Ҳалқаро Нобель мукофотининг Номинанти Мўътабар Тожибоева 18–январь куни ўз жонига қасд қилиш учун томирини кесган

Снимок,,,,,,,

Мўътабар Тожибоева ерларни ифлослантириш ва жамоат ҳавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган, фуқароларнинг тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатишда ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17 та моддаси билан айблансада, унинг асосий «жиноятлари» қуйидагилар деб биламиз:

«… Лекин М.И.Тожибоева амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилмасдан унда кўрсатилган нормаларни қўпол равишда бузиб, 2002 йилда қонунга ҳилоф равишда Фарғона вилояти Адлия Бошқармасидан рўйхатдан ўтмаган «Ўтюраклар Клуби» деб номланган ғайриқонуний иш юритадиган жамоат бирлашмасини ташкил этиб, унга рахбарлик қилиб ва унинг фаолиятида фаол қатнашиб келган. Жумладан, М.И.Таджибоева қонунга ҳилоф равишда ташкил этган «Ўтюраклар» Клуби деб номланган жамоат бирлашмасида ғайриқонуний равишда фаолият кўрсатиб, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида хокимият ва бошқарув идораларига ва уларнинг намояндаларига ғайридемократик тазйиқ ўтказиш мақсадида уларнинг бинолари олдида рухсат этилмаган намойишлар ўтказиб, бу намойишларда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган, тухматона ва мамлакатда вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар ёзилган шиор ва плакатларни намойиш қилиб келган.

19.01.2006 йил

ИҲХЖ Фарғона вилояти вакиллари ва фуқароларнинг Бутун Дунё ҳамжамиятига ва Ҳалқаро Нобель комитетига Мурожаатномаси

Фарғона шаҳар 10–сонли тергов хибсхонасида сақланаётган Инсон Ҳуқуқлари Ҳалқаро жамияти аъзоси, «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист, «Фуқаролик жамияти» Ҳалқ харакати йўлбошчиси, «Сўз ва фикр эркинлиги» журналистик ташкилоти ва «Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти» таъсисчиси, Ҳалқаро Нобель мукофотининг Номинанти Мўътабар Тожибоева 18–январь куни ўз жонига қасд қилиш учун томирини кесган. Унинг харакатларини сезиб қолган шериги дарҳол навбатчини чақирган. Тожибоеванинг жароҳати хавфли эмас. Лекин яқин бир ойлардан буён тинимсиз кўнгли айниб, соғлиги ёмонлашиб бораётганди.

Хўш, Мўътабар Тожибоева нима учун ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди?

2005 йил 7–октябрь куни қонунга зид равишда хибсга олинган Мўътабар Тожибоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергов харакатлари якунланиб, судга оширилди.

16–январь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси Бахтиёр Исломов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 1-ўринбосари Н.З.Тошматовга алоқа хати билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139–моддаси 3–қисми «а, г» бандлари, 140–моддаси 3–қисми «а» банди, 168–моддаси 2–қисми «а, б» бандлари, 165–моддаси 3–қисми «а» банди, 167–моддаси 3–қисми «а» банди, 184–моддаси 3–қисми, 189–моддаси 3–қисми, 196–моддаси, 197–моддаси, 209–моддаси 1–қисми, 28–209–моддаси 2–қисми «а» банди, 216–моддаси, 227–моддаси 2–қисми «а» банди, 228–моддаси 2–қисми «б» банди ва 3–қисми, 229–моддаси ва 244–1 моддаси 3–қисми «в» банди билан Таджибаева Мўътабар Ибрагимовнани айблаш ҳақидаги жиноят иши ҳамда вилоят прокуратурасининг Тожибоевага нисбатан 20 миллион сўмга яқин суммани Тожибоевадан ундириш учун расмийлаштирилган даъво аризасини Республика Олий судига юборганлигини маълум қилган.

Суд раиси жиноят иши бўйича далилий ашё деб эътироф этилган аудио ва видео кассеталар ҳамда бошқа далилий ашёлар Фарғона вилоят прокуратурасида сақланаётганлигини ҳам айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз: Мўътабар Тожибоева қонунга зид равишда хибсга олинган 7–октябрь куни «Ўтюраклар» Клубининг 6 йиллик иш фаолиятини ёритувчи кутубхонаси тўла хужжатлар, ҳаттоки Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Кодекслар ҳам қонунга зид равишда терговчилар томонидан 3та Дамасда олиб борилган бўш коробкаларга жойлаб прокуратурага олиб кетилган эди.

Фарғона вилоят прокуратураси Мўътабар Тожибоевага ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иши материаллари билан, яъни 13 томлик 5000-5500 бетлик хужжатлар билан тўлиқ танишиб чиқишга имконият бермасдан унинг қонуний ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузганлар.

Жиноят иши материалларини фақатгина 8-10 %и билан танишиб чиққан Мўътабар Тожибоева танишиб чиққан хужжатлари орасида ўндан ортиқ хужжатлардаги, ҳаттоки тергов харакатларидаги имзолар ўзиники эмаслиги, яъни имзолар сохталаштирилганини билгани, жиноят иши материаллари билан тўлиқ танишиб чиққач, суд хатшунослик экспертизаси ўтказишга илтимоснома киритмоқчи эканини айтган.

Шунингдек унинг хонадонида 6 ва 7–октябрь кунлари диктофонга ёзиб олинган сухбатларнинг қоғозга туширилган матни 6 ва 7–октябрь кунларидаги сухбатлар эмаслиги, шунинг учун 6 ва 7–октябрь кунги диктофонга ёзиб олинган асл нусха аудиокассетадаги сухбат юзасидан фоноскопик экспертизадан ўтказиш ва шунга ўхшаш бир нечта илтимослар қилишни режалаштираётган эди. Лекин у бу имкониятдан махрум бўлди.

Жиноят иши материалари билан тўлиқ танишиб чиқиш, яъни қонуний ҳуқуқини бузилиши натижасида Тожибоева айблов хулосасини олмаган ва 14–январь куниёқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ваколатхонасига ва Республика Бош Прокурори Рашид Қодировга ариза ёзган.

Тожибоева айблов хулосасини олмаган бўлсада, унинг адвокатларига 14–январь куни Фарғона вилоят прокурори 1–ўринбосари, адлия катта маслахатчиси Ориф Аҳмаджонов имзолаган айблов хулосаси ўша куниёқ, ҳатто баъзи адвокатларга 13–январь куни тарқатилган.

Жуда майда харфлар билан ёзилган бу айблов хулосасидаги баъзи холатларни баён қиламиз:

«Фуқаро Мўътабар Ибрагимовна Таджибоева, 25–август 1962 йилда Марғилон шаҳрида туғилиб, Фарғона вилояти Марғилон шаҳри, Зуҳро кўчаси 31–уй 32–хонадонда яшаб, «Ўтюраклар клуби» номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш норасмий ташкилоти рахбари лавозимида ишлаб келиб, товламачилик, фирибгарлик, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан ўзгани мулкини талон-торож қилиш, ерларни ифлослантириш, ердан фойдаланиш шартларини ва уни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, сохта тадбиркорлик, ҳақорат ва тухмат қилиш, ғайриқонуний равишда жамоат бирлашмалари ва ташкилотларини тузиш, фараз қилинган ҳуқуқларини ўзбошимчалик билан амалга ошириш ва жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш жиноятларини қуйидаги вақт, усул ва ҳолатларда қасддан содир этган.

Яъни, М.И.Таджибаева 2000 йил 17–январь куни Марғилон шаҳрида «Ўтюраклар Клуби» номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш норасмий ташкилотини таъсис этиб, унга рахбарлик қилиб келиб, ушбу норасмий ташкилотнинг ваколатларидан ғараз мақсадларда, яъни ноқонуний моддий бойлик орттириш ниятида фуқароларни алдаб, уларни ишончини суистеъмол қилиш йўли билан мазкур ташкилот рахбари сифатида суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қатнашиб, ҳуқуқлари бузилган шахсларни ҳуқуқларини тиклашда, уларни ҳуқуқий билими ва савиясини оширишга ёрдам бериши мумкинлигига ишонтириб, уларни алдаб, ўзига бўлган ишончларини суистеъмол қилиб, эвазига уларни пул маблағларини қўлга киритиб ҳамда шахсларга ва уларни яқин кишиларига ҳар ҳил усулдаги зўрликлар ишлатиш билан қўрқитиб, товламачилик йўли билан уларни мулкларини қўлга киритиш жиноий фаолияти билан шуғулланиш жиноий режасини тузади».

Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17 та моддаси билан айблансада, унинг асосий «жиноятлари» қуйидагилар деб биламиз:

«… Ўзбекистан Республикаси Конституциясининг 56–моддасида «Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий харакатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади» деб кўрсатилган.

Лекин М.И.Тожибоева амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилмасдан унда кўрсатилган нормаларни қўпол равишда бузиб, 2002 йилда қонунга ҳилоф равишда Фарғона вилояти Адлия Бошқармасидан рўйхатдан ўтмаган «Ўтюраклар Клуби» деб номланган ғайриқонуний иш юритадиган жамоат бирлашмасини ташкил этиб, унга рахбарлик қилиб ва унинг фаолиятида фаол қатнашиб келган.

Жумладан, М.И.Таджибоева қонунга ҳилоф равишда ташкил этган «Ўтюраклар» Клуби деб номланган жамоат бирлашмасида ғайриқонуний равишда фаолият кўрсатиб, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида хокимият ва бошқарув идораларига ва уларнинг намояндаларига ғайридемократик тазйиқ ўтказиш мақсадида уларнинг бинолари олдида рухсат этилмаган намойишлар ўтказиб, бу намойишларда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган, тухматона ва мамлакатда вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар ёзилган шиор ва плакатларни намойиш қилиб келган.

М.И.Таджибоева уларга «Мен «Ўтюраклар» Клуби рахбари Мўътабар Тожибоева – Фуқаролик Жамиятининг биринчи босқичи жамоатчилик назорати Фарғонада бошланганида бу жараённи мамлакат бўйлаб кучайтириш ўрнига дарҳол Фарғонанинг ўзида тугатган, яъни ҳатто ўзи буйсунувчи Мамлакат Президенти олиб бораётган сиёсатга қарши чиқиб Президентни Фарғона ҳалқи орасида обрўсини тўккан Республика бош прокурори Рашид Қодировнинг истеъфосини қатъий талаб қиламан. Порахўр ва коррупционерларга қарши курашга белингга белбоғингни боғла Ў–3–Б–Е–Г–И–М», «Республика прокуратурасидан Фарғонага «текширув ўтказиш учун борган ҳуқуқий саводсиз Ҳиммат Оқбўтаев ва унинг «командаси» мендан олган Фарғоналик жабрдийдаларнинг аризалари ва қўшимча хужжатлари 500 вароқ атрофидаги хужжатлар зудлик билан менга қайтарилсин!», «Приздент истеъфосини талаб қиламиз!», «Менинг ўлимимда Маъруф Усмонов порахўр айбдор!», «Ўзбекистонда одил, мустақил суд умуман йўқ.. Порахўр судьялар йўқотилсин!!!», «Жиноятчиларнинг шериклари суд психиатрик касалхонаси бошлиғи профессор Абдулқосимов истеъфога чиқарилсин!», «Бирлашган Миллатлар ташкилоти Ўзбекистон хукумати томонидан ўтказилаётган қийноқларга чек қўйилсин!», «Порахўр Миллий Хавфсизлик хизмати ходимини фош этган чет эл фуқароси жиноий жавобгарликка тортилди. Унга озодлик берилсин!», «Турмада ётган Муслима ва Муслимларга зулм кўрсатаётган ўзбек хукумати истеъфога чиқарилсин», «Адолатсиз хукумат куни битди. Хукуматни истеъфосини талаб қиламан», «Мен Мўътабар Тожибоева – Республика Бош прокурори Рашид Қодиров истеъфосини қатъий талаб қиламан!», «Мен Мўътабар Тожибоева Республика Бош прокурори Рашид Қодировни, «Ҳалқ сўзи» газетаси муҳаррири Аббосхон Усмонов ўринбосари Шухрат Жабборовни ва «Адолат» газетаси таҳририятини истеъфосини талаб қиламан», «Мен Фозилова Муҳайё онам Отақулова Мавжудахонни ғайриқонуний хибсга олган Олтиариқ туман прокурори Умурзақов

Ғайратга жиноий иш очилишини, онамнинг эса озод этилишини талаб қиламан! Агар ушбу талабим қондирилмаса эртага, 12–октябрдан бошлаб очлик эълон қиламан! Шунингдек, қонунийликни бажара олмаётган Республика хукумати истеъфосини ҳам талаб қиламан! Қонунсизликлар токайгача??», «Мен Рахмонов Бахтиёрман! Ўзбекистон журналистлари менинг оиламни Фарғона коррупциясидан қутқаринг!», «Мен Мўътабар Тожибоеваман. Порахўр прокурорларнинг жиноятини яширган «Хожатбарор» журналистлар тўдаси «Хуррият» газетаси таҳририяти истеъфога чиқарилсин!», «Судьяга берган порам ҳақидаги аризани бости–бости қилган вилоят прокуратураси амалдорлари истеъфога чиқарилсин!!!», «Хукумат ихтиёрида бўлган махбуса онам Ойшахон Аҳмедовага зулм ўтказган, тан жароҳати етказган хукумат вакиллари жиноий шериклари жавобгарликка тортилсин. Онамга озодлик»,»Суд тиббий экспертлар ва суд психиатрик экспертлар жиноятчи маъмурий органлар рахбарларининг жиноий шериклари.», «Қонхўрлар хукумати истеъфога чиқсин. Ислом Каримов президентликдан бўшатилсин.», «Мен Мўътабар Тожибоеваман! Порахўр–жиноятчи прокурор Маъруф Усмоновни ҳомийлари Рашид Қодиров, Рустам Иноятов ва президент девонидаги чинори Комил Сафоевлар истеъфога чиқарилсин!!!»,»Мен ўзбек ҳалқини коррупционер амалдорларни абсентия усулида судлашга чақираман.», «Мен, Солиева Нигора ўта хавфли рецидивистнинг акаси, Фарғона шахар прокурори А.Тешабоевни ва Ген.прокурорнинг эркатойи терговчи Пўлатов Муқимни истеъфога чиқишларини талаб қиламан.», «Ўзбекистонни коррупция – порахўрлар бошқармоқда. Йўқолсин порахўр амалдорлар!!!», «Мен Мўътабар Тожибоева ўзбек телевидениесидан Қўқон аймоғи – мафиянинг қўғирчоғи бўлишга чек қўйишни талаб қиламан!» деган ёзувлар ёзиб, уларни тарқатиб, хокимият ва бошқарув ҳамда ҳуқуқни мухофаза қилувчи идораларига ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда тухмат қилиб ва уларни оғир жиноятлар содир этиб айблаб, ўз хизмат бурчини бажараётган хокимият ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи намояндаларини шаъни ва қадр қийматини беодоблик билан қасддан тахқирлаб ва уларни ҳақорат қилиб келган.

Шунингдек М.И.Таджибоева қонунсиз равишда ташкил этган «Ўтюрак»лар жамоат ташкилотини фаолиятини юргизишда Америка Қўшма штатларининг Ҳалқаро ривожлантириш агентлигидан 5620 АҚШ доллари ва Франция элчихонасидан 200 АҚШ доллари моддий ёрдам олиб, ушбу молиявий ёрдамларни мақсадли сарфламасдан уларни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган, фуқароларни тотувлигини бузиш, тухматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар ҳамда жамиятда қарор топган хулқ атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлига қарши қаратилган маълумотларни тарқатиб, олган моддий ёрдамларидан солиқ идораларига даромадлар декларациясини топширмасдан жуда кўп миқдорда 2042.9 сўм даромад солиғи тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган.

Шундай қилиб М.И.Тожибоева ўзининг бу харакатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексиининг 139–моддаси 3–қисм “а, г” бандлари, 140–моддаси 3–қисм “а” банди, 184–моддаси 3–қисм, 216–моддаси ва 244–1–моддаси 3–қисм “в” бандида кўрсатилган жиноятларни қасддан содир қилган…»

Мўътабар Тожибоева 7–октябрь куни Жиноят Кодексининг 165–моддаси билан айбланиб хибсга олинган. Тожибоева хибсга олингандан кейин бир хафтадан кейиноқ, яъни 14.10.2005 йил куни Фарғона вилоят прокуратураси иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Бахтиёр Маматов Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Иноғомовга ва Миллий Хавфсизлик Хизмати Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи А.Қурбоновга қуйидаги мазмунда алоҳида топшириқ берган.

2005 йил 20–сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Судида Андижон фожеалари юзасидан бошланган суд жараёнида Республика Бош Прокурорининг 1–ўринбосари Анвар Набиев 15 нафар судланувчиларнинг айблов хулосасини ўқир экан, Мўътабар Тожибоева ҳақида ҳам тўхталиб қуйидагиларни гапирган:

«…Бундан ташқари, 2005 йил 05–апрель куни Азаматова Матлуба электрон нашрларда «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати ҳақида мақола чоп этиб, унда «Ўт юраклилар» Клуби раиси Таджибаева Мўътабар «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати тузганлигини, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар фуқароларни жиноий жавобгарликка тортаётганлигини, Олий Мажлисда инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фуқаролардан келиб тушган аризалардан жуда кам миқдорда кўриб чиқаётганлигини кўрсатиб, қирғиз мухолифатини ва қирғиз инқилобчиларини қўллаб-қувватлашга ва Қирғизистон фуқароларидан ўрнак олиб, намойишлар қилишга даъват қилган…»

Шунингдек, Мўътабар Тожибоева сақланаётган Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов хибсхонасида ҳам 17–ноябрь, 18–ноябрь кунлари, ҳаттоки 1–декабрь – Тожибоеванинг юраги санчиб оғир аҳволда бўлгани учун муолажалар қилинган куни ҳам махкумни интизомий жазолаш ҳақидаги 13, 14 ва 15–сонли қарорлар расмийлаштириб, унга 1та огоҳлантириш ва 2 та «хайфсан» интизомий жазолари эълон қилинган.

Ўзига нисбатан қўлланилаётган қийноқлар юзасидан берган аризалари Фарғона вилоят прокуратураси суд қарорларини ижро этиш ҳамда қамоққа олинганларни сақлашда қонунларга риоя этилиши устидан назорат бўлими ва Фарғона вилоят ИИБ Жиноят Қидирув ва Терроризмга Қарши курашиш бошқармаси томонидан ўрганилиб, Тожибоевага қўлланилган жазо чоралари тўғри қўлланилгани, Тожибоева тергов хибсхонасида Ўзбекистон Республикаси ва Президентига ишончсизлигини билдириб, хибсхонанинг бошқа камерасидаги махбусларга ҳам салбий таъсир кўрсатаётгани, махбуса М.Тожибоева билан хибсхона бошлиғи ва масъул ўринбосарлари бир неча бор ўтказган тарбиявий-профилактика сухбатлардан махбуса ўзига тўғри хулоса қилмай ўзининг нотўғри фикр ғояларидан қайтмасдан Республика рахбарияти олиб бораётган сиёсатга қарши фикрда эканлигини кўрсатиб келаётганлиги аниқланди деб хулоса беришган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва оддий фуқаролар томонидан Мўътабар Тожибоевани қонунга зид равишда хибсга олишгани, уни зудлик билан озодликка чиқаришни талаб қилиб, Ўзбекистон Республикаси хукуматига юборилган телеграммалар, хатлар умуман эътиборга олинмади.

Жумладан Мамлакат Президентига шахсан ўзимиз 27–октябрь куни «Қачон ҳалқ бўласан, эй сен Ўзбегим!», «Ўзбек ҳалқининг ҳимоя қалқони – Мўътабар Тожибоевани ҳимояси учун кўмакка ҳалқи ўзбегим! Ўзбекистонлик Анжела Девисни қутқаринг!» номли мурожаатномани телеграмма шаклида, 15–декабрь кунги «Марғилонлик Кумушбиби хануз қамоқда. Уни Марғилонлик «Хомид»лар фитна уюштириб қаматишди» номли очиқ хатимизга ҳам «Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақида»ги Қонунга асосан жавоб олмадик.

Биз ушбу мурожаатнома ва очиқ хатларимизни ҳам ушбу мурожаатимизга қўшиб Сизларга юборамиз ва бутун Дунё ҳамжамиятидан, Ҳалқаро Нобел Комитетидан Мўътабар Тожибоевани қутқаришга ёрдам қўлини чўзишларингизни илтимос қиламиз. Чунки Мўътабар Тожибоева иши сиёсий иш.

Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро жамияти Фарғона вилояти вакиллари
ва Мўтабар Тожибоева ёрдамида ҳуқуқлари тикланган фуқаролар

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.