Мўътабархон Тожибоевани қамалганига 77 кун бўлди.

Сизларга ёзаётган ушбу мактубим орқали нафақат Сизларга, балким онам билан ҳамкорликда ишлаган, бугунги кунда Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлган журналистлар, сиёсий партиялар вакиллари Матлуба Азаматовага, Тўлқин Қораевга, Галима Бухарбаевага, Руслан Шариповга, Исмоил Дадажоновга, «Озодлик» , «ББС» радиосининг журналистларига ва Ҳалқаро ташкилотлар, Чегара билмас мухбирлар Ҳалқаро ташкилотига, БМТга ҳамда Европа Иттифоқига, Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик ташкилотига, журналистларни ҳимоя қилиш Ҳалқаро ташкилотига, Ҳалқаро миқёсдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларига, чет эл элчихоналарига, дипломатларга, Ҳалқаро Нобел комитетига, барча-барчага мурожаат қилмоқчиман.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш Ҳалқаро Жамияти аъзоси мени онам Мўътабар Тожибоева нафақат «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, «Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ харакати йўлбошчиси, балким Сизлар бошқараётган «Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти» ҳамда «Сўз ва фикр эркинлиги» кўмитасининг таъсисчиларидан бири эди.

Ушбу Сизлар бошқараётган ташкилотларнинг таъсисчиси сифатида бу ташкилотларнинг обрў эътибори ошишига муносиб ҳиссасини қўшган мустақил журналист онам Мўътабар Тожибоева ўзининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан биргаликда журналистик фаолияти учун ҳам хибсга олинди.

Онам жиноятлар содир этаётган амалдорларни кирдикорларини Президентга, хукумат идораларига, Республика матбуотларига, сиёсий партиялар ва нодавлат ташкилотларга очиқ хатлар, мурожаатномалар тарзида юбориб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузган амалдорларни фош этиб келганлиги учун қамалди.

Республика «Моҳият» газетасининг шу йил 3–июль кунги 22-сонида «Таассуф: Яхшилик қўлингдан келмаса, ёмонлик қилма» рукни остида «Тан олиш машаққати» (Фарғона вилояти прокурорининг собиқ ўринбосари Маъруф Усмоновга) номли танқидий мақола чоп этилганидан кейин онамни ҳаёти хавф остида қолди.

Журналист Кумуш Мирзакаримова таҳаллуси билан (Марғилонлик Мирзакарим Қутидорнинг қизи Кумушбиби) ёзилган бу мақолада Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича кўмита раиси ўринбосари, Қўқон шаҳар хокими Маъруф Аъзамович Усмонов ҳақидаги бу мақола муаллифи айнан Мўътабар Тожибоева эканлигини билганликларидан кейин онамни ва уйимизни кузатаётган хукумат айғоқчилари сони ҳам кўпайди. Энди улар кечаю кундуз онамни, уйимизни кузата бошладилар. Натижада онамни жойи қамоқхонада бўлди.

Онам 7-октябрь куни кеч соат 22ларда уйдан чиқиб Ирландияда ўтказиладиган Ҳалқаро анжуманда қатнашиш учун Тошкентга кетиш арафасида прокуратура амалдорларига ёлланган Хусан Рўзиматов ва Тохир Мамадаминовлар фитнаси туфайли хибсга олинди. Уйимизни қуршаб олган ниқобли, автоматлар билан қуролланган ҳарбийларни кўрган одам террорист Бин Лоден қўлга олиняпти деб ўйлаши шубҳасиз эди.

Шу куни тинтув ўтказиш ҳақида прокурор ордери ёки терговчи қарорисиз онамга тегишли бўлган хонадонни ва бизни уйимизда қонунга зид равишда тинтув ўтказиб, олиб қўйиш ҳақида баённома расмийлаштирмасдан онамни иш фаолиятига тегишли бўлган 6 йиллик журналистик суриштирувлари натижасида тўплаган хужжатлар, видеокассеталар, аудиокассеталар, компьютер, хаттоки Мобил телефонларигача олиб кетишди. Шу бугунги кунгача олиб қўйилган нарсалар рўйхатини бизга беришгани йўқ.

Фарғона вилоят прокуратураси амалдорлари «Мўътабар Тожибоева ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмаган ҳолда, ноқонуний равишда «Ўтюраклар» Клубини ташкил этиб, фаолият кўрсатиб келган, у «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш норасмий ташкилотини 2000 йил 17–январь куни таъсис этиб, унга рахбарлик қилиб келиб, ушбу ташкилотнинг ваколатларидан ғараз мақсадларда, яъни ноқонуний бойлик орттириш ниятида фуқароларни алдаб, уларни ишончини суистеъмол қилиш йўли билан мазкур ташкилот рахбари сифатида суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қатнашиб, ҳуқуқлари бузилган шахсларни ҳуқуқларини тиклашда, уларни ҳуқуқий билимини ва савиясини оширишга ёрдам бериши мумкинлигини ишонтириб, уларни алдаб, ўзига бўлган ишончларини суистеъмол қилиб келиб, эвазига уларни пул маблағларини қўлга киритиб ҳамда шахсларга ва уларни яқин кишиларига ҳар ҳил усулдаги зўрликлар ишлатиш билан қўрқитиб, товламачилик йўли билан уларни мулкларини қўлга киритиш жиноий фаолияти билан шуғулланиб келган» деб талқин қилишяпти.

7–октябрь куни уйимизда ўтказилган ғайриқонуний тинтув пайтида ўзлари талқин қилган моддий бойликларни олиб кетиш учун 3та Дамасда олиб келишган коробкаларга онамнинг ҳақиқий бойликлари – амалдорларнинг жиноятлари туфайли алам, изтироб чеккан бечора, мазлумларнинг кўз ёшлари, дарду-хасратлари баён қилинган, онамнинг аралашуви билан ҳуқуқлари тикланган фуқароларга тегишли бўлган «Ўтюраклар» Клуби офисининг кутубхонасидаги хужжатларни жойлаб олиб кетишди, холос. Прокурорлар айтган моддий бойлик нима эди ва у қаерда эди, ҳеч ким билмайди.

Менинг онам ҳеч бир инсонга «сени ҳуқуқингни ҳимоя қиламан» деб айтмаган. Ҳар куни бизни уйимизни қидириб, онамдан ёрдам сўраб ўнлаб одамлар келишарди. Онам учун дам олиш кунини ўзи йуўқ эди. Кўпинча ёрдам сўраб келган фуқаролар “адвокатга тўлаш учун пулимиз йўқлиги учун сизни қидириб келдик” дейишарди.

Уйимиздан қонунга зид равишда олиб чиқиб кетилган хужжатлар 2000 йилдан буён ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, шафқатсиз қийноққа солинган ва содир этмаган ўта оғир жиноятларни зиммасига қўйилган айбсиз – айбдор фуқароларни, камбағал-бечораларни, хиссадорларни, мол мулкидан айрилган мулк эгаларини, пенсионерларни, ишчи-хизматчиларни, зиёлиларни, шофёрларни, ногиронларни, аёлларни, колхозчиларни, қишлоқ ва маҳаллалар аҳолисини, милиция ходимларини, вояга етмаган мактаб ўқувчиларини, ўқитувчиларни, оилавий зўравонлик қурбонларни, адвокатларни, фермерларни, тадбиркорларни, савдогарларни ва журналистларни – ёрдам сўраб онамга мурожаат қилган 50 мингдан зиёд фуқароларга тегишли хужжатлар эди.

Агар онам ўз фаолиятини ноқонуний бойлик орттириш ниятида фуқароларни алдаб, уларни мулкларини қўлга киритиш жиноий фаолияти билан шуғулланиб келган бўлса нима учун уйимиздан олинган хужжатлар бўйича барча аризачиларни гувоҳ ва жабрланувчи сифатида жалб қилиб сўроқ қилишмаяпти?

Онам нафақат адолатсизликка қарши курашувчи журналист эдилар, балким ёлғончию маддоҳ журналистларнинг кирдикорларига қарши ҳам кескин курашардилар. 2003 йил февраль ойида Нефтни қайта ишлаш заводи хиссадорларини ҳуқуқ ва эркинликларини бузган амалдорларни фош этувчи мақолаларини чоп этмаган Республика матбуотлари журналистларига қарши пикет ташкил қилганлар.

Шунингдек «Ҳалқ сўзи», «Ўзбекистон овози» газеталарида Ўзбекистондаги газеталарни чалғитиб, ҳақиқий аҳволни яшириб, ёлғон мақола чоп этганликлари учун 2004 йил август ойида мурожаатнома ёзишга бошчилик қилгандилар.

«Ҳалқ сўзи», «Адолат», «Ҳуррият», «Маҳалла» газеталари бош муҳаррирлари истеъфосини талаб қилиш норозилик тадбирлари ўтказганликларини эсласангиз керак. Онам қамалишидан олдин Фарғона вилояти прокуратурасининг «Адолат йўли» газетасини ҳамшира Хуршида Мелиевани шаънини булғовчи, тухмат мақола чоп этганликлари учун 100 млн. сўм маънавий зарар тўлаш учун Хуршида Мелиевани ишончли вакили сифатида фуқаролик судига бергандилар.

Республика матбуотларида онамнинг сайъи харакатлари билан фош этилган қонун бузилишларини кейинчалик Республика маъмурий органлари томонидан фош этишди деб
талқин қилинган мақолалар бўйича мақолаларга раддия бериш талаб қилиб бир неча марта телеграммалар юборганлар.

Мен онам хибсга олинганидан 66 кундан кейингина бир соат учрашдим. У киши мени тинчлантириб, кўнглимни қўтарган бўлсаларда онамни қамоқда сақлаб турган пайтларида кейинчалик таъсир этувчи заҳар бериб қўйишларидан қўрқаман. Бундай шубҳага боришимни сабаблари кўп.

7-октябрь куни онамни ноқонуний хибсга олишганидан кейин кечаси 1–2.5ларда Фарғона шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимидан 2 та катта чамадонлари билан 3 та шериги билан вилоят ИИБга чақиртирилган шифокор Юлчиев Отабек Ортиқович соғлиги бузилганидан умуман шикоят қилмаган онамни прокуратура терговчилари талаби билан мажбурлаб томирига укол қилмоқчи бўлган. Терговчилар онамни соғлигига путур етказиб айбига иқрорлик ҳақидаги олдиндан тайёрланган аризага имзо чектирмоқчи бўлганлар.

Онамга айғоқчи қилиб қўйилган махбуса Бандаренко Мария бирон жойга ариза ёзгудек бўлса уриб башарасини ёриб юборишини айтган. Турмадаги 80 фоиз аёл онам ётган камерага вақтинчаликка тушириб олиб чиқиб кетилганлар. Бир группа аёлларни онамни уришлари, камерада жанжал чиқаришлари учун махбус тайёрлаб онамни камерасига олиб чиқилган. Онам билан битта камерада тери таносил касаллигига дучор бўлганлар ҳам, юқумли сариқ касалига чалинганлар ҳам, руҳий касаллар ҳам ётишибди.

Онамни соғлиги бузилганда турма шифокори томонидан берилган аспирин махсус уксус кислота шимдирилган экан. Уни ичган одамни ошқозони титилиб кетар экан. Онамга қарши турма ходимлари бир неча марта сохта хужжатлар расмийлаштиришди. Ҳаттоки қамалганини 10 куни, яъни 17–октябрь куни махкумни интизомий жазолаш ҳақида қарор ҳам тузишди. Ҳалқаро радиоларни эшитмасин дея камерада ҳеч ким йўқ пайтида камерадаги радиони симларини узиб ташлашган. Ўзига нисбатан тинимсиз қийноқ қўлланилаётганлиги юзасидан сўроқ қилишни талаб илиб терговчига бир неча марта берган аризалари бўйича ҳеч қандай қонуний чора кўрилмаяпти.

Онамни жиноятчи деб талқин қилиш, уни узоқ йиллар қамоқда сақлаш учун тинимсиз интилишяпти. Америка Юристлар Ассоциациясининг кўплаб грантларини олган «Легал Аид» адвокатлик фирмаси раҳбари Феруза Валиева ва унинг ходимлари, шунга ўхшаш 2–3 та адвокатлар фирмалари ҳам онамга қарши харакат қилиб шу йил апрел ойида онам ёзган «Башаранг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама» номли очиқ хатлари учун қасд олмоқдалар.

Онамнинг яқинлари, дўстлари, кўпчилик қийноққа солиняпти.

Вилоят прокуратураси тергов бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад Сулаймонов онам билан учрашиш учун рухсат сўраб кирсам, «онангга қарши кўргазма берганингдан кейингина учрашувга рухсат бераман. Кўрсатув бермасанг онанг билан ҳам учрашмайсан» деди.

Мана бир хафтадан кейин Янги йилни кутиб оламиз. Онам эса бу байрамни қамоқда кутиб олади.

2003 йил кириш арафасида онамни чет эл агенти деб қамоққа олмоқчи бўлганларида 10 кун Охунбобоев тумани Дўрмон қишлоғидаги фуқароларнинг молхона, сомонхоналарида яширинишга мажбур бўлгандилар. Қишлоқни қамал қилиб аҳолига тазйиқни кучайтирганларидан кейин қишлоқ аҳолисини тинч қўйишни талаб қилиб вилоят ИИБга ўзлари кириб боргандилар.

2004 йил янги йил арафасида эса вилоятнинг бир амалдори маст ҳолатда телефон қилиб «қилган ишларинг учун жавоб берадиган вақтинг етиб келди» деб тайзий ўтказган, орадан бир ҳафта ўтиб уюштирилган автоҳалокат туфайли онам оғир тан жароҳати олиб, Янги йилни синган қўлни гипси билан кутиб олгандилар.

Ўтган йили янги йил арафасида эса Ўзбекистон оқсоқоллар Кенгаши ва «Маҳалла» жамғармаси бошқаруви раиси Аъзамжон Гадойбоев 10 минг нусхада чоп этилган «Ҳалқ йўли – ҳақ йўл» номли китобида «Мўътабар Тожибоева ҳалқни давлатга қарши қайраб мухолифларимизни ноғорасига ўйнаяпти» деб онамга тухмат қилганди.

Бу йилда янги йилни сохта айбловлар билан айбланиб, жиноятчи сифатида талқин қилишяпти. Онамни зиммасига қўйган олдинги айбловларни исботлай олмасликларини билгач, ҳозирда терговни кучайтиришган. Онамнинг таҳминича, тергов тугагунча Жиноят Кодексининг камида 10 та моддаси билан айблашади.

Онам ўзини қамалишини сезарди. Шунинг учун бошқалар каби бир-икки йилга Ўзбекистондан чиқиб кетишларини айтиб ялинганимда «яқинларимни, жигарларимни. Сени ва издошларимни ҳавф-хатарга қўйиб чиқиб кета олмайман» дегандилар. Хибсга олинишларидан бироз аввал ҳам бугун Тошкентга соғ–омон етиб олармиканман деб кўнгиллари хижил бўлиб Узбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубовга ва Ҳалқаро Нобел комитетининг худудий координатори Марина Пикулинага қўнғироқ қилиб ўзларига нисбатан хавф кучайганлигини ва йўлга чиқаётганликларини айтгандилар.

Байрам арафасида ўтириб онамни хавф-хатарларга тўла ҳаёти кўз ўнгимдан ўтяпти.

Булар: 2003 йил 10–июнь куни уйдан чиқиб кетиб кетган онамни прокуратура томонидан ёлланган фоҳишалар вилоят прокуратураси биноси рўпарасида пикет ўтказаётган пайтида калтаклашган.

2003 йил 20–август куни Олтиариқ туман прокуратураси биноси олдида пикет ўтказаётган онамни ва шерикларини 50 нафардан зиёд фохишалар тошлар, ғиштлар билан уриб калтаклаб, усти бошларини йиртиб ташлаб, арқон билан бўғиб ўлдирмоқчи бўлганлар.

Уйга кийим бошсиз кириб келган онам қора қонга бўялган, бўйнидаги бўғилган арқон изидан қон оқиб турган ҳолатда келгандилар.

2003 йил декабрь ойида Охунбобоев туманида яшовчи Одина Имомова Президентга шикоят хати юбориб, Мўътабар Тожибоева соҳта журналист, АҚШ манфаатлари учун ишлайдиган ҳалқ душмани деб, онамни шаънини булғаганди, лекин унга чора кўрилмаган. Ҳеч қачон онамни қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаган.

2002 йил 1–июнь куни онамни хибсга тиқиб калтаклаган Киргули туман ИИБ рахбар ходимларига қўзғатилган жиноят иши, онамни 2003 йил 20–август куни ваҳшийларча калтаклаган фоҳишаларга қўзғатилган жиноят иши қонунга зид равишда ёпилган.

Онамни бир неча марта рухсат этилмаган намойиш ўтказганликда, ҳақорат қилганликда айблаб, жуда кўп марта махкама жараёнларига тортганлар.

2004 йил феврал ойида суднинг қарори билан мол-мулкимизни давлат фойдасига мусодара қилиш учун суд ижрочилари келишганди.

Президент Ислом Каримовни омма олдида ҳақорат қилди деб хужжатлар расмийлаштирилган, онамни шарманда қилиш учун уни шаънини булғаб турли ҳил тухматлар қилиб, давлат идораларига шикоятлар уюштиришган, ҳаттоки порнографик видеотасвирга олиш учун ҳам харакат қилишган. Онамни заҳарлаганликлари, уйимизга ўт тушганлиги, уюштириб юриб икки марта уйимизда ўғирилик жиноятлари содир этганликлари ҳам барчани ёдида.

Онам 2003 йил 13–декабрь куни Юсуф Расуловичнинг хонадонидан чиқиб Фарҳонага келаётган пайтларида автоҳалокатга учраган бўлсалар, шу йилнинг 15–апрель куни Инера Сафаргалиеванинг уйидан чиқиб ИИВда ўтказиладиган матбуот конференциясига кетаётган пайтларида Тошкентда ўғирлаб кетилганлар.

Ўша куни кечқурун вилоят ИИБ бошлиғи Терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Хошим Азизов уйга ташлаб кетганидан кейин ўксиб–ўксиб йиғлаган онамни юпата олмагандим.

Онамни террорист, Жума Намангоний, Тохир Йўлдошлардан ҳам хавфли деб ҳалқ орасида, маҳаллаларда йиғилишлар ўтказиб, онамни оддий ҳалққа тинимсиз ёмонлашарди.

13–май Андижон фожеалари содир бўлган кунда Хошим Азизов уйимизга келиб «Рахбарлар сизни 15 минутлик сухбатга чақиришяпти» дея онамни олиб кетиб 4 кунгача вилоят ИИБда қамаб қўйишганда ҳамма ёқда «Мўътабар Тожибоева Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланаяпти экан, қамалар экан» деган гап сўзлар кўпайгандан-кўпайганди.

Куни кеча Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоят бўлими аъзоси Насим Исақов безорилик ва товламачилик жинояти содир этганликда айбланиб 8 йил қамоқ жазосига хукм қилишди. Насим Исақов ҳам онам каби маҳаллий амалдорларнинг жиноятлари ҳавида Президентга, хукумат идораларига очиқ хатлар ва мурожаатномалар юборар экан.

16–декабрь куни эса Тожикистонлик мустақил журналист Жумабой Толипов прокурорларни танқид қилиб газетада мақола ёзгани учун қамалган ва Ҳалқаро ташкилотлар, журналистлар билан ишлаётган ташкилотларнинг сайъи харакатлари билан қамоқдан озод қилишибди. Мени онам эса сенаторнинг жиноятлари ҳақида мақола ёзган.

Хозирги кунгача онамни ҳимояси учун харакат қилган фаоллари, яқинлари, онамнинг ёрдами туфайли ҳуқуқлари тикланган фуқароларга тайзиқлар ўтказиляпти.

Ҳалқаро Нобел мукофотининг Номинантларидан Нобел мукофотининг номинанти Мўътабар Тожибоевани дарҳол қамоқдан озод қилишни сўраб Президент номига юборилаётган хатлар ва телеграммалар албатта онамни қамоқдан озод қилинишига ҳисса қўшади деб хисоблайман.

Сизлардан онам – мустақил журналист Мўътабар Тожибоева Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуришга муносиб ҳисса қўшганлиги, қонун устиворлигини таъминлашга тўсқинлик қилган амалдорларни кескин танқид қилганлиги учун ҳибсга олинганлиги, унга товламачилик, фирибгарлик жиноятларини содир этган дея қўйилаётган айбловлар хамир учидан патир эканлиги, Тожибоевани ҳаёти хавф остида эканлигини, уни зудлик билан озодликка чиқарилиши учун бутун Дунё журналистларини кўмакка чорлашингизни, онамни 6 йиллик фаолияти юзасидан журналистик суриштирувлар ўтказишни, онамни ҳавф-хатардан қутқариб қолишга чақиришингизни сўрайман.

Марғилон шаҳар Зуҳро кўчаси 31–уй 40-хонадонда яшовчи Маҳлиё Пўлатова

Маълумот учун телефонлар: 33–50–59; 35–03–48 Электрон адрес: mutabar@inbox.ru

Онамнинг адвокатлари ҳақида маълумотлар:

Мухаббат Жумаева – телефон уй 26–17–25, иш 24–71–44 (Фарғона)

Хусан Махбубов – 127–80–47 сотка

Баҳром Абдуллаев – 8–590–550–06–13 сотка, иш телефони 136–13–27

Мухаррам Тожибоева – уй телефони 33–76–60 (Марғилон)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.