Толиб Ёқубов: Бу гап ҳақорат ва туҳмат эмас, бу – салмоқли бир позиция
Бироқ “Эрк” партияси ва “Понауз” сайти сукут сақлашмоқда…
Толиб Ёқубов, Франция
Ассаломуалайкум, Дўстназар!
Хатингиз учун миннатдорман. Баъзан бир-биримизни тўғри йўлга ундаш учун ҳам мулоқот қилиб туришимиз керак. Бунда, албатта, танқид ва тўҳмат, танқид ва ҳақоратни фарқлашимизга тўғри келади.
Асосли танқид нафақат танқидланган инсонга, балки жамиятга ҳам фойда келтиради.
Танқидга чидаш ва ундан тўғри хулоса чиқариш мардликнинг чўққиси, дейишади. Менинг гапларимдан оғринманг – бу гапларни мен ҳарҳолда бир кўйлак ортиқ йиртганим учунгина айтаяпман, холос.
Совет системаси даврида танқидга чидамсизликни ўбдон кўрдик.
Ўзбекистонда 80-чи йиллар охирида демократик мухолифат фаолият бошлаганда жамиятнинг илғор бу қатлами бир қадар танқидга чидамлилик кўрсатар, деган умидлар ҳам пайдо бўлган эди.
Афсус, бу умидлар дастлабки икки йилдаёқ чиппакка чиқди. Мухолифатнинг ҳозирги ахволи ўша пайтдаги чидамсизликнинг оқибатидир.
Мухолифат ичида чидамсизлик, доимий жанжал фонини уюштириб туриш учун махсус хизматлар турли эффектлардан фойдаланадилар – мен бу ҳақда кўп ёзганман. Мен бир одамни биламан: у жуда билимли, сиёсатни кучли тушунадиган, аналитикаси беқиёс одам эди.
Маълум бир вақтда шу одамнинг ёнида бошқа бир одам пайдо бўлди ва унинг ишончига кирди. Борган сайин ҳалиги кучли одамда чидамсизлик кучая борди ва у барча дўстлари ҳамда уни танқид қиладиган одамлар билан тескари бўла борди. Кўп одамлар бу феноменнинг сабабчисини унга кўрсатишди, бироқ у қулоқ тутмади.
Назардан қолди, охири мухолифатни тарк этди. Кейинчалик ҳалиги ёнида юрган одам махсус хизматнинг манаман деган одами эканлиги маълум бўлди.
Худди шу тузоққа ҳозир қамоқда сақланаётган Юсуф Жума ҳам тушган эди, бироқ у ёнидан узилмай, соядай юрадиган журналистнинг ҳақиқий мақсадини ўз вақтида билиб қолди ва ундан узоқлашди.
Энди Сизнинг мактубингизга ўтаман. Дилмурод Худойқул “Понауз” сайтида мен ва Абдужалил Бойматов ҳақимизда “Баҳона топ ва мухолифатга қарши кураш” номли мақоласи чоп этилганидан хабарингиз бўлса керак. Шу мақоладан мен қуйида тўртта парча келтиришни лозим топдим. Мана улар (ўрта қавслар ичида менинг изоҳим келтирилган):
“Бузғунчилар, аламзадалар [яъни, мен ва А.Б.] мақолаларида мени баҳона қилиб «Ponauz” сайти, ”Эрк” партияси, ”13-май иттифоқи”ига осилишлари туҳмат уюштиришларидан бошқа нарса эмас”.
“Лекин сиз ўзингиз танлаган йўлингиз ғояларини менга зўрлаб ўтказишга, менинг шахсий фикрларим учун «Ponauz” сайти, ”Эрк” партияси, ”13-май иттифоқи”и каби ташкилотларни айблашга ҳаққингиз йўқ”.
“Сенларнинг саъй ҳаракатларинг ўша террорчи Каримов режими умрини узайтиришга, ”Эрк” партияси, ”13 май иттифоқи”и фаолиятига қарши қаратилган. Мен илгари мақоламда ёздим, биринг ”Мусулмон” ниқобини, биринг ”Демократ” ниқобини, яна биринг ”Ҳуқуқбон” ниқобларини тақиб олгансанлар”.
“Бироқ, ҳеч қачон мени ёки яна кимларнидир баҳона қилиб, ”Эрк” партияси, ”13 май иттифоқи”и ёки шу каби тузилмаларга қарши курашманг, кимларнингдир нoғорасига ўйнаманг”.
Изоҳли луғатларда: ТЎҲМАТ – аслида ёлғон, бошқа шахсни уятга қўядиган уйдирма;
ҲАҚОРАТ – номақбул шаклда шахс иззат-нафсини атайлаб, қасддан ерга уриш, каби таърифланади.
Дилмурод Худойқулнинг “Понауз” сайтида қуролли курашга чақириши баён этилган 2-3 мақоласи босилгач, менга (А.Б.га ҳам, чамаси) Юсуф Расул томонидан шу мақолаларга муносабат билдиришни сўраб саволлар келди ва мен уларга жавоб бердим.
Дилмурод Худойқул биз ҳақимиздаги юқорида айтилган мақоласини чоп этгач, мен ўз жавобларимни қайта-қайта ўқиб чиқдим ва унда на “Эрк” партияси, на “13 май иттифоқи” ва на “Понауз” сайти шаънига тўҳмат ҳам, ҳақорат ҳам топмадим. Шундан сўнг мен А.Б.нинг шу йил чиққан ва юқорида тилга олинган ташкилот ва сайтга тегишли барча мақолаларини ўқиб чиқдим ва уларда ҳам тўҳмат ва ҳақоратни кўрмадим.
Сиз хатингизда: “На “Эрк” партиясига на 13 май иттфокига алоқаси бўлмаган Дилмуродни шахсий фикрларига сиз хафа булишингиз мумкин экану Сиз вице президент бўлган ташкилотни рахбари деярли кун орада ташкилот номидан бизга тош отиб хақоратлаб турса биз хафа булмаслигимиз керак экан” дея ёзгансиз.
Биринчидан, мен Дилмурод Худойқулнинг шахсий фикрига ХАФА бўлган эмасман, мен унинг шахсий фикрига ўзимнинг МУНОСАБАТИМНИ билдирдим.
Хафа бўлиш ва муносабат билдириш – турли тушунчалар.
Иккинчидан, А.Б. ўз танқидий фикрларини ташкилот номидан айтаётган эмас. Агар у: “Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов 20 йилдан бери ўз лавозимларини ушлаб турибдилар, уларни демократ деб бўлмайди” деяётган бўлса, бу – ТАШКИЛОТНИНГ позицияси эмас.
Учинчидан, гап гапирганда гипербола (бўрттириш) усулидан фойдаланиш мумкин, бироқ А.Б. Сиз айтгандек “… деярли кун орада …” бу масалани кўтараётгани йўқ. Бу гиперболангиз оддий бўрттириш эмас, бу – чидамсизлик белгисидир.
Сиз яна ушбуни ёзибсиз: “…ўзингиз раисингизни ёзаётган фитнали фикрларига бирор маротаба жавоб сифатида бирор нима ёздингизми??”
Агар А.Б.нинг гаплари ҳақиқатан ФИТНА бўлганда эди, бу ҳақда биринчи бўлиб мен ёзган бўлар эдим. Баъзи терминларни ишлатишда эҳтиёт бўлишни маслаҳат бераман.
Баъзи шахсларнинг узоқ вақт ўз постини ушлаб туриши масаласида менинг фикрим қандай? Ислом Каримовни муҳокама қилмаймиз – давлат тепасида доимо туриш ҳар қандай авторитар бошлиқнинг нияти, сиёсий мақсади – бу Сизга маълум. М.С. ва А.П.га тўхталамиз, фақат.
Агар Францияга бирор давлат эрта эрталаб уруш эълон қилса, унинг раҳбари биринчи бўлиб халққа: “Франция уруш ҳолатига ўтди, вазият кескин ўзгарди. Бундай шароитда ҳукумат фуқаро (инсон)ларнинг ҳуқуқларини маълум даражада чегаралайди” деб мурожаат қилади. Энди одамлар Францияда илгариги эркинликларидан тўлиқ фойдалана олмайдилар. То уруш тугагунча.
“Эрк” партияси, “Бирлик” халқ ҳаракати, “Озод деҳқонлар” партияси, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти каби барча ташкилотларига Ислом Каримов бундан 20 йил илгари уруш эълон қилган эли. Аслини олганда, барча демократик руҳдаги ва диний йўналишдаги ташкилотлар ва гурухлар 20 йилдан бери уруш шароитида фаолият қилиб келишаяпти.
Бундай шароитда ташкилот низомининг тўла-тўкис бажарилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Агар сиз фаолиятингизни эркин демократик шароитда олиб бораётган бўлсангиз ва низомингизга раҳбар ҳар уч йилда алмашиши керак, деб ёзиб қўйсангиз, сиз курсингизда ҳатто уч ярим йил ҳам ўтира олмайсиз.
Нодемократик шароитда, ҳаммаёқ кама-қама, қува-қув, ура-ур бўлиб турган шароитда шу ташкилот ишини бошқариб кета оладиган инсонлар гурухи ҳам ҳатто шаклланмайди. Шу нуқтаи-назардан М.С. ва А.П.нинг 20 йил ўз лавозимида қолишини мен оқлай оламан.
Мен шу фикрдаман.
Бу ҳақда мен А.Б. билан кўп марта гаплашганман. Унинг позицияси:
“Ҳар қандай шароитда ҳам, ўзини демократ деб ҳисоблаган шахс ва ташкилот низомни бажаришга ҳаракат қилиши керак” дан иборат. Бу гап ҳақорат ва тўҳмат эмас, бу – салмоқли бир позиция.
Худди шу масалани мен икки кун олдин Камолитдин Раббимов билан муҳокама қилдим. У ҳар иккала позицияда ҳам мантиқ етарли деган хулосани айтди.
Хулоса қиламан: мен ва А.Б. томонимиздан “Эрк” партияси, “13 май иттифоқи” ва “Понауз” сайтига БИРОРТА, фитна у ёқда турсин, тўҳмат ва ҳақорат содир этилган эмас.
Дилмурод Худойқулнинг биз ҳақимиздаги мақоласини Сиз синчиклаб ўқиганингизга менинг шўбҳам бор, акс ҳолда унинг деярли ҳар бир жумласида бизга нисбатан тўҳмат ва ҳақоратни кўрган бўлар эдингиз. Ҳали ҳам кеч эмас – яна бир марта ўқиб чиқинг.
Сиз Дилмурод Худойқул эмассиз. Менинг унга: “Исботла” дейишим бефойда – унинг: “сенлар фалончаларга тўҳмат қилаяпсанлар, уларни ҳақорат этаяпсизлар” деяётгани ҚУРУҚ ГАП. Сизга эса мен: “Исботланг” дейишим мумкин.
Исботингиз йўқлигига эса мен аминман.
Яна бир гапингиз: “Сиз иззат- нафсингиз учун қаёғураркансиз бизда иззат — нафс йўқми??”.
Нега Сизда иззат-нафс бўлмасин? Иззат-нафс Сизда ҳам бўлиши керак.
Бироқ Сиз ўз иззат-нафсингиз учун курашасизми-йўқми, бу – ўзингизнинг ишингиз. Биров Сизнинг иззат-нафсингиз учун курашиши даргумон. Иззат-нафс (честь и достоинство)ни мен қандай тушунаман. Дилмурод Худойқулнинг мен ва А.Б. ҳақимизда ёзган мақоласини ўқиган ва улардан эшитган барча ватандошлар наздида мен ҳозирги кунда “Эрк” партияси, “13 май иттифоқи” ва “Понауз” сайтига тўҳмат қилган ва уларни ҳақорат этган одам мақомида турибман [унинг мақоласи остидаги шарҳларни ўқинг].
Менинг ёзганларимда бу ташкилотлар ва сайтга нисбатан тўҳмат ва ҳақорат йўқлигини ҲАР ҚАНДАЙ ХОЛИС инсон тасдиқлайди. Шундай экан, бу ташкилотлар ва сайтнинг бирор масъуллари унга: “Оғзингга қараб гапир, Толиб аканинг ҳақорати ва тўҳматини қаерда кўра қолдинг? Бизнинг ташкилотлар ва сайт номидан гапиришга сенга ким ваколат берди?” дейиши керакмиди ёки шарт эмасмиди?
Мен кўча чангитиб юрган бола ёки калласида ҳаво айланиб юрган қиз эмасман-ки, “бу ёққа кел” деб имлаганда чопиб борадиган. Мен, “Эрк” партияси, “13 май иттифоқи” ташкилотлари ва “Понауз” сайтини ҳақорат ва уларга тўҳмат қилган одам, қайси юз билан Брюссельга, айнан шу ташкилотлар уюштираётган конференцияга “ассаломуалайкум” дея кириб бораман? Бунга менинг иззат-нафсим йўл қўймайди.
Бу билан мен ўзимга обрў сотиб олаётганим йўқ, менинг обрўйим ўзимга етарли.
Борсам, Дилмурод Худойқулга ўхшаган бирор одам, менга эшитарли қилиб: “Анавини қара, тўй эгаларини сўкиб, уларнинг ошини ейишга келибди-я” деса, мен қандай одам бўлган бўламан?
Бир гапингиз жуда ҳам тўғри: конференция менсиз ҳам ўтади, мен бормасам унинг моҳияти пасаймайди. Дилмурод Худойқул ёзган изоҳни келтирганингизга келсак, мен ушбу жавобимга конференция ташкилотчилари номига ёзилган хатим матнини ҳам илова қилаяпман. Менинг муносабатим шу хатда келтирилган.
Саломат бўлинг. Аллоҳнинг паноҳига.
Ҳурмат ила Толиб акаман.
* * *
Брюссельда ўтажак халқаро конференция ташкилотчиларига
Муҳтарам ташкилотчилар! Бўлажак конференция олдидан мен Сизларга бир мурожаат йўллаётирман.
У икки қисмдан иборат бўлиб, уларнинг қайси бири жиддийлигини ўзингиз тушуниб оларсиз, деган умиддаман. Уларни мен қуйида I ва II деб белгилаганман.
I. Муҳтарам ташкилотчилар!
Шу кеча-ю кундузда ўзбек мухолифати минбари “Понауз” сайтида ватандошимиз Дилмурод Худойқулнинг Сизларга йўллаган бир неча таклифлари чоп этилибди.
Ислом Каримов режимига душманлик борасида Тоҳир Йўлдошга нисбатан икки карра олдинда бўлган бу бениҳоя мард ватандошимизнинг таклифлари ичида ўта муҳими, бу – конференция тугагач, унда қатнашганларнинг кичик бир гуруҳи яширин ҳолатда, ўта эҳтиёткорлик билан, Ўзбекистондаги режимга қарши қуролли кураш йўлларини гаплашволиш учун давра сўҳбати уюштириши лозим. Мазкур сўҳбатга иғвогарлар, бақаламунлар, юзига ниқоб тортганлар ва чақимчиларнинг таклиф этилиши асло мумкин эмас.
Ким иғвогар, ё бақаламун, ёки юзига ниқоб тортган, ё-да чақимчи эканини билишга қийналсаларинг (бу ҳеч кимнинг пешонасига ёзиб қўйилмаган-ку!), Дилмуродга мурожаат қилинглар. У, аминман, шесть секундда уларнинг рўйхатини қилиб беради.
Давра суҳбатига имкон қадар кўпроқ олий маълумотли, политехник билимга эга бўлган ва банк системасида ишлаган одамлар жалб этилса нур устига нур бўлади.
Бу – биринчидан.
Иккинчидан. Дилмуроднинг мазкур таклифи нақадар муҳимлигини Сизлар тушуниб етишларингиз ўта зарур. Бу таклиф халқимиз интиқиб кутиб ётган оламшумул таклифдир. Унинг долзарблиги мамлакатимизда шундай чўққига чиққан-ки, ҳатто чақалоқлар ҳозир “инға-а-а!” деб эмас, “қуролли қўзғоло-о-он!” деб туғилаётган эмиш.
Демак, буни тушуниб етган бўлсангиз, у ҳолда учинчисига ўтаман.
Учинчидан. Мазкур давра сўҳбатига албатта Дилмурод Худойқулни таклиф этиш керак. Мен Сизлардан конференцияда қатнашиш учун таклифнома олдим.
Бунинг учун беҳад миннатдорман. Агар Дилмурод учун таклифнома етишмай турган бўлса, мен икки қўлим кўксимда, қуллуқ қилиб таклифномамни ҳеч иккиланмай заказной хат билан унга жўнатаман. Билим, динга эътиқод, банк системасида ишлаш таржибаси ва соқол масалаларида унинг олдида мен ким бўпман?!
Таклифномани олгач, у ўта махфий ҳолатда Брюссельга келиб кетади. Буни ҳатто Ўзбекистон элчихонасида ишлайдиган мхх-чилар ҳам сезмай қолишади.
Давра сўҳбатини бошқаришни Дилмуродга топшириш кераклиги ёдларингда михланиб туриши лозим. Нега? Чунки у асосий масала: қуролли курашни қачон ва қаерда (яъни, замон ва макон), қандай қилиб (кимларни армияга жалб қилиш, пул ва қуролни кимдан олиш, тузилган армияни қандай йўл ва восита билан Ўзбекистонга олиб кириш, яъни имкон) ташкил қилиш, ташқи хайрихоҳ кучларни қаердан излаш (Европаданми, АҚШданми, Саудия Арабистониданми, Афғонистон ёки Покистонданми, ё-да Марказий Африка Республикасиданми, …) йўлларини маржон тергандай қилиб тушунтириб бера олади.
Тўртинчидан. Тоҳир Йўлдош Ислом Каримовга бир томондан ҳужум қилса, кутилмаган иккинчи томондан Дилмурод бошқарган армия ҳужумга ўтса (унгача у иккита миршабни портлатаман деб ўлиб кетмаса), режим қанча вақтда қулайди?
Бир йилга борадими? Кўп пессимист бўлманг – бормайди!
Ойга-чи? Билмадингиз, ой ҳам кўп! Бир ҳафтада Ўзбекистонни олиб қўйишса керак, дейсизми? Йўқ ва йўқ! Сизлар конференцияни қанча вақтда тугатсаларинг, булар ҳам Ислом Каримовни БИР КУНДА тинчитишади!
Бешинчидан. Бу икки шоввоздан бир иш чиқади – хотирингиз жаъм бўлсин.
Баъзи нарсаларни ҳисобга олмаганда улар орасида ўхшашлик жуда кўп:
(а) соқол бир хил;
(б) ёш ҳам деярли тенг;
(в) иккаласи ҳам қуролли кураш тарафдори ва буни очиқ айтишади;
(г) демократия деган нарсани иккаласи ҳам ўлгудек ёмон кўради – эшитган заҳотиёқ лабларига учуқ тошади;
(д) демократик тузум Ислом Каримов шакллантирган истибдод тузум билан бир хил, деб ўйлашадими – буни ҳам ёмон кўришади; эҳ-ҳе-е-е, санайверсанг уларни Ҳасан — Ҳусанми, деб ўйлайсан, киши!
Баъзи нарсалар нима, ундай-да?
Булар:
(А) бири 1992 йилгача Ислом Каримов томонда бўлиб, президент сайловида ўз одамларини унга овоз беришга мажбур қилган бўлса, иккинчиси у пайтда тузум моҳиятини тушунмаган;
(Б) бири ватанни, валлоҳу аълам, 1994 йили тарк этган бўлса, иккинчиси эса яқинда, 2-3 йил илгари, хуржунни елкага ташлаган;
(В) бири, Ўзбекистон бу ёқда қолиб, Афғонистон ва Покистонда жангу-жадал қилиб юрган бир пайтда, иккинчиси демократик Швеция лаззатларини татиб юрибди;
(Г) бирининг қўлида Калашников автомати бўлса, иккинчисининг қўлида чумчуққа тош отадиган чўзма (рогатка) ҳам йўқ.
Ва, ниҳоят, олтинчидан. Ва энг муҳими. Бу одам бизга ҳаводек зарур.
Унинг ёзишича, улар Ислом Каримовни ағдариб ҳукуматни эгалласа, демократия деб адашиб юрган бизга ўхшаган одамларга Ўзбекистонга қайтишга рухсат берар экан.
Улар Ўзбекистонни олишларига қандай ишонсак, бу ваъдаларига ҳам шунчалик ишонамиз.
Ишқилиб, Баҳодир Чориевнинг тақдири бошимизга тушмасин: биз Тошкент аэропортига бориб тушганимизда Дилмурод Худойқулнинг одамлари бизни қамоққа олмасин-да!
Олмас, ўлдими, мен таклифномамни бераяпман-ку!
II. Муҳтарам ташкилотчилар!
Дилмурод Худойқулнинг провокациясига асло учманг!
Мен ўқиган китобларга кўра тарихда беҳисоб қуролли қўзғолонлар бўлган, бироқ уларни ташкил этганлар бу ишни ўта махфий тарзда уюштиришган. Айғоқчи ва хуфялар азалдан ҳукуматга хизмат қилиб келганлар. Ҳукуматлар ўз рақибларининг режаларини англаш учун айғоқчиларини уларнинг муҳитига сингдиришган.
Айғоқчиларнинг баъзилари қўзғолон сирларини билиб олгач, уни хўжайинларига етказишган. Баъзилари эса рақиб томонни қўзғолонга ундаган, мақсадга эришгач эса, уларни хўжайинига сотган.
Европанинг қоқ ўртасида туриб Дилмурод Худойқул баралла қуролли курашга чақираётгани нимага ишора бўлиши мумкин? Бу чақириқлар ўзбек мухолифати минбарида янграётгани шўбҳали эмасми?
Ҳамма биладиган бир ҳақиқатни яна бир марта такрорламоқчиман. 20 йил давомида Ислом Каримов ҳам дунёвий, ҳам диний ўзгача фикрловчиларни, яъни мухолифатни таъқиб қилиб келди ва уларни жиноятчи, экстремист ва террористга чиқарди. Натижада бу икки гуруҳдан юзлаб, минглаб инсонлар юрт ташқарисига чиқиб кетди.
Ислом Каримов ўзининг бу икки гурухга қарши курашини оқлаш учун кимга мурожаат қилмоқда? Саудия Арабистони қиролигами? Йўқ! Эрон президентигами? Йўқ! Хитой компартияси 1-чи котибигами? Йўқ! Балки, Судан президенти Ал-Баширгадир? Йўқ, ва яна бир марта — йўқ!
У ўзининг Акмал Саидов, Сайёра Рашидова, Алишер Шарофутдинов, Владимир Норов каби малайлари, кўп сонли элчилари ва мулозимлари орқали Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада ва бошқа демократик давлатлар, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ раҳбарларига мурожаат қилмоқда ва уларни ўзининг “биздаги ҳам дунёвий, ҳам диний мухолифат жиноятчилар, экстремистлар ва террористлардан иборат” деган чўпчагига ишонтириб келмоқда.
Айтинг-чи, Дилмурод Худойқулнинг “Понауз”даги “ҳужжатлари” Ислом Каримов қўлида, юқорида айтилган раҳбарларга кўрсатиш учун, дастак (карт-бланш) бўлмайдими?
Мен илгари ҳам ёзганман, яна айтаман: Ғарбда, хусусан Европада, сўз эркинлигига ҳар қанча урғу берилмасин, ўзларининг хавфсизлиги масаласига келганда сўз эркинлигига қараб ўтиришмайди. Сўз эркинлиги деб, Европа ҳудудида туриб, Дилмурод Худойқул кабиларнинг телба-тескари мақолаларига ўрин бериш бефаросатликдан-да пастдир.
Дилмурод Худойқулнинг ўрни Европа эмас, унинг ўрни ё Афғонистон, ё Покистондир.
Ўша томондан у Ислом Каримовга мушт ўқталиб юравериши керак.
Дилмурод Худойқулга оид оддий ҳақиқатни биринчи бўлиб “Таянч” жамияти раҳбарлари тушундилар ва унга ўз муносабатларини билдирдилар.
Кеч бўлса-да бу ҳақиқатни андижонлик биродарларимиз ҳам англаб етдилар ва куни кеча ўз фикрларини намоён қилдилар. Бироқ “Эрк” партияси ва “Понауз” сайти сукут сақлашмоқда. Афсус!
Сизларга самимий ҳурмат ила Толиб акаман
October 21 st, 2009
https://groups.yahoo.com/neo/groups/HR-Uzbekistan/conversations/messages/5849
Fikr bildirish